Мунчоқ

0 1 790

  Мунчоқ                                                                                106649544_Ashampoo_Snap_20131101_00h30m32s_051_

Набавий ҳадиси шарифлар таржимаси жараёнида бир ҳадисни ўқиб жуда ҳам таъсирландим. Бир ҳафтагача, ҳадисни эсладим дегунимча кўзларимдан ёш оқиб кетаверди.

Мен таъсирланган ҳадис, асирларнинг тўлови ҳақидаги бобда келган эди. Унда Зайнаб розияллоҳу анҳо умр йўлдошлари Абул Осс асирга тушганида, уни озод қилиш учун юборган тўловлари ва тўловга келган нарсаларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрганларида қандай ҳолатга тушганлари ҳақида гап кетар эди.

Зайнаб розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Хадича онамизнинг иккинчи фарзандлари, қизларнинг тўнғичи эдилар. Ота-она Зайнабни Ислом келишидан аввал холаларининг ўғли Абул Оссга турмушга беришди. Эр-хотин бир бирларига жуда муҳаббатли эдилар. Лекин Ислом келгач, Зайнаб дарҳол Исломни қабул қилдилар. Абул Осс эса, мусулмон бўлишдан бош тортди. У хотинини севар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у зотнинг оилаларига душманлиги йўқ эди.

Зайнаб розияллоҳу анҳо ҳамма Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилиб кетганида ҳам кетмай эрлари билан қолдилар. У пайтда муслималарга мушрик эрлари билан яшаш ҳали ман қилинмаган эди.

Исломга киришни ман қилган сабаб Абул Оссни мусулмонларга қарши жангда иштирок этишга ҳам мажбур қилди. Бадрга боришга борди-ю, қўлига қурол олмай бир четда тураверди. Кейин асирга тушди.

Бадр урушида етмишта мушрик қатл қилинди. Етмиштаси асирга олинди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асирларни тавон олиб озод қилишни маъқул кўрдилар. Бадр урушида асир тушган мушриклар ичида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг куёвлари, яъни қизлари Зайнаб розияллоҳу анҳонинг эри Абул Осс ҳам бор эди. «Асирларни қариндошлари товон тўлаб, озод қилиб олишлари мумкин», деган амр чиққанидан кейин одамлар ўз яқинларини озод қилиб ола бошладилар.

Абул Осснинг укаси ҳам бир халтача олиб келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тутқазди ва акасининг тўлови эканини айтди. У зот халтани очиб, қизлари Зайнабнинг тақинчоқларини кўрдилар. Зайнаб розияллоҳу анҳо эри Абул Оссни озод қилиш учун ўз тақинчоқларини юборган эдилар. Тақинчоқлар ичида бир мунчоқ ҳам бор эди. Уни Зайнаб розияллоҳу анҳога тўйи куни онаси Хадича бинти Хувайлид розияллоҳу анҳо совға қилган эдилар.

«Хўп бўлади, эй Аллоҳнинг Расули», дейишди саҳобалар.

Вафодор муслима аёлнинг мушрик эрини асирликдан қутқариб олиш учун аёл зотига азиз бўлган мунчоқ ҳам борлиги Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хотираларига вафот этиб кетган Хадича онамизни, эрини деб Маккада қолиб кетган қизлари Зайнабни солган эди. У зот алайҳиссалом севикли жуфти ҳалоллари Хадича розияллоҳу анҳони ва жигаргўшалари Зайнаб розияллоҳу анҳони иккиларини бирлаштириб турадиган мунчоқни кўриб яна бир бор эслаган эдилар.

Абул Осс ибн Робийъ асирликдан бўшатилиши билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ўз ҳузурларига чорлаб, қулоғига бир нималар дедилар. Абул Осс ибн Робийъ бошини қимирлатиб, «Хўп, хўп», деганга ўхшаган ишора қилди. Кейин у асирликдан озод бўлганидан фойдаланиб, Маккага равона бўлди. Зайнаб розияллоҳу анҳо асирликдан қутулиб келган Абул Осс ибн Робийъни қувонч билан кутиб олдилар. Ўзаро суҳбатларининг аввалидаёқ Абул Осс ибн Робийъ Зайнаб розияллоҳу анҳога тезроқ Мадинага жўнашлари кераклигини айтди. Ўзаро савол-жавоблардан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абул Осс ибн Робийънинг қулоғига айтган гаплар у Маккага қайтиб бориши билан Зайнаб розияллоҳу анҳони Мадинага юбориши ва бу ишни ўта махфий равишда қилмоқ кераклиги ҳақидаги гаплар эканлиги маълум бўлди. Абул Осс ибн Робийъ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга берган ваъдасининг устидан чиқмоғи зарурлигини айтиб, туриб олди.

Хадича онамиздан қизларига ёдгорлик бўлиб қолган мунчоқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга у кишини эслатибгина қолмай қизлари Зайнабни Маккадан Мадинага чорлашга ҳам сабаб бўлган эди.

Зайнаб розияллоҳу анҳо Мадинаи Мунавварага келганларидан кейин олти йил Мадинада эрларидан алоҳида ҳолда истиқомат қилдилар. Абул Осс ибн Робийъ Маккага  кейинроқ Исломни қабул қилди ва мусулмон, муҳожир бўлган ҳолида ҳижрий еттинчи сананинг Муҳаррамида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига қайтиб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга Зайнабни аввалги никоҳ ила қайтариб бердилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайнаб розияллоҳу анҳо ва у кишининг оиласини ҳеч қачон ўз эътиборларидан қочирмас эдилар. У зот улардан хабар олиб турар, уларни хурсанд қиладиган ишларни амалга оширар эдилар. Зайнаб розияллоҳу анҳонинг кичкинтой қизлари Умома Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эркатойларига айланган эди.

Имом Бухорий ва бошқалар Абу Қатодадан ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одамларга ‎имом бўлиб намоз ўқиётганларини кўрдим. Умома бинти Абул Осс елкаларида эди. Бас, қачон рукуъ қилсалар, уни ерга қўяр ва саждадан турсалар, қайтариб олар эдилар».

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мунчоқ ҳадя қилинди. У зот буни аҳлимдан мен учун энг маҳбубига бераман, дедилар. Аёллар уни Абу Қуҳофанинг қизига берадилар, дейишди. Яъни Оиша розияллоҳу анҳога. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайнабнинг қизи Умомани чақириб, мунчоқни бўйнига илиб қўйдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Умомага бу мунчоқни берганларида вафодор умр йўлдоши ўлароқ ўзларидан анча олдин ўтиб кетган Хадича розияллоҳу анҳонинг ёрқин хотираларини эсга олган бўлсалар ажаб эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Умомага бу мунчоқни берганларида меҳрибон ота ўлароқ ўзларидан аввал ўтиб кетган тўнғич қизлари Зайнаб розияллоҳу анҳони ёрқин хотираларини эсга олган бўлсалар, ажаб эмас.

Бу бахтли қиз Умома, момоси Хадича розияллоҳу анҳонинг мунчоқларини, онаси Зайнаб розияллоҳу анҳонинг мунчоқларини ва ўша мунчоққа қўшиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳаббатларини меросга олган қиз бўлиб қолди.

Умоманинг мунчоғи ҳақидаги хабар яна ҳам тасирли бўлди. Бу тасир унинг момоси Хадича онамнинг мунчоғининг тасиридан эди. Бу тасир унинг онаси Зайнаб онамнинг мунчоғи тасиридан эди. Яна кўзимдан ёш мунчоқ, мунчоқ бўлиб оқа бошлади…

 Одинахон Муҳаммад Юсуф

Баҳам кўринг

Leave A Reply