Болалар тарбияси: турли мамлакатларда у қандай амалга оширилади?
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

БОЛАЛАР ТАРБИЯСИ: ТУРЛИ МАМЛАКАТЛАРДА У ҚАНДАЙ АМАЛГА ОШИРИЛАДИ?

 – Эшак, чўчқа, ҳайвон! Ўлигингга куяй сенинг! Неча маротаба айтдим кўчада минғирлама, деб. Пулим йўқ. Бўлди, ўчир овозингни!

5 яшар атрофидаги ўғил болани қўлидан етаклаб кетаётган ёшгина келинчак уни бир силтади-да, судраганича йўлида давом этди. Бир лаҳза кўчадаги столчага ёйиб қўйилган ширинликларга термулганича болакай орқасига қарай-қарай, онасининг орқасидан кетди. Силкилашлар ва ҳақоратларга ҳатто кўзидан ёш ҳам чиқмаганини кўриб, у бундан-да баттарига ўрганганини тушуниб етдим.

Хўш, мунтазам равишда ҳақоратларни эшитган бола келажакда ким бўлиб етишади? Эртага том маънода эшакдек таёқ еса ҳам, индамай турадиган, ўз фикрини айта олмайдиган, ҳаёти учун курашмайдиган бўлиб қолмайдими, шахс сифатида ўзини кўрсата олмай, бор аламини ичига ютиб, озгина бўлса-да, атрофдагилар тазйиқи, ҳақоратларини унутиш учун спиртли ичимликлар ичиб, чўчқадек лойга ағанамайдими, ўзини инсон сифатида эмас, ҳайвондек ҳис қилмайдими? «Бахтингни кўрай», дейиш ўрнига «Ўлигингга куяй», дея қарғаш эндигина ҳаётга қадам қўяётган жажжи инсоннинг ҳаёт чизиғи давомийлигини чегараламайдими? Бежиз доно боболаримиз: «Яхши гапга ҳам, ёмон гапга ҳам фаришталар «омин» дейди», демаган. Ҳар бир айтган гапимиз, ҳаттоки ўйлаган ўйимиз ҳам амалга ошмай қўймаслигини ҳаётнинг ўзи исботламоқда.

Афсус, асрлар давомида илдиз отган, бола тарбияси борасида шаклланган қадриятлар аста-секинлик билан йўқолиб бормоқда. Боланинг тарбияси жуда ҳам нозик ва жиддий масала бўлиб, келажакда уларнинг қандай одам бўлиб етишиши мамлакатнинг бевосита иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, маданий ва маънавий ривожини белгилаб беради. Шундай экан, ҳар бир халқ ўз келажагини ўйлаб фарзандлари тарбиясида ўзига хос тарбия усулларини ишлаб чиққан.

Япония – кун чиқар мамлакат аҳолиси фарзандларининг тарбиясига ўта жиддий қарашади. Бу ерда ҳар бир ёшга нисбатан маълум бир муносабатда бўлинади ва айри тарбия усуллари қўлланилади. Машҳур япон руҳшуноси Масара Ибукининг фикрига кўра, болага асосий тарбияни 3 ёшгача бериш лозим. Айнан 3 ёшга қадар фарзандингиздаги яширин иқтидорни юзага чиқариш мумкин.

Японияликлар 5 ёшгача бўлган кичкинтойга қиролдек муомала қилишади. Улар истаганларича ўйнашлари, миясига келган ишни қилишлари мумкин. Ҳаттоки болалар боғчаларида болакайлар фломастер билан деворга тўйгунларича чизишлари учун махсус хоналар мавжуд.

Ота-оналар ўз фарзандларини ўйинчоқлар ва ортиқча кийим-кечак билан сийлашмайди. Улар кўпинча акалари ва опаларидан қолган кийимларни кийишади. Сайрга чиққанда эса ўйинчоқлар олиб чиқилмайди. Болаларда атроф-муҳитга бўлган меҳрни шакллантириш мақсадида табиат инъомлари билан ривожлантирувчи ўйинлар ўйнашга ҳаракат қилинади. Агарда она ўз фарзандининг хатти-ҳаракатидан норози бўлса, четга олиб чиқиб, паст овозда унга ўзини қандай тутиш кераклигини тушунтиради.

