Инсон манфаатлари олий қадрият

0 228

Инсон манфаатлариолий қадрият

  Ислом динида инсон манфаатлари ҳар доим энг олий қадрият сифатида эътироф этилган. Ислом дини нозил қилинишининг асосий сабаби ва асл моҳияти ҳам инсон манфаатини юксакларга кўтаришдан иборат эди. Бунинг бир мисолини Одам алайҳиссаломдан тортиб Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламгача бўлган динларда Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳар бир замон ва маконга кўра бандаларнинг манфаати учун Ўз шариатини насх қилиб туришида кўриш мумкин.  Аллоҳ таоло бир пайғамбарга Ўз динини нозил қилгач, у пайғамбардан кейин бошқа пайғамбарни бошқа шариат аҳкомлари билан юборади, чунки энди замонлар ривожланиб, инсонларнинг эҳтиёжи ўзгарган бўлади. Инсонлар манфаатини рўёбга чиқариш – Ислом шариатининг олий мақсадидир.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло инсонни яратгач, уни ўз ҳолига ташлаб қўймади. Балки бандаларига Ўзини танитиш, яхшидан ёмонни ажратиш учун Ўз расулларини юборди, китобларини нозил қилиб турди. Бу элчилар ва нозил қилинган ҳукмлар ўша замон одамларининг ҳолат ва эҳтиёжларини эътиборга олган ҳолда юборилар эди. Бу худди табибнинг беморга бир дорини буюриб, сўнг унинг таъсири, беморнинг ҳолатига қараб бошқа дориларни ҳам тавсия қилишига ўхшайди. Аллоҳ таоло юборган пайғамбарлар эса «қалб табиблари»дир. Шунинг учун  уларга нозил қилинган дин замон ва макон эътиборига кўра ўзгариб туради, зеро, бир асрда манфаатли бўлган ҳукм кейинги асрлар учун бефойда бўлиши мумкин.

Бу ҳолатни пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган Қуръон оятларида ҳам кўришимиз мумкин. Қуръони Карим йигирма уч йил мобайнида атроф-муҳит ва содир бўлаётган воқеаларни ҳисобга олган ҳолда нозил бўлиб турди. Аллоҳ бир ҳукмни бандаларига фарз қилишдан олдин уларни шу нарсага аста-секинлик билан ўргатиб борди. Бундан инсонларга енгиллик ва фойда ирода қилинган. Бунга хамрнинг (яъни маст қилувчи, бўшаштирувчи нарсанинг) ҳаром қилиниши борасидаги оятлар мисол бўлади.

Аллоҳ таоло кишилар ҳаётига сингиб кетган ароқхўрлик иллатини аста-секин муолажа қилишни ирода қилди. Дастлаб Наҳл сурасидаги ушбу оят нозил бўлди:

وَمِنْ ثَمَرَاتِ النَّخِيلِ وَالْأَعْنَابِ تَتَّخِذُونَ مِنْهُ سَكَرًا وَرِزْقًا حَسَنًا إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآيَةً لِقَوْمٍ يَعْقِلُونَ

«Хурмо ва узумларнинг меваларидан эса хамр ва гўзал ризқ олурсиз. Албатта, бунда ҳам англайдиган қавм учун аломат бордир» (Наҳл сураси, 67-оят).

Аллоҳ таоло бу оятда маст қилувчи нарса билан яхши ризқни ёнма-ён қўйди, чунки араб тилида «ва» боғловчиси билан келган икки сўз бошқа-бошқа нарсани ифодалайди. Шундан сўнг кўпчилик хамр яхши нарса эмас экан деб, ичишни ташлади.

Кейин ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу бошчиликларида бир гуруҳ мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан хамр ҳақида сўраб келишди. Шунда Бақара сурасининг 219-ояти нозил бўлиб, хамрнинг яхши нарса эмаслиги айтилди.

