Маҳмадоналик
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Маҳмадоналик, яъни кўп гапириш ҳам ёмон деб топилган одатлардандир. Маҳмадоналик зарур ёки зарур бўлмаган гапларни керагидан ортиқ гапириб, лақмалик қилишдан иборат. Чунки зарур гапни бир-икки оғиз сўз билан мухтасар баён қилиш ҳам мумкин ёки уни таъкид ва такрорлар билан истаганча шишириб ифодалаш ҳам мумкин. Мақсадни битта сўз билан ифодалаш имкони бўла туриб, икки, уч сўзга ўтиш ― маҳмадоналик, гарчи ҳожатдан ортиқ гапирилган бу сўзлар туфайли бирор гуноҳ ёки зарарга чиқмаса-да.

Ато ибн Равоҳ айтади: « Сизлардан олдингилар ортиқча гапни ёқтирмас эдилар. Улар Аллоҳнинг китоби ва Расулуллоҳнинг суннатидан бошқа ёки яхшиликка буюриш, ёмонликдан қайтариш ва тирикчиликка тааллуқли энг зарур ишларни ҳожат доирасидагина гапиришдан бошқасини ортиқча гап деб ҳисоблардилар. Ёки шак-шубҳасиз, сизларнинг устингизда қилган ҳар бир амалингизни ёд олиб, ёзиб тургувчи улуғ фаришталар борлигини, ўнг ва чап томонда ўтирган икки фаришта инсонни ҳозиру нозир ҳолда кузатиб, оғзидан чиққан ҳар бир сўзини ёзиб олишини инкор қиласизми? На динингизга, на дунёингизга фойдаси бўлмаган гаплар билан эрталабданоқ тўлиб қолган саҳифангиз кўрсатилганида уялмайсизми?!»

Билгин! Ортиқча гапнинг чегарасини кўрсатиш мушкул. Аммо энг муҳими Аллоҳ таолонинг китобида чегараланган: «Уларнинг кўп суҳбатларидан, агар садақа беришга ё бирон яхшилик қилишга ёки одамлар ўртасини ислоҳ қилишга буюрган бўлмасалар, ҳеч қандай фойда йўқдир». (Нисо,114)

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Тилини ортиқча сўздан тийган ва молидан ортиқчасини инфоқ қилган киши нақадар саодатли!»

Бағавий ривоят қилган.

Қара, бу амрни одамлар қанчалик ўзгартирган: ортиқча молидан инфоқ-эҳсон қилмайди, ортиқча сўзлардан тийилмайди!

Мутарриф ибн Абдуллоҳ отасидан ривоят қилади: «Омир жамоасидан бўлган бир неча одамлар билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бордик. Улар Пайғамбар алайҳиссаломга: «Сиз бизнинг отамизсиз, Сиз бизнинг саййидимизсиз, Сиз бизнинг энг афзалимизсиз, Сиз «ал-жафанатул ғарро»сиз (яъни «кўпчиликнинг чанқоғини қондиришга қодир шарафли инсонсиз» деган маънода мажозан айтиляпти. Тарж.), Сиз..., Сиз...!»– дейишди. Шунда Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўз сўзларингизни айтинглар. Шайтон сизларни кибру ҳавога эргашадиганлардан қилиб қўймасин»– дедилар».

Ибн Абу Дунё ва Насаий ривоят қилган.

Бу ўринда тилнинг, гарчи рост сўзласа-да, ҳаддан ортиқ мақтовга берилиб кетишидан сақланиш лозимлигига ишора бор. Акс ҳолда шайтон бу тилни ҳожати йўқ, ортиқча нарсаларга фитналантириб қўяди.

Ибн Масъуд айтади: «Сизларни ортиқча гапдан огоҳлантираман! Кишига эҳтиёж даражасидаги гап кифоядир».

Мужоҳид деди: «Албатта, сўзлар ёзиб борилади. Ҳатто киши ўғлини тинчитиш учун: «Сенга фалон-фалон нарсалар сотиб оламан» – деса, уни «каззоб» деб ёзиб қўйилади».

Ҳасан Басрий дейди: «Эй Одам фарзанди! Сен учун саҳифа очилди ва у саҳифага амалларингизни ёзиб борадиган икки фаришта вакил қилинди. Хоҳ кўп, хоҳ оз бўлсин, хоҳлаганингни қил».

Ривоят қилинадики, Сулаймон алайҳиссалом ҳийлакор жинлардан бирини одамлар орасига жўнатди ва уни кузатиб юриш учун яна бир нечтасини тайинлади. Улар Сулаймон алайҳиссаломга ҳалиги жиннинг бозорга боргани, кейин бошини кўтариб, бир осмонга, бир одамларга қарагани, сўнгра бошини чайқаб қўйганини айтишди. Сулаймон алайҳиссалом ундан бу ҳақда сўраганида жин айтди: «Одамларнинг боши узра нималарнидир шитоб билан ёзиб бораётган фаришталардан ва улардан қуйида шитоб билан малолли ишларга шўнғиётган одамлардан ҳайратга тушдим».

Ҳасан Басрий дейди: «Гапи кўпнинг ёлғони кўп, моли кўпнинг гуноҳлари кўп. Кимнинг хулқи ёмон бўлса, ўзини азоблайди».

Амр ибн Дийнор айтади: «Бир киши Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларида кўп гапириб юборди. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: ― Тилингнинг олдида нечта парда бор? – дедилар. ― Икки лабим ва тишларим, - деди у. ― Сени кўп гапиришдан тўсишга шулар кифоя эмасми?!»

Ибн Абу Дунё ривоят қилган.

Имом Ғаззолийнинг «Тил офатлари» китобидан олинди.

Мавзуга оид мақолалар
Устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳга Сизни уммат қайғулари эзиб давоми...

01:24 / 03.02.2017 8322
 «Аркон» кўплик сийғасидаги сўз бўлиб, унинг бирлиги рукндир. «Рукн» луғатда бурчак маъносини англатади. давоми...

08:54 / 11.10.2016 6033
Мусулмон одам инсон тўғрисида бир неча ҳақиқатларга эътиқод қилиши лозим. 1. Инсон энг афзал ва энг шарафли давоми...

07:24 / 08.11.2016 21104
      Саййидимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топган макон дунёдаги энг яхши жойлардан давоми...

06:30 / 26.02.2017 4913