5 ёшдан 15 ёшга қадар кичик японияликларни тартиб-интизомга ва катталар гапини икки қилмасликка ўргатишади. Тарбияга бундай ёндашув асрдан асрга ўтиб келаётгани ва Япония жамиятининг ажралмас бўлаги бўлганлиги боис болалар буни меъёрдаги ҳолат сифатида қабул қилишади.

Мактабнинг ўқув дастурига эса, албатта, кузатув дарслари киритилган. Унда ўқувчилар табиат қўйнига чиқиб, тирик табиатни кузатиш, ҳис этиш, эшитиш, асрашни ўрганишади. Бу ўз навбатида фуқароларни ёшлигиданоқ Япония табиатини асраб-авайлашга ўргатади.

15 ёшдан сўнг эса ўсмирларга тенг ҳуқуқли фуқаро сифатида қаралади.

Мактабда ҳар бир бошланғич синф ўқувчисини юқори синф ўқувчилари оталиққа олишади. Кичик синф ўқувчиларининг тушлиги синфга олиб келиб берилади, уларнинг муаммоларини «Ота-она қўмитаси» ҳал қилади.

Ўрта мактабда ўқувчиларга нисбатан қўйиладиган талаблар кучаяди. Болалар эрталабки дарсларни мадҳия айтишдан бошлашади. Йилдан йилга ўтиладиган фанлар сони кўпайиб боради. Мактабда ота-оналар йиғилиши қилинмайди. Ўқитувчи ҳар бир ота-она билан мулоқот вақтини белгилайди ва мазкур учрашув 15 дақиқадан ошмайди.

Яна бир жиҳат. Мамлакатда оналарнинг бола тарбиясидан ажралмаган ҳолда қўшимча билим олишига катта эътибор берилади. Мақсад улар тарбиясида бўлган фарзандларининг келгусида ҳар жиҳатдан комил инсон бўлиб етишишларидир.

Айтиш жоизки, Япония бугунги кунда ёшлар томонидан содир этиладиган жиноятчиликнинг камлиги ва инсонларнинг ҳаёт фаровонлигининг юқорилиги билан дунёда етакчидир. Албатта, бунда тарбиянинг роли жуда ҳам каттадир.

Америка Қўшма Штатларидаги эркинлик бола тарбиясида ҳам ўз аксини топган. Оналар фарзандларининг ҳар сониялик қизиқишлари ва инжиқликларини қондиришга тайёрдирлар. Аксарият болалар 4-5 ёшларида ўйинчоқларнинг барxа тури билан танишишади, кўпинча америкалик оилаларнинг гараж ва омборхоналари бир маротаба ўйналган ўйинчоқлар билан тўлиб-тошади. Иккинчи томондан, гўдаклигиданоқ америкалик болакайлар «Сен энг чиройлисан, энг яхшисан, энг ақллисан, энг қобилиятлисан», деган сўзларни ҳар куни эшитган ҳолда ўсишади. Мақсад – мустақил инсонни тарбиялаш! Агарда бола хато қилса, уни урушмай: «Яна бир маротаба ҳаракат қилиб кўр! Сен, албатта, буни уддалайсан! Чунки сен зўрсан!» дея қўллаб-қувватланади. Албатта, бундай ёндашув келгусида ўзининг мевасини беради.

Европа мамлакатларида болаларнинг етук шахс бўлиб ривожланишлари учун барча имкониятлар ишга солинади. Ота-оналар интизом ёки қатъий режимга кам эътибор беришади. Улар учун боланинг хавфсизлиги биринчи ўринда туради. Катталар болаларнинг фикрларига қулоқ солиб, аксарият ҳолда ўз фикрларини ўзгартиришлари ҳам мумкин.

