Аёлга эҳтиром

0 2 581

Аёлга эҳтиром

Бир неча кунлар аввал пойтахтимиз масжидларидан бирининг имом-хатиби айтган сўзлар интернет оламида бирдан шов-шув бўлиб кетди. Бироқ бу ҳақда имом-хатибимизга нисбатан турли таъна тошлари отилгани, ҳатто ҳақоратли сўзлар айтилганини эшитиб, беихтиёр халқ орасида кенг тарқалган «Тўғри гап туққанингга ёқмайди», деган гап хаёлимизга келди. Афсус, минг афсус…

Бир неча йил аввал устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг бир китобларида «Доялик каби касбларга кўпроқ аёлларни жалб қилиш лозим», деган жумлаларни ўқиб, кўпчилик аёлларимиз: «Яхшиямки, шундай жонкуяр инсонлар бор, долзарб мавзуларни кўтариб, уларнинг ечимини топишга ундашади, нима тўғрию нима нотўғри эканини билдириб, одамларга тўғри йўлни кўрсатиб туришади» деб, хурсанд бўлишганини эшитган эдик. Чунки аёллар орасида «Эркак доянинг қўли енгил бўлади», деган бўлмағур гап юрарди. Баъзи дугоналаримиз яқин қариндошининг ой-куни яқинлашганда эри орқали атайлаб эркак доя билан келишиб, унинг ёрдами билан фарзандини  «осонгина» дунёга келтирганини айтишар эди. Аслида эса бу ҳолат ўзини мусулмон деб билган ҳар қандай эркак-аёл учун уят, шармандалик бўлиши керак эди…

Йиллар ўтиб, ана шу мавзу яна кўтарилди. Бу сафар мазкур ҳаққоний сўзлар давлатимизнинг энг юксак минбаридан янгради. Президентимиз Ш.Мирзиёев жорий йилнинг бошида шифокор-мутахассислар билан учрашувда аёллар учун махсус тиббиёт масканлари ташкил қилиш хусусида сўзлар экан, шундай деган эди: «Аёлларимиз иболи, ҳаёли. Баъзи масалаларда шифокорга бориб, дардини бемалол айтавермайди. Шу боис хотин-қизлар учун алоҳида поликлиника ташкил қилишимиз керак. Токи улар бориб, ўзини қийнаётган масалада бемалол фикрлашсин. Чунки эртанги кунимизнинг давомчиларини соғлом дунёга келтириш кўп жиҳатдан аёлларимизнинг саломатлигига боғлиқ».

Тан олиш керакки, ўзбек аёлининг, муслима аёлнинг табиатини, унинг дардини ҳар бир эркак ҳам бу қадар чуқур тушунавермайди. Ватанимиз истиқлол бахтига эришганининг, миллий қадриятларимиз тикланаётгани, ўзлигимизга қайтганимизнинг ёрқин ифодаси эмасми ахир бу? Аёлни эъзозлаш, унинг шаънини, номусини ҳимоя қилиш қон-қонимизга сингиб кетган дину диёнатимизнинг тақозоси эмасми ахир бу?

Келинг, гап қайси мақола ҳақида кетаётганини очиқроқ баён этайлик.

Тошкентдаги «Мирзо Юсуф» масжиди имом-хатиби, Юнусобод тумани бош имом-хатиби Раҳматуллоҳ қори Сайфуддинов жума мавъизаларидан бирида аёлларнинг ҳуқуқи, уларнинг тиббиётдаги ўрни ҳақида сўз юритиб, унда жумладан, шундай дедилар:

«Бугунги кунда ислоҳ қилиниши керак бўлган масалалардан яна бири эркакларнинг доялик қилишидир. Тўлғоқ азобини чекаётган аёлнинг ҳолатини тасаввур қила олсак, бундан даҳшати бўлмас, азиз биродарлар. Бу шармандаликка мустабид тузум даврида мубтало бўлганимиз етади. У пайтлар кўпгина қадриятларимиз оёқости қилинган, қадримиз топталган давр эди. Бу ишлар бизнинг ихтиёримизда эмас эди. Шунинг учун эркак кишининг доя бўлишига оддий нарса деб қаралди. Аёллар орасида эса «Эркакнинг қўли енгил бўлар экан» деган гап ҳам тарқаб, эркак дояларнинг бозори чаққонлашяпти. Алҳамдулиллаҳ, мустақил бўлдик. Энди уят бўлади, энди иззат-нафсимиз ҳақида қайғуриб, бу ишларни тўхтатишнинг чорасини кўрайлик.

