Гуноҳлардан халос бўлайлик!

0 546

 ГУНОҲЛАРДАН ХАЛОС БЎЛАЙЛИК, ДЕСАК,

АЛЛОҲНИ ЗИКР ҚИЛАЙЛИК

  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадиси шарифларида Аллоҳ таолони зикр қилишнинг дунё ва охиратдаги кўплаб самаралари келтирилган. Хусусан, У Зотни зикр этиш гуноҳларнинг мағфират қилинишига ҳам сабаб бўлади.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:

«Мен сенга агар кечирилган бўлсанг ҳам, уни айтсанг, Аллоҳ мағфират қиладиган калималарни ўргатиб қўяйми? «Лаа илааҳа иллаллоҳул Алиййул Азийм. Лаа илааҳа иллаллоҳул Ҳалиймул Карийм. Лаа илааҳа иллаллоҳу. Субҳаналлоҳи Роббил ъаршил Азийм. Алҳамду лиллаҳи Роббил ъаламийн», дегин дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким тонг отганда:

«Аллоҳумма! Инний асбаҳту ушҳидука ва ушҳиду ҳамалата ъаршика ва малаикатака ва жамиъа холқика бианнака анталлоҳу лаа илааҳа иллаа анта, ваҳдака, лаа шарийка лака. Ва анна Муҳаммадан ъабдука ва росулука», деса, албатта, Аллоҳ унинг ўша куни қилган гуноҳини мағфират қилади. Агар уларни кеч кирганда айтса, ўша кечаси қилгани кечирилади», дедилар».

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлолари Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Албатта, у киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким «Астағфируллоҳал ъазиймаллазии лаа илааҳа иллаа ҳувал Ҳаййул Қоййума ва атуубу илайҳи», деса, мағфират қилинади, ҳатто урушдан қочган бўлса ҳам», деганларини эшитган экан».

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир тепалик ёки довонга чиқа бошладилар. Унинг устига чиқилганда бир киши баланд овоз билан: «Лаа илааҳа иллаллоҳу, Аллоҳу акбар!» деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хачирларининг устида туриб: «Сизлар кар ёки ғойиб Зотга дуо қилаётганларингиз йўқ», дедилар. Сўнгра: «Эй Абу Мусо! (Ёки) эй Абдуллоҳ! Сенга жаннат хазинасидан бўлган калимани кўрсатайми?» дедилар.

«Ҳа», дедим.

«Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ», дедилар».

Тўртовлари ривоят қилишган.

Термизийнинг ривоятида:

«Ер юзида бирор киши «Лаа илааҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар» ва «Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ» деса, албатта, унинг хатолари агар денгизнинг кўпигича бўлса ҳам, каффорат қилинади», дейилган.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким бир кунда юз марта «Лаа илааҳа иллаллоҳу, ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъалаа кулли шайъин қодийр», деса, бу унинг учун ўнта қулни озод қилишга баробар бўлади, унга юзта ҳасана (яхшилик) битилади ва ундан юзта ёмонлик ўчирилади. Бу унга шу кунда шайтондан ҳимоя бўлади. Ўша ҳол кеч киргунча давом этади. Ҳеч ким у қилган нарсадан афзалроқ нарса қила олмайди. Ким бундан кўпроқ қилган бўлса, мустасно.

Ким бир кунда юз марта «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи» деса, унинг хатолари денгиз кўпикларича бўлса ҳам, ўчирилади», дедилар».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилганлар.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

ҳазратларининг китоблари асосида

ҒИЁСИДДИН тайёрлади.

 

Баҳам кўринг

Leave A Reply