Швецияда болаларга шаклланган шахс сифатида қарашади. Уларнинг ҳам ўз ҳуқуқлари ва мажбуриятлари бор. Шунингдек, шведлардаги бағрикенглик, ўзгага, унинг қарашларига, маданияти, дини, ирқига нисбатан ҳурматда ва сабрли бўлиш, агарда инсоннинг бирор-бир жисмоний ёки руҳий камчилиги бўлса, унга тенгқур сифатида қараш болаликданоқ ёш авлод онгига сингдирилади.    

8-синфдан бошлаб ўқувчиларга «Болалар ҳақида» деган фан ўтилади. Улар оила қуриш, ҳомиладорлик, ундан сақланиш йўллари, жинсий йўл билан юқадиган касалликлар, бола тарбияси ва балоғат ёшида ўсмирлар билиши зарур бўлган барча маълумотларга эга бўладилар.

«Save the children» деб аталувчи Америкадаги ташкилот ҳар йили дунё мамлакатларининг қайси бирида оналар ва болалар яхши яшашларининг рўйхатидан иборат Mothers Index (Оналар индекси)ни тузиб чиқади. Унда Швеция деярли ҳар йили биринчи ўринни эгаллайди. Чақалоқ дунёга келгач, ёш швед оналар давлат томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланади. Ҳомиладорлик даврида аёллар бепул тиббий ёрдам ва маслаҳат олсалар, фарзанд туғилгач, албатта, онага болага қарашни ўргатувчи ҳамшира бириктирилади. Бундан ташқари, маҳаллий ҳокимият оналар учун бола тарбияси, парвариши билан боғлиқ хилма-хил текин курслар тавсия этади.

Ўтган асрнинг 70-йилларида Швеция биринчилардан бўлиб фарзандига қўл кўтарган ота-оналарни жазолай бошлади. Боғчаданоқ болалар ўз ҳуқуқларини биладилар. Мазкур усул «стрессиз тарбия» деб аталади. Аммо шведлар бола тарбиясида маълум чегараланиш бўлиши лозим, деб ҳисоблашади. Болани фаол, ўз фикрини билдирадиган, мустақил, олдига қўйган мақсадига эришадиган инсон сифатида тарбиялашга ҳаракат қилинади. Ота-онанинг фарзандига қўл кўтариши, бақириши, бир нарса сўраса, унга тушунтирмаслиги, «Йўқ, дедимми, йўқ!» иборасининг ишлатилиши уларнинг тарбиясизлиги ва қонун олдида жавоб бериши лозимлигини билдиради. Ижтимоий хизмат ходимлари мунтазам равишда ҳудуддаги ота-оналарнинг фарзандларига нисбатан хатти-ҳаракатидан бохабар бўлиб туришади. Агарда сал ножўя ҳаракат қилинаётганини сезиб қолишса, суд орқали бола ота-онадан тортиб олинади. Давлат бундай болаларнинг фаровонлиги учун жуда ҳам кўп пул ажратади, судлар эса фақатгина бола манфаатидан келиб чиққан ҳолда иш кўради. Бу нарса сўнгги йилларда болалар уйидаги тарбияланувчилар сонининг кескин кўпайишига сабаб бўлмоқда.

Финляндия дунёдаги энг болажон мамлакат, десак, янглишмаган бўламиз. Унда жисмоний имконияти чегараланган болалар оддий боғча ва мактабларга боришади. Бу ерда ногирон ва соғлом болага ажратиш қабул қилинмаган. Ўйин болани ривожлантирувчи асосий воситадир. Ота-оналар ҳам бунга катта эътибор беришади. Шунинг учун ҳам барча таълим муассасалари ҳамда жамоат жойлари ўйингоҳлар ва майдончалар, болани овқатлантириш учун махсус хоналар, кафеларда махсус болалар учун таомномалар, жамоат транспорти эса болалар ўриндиқлари билан жиҳозланган.

