Фолбин, сеҳргар ва мунажжимларга ишониш (давоми)

0 1 088
Боши қуйидаги ҳаволада:http://muslimaat.uz/bosh-sahifa/tahlil/item/1756-folbin-sehrgar-munajjim
 Энди мазкур қаҳрамонларимиз билан яқиндан танишиб чиқайлик. Фолбинларга ва фол кўрувчиларга шаръий китобларимизда коҳин ва арроф деб ном берилган. Коҳин баъзи сир нарсаларни, тўғрироғи, ғойибни билишни даъво қилади. Унинг баъзи айтганлари тасодифан тўғри чиқиши ҳам мумкин, аммо аксарият фоллари нотўғри чиқади. Тасодифан тўғри чиққан гапини ўзи ҳам, одамлар ҳам такрор-такрор айтиб юрадилар. Нотўғри чиққан фоллари ҳақида эса сўз юритмайдилар. Натижада коҳин кишиларга ғайб нарсаларни биладиган бўлиб кўринади. Коҳинлар ўзларининг жинлар билан алоқаси борлигини ва уларга хабарларни жинларнинг айтишини даъво қиладилар. Арроф ҳам худди коҳинга ўхшайди. Уламолардан Имом Бағавий: «Арроф ― турли ишларнинг сабабларини билишни, йўқолган нарсанинг қаерда турганини, ўғирлаган нарсани ким ўғирлаганини ва шунга ўхшаш нарсаларни билишни даъво қилувчидир», дейдилар. Албатта, фолбинлар кўпроқ келажакда рўй берадиган ишларни билишларини даъво қиладилар. Бу эса, шариат ҳукми бўйича куфр ҳисобланади. Чунки ғайбни фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигина билади. Ким уни билишни даъво қилса, кофир бўлади.

Шунингдек, фолбинликнинг бошқа турлари ҳам бор. Булардан учтасини Имом Насаий Қутн ибн Қубайсадан у киши эса ўз оталаридан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам баён қилганлар: «Чизиқ чизиб, тош билан ва қуш билан фол очиш Аллоҳдан бошқага ибодат қилишдандир».

Ўша вақтларда турли чизиқларни чизиб, шунингдек, майда тошларни ташлаб, уларни турли томонларга қимирлатиб фол очиш ҳоллари учраган. Қуш билан фол очиш эса махсус боқилган қушлар орқали амалга оширилар экан. Фол очирмоқчи бўлган шахс бир ишни қилмоқчи бўлса ёки бунда иккиланиб қолса, фолчининг олдига келиб, пул бериб, ундан ўзи учун фол очиб беришини сўрар экан. Шундан кейин фолбин қушини олиб осмонга отар, қуш ўнг томонга учиб кетса, ўша ишни қилиш, чап томонга учиб кетса, қилмаслик, агар тўғрига учса, яна қайта фол очиш керак бўлар экан.

Фолбинликнинг булардан бошқа турлари ҳам бўлган. Ҳозирги пайтда фол очишнинг тури сон-саноқсиз бўлиб кетди. Қарта билан, қушларга хат торттириш билан, қўлнинг кафтига қараб туриб, суратга қараб ва ҳоказолар… Буларнинг ҳаммаси куфр ишлардир.

Сеҳргар эса турли услубларни ишлатиб, кишиларга таъсир ўтказувчи шахсдир. Қуръони Каримда сеҳр тўғрисида келган оятда, эркакни хотиндан ажратувчи ишларни қилгувчилар ҳам сеҳргар экани айтилган. Уламолар сеҳрни, келиб чиқиши маълум бўлмаган иш, деб айтадилар.

Имом Насаий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки тугун тугиб, унга дам урса, сеҳр қилган бўлади. Ким сеҳр қилса, ширк келтирган бўлади», деб айтганлар. Қуръонда сеҳргарларнинг иши куфр эканлиги айтилган.

Мунажжим деганда юлдузларнинг жойлашиши, юриши, ҳаракати, уларнинг бир-бирига нисбатан жойлашишига қараб, келажакда бўладиган ишлар ҳақида хабар берувчилар тушунилади. Ҳозирги кунда худди шу тоифадаги кишиларнинг иши юришган. Кўпгина давлатларда рўзномалар, ҳафтаномалар ва ойномалар, радио-телевизорлар мунажжимларнинг кундалик, ҳафталик, ойлик, йиллик, ўн йиллик фолларини тарқатишда мусобақа қиладилар.

Баъзи одамлар ишларини мунажжимларнинг айтган гапларига қараб режалаштирадилар. Ҳатто баъзи давлат арбобларининг уларга мурожаат қилиб туришлари ҳам сир эмас. Илм-маърифат, тараққиёт даъво қилиб турилган даврда бундай ишларнинг содир бўлиши, илоҳий таълимотдан узоқлашган инсон нима тўғри келса, ўшани қилаверишини кўрсатиб турибди. Ислом шариати ҳукми бўйича ғайб илмини даъво қилгани учун, бу маънодаги мунажжимлик ҳам куфр ҳисобланади.

Имом Абу Довуд Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки юлдузлардан илм иқтибос қилса, сеҳрдан бир шуъба иқтибос қилган бўлади. Зиёда олса, зиёда бўлиб бораверади», деганлар. Сеҳргарлик эса аввал айтиб ўтганимиздек, куфрдир.

