Нурли замон бўлсин десанг, Қуръон ўқи!

0 4 573

quron-o'qi2Эй одам фарзанди, гар ўзингга икки жаҳон

 Дорул омон бўлсин десанг, Қуръон ўқи!

 Тирик жонинг нафас олган ҳар бир замон, 

 Нурли замон бўлсин десанг, Қуръон ўқи!

 

 Қуръон ўқи, аммо буюк ихлос билан,

Ирфон бирла тафсир билан, устоз билан.

Амал қилиб, чин дил билан, ихлос билан,

Олам бўстон бўлсин десанг, Қуръон ўқи!

 

Қуръон нурдир, заминингни ёритгайдир,

Раҳмат, шифо дардларингни аритгайдир,

Роббим Аллоҳ Ўзин гўзал танитгайдир,

Умрим ирфон бўлсин десанг, Қуръон ўқи!

 

Илк рисолат титроқлари Қуръон эди,

Саҳобалар тутмоқлари Қуръон эди,

Расулуллоҳ ахлоқлари Қуръон эди,

Хулқим Қуръон бўлсин десанг, Қуръон ўқи!

 

Кимки Қуръон ўқувчидир, азоб бўлмас,

Яна Қуръон ўргатганга ҳисоб бўлмас,

Маъно билган зотга парда-ҳижоб бўлмас,

Васли аён бўлсин десанг, Қуръон ўқи!

 

Ҳаром-ҳалол, ҳақу ботил унда аён,

Ваъда-ваъийд хабарлардир яхши-ёмон,

Икки жаҳон фарқин равон этмиш баён,

Қалбим фурқон бўлсин десанг, Қуръон ўқи!

 

Қиёмат кун жонлар қаттиқ титраганда,

Иймонсизлар нажот топмай қақшаганда,

Иймон аҳли қўрғон ичра яшнаганда,

Теграм қўрғон бўлсин десанг, Қуръон ўқи!

 

Эй оламга кўнгли очиқ манзурларим,

Дарду ғами раҳматларга орзуларим,

Дунё обод, ҳам охират манзилларим

Равҳу райҳон бўлсин десанг, Қуръон ўқи!

 

Қуръон ҳикмат, Ҳақнинг фазлу атосидир,

Каъба бунёд этган Ҳалил дуосидир,

То қиёмат ҳақ Расулнинг дуосидир,

Иймон омон бўлсин десанг, Қуръон ўқи!

 

Мирзо, беш кун бу дунёнинг заҳмати бор,

Роббим Аллоҳ, шафоатгоҳ заҳмати бор,

Баски, Ҳақнинг ғазаби ҳам, раҳмати бор,

Маъвом ризвон бўлсин десанг, Қуръон ўқи!

Мирзо Кенжабек

 

 

 

 

 

Баҳам кўринг

Leave A Reply