Фин жамиятида жинслар тенглигига қатъий амал қилинади. Ота ва она фарзандига бирдай масъулдир. 18 ёшга қадар боланинг алкогол ичимликлар истеъмол қилиши ёки тамаки маҳсулотларини чекиши таъқиқланади, шунга қарамай, улар жамиятнинг тўлақонли аъзоси ҳисобланади ва ўз ҳаётларига доир қарорларни ўзлари қабул қилиш ҳуқуқига эгадирлар.

Балоғат ёшига етгач, фарзанд уйини тарк этади ва ўзининг оиласини қурмагунича ота-онасидан алоҳида яшайди. Ота-оналарнинг ўз фарзандларига нисбатан муносабати жараёнидан доимо ижтимоий хизмат ходимлари хабардор бўлиб туришади. Бирор ишкал чиқса ёки қўшнилар фарзандга нисбатан ноҳақлик бўлаётгани ҳақида арз қилса, ота-оналар жавобгарликка тортилади.

Францияда болаларни чақалоқлик давриданоқ болалар боғчасига бериш одатий ҳолдир. Биринчидан, бу француз аёлларига ишлаш имкониятини берса, иккинчидан, улар гўдаклигиданоқ жамоага мослашади ва мустақил бўлиб ўсадилар. 6 ёшиданоқ француз болакай ўзи мустақил мактабга боради, дўкондан нарса харид қилади, уйда ёлғиз қолади. Шунга қарамай, французлар 30-35 ёшгача ота-она уйида яшашлари ва ўз оиласига эга бўлишга шошилмасликлари мумкин.

Оналар ўз фарзандларига овозларини кўтариб уришишса-да, ҳеч қачон урмайдилар. Жамият қатор қонунлар орқали бола ҳуқуқларини ҳимоя қилади. Ота-оналар ва васий шахслар биринчи галда болаларнинг ривожи ҳамда соғлиги учун масъулдирлар.

Германияда болаларнинг ривожига 3 ёшдан бошлаб катта эътибор берилади. Оналар ўз фарзандларини бошланғич босқичда ҳафтада бир марта, каттароқ бўлганларида бир неча маротаба махсус ривожлантириш гуруҳларига олиб боришади. Мақсад жамоа бўлиб ўйнаш, ўзаро мулоқотга ўргатишдир. Фақатгина мазкур гуруҳларга бола борганидан сўнггина уни болалар боғчасига беришади. Чунки фарзанднинг боғчага кўникиши осон кечади ва болалар бу ерда ўзларини эркин ҳис қиладилар. Боғчада болага ўз ҳуқуқларини, уларни ҳеч ким хафа қилиши мумкин эмаслигини ўргатишади. Бу нафақат болаларга қўл кўтариш, балки катталар томонидан уларга овозни баландлатиш, хафа қилишнинг олдини олиш ҳам демакдир.

Немислар ўз фарзандларига ёшлигиданоқ тежамкорлик, интизомли бўлишни, атроф-муҳитни муҳофаза этишни, одоб-ахлоқни ўргатишади. Йигит ва қизлар аксарият ҳолатларда 30 ёшга қадар турмуш қуришса-да, 40 ёшларга бориб, яъни ўзлари маънан ва моддий равишда тайёр бўлгач, фарзанд кўришади. Ота-оналарнинг ўз фарзандларига ёрдам бермасликлари, болалар боғчаларининг тўлиқ кун ишламаслиги, энага хизматининг қиммат туриши ҳисобига аёллар фарзанд кўришга шошилишмайди ва шу сабабли Европа давлатлари ичида мамлакатда туғилиш энг кам ҳисобланади. Фарзанд кўришдан олдин ёш оила кичик уйда туришса, уни каттароғига, бола учун алоҳида хонаси бор уйга алмаштиришади, олдиндан тажрибали энага, педиатр топишади, ҳомиладорликнинг ҳар бир босқичида тиббий кўрикдан ўтилади. Бола туғилгач, унинг тарбиясига жиддий эътибор берилади.