Аммо юлдузларнинг ўзини ўрганиш, улар ҳақида илмий ишлар қилиш, уларга тегишли муаммоларни ва ҳолатларни ўрганиш яхши ишдир. Исломда бунга тарғиб қилинади. Шунинг учун ҳам қадимда Ислом динига яхши амал қилиниб турилган вақтларда мусулмонлар орасидан етук ва машҳур фалакиёт илми олимлари етишиб чиққанлар. Исломий истилоҳда юлдузга қараб фол очадиганларни мунажжим (астролог), юлдузларни ўрганадиган олимларни фалакиёт илми соҳиблари (астроном), дейилади.

Фолбинлик, сеҳргарлик ва мунажжимлик бир-бирларига яқин нарсалар бўлгани учун ҳадиси шарифларда ҳам улар биргаликда зикр этилади. Деярли ҳар бир ҳадисда бундай инсонлар ва жамиятга нисбатан ўта зарарли бу маънавий жиноятлар каттадан-катта гуноҳ, куфр ва ширк эканлиги қайта-қайта таъкидланади.

Имом Баззор Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким қуш билан фол очса ёки қуш билан фол очтирса, ким сеҳр қилса ёки сеҳр қилдирса, биздан эмас. Ким фолбинга бориб, унинг айтганига ишонса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган нарсага куфр келтирган бўлади», деганлар.

Маълумки, Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «биздан эмас» дейишлари жуда ҳам оғир ҳукмдир. У зотнинг, биздан эмас, деганлари, мусулмонлардан эмас, деганларидир. Демак, ҳадиси шарифда зикр этилган тоифадаги кишилар мусулмонлар сафидан чиқадилар.

Фолбинга ишонган одам эса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган Қуръонга куфр келтирувчидир. Шунинг учун ҳам фолбин ва сеҳргарликни касб қилиб олганларнинг гуноҳи жуда ҳам катта бўлади. Бирор нарсанинг ҳажми ёки хатари бошқа нарсага солиштириб кўрилганда яхшироқ англанади. Сеҳрнинг нақадар катта гуноҳ эканлигини у билан бир қаторга қўйилган катта гуноҳлардан тушуниб олса ҳам бўлади.

Имоми Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Етти ҳалок этувчидан четланинг», дедилар. Одамлар:
― Улар нималар? Эй Аллоҳнинг Расули — дейишди.
У зот саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга ширк келтириш, сеҳр, Аллоҳ ҳаром қилган жонни ўлдириш, рибохўрлик, етимнинг молини емоқ, уруш куни қочиш ва ғофила, мўмина, покиза аёлларни зинода айблаш», дедилар.

Маълумки, Аллоҳга ширк келтиришдан каттароқ гуноҳ йўқ. Ушбу ҳадиси шарифда инсоннинг ҳалокатига сабаб бўлувчи катта гуноҳларнинг ичида биринчи бўлиб айнан шу катта гуноҳнинг зикр қилиниши ҳам бежиз эмас. Ундан кейин, иккинчи ўринда, сеҳр туриши эса сеҳргарлик қанчалик катта гуноҳ эканини яққол кўрсатиб турибди. Эътибор беринг-а, ҳатто одам ўлдириш ҳам ундан кейинга қўйилган. Чунки сеҳргарнинг жамиятга етказадиган зарари одам ўлдиришдан ҳам каттароқ зарардир. Албатта, бундай катта гуноҳ қилган шахс охиратда жазосини тортади. Бу нарса ҳадиси шарифларда баён қилинган.

Имом Ибн Ҳиббон Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ароқ ичувчи, сеҳрга ишонувчи ва қариндошлик алоқасини узувчилар жаннатга кирмайди», деганлар.

Баъзи туппа-тузук кишилар ҳам, ишонмаймиз-у, лекин шундай бўлса ҳам бир бориб қўяверайлик-чи, деб фолбинлар ҳузурига бораверадилар. Бу иш ҳам тўғри эмас. Мўмин киши барча шубҳали нарсалардан узоқда юриши лозим. Мисол учун, ароқ ичмаса ҳам, ичганларнинг олдида ўтириши мумкин эмас. Ўтирса, гуноҳ бўлади. Шунингдек, фолбинга ишонмаса ҳам фолбиннинг олдига бориш, нотўғри иш ҳисобланади.

Имом Табароний Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким фолбинга бориб, унинг гапига ишонса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган нарсадан ажрабди. Ким унинг ҳузурига келсаю, гапига ишонмаса, қирқ кунгача намози қабул бўлмайди», деганлар.

Имом Табароний Восила ибн Асқаъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким фолбиннинг ҳузурига келиб, ундан бирор нарсани сўраса, қирқ кечагача тавбаси тўсилади. Агар фолбиннинг гапига ишонса, кофир бўлади», деганлар.

Ҳақиқий мўмин киши учун қирқ кунлик эмас, бир вақтлик намозининг қабул бўлмаслиги ҳам чексиз мусибатдир. Ҳақиқий мўмин киши учун қирқ кунлик тавбаси эмас, бир онлик тавбасининг қабул бўлмай қолиши ҳам оғир мусибатдир.

Киши ишонмаса ҳам фолбинга боришининг шариатда таъкидланиши маълум ҳикматга эгадир. Аввало, фолбинга ишонмаган одам унга бориб нима қилади? Ахир, бу мантиқсиз тасарруф-ку?! Мўмин киши эса, бундай тасарруфларга лойиқ эмас. Иккинчидан, ким бир чуқурнинг атрофида айланаверса, бориб-бориб унга тушади. Шунингдек, фолбиннинг олдига борган шахснинг ҳам унга ишониб қолиш эҳтимоли кучаяди. Гуноҳга ботишнинг олдини олиш учун фолбинларга бутунлай мурожаат қилмаслик буюрилган.

давоми бор.
Баҳам кўринг

Leave A Reply