Доялик шу қадар масъулиятли, шу қадар шарафли вазифаки, бу ишга чақирилган аёлга ҳатто эри ҳам тўсқинлик қилиши мумкин эмас. Чунки бу фарзи кифоядир. Ваҳоланки, шариатимизда аёлдан биринчи навбатда эрга итоат талаб қилинади. Жамиятдаги аёллар бу хизматга доим эҳтиёж сезадилар. Шунинг учун айни хизматга лаёқатли, билимли, малакали, тажрибали ходималарни тайёрлаш бутун жамиятга фарздир. Шу боис бирор аёл: «Мен доялик қиламан, чунки шаҳримизда, қишлоғимизда доя йўқ», деса, эри уни бу ишдан қайтара олмайди…»

Яратганга шукрки, жонкуяр уламоларимиз, имомларимиз бор экан, аёлларимизнинг, муслималарнинг шаънини, ҳаёсини, обрўсини ҳимоя қиладиган ҳақиқий  мусулмонлар, мард эркаклар бор экан.

Аммо афсуски, кимлардир имомимизга бу сўзлар учун таъна тошларини отибди, ҳатто ҳақорат қилишгача боришибди. Энг ачинарлиси, бу гапдан норози бўлганлар ичида аёллар ҳам кўпчилик экан. Яна ўша гап: «Нега энди, ахир эркак кишининг қўли енгил бўлади…» Балки кимлар учундир енгил бўлар, лекин иффатли, шарм-ҳаёли аёл учун бундан оғирроқ нарса бўлмаса керак.

Бунинг устига имомимизнинг сўзларини бошқача талқин қилиб, «Ўзбек имоми эркак дояларни йўқотишга чақирди» деган сарлавҳа қўйилган «ташвишли» мақолалар нафақат ўзимизда, ҳатто русча сайтларда ҳам кўпайиб кетибди.

Ғарб дунёсининг аҳволи барчамизга маълум. Бугунги кунда ғарб давлатларида оила тушунчаси ниҳоятда саёзлашиб кетди, турли «эркинлик»лар урф бўлиб, ҳатто соғлом ақлга тўғри келмайдиган, оғизга олиб бўлмайдиган ишлар ҳам одатий ҳолга айланиб қолди. Бир жинсдаги одамларнинг турмуш қуриши (агар шундай дейиш мумкин бўлса!) эркинлик деб қараладиган, бундайларнинг қандайдир ҳуқуқлари ҳимояланадиган даражага бориб қолди. Бу разолатларнинг сабаби эса маълум – инсоният ўзини яратган Парвардигорининг динидан узоқлашиб кетди, ўзининг ноқис ақлига суяниб, даҳшатли маънавий таназзулга юз тутди. Нафақат инсонга, ҳатто ҳайвонларга ҳам хос бўлган жуфтини қизғаниш ҳисси маданиятсизлик саналадиган бўлиб қолди. Эркакларнинг доялик қилишидан бундай жамиятларда яшаётган, бундай тушунчалар билан ўсиб-улғайган одамлар на уялади, на рашки келади. Улар бу ҳолатдан ҳатто хижолат ҳам бўлишмайди, ўнғайсизлик ҳам сезишмайди. Аллоҳ асрасин!