يَسْأَلُونَكَ عَنِ الْخَمْرِ وَالْمَيْسِرِ قُلْ فِيهِمَا إِثْمٌ كَبِيرٌ وَمَنَافِعُ لِلنَّاسِ وَإِثْمُهُمَا أَكْبَرُ مِنْ نَفْعِهِمَا

«Сиздан хамр (маст қилувчи ичимлик) ва қимор ҳақида сўрамоқдалар. Айтинг: «У иккисида катта гуноҳ ва одамлар учун (айрим) фойдалар ҳам бор. Бироқ гуноҳи фойдасидан кўпроқдир»

Шундан сўнг ичишни ташлаганлар сони ошди. Кейинроқ «Маст ҳолатингизда намозга яқинлашманг» ояти ҳам нозил бўлиб, яна кўпчилик бу иллатдан халос бўлди.

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لَا تَقْرَبُوا الصَّلَاةَ وَأَنْتُمْ سُكَارَى

«Эй иймон келтирганлар! Гапираётган гапингизни (ўзингиз) биладиган бўлмагунингизча маст ҳолингизда намозга яқинлашманг!» (Нисо сураси, 43-оят).

Бу оятнинг нозил бўлишига маст ҳолатда Кафирун сурасининг нотўғри ўқиб юборилгани сабаб бўлган эди. Бир муддат ўтгач, бир зиёфатда маст бўлганлар жанжал кўтариб, муштлашув бўлди. Шунда Аллоҳ таоло Моида сурасининг хамрни бутунлай ҳаром қилувчи 90-91- оятларини нозил қилди:

 يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِنَّمَا الْخَمْرُ وَالْمَيْسِرُ وَالْأَنْصَابُ وَالْأَزْلَامُ رِجْسٌ مِنْ عَمَلِ الشَّيْطَانِ فَاجْتَنِبُوهُ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ (90) إِنَّمَا يُرِيدُ الشَّيْطَانُ أَنْ يُوقِعَ بَيْنَكُمُ الْعَدَاوَةَ وَالْبَغْضَاءَ فِي الْخَمْرِ وَالْمَيْسِرِ وَيَصُدَّكُمْ عَنْ ذِكْرِ اللَّهِ وَعَنِ الصَّلَاةِ فَهَلْ أَنْتُمْ مُنْتَهُونَ

«Эй иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бут-санамлар ва (фол очадиган) чўплар шайтоннинг ишидан иборат ифлосликдирки, ундан четланингиз! Шояд нажот топсангиз. Шайтон хамр билан қимор ёрдамида ўрталарингизга адоват ва нафрат солишни ва сизларни Аллоҳнинг зикри ҳамда намоздан қайтаришни хоҳлайди. Бас, энди тийиларсизлар?!»

Бундай мисолларни кўплаб келтиришимиз мумкин. Аллоҳ таоло инсонларни шу тарзда босқичма-босқич тарбия қилди. Ҳаттоки, Ислом душманлари бир оят нозил бўлиб, бир муддат ўтгач, уни бекор қилувчи бошқа оят нозил бўлганда бу ҳолатни айб санаб, масхара ҳам қилишди. «Муҳаммадни қаранглар, бугун бир гапни айтиб, эртасига унга зид бошқа гапни айтиб турибди», дейишди. Аммо улар бандаларга нима фойда, нима зарарлиги, кўзланган мақсадга эришишда қайси услуб манфаатлироқ эканлигини Аллоҳ таолонинг Ўзи билишини қаердан ҳам билишсинлар?!

Бу худди инсоннинг яратилиш босқичига ўхшайди. Инсон ҳужайра ҳолатидан ҳомила ҳолатига, сўнгра чақалоқ ҳолатидан йигитлик ҳолатига, етукликдан мункиллаган қария ҳолатига босқичма-босқич ўтиб боради. Буларнинг барчаси Аллоҳнинг яратган қонуниятларидир. Шунинг учун бу икки ишнинг ўртасида ўхшашлик, мутаносиблик бор.