Болаларга кичик ёшида телевизор кўришга рухсат берилмайди ва иложи борича соат 20.00 да ухлашга ётқизишади, чунки кичкинтойни эрта уйғонишга, кичик ёшиданоқ ўз кунини режалаштириш, муҳим саналар (қариндошларнинг туғилган кунлари)ни ёдда сақлаш, ўз харажатларини назорат қилишга ўргатишади.

Фарзандларида коммуникабелликни ривожлантириш мақсадида оналар уларни ривожлантириш гуруҳларига олиб боришади. Болалар боғчалари асосан кичкинтойларни жамоада ўзини тутиш, мулоқотда бўлишга ўргатади, ёзиш ва ўқиш фақатгина мактабдан бошлаб ўқитилади. Бола гўдаклигиданоқ энага назоратида ўзи истаган ишни қилади, ўқиш кичкинтой учун фойдали ва ёқимли бўлишига алоҳида эътибор қаратилади, ҳар бир боланинг иқтидорига қараб фанларни танлашга ҳаракат қилинади.

Бошланғич синфлардаги барча фанлар ўйин тарзида ўтилади. Мактаб 9 йиллик бўлиб, ўқувчининг шаънига ҳеч ким путур етказмаслиги учун ҳаттоки назорат ишлар баҳолари синфда эълон қилинмай, алоҳида ота-онага айтилади. Бола бир кун дарс қолдирса, таълим полицияси дарҳол бунинг сабабларини аниқлашга ҳаракат қилиб, сабабсиз ҳолатда ота-онага жарима солиши мумкин. Жисмоний камчилиги мавжуд ўқувчилар оддий мактабларга боришади, ақлий жиҳатдан камчилиги мавжуд болалар махсус мактабларда ўқитилади. Ўқиш пули ижтимоий хизмат томонидан тўланади.

Германияда 9 ёшга кирмаган болани уйда ёлғиз қолдириш мумкин эмас. Шу сабабли оналар ярим ставкада ишлашга ёки энага ёллашга ҳаракат қилишади.

Мактабда баҳолаш тизими бизникидан кескин фарқ қилади. Германияда 6 баллик баҳолаш тизими жорий этилиб, энг юқори балл 1 ҳисобланади ва у фақатгина 3-синфдан кейингина қўйилади. Чунки илк назорат ишлари айнан 3-синфдан бошлаб олинади. Немисларнинг фикрига кўра, 1–2-синфларда ўқувчини баҳолаш унинг муваффақиятли равишда ривожланишига халақит бериши мумкин.  4-синфда ўқувчи 2 ва 1 баҳоларга ўқиса (юқорида айтилганидек, бу баҳолар энг юқори ҳисобланади), у ўз ўқишини гимназияда давом эттиради. Гимназияда ўқувчи 13-синфгача ўқийди ва охирги икки йил коллеж вазифасини ўтаб, ўсмир ўзи танлаган касб йўналишидаги фанларни ўрганади. Аслида эса 10 ёшидан кейин ўқувчи касб танлаши лозим. Шунга қараб бола ривожи учун фанлар танланиб, уни мазкур соҳага йўналтириш бўйича фаолият бошланади.

Италияда болаларнинг тарбияси билан ота-онадан ташқари бобо ва бувилари, хола, амма, тоғаю амакилари ҳам шуғулланишади. Кичкинтой катта оилада ўсади ва одатда боғчага бормайди. Италияда болаларнинг барча инжиқликларини кўтаришади, доимо совғалар беришади ва деярли жазолашмайди. Баъзида италиялик она боласига жаҳли чиқиб бақирса-да, аммо дарҳол уни ўпиб, қучоқлаб, юпатишга тушади.

