Ғафлатдан уйғонинг!
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ғафлатдан уйғонинг!

Инсоннинг бошига келса мусибат,

Бунга сабабчимиз ўзимиз, албат.

Очиқ ушбу кўзлар ибрат кўрмаса,

Ғийбатга чечан тил сано билмаса.

Саждага шошмаса азиз пешона,

Бандаликдан бўлмаса танда нишона.

Демакки, бу танда ғафлат ҳукмрон,

Вақтики, чекгай бу тан пушаймон.

Энг ёмон душман – бу ғафлат, азизлар,

Ғафлат билан ёпилгай қалбдаги кўзлар.

Ғафлат сабаб надомат ортади, билсак,

Ҳасадлар кучаяр ғафлатда юрсак.

Аслида бир соат экан бу дунё,

Яшармиз биз унда бўлиб маҳлиё.

Эртага кўчмоққа келганда фурсат,

Ғафлат бошинг узра келтирар кулфат.

Бугун ғафлатдамиз, гуноҳлар бисёр,

Ғафлатда яшадик, бўлмадик ҳушёр.

Бировга қилмадик зарра яхшилик,

Қанча инсонларга роса сапчидик.

Силаи раҳмни унутган онлар,

Биздан озор кўрди қанча ёронлар.

Озмикин қўшнига озор берганлар,

Бировнинг ҳаққини қўрқмай еганлар?!

Ғафлат сабаб тоатни унутган инсон,

Ўйларсан сен: «Ҳали кўп эрур имкон».

Ҳар куни эртага суриб тоатни,

Қиёматга қўярсан ул ибодатни.

Унутма, умринг елдек ўтади,

Сенга ҳам бир куни навбат етади.

Тепангга Азроил келса ушбу он,

Ғафлатда ётурсан, сен бўлиб ҳайрон.

Минг оҳ билан ётарсан, чекиб надомат,

Афсуски, кеч, сенга келди қиёмат.

Унутдинг Ҳаққа сен банда бўлганинг,

Унутдинг дунёга нега келганинг.

Тинчлик-омонликда, соғу саломат,

«Неъматларга шукр», деб, қилмай ибодат.

Нолирмиз кимларга айлаб шикоят,

Ношукрсиз, азизлар, cиз бениҳоят.

Ғафлатдан уйғониб, боқинг дунёга,

Қанча юртлар вайрон, зордир зиёга.

Озмиди тинчликни унутган юртлар,

Озми она юртни сотган манқуртлар?!

Бир ютим ош-нонга зор у бандалар,

Тинчлик сўзин унутган, хор у бандалар.

Барчасин кўриб биз ибрат олайлик,

Тинчлик учун Аллоҳга шукр қилайлик.

Инсон ўзи асли унутувчикан,

Билиб-билмай хатога қўл урувчикан.

Тавбага шошса қайсики банда,

Аллоҳ ул бандани қилмас шарманда.

Ҳар бир банданинг ҳам орзуси – жаннат,

Чин тавба эгаси жаннатий, албат.

Ғафлатдан уйғонинг, тавба қилингиз,

Ҳар дам яхшиликка калит бўлингиз.

«Умрим ҳали узун», деб ўйламанг зинҳор,

Ҳар битта нафасда ҳисоб-китоб бор.

Ҳаттоки оғзингга солган луқмани,

Насибанг бўлмаса, гумон ютмоғинг.

Битта ҳикоят бор, айтай, азизлар,

Ибрат олса ёш-қари, ўғилу қизлар.

Алломаи замон, ҳужжатул Ислом,

Имом Ғаззолийда келмиш бу калом.

«Мукошафат-ул қулуб» китобларида,

Келтирмиш бу қиссани хитобларида.

Айтилишича, Яъқуб пайғамбар

Ҳазрат Азроил ила бўлур суҳбатда.

Биродарлардек гурунг қиларди,

Бир-бирини яқин дўст деб биларди.