Қуръони Каримда борлиқдаги барча нарса инсон манфаатлари учун яратилганлиги зикр қилинган. Аллоҳ таоло Бақара сурасида шундай марҳамат қилади:

هُوَ الَّذِي خَلَقَ لَكُمْ مَا فِي الْأَرْضِ جَمِيعًا

«У Зот ердаги барча нарсани сизлар учун яратди» (Бақара сураси, 29-оят). 

Ушбу оятда ер юзидаги жамики нарсалар инсон манфаати учун яратилгани, инсон манфаатига хизмат қилиши лозимлиги баён қилинган.

Ислом динида шахс ва жамият манфаати бир-бирига мутаносиб равишда адолат билан қаттиқ ҳимоя қилинади:

﴿إِنَّ اللَّهَ يَأْمُرُ بِالْعَدْلِ وَالْإِحْسَانِ وَإِيتَاءِ ذِي الْقُرْبَىٰ وَيَنْهَىٰ عَنِ الْفَحْشَاءِ وَالْمُنكَرِ وَالْبَغْيِ ۚ يَعِظُكُمْ لَعَلَّكُمْ تَذَكَّرُونَ﴾

«Аллоҳ адолатга, эҳсонга, қариндошларга яхшилик қилишга амр этади ва фаҳшу мункар (ишлардан) ҳамда зулмкорликдан қайтарур. У сизларга ваъз қилур, шоядки эсласангиз».

Имом Табароний Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган қуйидаги ҳадисда инсонларга манфаат келтириш Исломда қанчалар юксак мақомга эга экани янада яққол намоён бўлади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Одамларнинг Аллоҳга энг суюклиси одамларга кўпроқ манфаат келтирадиганидир. Амалларнинг Аллоҳга энг суюклиси бир мусулмонга шодлик бахш этишинг ёки ундан бир ташвишни аритишинг, ё ундан очликни кетказишинг ёхуд унинг номидан қарзини ўташингдир. Қасамки, бир биродарим билан бирор ҳожати юзасидан бирга пиёда юришим мен учун мана бу масжидда, яъни Мадина масжидида бир ой эътикоф ўтиришимдан суюклидир».

Хулоса ўрнида шуни айтиш ўринлики, Қуръони Карим ҳамда ҳадиси шарифларда бандалар нимагаки буюрилган бўлсалар, барчасида дунёю охиратларининг манфаати кўзлангандир. Худди шунингдек, нимаданки қайтарилган бўлсалар, дунёю охиратда зарар бўладиган нарсалардан қайтарилгандир. Юқорида айтиб ўтилган биргина маст қилувчи нарсанинг харом экани ҳақидаги оятни оладиган бўлсак, ҳозирда маст қилувчи моддаларнинг инсонга қанчалик моддий ва маънавий зарарлари борлигини, бу иллат инсоннинг обрў ва шаъни, ақли ва саломатлигини кетказишини, биргина шу иллат туфайли қанчадан-қанча оилалар пароканда бўлиб, қанчадан-қанча жамиятлар таназзулга юз тутишини барча эътироф этмоқда. Бир олмон табибининг: «Агар менга майхоналарнинг ярмини тўхтатиб берсангиз, мен касалхоналарнинг ярмини бўшатиб беришга кафилман», деган сўзлари ҳам бунинг ёрқин далилидир.

Ҳа, Исломда бирор қайтариқ ёки кўрсатма йўқки, унда инсон манфаати кўзда тутилмаган бўлса. Ҳа, Ислом Алиймул-Ҳаким бўлган Зотнинг ҳузуридан бандалар манфаати учун нозил қилинган диндир.

Санобар Муҳаммадхўжаева

Хадичаи Кубро ўрта махсус ислом билим юрти мударрисаси

Баҳам кўринг

Leave A Reply