Италияда бола боғчага уч ёшдан бошлаб қатнайди. Бу ерда унга ўқиш ва ёзишни ўргатиб, мактабга тайёрлашади, жамоага мослашишни ўргатишади. Доимий равишда жамоавий ўйинлар, спектакллар қўйилади, ҳафтада икки маротаба бирорта хорижий тил ўргатилади. 

Англияда болалар босқичма-босқич тарбияланишади. Чунки бу ерда кеч турмушга чиқиш ёки уйланиш одатий ҳол. Кўпинча инглизлар 35-40 ёшларида ота-оналик бахтига эришишади. Шунинг учун ҳам фарзанд тарбиясига жуда катта ва жиддий эътибор беришади. 2-3 ёшидан бошлаб унга дастурхон атрофида ўзини тутишни, теваракдаги одамлар билан муомалада бўлишни, ўз ҳиссиётларини яширишни ўргатишади. Англия шаҳарларининг кўчаларида боласини эркалаётган ота-онани камдан-кам учратиш мумкин.

Австралияда фарзандига жазо бериш ёки бермасликни ота-оналарнинг ўзлари ҳал қилади. Европа мамлакатлари каби бу ерда ҳам турмуш қуришга ёшлар шошилишмайди, фарзандли бўлиш бахтига эса 35 ёшлардан кейин эришишади. Ҳомиладорликнинг 12-ҳафтасидан бошлаб аёллар мажбурий шифокор назорати остида бўлишади. Туғиш пайтида эса туғруқ жараёнини кузатиш учун оиланинг исталган аъзоси қатнашиши мумкин. Фарзанд кўрган аёлга давлат томонидан жуда ҳам юқори бола пули берилади, шу сабабли аёллар узоқ пайт ишга чиқмай, вақтларини гўдак тарбиясига бағишлашади.

Австралияда болалар боғчаси пулли бўлиб, кунлик тарбия 20-50 доллар атрофида туради. Боғчада кичкинтойлар, асосан, ривожлантирувчи  ўйинлар, расм чизиш, пластилиндан буюм ясаш, аппликациялар билан машғул бўладилар. Мактабга эрта, яъни 5 ёшдан боришларини инобатга олган ҳолда муассасада ўқиш ва ёзиш ўргатилмайди. Тарбиячи ҳеч қачон онага болани ёмонламайди. Боғчадан ташқари мамлакатда кўплаб болалар клублари мавжуд. Улар болалаларнинг қизиқишларига қараб ташкил этилади.

Австралияда фаол дам олишга катта эътибор қаратилгани боис оилавий табиат қўйнида дам олишлар жуда ҳам оммавийлашган. Оталарнинг ўз фарзандлари тарбиясига кўпроқ вақт ажратишлари Австралияда қўллаб- қувватланади.

Мактабларда дарслар анча эркин. Бу ерда болалар 45 дақиқа партада ўтиришмайди, балки дарс жараёнида эркин ҳаракатланишлари мумкин. Энг асосийси таълим муассасасида вullying (бир-бирининг устидан кулиш, ҳақоратлаш)нинг олди дарҳол олинади ва ижтимоий келиб чиқиши, дини, ирқи, бирор нуқсони мавжудлигидан қатъи назар, ўқувчилар бир-бирига ҳурмат билан муомалада бўлишади.

Бошланғич синфларда ўқувчиларга баҳо қўйилмайди, балки топшириқ яхши бажарилган бўлса, дафтарига наклейка ёпиштирилади. Яхши ўқиган ўқувчи фахрий ёрлиқ ва медаль билан тақдирланади, аммо ёмон ўқиганлар ҳам сертификатлар, мукофотлар олишади. Мақсад ҳар бир боладаги мавжуд иқтидорни юзага чиқаришдир.

  Ҳар ярим йилликда ота-оналар фарзандининг ўқиши ва баҳолари ҳақида қисқача ҳисобот олишади. Ҳар бир ота-она исталган вақтда ўз фарзандининг ўқиши, ўзининг тутиши ҳақида ўқитувчи билан гаплашиши мумкин. Ўқувчилар билан эса мунтазам равишда бошқаларга нисбатан ҳурматда бўлиш, ҳақорат қилмаслик, урмаслик хусусида «тарбиявий соатлар» олиб борилиб, бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун ишонч телефон рақамлари берилади.

