«Бир Қуёшимни, отамни ва шиппакларимни қолдириб келдим»
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Бир Қуёшимни, отамни ва шиппакларимни қолдириб келдим»

Мадина ширкатларидан бирида электр назоратчиси бўлиб ишлаган киши – Аллоҳ ва Расулининг ошиғи тонг охирлаб бораркан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам равзаларида ток уриши натижасида вафот этди. Ушбу воақеадан сўнг унинг оиласи ватани Туркияга қайтишга мажбур бўлди. Ўша вақтда бу одамнинг Муҳаммаднабий исмли 7 ёшли ўғли мактабда ўқир эди. Унинг гўзал хотиралари бизни беихтиёр Саодат қасри томон етаклайди.

«Илк баҳор кунларида Мадинада ёруғ дунёни кўра бошладим. Мен туғилган туғруқхона масжидингизга яқин бўлгани боис илк туйган ифор Сизнинг боғчангиздан келаётган гул каби ёқимли ис бўлди. Отам келиб қулоғимга азон айтишидан аввал Сизнинг масжидингиздан келаётган азон саслари ила шарафландим. Қирқ кунлик бўлганимда биринчи зиёратим ҳам Сизнинг саодатли хонадонингизга бўлди. Илк қадамимни равзангиз ёнидаги мармарларга қўйдим ва Роббим ила илк учрашувимни, илк саждамни Сизнинг масжидингизда қилдим. Барча энг аввалги қилган ишларимда Сиз борсиз! Гапиришни ўрганишимдан аввал Сизни севишни ўргандим. Балки Сизни яхши танимасдим, аммо худди менга жуда-жуда яқиндек севардим. Зиёратингиз учун уйингизга ҳар келганимизда Сизни кўрмасак-да, борлигингизни ҳис қилар, уйингиздан узоқлашганимизда эса маҳзун бўлар эдик. Болалар уйда зериккан вақтлари оталарининг истироҳат боғларига, дам олиш жойларига олиб боришини исташади. Биз эса Мадинада яшаган вақтимизда отамиздан боғга олиб боришини сўрамасдик, буни хоҳламагандик ҳам. Ажабо, биз зерикмаганмидик ҳеч?! Ўйлайманки, Мадинадаги болаларнинг юраги сиқилмайди. Чунки у ерда ҳеч қаерда бўлмаган гул боғчаси мавжуд. Боғнинг эса ягона боғбони бор эди. Вақтимизнинг кўп қисми ўша ерда ўтарди. Боғчангизнинг мармарларини оёқ кийимимиз билан босолмасдик. Ялангоёқ юрардик. Ким билсин, балки қўрқардик гулларни эзиб қўйишдан. Лекин бу ҳол бизга ёқиб тушарди.

Бир сафар отамдан сўрадим:

– Отажон, нега Мадина бунчалар иссиқ?

– Болажоним, чунки Мадинанинг қуёши иккита, – дедилар.

– Қандай, ахир қуёш битта эмасми?!

– Тўғри айтдингиз, болажоним. Оламни иситган қуёш битта. Лекин оламни иситган, оламни ёритган яна битта Қуёш бор. У Мадинада экан, иссиқлик икки баробар бўлади.

Отамнинг жавоблари менга ёқиб тушарди. Ҳақиқатда мармарлар оёғимизни иситарди. Лекин Сизнинг қуёшингиз қалбларимизни иситарди. Мадинадан айрилганимиздан буён оёқларимиз исинса-да, қалбларимиз исинолмасди. Чунки биз энг катта Қуёшимизни Мадинада қолдирган эдик. Мен Қуёшимни йўқотгандим. Бу ерда қуёш бизни иситса-да, қалбларимизни иситолмасди. Қалбим исиниши учун равзангизда ялангоёқ юришим керак эди. Боғчангизда юрарканмиз, азонлар айтиларди. Шундай чиройли азон айтилардики, худди Билол Хабаший розияллоҳу анҳу айтаётгандай бўларди. Биз масжид томон югурардик. Билар-билмас отамнинг ёнида намоз ўқирдик. Баланд устунлар ортидан келаётган шабада сочларимизни ўйнатарди. Замзам стаканларидан гуллар ясардик. Намоз ўқирканмиз, орамизга секингина мушук кириб оларди. Отамиз: “Унга озор берманг. У Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг мушугидир”, дердилар. Биз ҳам бунга ишонар, мушукка озор бермас эдик. Сизнинг уйингизга ҳатто мушуклар ҳам кира оларди. Чунки Сиз энг яхши уй соҳиби эдингиз.

Чоршанба кунлари Уҳуд тоғига севимли амакингиз зиёратига борардик. Чунки у ҳам бизнинг амакимиз эди. Акаларим билан бирга Айнайн тепалигига чиқар, у ерда етмиш шаҳидга салом йўллар эдик. Уҳуд тоғига ҳар борганимизда у ерда Сизни кўргандек бўлардик. Уҳуддан равзангизнинг ифоридек гул ҳиди келарди.

