Ойларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг ойларидир
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Озода холанинг тўй бошлагани ҳаммани қувонтирди. Қўшнилар бирин-кетин муборакбод этишарди. 

“Тўй қачон?”

“Вой, маҳалламизда тўй? Қачонга?  Бехабар қолибман”.

 “Тўйни тезроқ бошланг, зерикиб қолдик”,

 “Озодахон, ўзим “Тановар”га тушаман-а?!”

Қўшни аёлларнинг чақ-чақлашиб кулишлари ҳавасимни келтирди.

“Бизни ҳам шундай тўйларга етказсин”, дейман пичирлаб.

Шу он Озода холанинг “Бу ой сафар ойи экан. Сафар ойида тўй қилиб бўлмаскан. Бир ой чидаб туринглар, кейинги ой қиламиз”, дейиши бир зумда  ширин хаёлларимни учириб юборди.

“Яхши ишни кечиктириб бўлмайди... Сорахонни эсланг...”

“Сафар бўлса, бўлаверсин, шумланманг!”

“Ҳамма ёқ тайёр бўлса, сафар ойи учун кечиктиришингиз яхшимас”.

Ҳали у аёл, ҳали бу аёл у деди-бу деди,  аммо барибир Озода хола қайсарлиги тутиб, гапида туриб олди.

“Сизлар ҳам мени аврайверманглар. Уйдагилар ҳам, ўғлим ҳам шунақа дегани, деган. Мен сафар ойида тўй қилмайман. Сорахонни гапирманглар менга. У ўзига ўзи қилди. Ана, Манзурахон ўтган йили сафар ойида тўй қилганди. Нима бўлди? Бир йилга бормай, эр-хотин ажрашиб кетди... Аввалгилар бир нарсани билмаса айтишмайди. Сафар ойида тўй қилиш бехосият экан...”

Ёшман. Катталарнинг гапига қўшилолмай, уларни жимгина кузатаман. Озода хола ўзи тенги дугоналарининг гапини олмаганда, менинг гапимни олармиди?! Сиз Сора холага нима бўлган, дейсизми? Сора хола ҳам Озода холага ўхшаб иримчироқ, қайсарроқ эди. Тўй бошлашга бошлаб қўйди-ю, аммо  ҳали сафар ойи келди, ҳали у кам, бу кам деб, тўйни орқага сураверди. Келин бўлмиш қиз ҳам айниб, чет элга ўқишга кетиб қолди. Қўшнилар интиқиб кутган тўй бир йилдан кейин бўлди. Сафар ойида ирим қилмаган Манзура  хола-чи, дейсизми? Унинг  келини тутқаноқ касалига чалинган экан. Шунинг учун эр-хотин яхшиликча ажрашишган эди.

Афсуски, орамизда Озода хола ва Сора холалар жуда кўплаб топилади. Улар ва уларга ўхшаган аёлларимизнинг шумланиши, ирим-сирими туфайли сафар ойига тўғри келган кўплаб хайрли ишлар кейинги ойга кечиктирилади.

Бу иддаоларнинг асли қандай? Келинг, динимизда сафар ойи  ҳақидаги маълумотларни ўрганиб чиқамиз.

Сафар ойи ҳижрий-қамарий тақвим бўйича йилнинг иккинчи ойидир. Ислом дини келгач, жоҳилиятнинг барча жоҳилликларини ислоҳ қилди. Жумладан, турли ой ва кунларга оид жоҳилликларини ҳам.

“Сафар ойида никоҳ тўйи ёки унаштирув маросимини қилиб бўлмайди. Агар шундай қилинса, келин-куёв бахтсиз бўлади. Уларнинг бошига кутилмаган бало келади” .

“Аёли билан бирга оилавий ҳаётни бошлаб бўлмайди”.

“Бу ойда сафар қилинмайди, агар шундай қилинса, сафар қилувчи албатта қандайдир фалокатга учрайди”.

