Фақатгина сажда излари қолади, холос
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Азиз мусулмон дўстим. Биламан, сиз жаннатга киришни хоҳлайсиз, Аллоҳнинг дийдорини кўришни истайсиз. Яна шуни биламанки, сиз ким ва қандай инсон бўлишингиздан қатъи назар, ҳеч бўлмаса умрингиз давомида бир маротаба бўлса ҳам: «Кошки эди мен ҳам жаннатга кирсам», деб орзу қилгансиз, ўтириб ўйлагансиз.

Шунинг учун қуйидаги сатрларни ёзяпман. Аслида, бу сўзларни ёзишга мени ундаган нарса, бу «Ўзинг яхши кўрган нарсани бошқага ҳам раво кўр», деган маънодаги муборак ҳадисдир.

Имом Бухорий китобларини ўқиб турганимда бир ҳадис диққатимни ўзига тортди. Уни ўқиб ич-ичимдан йиғлаб, жаннатга киришни орзу қилиб қолдим. Бу китобни Рамазон ойи яқинлашиш арафасида ўқиганим учунми, ичимда қандайдир бошқача ҳис-туйғу пайдо бўла бошлади. Ўзимга ўзим, «Мана, сен орзу қилган ва истаган нарсани қўлга киритиш учун Аллоҳ томонидан берилган катта фурсат», дедим.

Балки бу китобни Рамазон ойи арафасида қўлимга олиб ўқишим, Аллоҳ томонидан мен гуноҳкор бандага: «Эй бандам, энди шу кунгача қилган хатоларингни ювиш вақти келди. Қилиб юрган гуноҳларингдан тўхтарсан энди. Ҳеч бўлмаса сенга кўрсатган ишорамдан хулоса чиқариб, Рамазон ойи муносабати билан намоз ўқишни бошларсан», дегандек бўлди.

Келинг, яхшиси, мени намоз ўқишимга сабаб бўлган ҳадис мазмуни билан сизларни таништирай.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Сирот кўпригидан биринчи бўлиб мен ўз умматим билан бирга ўтаман. Аллоҳ бандалари орасида ҳукм қилишдан фориғ бўлиб, дўзахдан чиқарадиганларини чиқариб бўлгач, фаришталари ва пайғамбарларини шафоат қилишга буюради. Улар шафоат қилиниши керак бўлган кишиларни белгиларидан билиб оладилар. Дўзахдаги олов одам боласини барча жойини куйдириб кул қилади, фақатгина сажда қилган жойи (пешонаси) қолади. Сўнгра уларнинг устидан жаннат суви қуйилади. Жаннат суви қуйилгач, улар худди сел ўзи билан олиб келган донларни қандай ундирса, улар ҳам худди шундай унадилар».

Шундан кейин ўзимга ўзим айтдим: «Мана, Рамазон ойи. Энди шу ойда намоз ўқиб, ҳаётимнинг қолган умрида беш вақт намозимни канда қилмайман, рўзамни тутиб, Аллоҳга яқинлашаман».

Ўша сирот кўпригидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ўтадиган уммат ичида бўлгим келяпти. Дўзахга кирмаслик, унда қолиб кетмаслик учун намоз ўқиб, пешонамда сажда изларини қолдиргим келяпти. Аллоҳим барчамизни сажда қилувчилардан қилсин.

Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло бандаларига ҳаёти ва фаолияти учун ризқ улашади. Аммо уни ҳар бир одамга Ўзи хоҳлаганича беради. давоми...

06:09 / 23.03.2017 3550
Балки, асқотар... Ҳажм ўлчовлари 1 стакан 240 мл 34 стакан 180 мл 23 стакан 160 мл 12 стакан 120 мл 13 стакан 80 давоми...

15:17 / 26.01.2017 3155
САВОЛ Замонавий контрацептив воситалардан фойдаланиш ҳақида Ислом дини қандай кўрсатмалар беради ЖАВОБ давоми...

11:57 / 16.10.2016 3156
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ Биз мўминмусулмонларга Жума давоми...

13:17 / 14.12.2016 15423