Азроил зиёратга келди бир куни,

Ҳазрат Яъқуб унга айтдилар шуни.

Ўлим фариштаси келгач фалакдан,

Ҳазрат Яъқуб сўрар экан малакдан:

«Зиёратга келдингми ё жон олгани?»

Дедики: «Келдим мен дўстни кўргани».

«Сендан бир талабим бор», дедилар ҳазрат,

«Не экан у?» деб қилдилар суҳбат.

«Вақтики, ажалим яқин келганда,

Бу омонат жоним олмоқ бўлганда.

Менга сал олдинроқ хабар берсангиз,

Кетар соатимни хабар қилсангиз».

Ўлим фариштаси: «Жуда соз, дўстим,

Икки ёки уч хабарчи бергум».

Бул суҳбатдан сўнг ўтди бир оз вақт,

Келди ҳазратга ҳам сакаротул-мавт.

Ҳазрат Азроил-да яна келдилар,

Ҳазрат Яъқуб эса савол сўрдилар:

«Зиёратга келдингми ё жон олгани?»

Деди:«Келдим жонингни қабз қилгани!»

Шунда ҳазрат Яъқуб бўлдилар ҳайрон,

Наҳотки, чин дўсти айлади вайрон?!

«Ахир сен хабарни бермоқчи эдинг!

«Икки ё уч хабарчи юборгум», дединг...

Қани сенинг менга хабар берганинг,

Мени бу соатдан огоҳ қилганинг?!»

Ўлим фариштаси айтдилар шу дам:

«Мен айтганим қилдим, гувоҳдир Эгам.

Биринчи хабарим бўлдики шундай,

«Олдин қора сочларинг оқарди қордай?»

«Кучли эдинг аввал, қувватдан қолдинг»,

Бу иккинчи хабарим, буни ҳам олдинг.

«Қаддинг олдин тик эди, энди букилди»,

Учинчи хабарчи шундайин келди.

Эй Яъқуб, мана шу учта нарсада,

Хабарим бордир ҳар бир кимсада.

Ўлимдан олдин барча инсонга,

Хабаримдир шу, қолма нуқсонда».

Азизлар, ғафлатдан уйғонинг энди!

Қалбни ҳам уйғотинг, уйғотинг танни!

Савоб ишлар учун шошилинг ҳар дам,

Нияти холисларни қўллагай Эгам.

Эй ожиз Хуршидий, ётма ғафлатда,

Тўғри йўл аҳли сунна вал жамоатда.

Сиротал мустақиймни сўра Аллоҳдан,

Шафоат сўрагин Расулуллоҳдан.

 

Хуршид ЭРКАБОЕВ,

Хўжайли тумани

Мавзуга оид мақолалар
embedhttpswww.youtube.comwatchvTfsvLPYLyrgembed АНГЛОВЧИ ҚУЛОҚЛАР АНГЛАБ ОЛИШИ УЧУН ЭШИТИНГ, ЭЙ ДЎСТИМ Эй Роббим Ҳар биримиз ёлғиз бир ўзимиз қиёмат куни Сенинг олдингда давоми...

06:24 / 14.07.2017 3304
Салмо бинти Қайс розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг холаларидан бири эди. У Зот билан икки қиблага қараб намоз давоми...

01:20 / 30.11.2016 4010
Турк тилидан Умида АДИЗОВА таржимаси Жунайд СУАВИ Чақалоғимни кўришим мумкинми илк маротаба фарзанд кўрган ёш она шифокордан сўради. Унга юмшоққина тугун давоми...

00:53 / 05.08.2018 3438
      Бугунги кун инсонининг энг катта ва бирламчи муаммоси вақтни бошқара олмай, уни тўғри тартибламаслигидир. Вақт  кетдими, асло ортга қайтариб бўлмайдиган давоми...

01:18 / 04.03.2017 3636