Аммо биз, Аллоҳга шукр, ўз юртимизга ўзимиз эга бўлганимизга чорак аср бўлди-ку? Биз ғарбдаги одамларчалик динимиздан узоқлашиб, ор-номусимиздан маҳрум бўлиб қолмадик-ку? Нима учун бизга «Аёллар доялик қилсин», деган гап бунчалик оғир ботади? Ахир бу имомимиз ўзининг шахсий фикрини, ўз хоҳиш-истагини изҳор қилаётгани йўқ-ку? Ахир бу муқаддас динимизнинг буйруғи, Аллоҳ таолонинг фармони-ку? Биз бу таъна тошларимиз, ҳақоратларимиз билан ўзимиз каби бир ожиз банданинг эмас, барчамизни йўқдан бор қилган Аллоҳ таолонинг шариатига қарши чиқиб қўямиз-ку? Аёлларга аёл шифокорлар хизмат кўрсатсин, аёлларимиз аёл шифокорларга мурожаат қилсин, аёлларимиз учун алоҳида поликлиникалар ташкил қилинсин, деган юртбошимизнинг ҳақли талабига қарши чиқиб қўямиз-ку? Қолаверса, аҳли илмларга, уламоларга нисбатан ёмон сўзлар айтиш нафақат одобсизлик, балки оғир гуноҳ бўлади. Мабодо олим одам минбардан туриб бехосдан, ҳаяжон ёки бошқа сабаб билан нотўғри гапириб қўйган тақдирда ҳам, «иззаи мўмин – ҳаром» деган қоидага кўра, унинг хатосини кўпчилик олдида эмас, балки холи жойда, холис ният билан, ёлғиз ўзига айтиш керак эмасмиди? Ваҳоланки, у киши энг ҳақ, энг тўғри, инкор қилиб бўлмайдиган гапни айтган эди.  Қани бизнинг ўзбекона маданиятимиз?

Ваҳоланки, юртимиз истиқлол шамоллари эса бошлагандан буён динимизнинг асл таълимотлари нафақат диний таълим муассасаларида, балки барча ўқув юртларида, жумладан, ҳуқуқшунослик йўналишларида ҳам атрофлича ўрганилмоқда, ҳаётга татбиқ қилинмоқда. Марҳамат, «Ислом ҳуқуқи» фани бўйича ишлаб чиқилган ўқув қўлланмада эркакларнинг доялик қилиши ҳақида қандай фикр билдирилгани билан танишинг:

«Охирги асрларда мусулмонлар тарафидан илмий кашфиётлар қилинмай қўйди. Бугунги кунда ўлкамизда нафақат мусулмон аёлларнинг, ҳатто эркакларнинг ҳам илмга рағбатлари паст. Ислом дини эркакларгина қиладиган оғир касбларни аёлларга фарз қилмаган. Лекин аёлларга хос баъзи ишларни эркакларга хос баъзи ишлар билан тенглаштириб, улар билан тенг савоб олишни жорий қилди. Масалан, ҳозир туғруқхоналарда эркак доялар ишлаб юришибди. Шуларнинг ўрнини аёллар эгалласалар, ўртадан гуноҳ кўтарилиб, савобли, хайрли иш бўларди. Чунки аёлнинг дардини эркакдан кўра аёл кўпроқ тушуниб, ундан кўра яхшироқ ёрдам бера олади. Ислом келмасдан олдин ва ундан кейин ҳам анча вақт ҳали дунёда ўқиш-ёзишни биладиганлар кўп эмасди. Арабистонда ҳам вазият шундай эди. Фақат Қуръони Карим амри билан бошланган илм ва маданий фаолият тез суръат билан илгарилай бошлади. Ҳазрати Пайғамбаримиз  соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий котиблар кун сайин кўпаяр, бошқа мўминлар ҳам ўқиш-ёзишни ҳавас қилишарди. Ислом оламида биринчи дарсхоналар, мадраса ва масжидлар очилиб, илк устоз Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари бўлдилар. У зотга эргашган саҳобийлар кўплаб мўминларни диний ва дунёвий билимлар билан бойитишга муваффақ бўлдилар. Бу диний ва бошқа билимларни таҳсил этишда аёл-эркак ажратилмаган. Чунки Исломда илм олишда аёл-эркак тенгдир».

Р.Боймирзаева. «Ислом ҳуқуқи» фани бўйича маърузалар матни. Наманган давлат университети, Ҳуқуқшунослик факультети, «Фуқаролик ҳуқуқи ва процесси» кафедраси. Наманган, 2010 й. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таьлим вазирининг 2009 йил  27 октябрдаги  373-сонли буйруғи билан тасдиқланган.

Ҳис-ҳаяжонга берилиб, оғзини кўпиртириб, дин пешвосини маломат қилаётганлар истиғфор айтиб, сал ҳушёр тортиб олсалар, барчамизга яхши бўлур эди.