Исроилда фарзанд тарбияси алоҳида эътиборда, чунки бу ерда бола оиланинг маркази ҳисобланади. Боғчаларга гўдаклар 6 ойлигидан қабул қилинади. Давлат қарамоғидаги мактабгача таълим муассасаларидан ташқари мамлакатда оилавий типдаги боғчалар – «мишпахтон»лар кенг тарқалган. Бундай боғчаларнинг гуруҳларида болалар сони 5 нафардан ошмайди ва тарбияланувчиларни ҳар томонлама ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади. Барча боғчалар компьютерлар, кутубхоналар билан жиҳозланган. Ҳар ҳафта тарбияланувчилар, албатта, экскурсияларга олиб чиқилади, спектакллар қўйиш, спорт ва мусиқа билан шуғулланишга эътибор қаратилади.

Бошланғич синф ўқувчиси дарсдан чарчаса, махсус ўйин хонасига олиб чиқилади. Юқори синф ўқувчилари ўзини ёмон тутса, албатта, руҳшуносга кўрсатилади. Ўқитувчилар ўқувчиларни баҳолашмайди. Мамлакатда бу нарса бола ривожига салбий таъсир кўрсатиши мумкин, деб ҳисобланади. Аммо гўдаклигиданоқ болакай ёмон ўқиса, келажакда яхши натижаларга эриша олмаслиги, университетга киролмаслиги сингдирилади ва боғчадан бошлабоқ болалар бирор нарсани ўрганишга ҳаракат қилишади. Агарда мактабни тугатибоқ, қиз ёки йигит олийгоҳга кира олмаса, у армиядан сўнг (ҳарбий хизмат Исроилда йигит ва қизлар учун бирдек мажбурий) ўз маблағи ҳисобидан ўқийди. Оилада ҳамда таълим муассасаларида болаларга «у дунёдаги энг зўр ва иқтидорли инсон» эканлиги тинимсиз онгига сингдирилади, натижаси эса барчага маълум. Дунёнинг энг машҳур инсонлари, олимлари айнан яҳудийлардир.

Оилада болаларга, агарда уларнинг ҳаётларига раҳна солинмаса, барча нарса мумкин. У бақириши, югуриши, ҳаттоки ота-онасига истаганича эътироз билдириши мумкин. Аммо чегарадан чиқса, унга қатъий равишда ноҳақлиги тушунтирилади. Бу нарса гўдак 2 ёшга тўлганидан сўнг босқичма-босқич амалга оширилади.

Исроилда бола тарбияси зўравонсизликка асосланган. Болани уриш, туртиш, ҳақоратлаш, сўкиш мумкин эмас. Чунки зўравонлик ўз навбатида зўравонликни келтириб чиқаради. Агарда бола ўқитувчининг айтганини қилмаса, полиция ёрдамга келади. Аксарият ҳолатларда зиддиятли вазият ҳуқуқ органлари вакилларининг ўсмир билан ишончга асосланган суҳбати билан якунланади.

Хитой халқи бутун дунёга ўзининг меҳнатсеварлиги билан машҳур. Иккинчи жаҳон уришидан сўнг қисқа муддат ичида Хитой маҳсулотлари дунё бозорини тўлдирганлиги бунинг яққол исботидир. Хитойликлар жуда ҳам интизомли ва спортсевар халқ. Албатта, фарзанд тарбиясида ҳам бу ўз аксини топган. Агарда Европа мамлакатларида бола тарбиясига асосан ота-она масъул бўлса, Хитойда бу нарса давлат зиммасидадир.