Менинг етти йил умрим – энг қимматли, энг чиройли йилларим Сизнинг бағрингизда, Сизнинг боғчангизда, Сиз жанг қилган ерларда, худди Сиз билан, Сиз ёнимдагидек кечди. Сизни кўрмасам-да, Сиз билан яшашга шунчалар одатландимки, ёнингиздан айриларканман, худди бир бўлагим, қалбим, бир парчам қолаётгандек эди.

Бу ерлар ғурбат бўлди менга. Имконим бўлса эди, дарҳол учиб борардим. Аммо доим катта бўлганингда борасан, дейишади. Мен фақат Сизнинг ёнингизга бориш учун катта бўлишни хоҳлайман. Сизнинг ёнингизга борганимда катта бўлган бўлсам-да, мармарлар устида ялангоёқ юраман. Токи қалбим музлари эрисин. Балки ҳасратингиз ҳар кимни ёқар, мени эса иситади. Чунки руҳим туғилганимдан буён Сизнинг муҳаббатингиз ила исинмоққа одатланган. Сизга, иссиғингизга, ҳароратингизга шунчалар муҳтожманки, мен Сизни ташлаб келган бўлсам-да, Сиз мени ташлаб қўйманг. Ҳароратингиз ила тунларимизга нур бўлинг.

Мадинада яшаган йилларим Сиз билан қўшни эдик. Уйларимиз бир-бирига жуда яқин эди. Ора-сирада уйларимизни шарафлантириб туринг. Менинг исмим Набий, худди Сизники каби. Бу исмни менга энг яхши кўрган дўстингиз қўйган. Бошқа исмим Муҳаммад, яна Сизники каби. Бу исмни эса отажоним қўйганлар. Буёққа келишимиздан аввал бағрингизга ташлаб келган отажоним! Сиз билан яна бир ўхшаш тарафимиз бор: мен ҳам Сиз каби отасиз катта бўляпман. Мен жуда омадлиман! Сиз бизга асло отасизликни ҳис қилдирмадингиз. Мадинадан айрилсак-да, Сизни ёнимдагидек ҳис қиламан. Кечалари қўрқмасдан ишонч ила ухлайман – бу Сизни таниганим, севганим боис. Роббимга мингларча ташаккурлар айтаман. Биз отамнинг жанозасини ўқиб бўлиб, қабрга қўяётганимизда акамнинг шиппаклари отамнинг қабрига тушиб кетди ва ўша ерда қолди… Отамни сўнгги марта зиёрат қилишга борганимизда мен ҳам ҳеч кимга билдирмай шиппакларимни отамнинг қабрига кўмиб қўйдим. Мана энда менинг шиппакларим ҳам отам билан қолди.

Айтгандим-ку, бир Қуёшим, бир отамни ва яна шиппакларимни қолдириб келдим. Отам ва шиппакларим қайтмасалар-да, Қуёшим доим мен билан! Ахир, етимларнинг севимлиси уларни ҳеч совуқда қолдирармиди?!

Дунёнинг бир чеккасига кетсак-да, бизни тарк этмаслигингизни билардим. Кўнглимиз Сиз ила ёруғ. Руҳимиз, танамиз Сизнинг ҳароратингиз билан иссиқдир. Бир кун Сизга қайтишим кечикса-да, гул боғчангиз мармарларида ялангоёқ юраман!

Токи муҳаббатингиз ила танам ёниб қовурилсин!!!

Турк тилидан

ОИША БИБИ таржимаси

         
Мавзуга оид мақолалар
   Аллоҳ таоло Рамазон ойи рўзасининг фарз қилингани ҳақидаги ояти каримада «Эй иймон келтирганлар,сизлардан олдингиларга фарз қилинганидек,сизга ҳам рўза фарз давоми...

23:51 / 07.02.2017 3399
Шу йилнинг январь ойидан бошлаб «Аэрофлот» йўловчилари учиш давомида тамадди қилиш учун ҳалол овқат буюртирсалар бўлади. Бу каби хизматдан, асосан, узоқ давомли давоми...

00:19 / 09.11.2016 2809
 АҚШнинг Судандаги дипломатик ваколатхонаси бошлиғи Жозеф Стенфорд мусулмонликни қабул қилгани сабабли ўз лавозимидан кетишга мажбур бўлди, деб хабар беради WORLD давоми...

05:51 / 22.01.2017 2838
  Катта кутубхона. Жудаям кўп китоблар иккита бўлимга ажратиб қўйилган. Чап тарафдагиси каттагина, ўнгдагиси эса кичкина. Тепасида ёзувлар ҳам бор. «Яхши амаллар давоми...

07:31 / 14.12.2016 2665