Аввал Раҳматуллоҳ қори домламизнинг мавъизаларини тўлиқ эшитиб кўришсин, ўзи бу жума маърузасининг мавзуси қандай бўлгани, суҳбатнинг умумий йўналиши қандай бўлганини тушуниб олишсин. Қолаверса, имомимиз эркак доялар йўқолсин, демаганлар, балки бу касбга аёлларимизни, қизларимизни тайёрлайлик, деганлар, илгари бунинг имкони йўқ эди, энди эса бу дориломон кунларга шукроналар айтиб, вазиятни ўнглайлик, деганлар. «Ҳикмат излаганга ҳикмат, иллат излаганга иллат» деганларидек, гапни буриш, ёмонликка йўйиш ҳам эви билан-да… Хуллас, имом-домламизга бу қадар таъна тошлари отганларнинг мақсади, нияти нима эканини тушуна олмадик.

На илож, Аллоҳ барчамизга инсоф берсин, Ўзидан бегона қилмасин, билиб-билмай қилган гуноҳларимизни мағфират этсин…

Суҳбатимизни ушбу мавзу бўйича устоз уламоларимиз, юртимизда фаолият кўрсатаётган дин пешволаримиз билдирган фикрлар билан давом эттириб, масалага ойдинлик киритсак.

Мажбурият юзага келганда ҳомиладор аёлга эркак киши доялик қилиши

Савол: Ҳомиладор хотиним эркак гинеколог кўригидан ўтиши ёки туғруқ пайти эркак шифокор доялик қилиши мумкинми? Албатта, мажбурият юзага келганда (Jam2345).

Жавоб: Мумкин эмас. Фақат аёл доя бўлмаса, аёл ёки боласи ўлиши хавфи бўлсагина рухсат.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

(http://savollar.islom.uz/savol/4457)

* * *

«Мусулмонлар жамоаси учун керакли бўлган ҳунар ва илмларни талаб қилиш эса фарзи кифоядир. Ҳаётнинг ҳар бир соҳасида етарли мутахассисларни тайёрлаб олиш Ислом жамиятининг барча аъзоларига фарз бўлади. Эҳтиёжни қондирадиган даражада ва ададда мутахассис тайёрлаган жамият аъзолари бўйнидан мазкур умумий масъулият соқит бўлади. Бу фарз энди ўша мутахассислар зиммасига ўтади. Агар жамиятда уларнинг соҳаси бўйича камчилик юзага келса, гуноҳи ўша мутахассисларга бўлади.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

«Ижтимоий одоблар» китобидан

* * *

 

«Аввал айтганимиздек, аёллар… офтобда куйиб, кетмон чопиб, пахта териб, оғир юкларни кўтаряптилар, уй ишлари ҳам уларнинг елкасида. Худди шу вақтнинг ўзида туғруқхоналарда эркаклар доялик қиляптилар. Бу халқимиз учун, аёлларимиз учун, айниқса эркакларимиз учун ор-номуснинг ночорлигидан эмасми?

Нима учун аёлларнинг ички кийимларини ҳам забардаст йигитлар сотиб ўтиради? Айтмоқчиманки, аёлларга хос ишларни аёллар қилса яхши бўлади».

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

«Иймон ва эътиқод – инсонга йўлдош» (манба: ziyouz.uz)

* * *

Мавзуга оид фиқҳий далиллар

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

«Мўминаларга айт: «Кўзларини тийсинлар, фаржларини сақласинлар ва зийнатларини кўрсатмасинлар, зоҳир бўлгани мустасно. Рўмолларини кўксларига тўсиб юрсинлар» (Нур сураси, 31-оят).

Ушбу оятда инсонни эркагу аёл қилиб яратган Роббимиз аёлларга алоҳида карам кўрсатиб, уларни нозик хилқат сифатида эъзозлаб, уларнинг табиий фитратидаги ҳаёсини, ибосини муҳофаза қилиш учун алоҳида одоб-ахлоқ меъёрларини белгилаб берган. Бу меъёрларнинг энг аввали, табиийки, уларнинг ҳусну жамолини номаҳрамлардан тўсишдир. Бундан мақсад – уларнинг жамоли бегона кўзлар учун нишон бўлмаслиги, турли фитналар келиб чиқмаслигидир. Кўриниб турибдики, Аллоҳ таолонинг ушбу амри, баъзи кимсалар ўйлаганидек, хотин кишини пастга уриш эмас, балки аёлга эҳтиромдир. Шунинг учун саодат асрининг ҳақиқий мўмина аёллари ушбу амру фармонларни миннатдорчилик билан қабул қилиб олганлар, беназир итоат билан қарши олганлар,чунки уларнинг қалблари илоҳий нур ила мунаввар эди. Уларнинг нафси, аёллик табиати зийнатларни кўз-кўз қилишни истаса ҳам, ўзлари Аллоҳнинг фармонига сўзсиз бўйсунганлар.

