Билмаган нарсангга эргашма

0 370

                        Билмаган нарсангга эргашма

    Барчага аёнки, ҳозирда ҳамма соҳалар шиддат билан ривожланиб бормоқда. Янги-янги кашфиётлар қилинмоқда, инсоният учун мисли кўрилмаган имкониятлар яратилмоқда. Албатта, энг ривожланиб бораётган соҳа – бу техникадир. Унинг ёрдамида биз муаммоларимизга осон ечим топиб келмоқдамиз. Булар жуда катта ютуқлардир. Лекин ҳар бир нарсадан турли мақсадда фойдаланиш мумкин. Баъзи инсонлар айнан шу имкониятлардан ўзларининг ғаразли мақсадлари йўлида фойдаланмоқдалар. Масалан интернет тармоқларини олайлик. Унда истаган маълумотни топишимиз, ўқишимиз ва ўзимизда сақлаб, ҳатто дўстларимизга юбориб, мулоқот қилишимиз мумкин. Лекин интернет орқали қанчадан-қанча инсонларни онггини заҳарлаб, ўз мақсадларига эришиб келаётган қўштирноқ ичидаги кимсалар кам емас. Афсуски, мана шундай ахборот уруши даврида кўплаб ёшлар Ислом ниқоби остида олиб борилаётган бузғунчи ҳаракатларнинг қурбони бўлиб, дин душманлари қуролига айланиб қолмоқдалар. Охир-оқибатда эса шундай тарғиботларга учиб ўз дини, диндошлари, халқи ва ўзи туғилиб ўсган Ватанига қарши исён қилишгача бориб етмоқдалар.

    Инсон қаердан, қандай маълумотларни олишидан қатъий назар уларни текшириб кўриши, асл моҳиятини тушунишга ҳаракат илиши лозим. Аллоҳ таолонинг: ( Эй инсон!) Ўзинг (аниқ) билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дилнинг ҳар бири тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (жавоб берур) (Исро сураси, 3-оят) деган хитобига қатъий амал қилиш лозим. Шу ўринда Хожа Самандар Термизийнинг қуйидаги гаплари ҳам ўринлидир:

Душман сўзларига ишонган киши,

Пушаймон тортишдир оқибат иши!

Ва яна Абдуллоҳ ибн Муборак (роҳимауллоҳ): “Дин – бу илмдир, уни кимдан олаётганингизга қаранг”, деганлар.

    Инсон агарда дин илмини ўзлаштирмоқчи бўлса, уни қандайдир ишончсиз шахслар ёхуд номаълум ижтимоий тармоқлардан эмас, балки ишончли манбалардан олиши зарур. Соғлом эътиқод нафақат шахснинг баркамоллиги, балки жамиятнинг барқарор бўлиши учун ҳам жуда муҳимдир. Қайси жамиятда кишилар эътиқоди соф бўлса, ўша жойда тинчлик мустаҳкам бўлади.

   Юқорида айтиб ўтган динни ниқоб қилиб олган шахслар эса, фақатгина ўз мақсадларига етиш ниятида қанчадан-қанча инсонларни ҳалок қилмоқдалар, бузғунчиликлар қилмоқдалар. Аллоҳ таоло эса Ўз китобида бузғунчиларни суймаслигини, Ислом дини тинчлик дини эканини айтган.

    Ўзларини Ислом дини тарафдорлари деб атаётган шахслар аслида нима қилмоқдалар?! Қилаётган мудҳиш ишлари Исом динига зид эканини билмайдиларми? Улар ўзлари қилган қўпорувчилик, қотилликлар акс этган видео лавҳаларни интернетга жойлаштириб бутун дунёга кўз-кўз қилмоқдалар. Улар Қуръони Карим оятлари ҳамда ҳадиси шарифларни ўз мақсадларига мослаб далил қилиб кўрсатмоқдалар. Аслида у оятлар ва ҳадиси шарифларнинг мазмун-моҳияти, нозил бўлиш сабаблари, ундан тушуниладиган маъно умуман бошқача. Улар бирор оятни ўқиб олиб, мазмунини тушунмай кўр-кўрона адашиб кетмоқдалар. Афсуски, бу жуда ачинарли ҳол.

Биз ёшлар – Ўзбекистон фарзандлари мана шундай шахсларнинг алдовлари домига тушиб қолмаслигимиз лозим. Бунинг учун эса албатта, оқ-қорани, яхши-ёмонни ажрата билишимиз зарур.

Ватан келажаги бизмиз! Уни асраб-авайлаш, янада тараққий эттириш бизнинг вазифамиздир. Шундай экан, она-Ватанимизни кўз қорачиғимиздек асрайлик!!!

Хосиятбону Раҳимжонова,

 Хадичаи Кубро билим юрти

2-босқич талабаси

 

Баҳам кўринг

Leave A Reply