“Сафар ойида янги иш бошлаб бўлмайди”.

Динимиз барча нотўғри эътиқодлар қатори бундай хурофий фикрларни ҳам тўғрилади. Бу ойнинг никоҳга ҳам,  сафарга  ҳам, янги ишларга ҳам ҳеч қандай алоқаси йўқлиги исботланди. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалам: «Касаллик юқиши йўқ, қуш-ла фол очиш йўқ, бойқуш йўқ ва сафар йўқ.  Ва моховдан худди арслондан қочганингдек қочгин», дедилар» (Имом Бухорий ривоят қилган).

Ушбу ҳадисда жоҳилиятнинг тўртта жоҳиллиги инкор қилинмоқда. Шулардан бири, «сафар йўқ». Жоҳилият аҳли у ойда сафар қилиб бўлмайди, у бўлмайди, бу бўлмайди, дейишар эди. Ислом  ойларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг ойлари, кунларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг кунлари эканини эълон қилди.

Динимизда айнан шу ой ҳақидаги жоҳилият аҳлининг бидъат-хурофотларига қарши кўплаб хайрли ишлар амалга оширилди. Бу ой «Сафарул хайр» – «Сафар яхшилик» деб номланди. Кўпгина ишлар айнан сафар ойида бошланди. Масжиди Набавийнинг қурилиши биринчи ҳижрий сананинг айнан сафар ойида бўлди. Мусулмонлар худди бошқа ойлардаги каби сафар ойида бемалол сафарларга чиқдилар. Пайғамбар алайҳиссалом шу ойда сафарга чиқиб, Ҳайбарни фатҳ қилдилар. Мусулмонлар бу ойда никоҳларини ўтказдилар. «Туҳфатул Муҳтож фии шарҳил Минҳож» китобида келтирилишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом айнан сафар ойида қизлари Фотима розияллоҳу анҳони Али розияллоҳу анҳуга никоҳлаб бердилар.

Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, ой номи «сафар» эмас, “Софар”дир, яъни сод ҳарфи билан ёзилади. Ўзбек тилидаги сафар маъносини англатмайди.

Мақола сўнгида Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг бир муборак ҳадиси шарифлари ёдимга тушди:  “Уч нарсадан умматим ҳануз (ҳеч ҳам) қутула олмайдилар. Бу ҳасад, бадгумонлик, иримдир. Шу нарсалардан қутулиш йўли шуки, ҳасад қилсангиз, зулмга ўтманг, гумону шубҳа қилсангиз, уни ҳақиқат ҳисоблаб, унга асосланиб иш тутманг, бирор ирим қилинадиган нарсага дуч келсангиз, Аллоҳ таолога таваккул қилиб, йўлингизда ва ишингизда давом этиб кетаверинг!” (Абу Яъло ривоят қилган).

Сиз ҳам биродар, “...бирор ирим қилинадиган нарсага дуч келсангиз, Аллоҳ таолога таваккул қилиб, йўлингизда ва ишингизда давом этиб кетаверинг!”

РАЙҲОНА тайёрлади.

Муаллиф
Мавзуга оид мақолалар
Диний қадриятлар ва эътиқод эркинлиги бўйича минтақавий халқаро шартномалар Хадичаи Кубро аёлқизлар ўрта давоми...

13:57 / 19.01.2018 3340
27    « ». . Йигирма еттинчи ҳадис «Восила ибн Асқаъдан ривоят қилинади «Расулуллоҳ давоми...

17:35 / 01.06.2018 3097
БМТ бош Ассамблеяси Иордания шаҳзодаси Зайд алҲусайнни инсон ҳуқуқлари бўйича бош олий комиссар қилиб давоми...

08:22 / 25.01.2017 3368
Меҳмон минбари Дилфуза КОМИЛ Болаларимизга етказадиган энг катта зараримиз нима, биласизми Уларга давоми...

16:00 / 13.12.2019 3450