Шунингдек, аёл кишининг бошқа аёлларнинг авратига назар солиши ҳам ман этилади. Аёлнинг аёлга нисбатан аврати киндигидан тиззасигачадир.

Аёл киши аёл кишининг тиззалари ва киндиги орасидаги жойидан бошқа ерга назар солса бўлади. Аёлларнинг ўзаро шаҳват назарларидан шаҳват қўзиши хавфи бўлмагани учун бунга рухсат берилган.

Абдурраҳмон ибн Абу Саъид Худрийдан, у отасидан ривоят қилади:

Муслим ривоят қилган.

Шу тариқа Исломда гўзалликдан завқланиш ҳалол ва тўғри йўлга қўйилди. Аёлларнинг чиройи ва зебу зийнатлари бегона эркакларнинг ҳирсларини қўзғаш учун восита бўлмасдан, фақат ўз жуфти ҳалолларига ҳалол завқ берадиган бўлди.

Бироқ, шариатимиз барча замон ва маконларнинг талабига жавоб бера оладиган, ҳар қандай шароит ва вазиятга ҳам мувофиқ кела оладиган мукаммал дастур бўлгани учун, ушбу буюк қонунда ҳам зарурат юзасидан баъзи истиснолар кўзда тутилган.

Устозимиз шайх ҳазратлари «Кифоя» китобида шундай ёзадилар:

«Аммо қозилик, гувоҳлик ва никоҳни ирода қилиш каби зарурий ҳолатлар бундан мустасно. Табиб даволаш пайтида беморлик бор ерга лозим даражада қараши мумкин.

Номаҳрам аёлларга назар солмаслик ҳақидаги амрдан бир неча ҳолатлар истисно қилинган.

  1. Қози шикоят билан келган ёки гувоҳлик бераётган аёлга ҳукм чиқариш мақсадида ўз вазифаси юзасидан қараши мумкин.
  2. Шунингдек, қозихонада бирор аёл ҳақида гувоҳлик бериш керак бўлиб қолганда гувоҳ ўз вазифасини адо этиш учун унга назар солиши мумкин.

Бу икки ҳолатда шаҳватдан қўрқса ҳам, зарурат юзасидан, қозилик ва гувоҳликни ният қилиб, синчиклаб назар солиш жоиз.

  1. Табиб ҳам тиббий мақсадларда қараши жоиз. Албатта, бу ҳолатда ҳам синчиклаб қараш ҳақида сўз кетмоқда. Табиб беморлик бор жойга назар солади. Бошқа тарафга кўзини тикмайди. Доя аёлларга ҳам рухсат берилган.

Аёллар тиб илмини чуқур эгаллашлари ва мўминаларга бу борада хизмат кўрсатишлари, эркакларнинг аёлларга доялик ёки табиблик қилишларига ҳожат қолмаслиги керак».

* * *

Юртдошларимиздан бирининг Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатво ҳайъатига шу мавзуда юборган саволи ва унга берилган жавоб ушбу мавзуга оид ҳар қандай гап-сўзларга нуқта қўяди деган умиддамиз.

Туғруқхоналардаги эркак доялар ҳақида

Савол: Ассалому алайкум! Ҳурматли устозлар, ҳозирги кунда туғруқхоналарда баъзи ҳомиладор аёлларга эркак докторлар доялик қилишади. Бу Исломда гуноҳ эмасми? Эркак доянинг сменасига тўғри келиб қолса, аёл доялар бўлмаса, шунда нима қилиш керак?

Жавоб: Ва алайкум ассалом! Бу гуноҳдир. Шариат буни ман қилади. Бугунги кунда юртимизда ҳам, бошқа юртларда ҳам аёл дояларни топиш муаммо эмас.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатво ҳайъати

 

«Фарғона-Зиё» сайтининг «Савол-жавоб» рукни, 02.03.2017

Манба: http://fargonaziyo.uz/tugruqxonalardagi-erkak-doyalar-haqida/

 

Баҳам кўринг

Leave A Reply