Уч ойдан бошлаб чақалоқ боғчага топширилади. Бир ярим ёшдан бошлаб кичик хитойликлар рақсга тушиш, ашула айтиш, расм чизиш, санаш ва ҳарфларни танишга ўргатила бошланади. Бошланғич синфданоқ интизомли бўлиш, инжиқлик қилмаслик ва яхши ўқиш талаб этилади. Итоаткорлик ва «мен»ни юзага чиқармаслик хитой тарбиясининг асосидир.

Ўғил боланинг туғилиши оилада катта қувончдир. Чақалоққа қизил рангдаги кийим кийгизилиб, барчага ўғил туғилганлиги маълум қилинади.

Боғчаларда тарбия билан биргаликда жисмоний ривожланишга катта эътибор берилади. Боланинг қизиқишлари инобатга олиниб, унинг иқтидорини намойиш қилишга ҳаракат қилинади. Мактабда ўқиш муддати 9 йил бўлиб, тарбия жисмоний, интеллектуал ва эстетикка бўлинади. Таълим муассасасида дарслар кам соатни ташкил этса-да, ўқувчининг мустақил тайёрланиши учун кўп уйга вазифа берилади.

Сўнгги йилларда Хитой иқтисодиёт, банк соҳаларида, спорт ва илм-фанда етакчилик қилмоқда. Буларнинг барчаси фуқароларнинг тинимсиз ўз устида ишлаши ва ўзининг жисмоний, интеллектуал ҳамда илмий салоҳиятини намойиш этишга интилиш мевасидир.

Жанубий Корея ҳаёти мамлакатимиз телетомошабинларига кўплаб намойиш этилаётган сериаллар орқали танишдир.

Бундан 15 йиллар илгари аксарият аёллар ҳеч жойда ишламай, фақат фарзанд тарбияси билан машғул эдилар. Ишлаш деганда Кореяда уйдан тонг саҳардан чиқиб кетиш ва тунги 11-12 ларда қайтишни инобатга оладиган бўлсак, оталар, деярли, фарзандларини кўришмасди, натижада фарзанд тарбияси билан биргаликда уй хўжалигини юритишга боғлиқ барча масалалар бекалар зиммасида эди. Бугун вазият ўзгарган. Кўплаб кореялик аёллар ишламоқда. Болалар тарбияси билан, асосан, болалар боғчалари ва бувилар шуғулланишаётир. Шунга қарамай, она уйга келиши билан фарзандининг барча муаммоларини якка ўзи ҳал этишга киришади. Оталар доимо ишда бўлганлиги сабабли камдан-кам ҳолатда болалар ўз оталари билан сирдош бўлишади. Лекин бирор-бир масалада охирги нуқтани ота қўяди.

Корейслар оиласида бобо ва бувиларнинг фикри жуда қадрланади. Улар олдида болани уришиш мумкин эмас. Чунки бу нарса катта ёшдагиларга нисбатан ҳурматсизликни билдиради. Бобо ва бувилар невараларининг тарбиясида фаол қатнашишади. Анъанавий байрамларда улар ўгитларини аямай, оила тарихини сўзлаб беришади. Ҳар бир кореялик ўзининг келиб чиқиши ва илдизларини билиши шарт.

Япониядаги каби Кореяда ҳам 5 ёшгача болага ҳамма нарса мумкин. Кичкинтойни урушишмайди, унинг ҳар бир илтимоси қондирилади. Онаси эса доимо унинг ёнида бўлади. Беш ёшдан сўнг бола тартиб ва интизомга ўргатила бошланади. Қанчалик унинг ёши ўсиб борса, шунчалик унга нисбатан талаблар кучаяди. Оилада ва мактабда боланинг ҳар томонлама камол топишига, билимларни ўзлаштиришига алоҳида эътибор қаратилади.

Ҳиндистон нафақат аҳолисининг сони, балки динларнинг хилма-хиллиги ва худоларнинг кўплиги билан ҳам дунёда етакчидир. Ҳинд донишмандлари «Ўзга билан мулоқотга киришганингда юрагингга қулоқ тут», деб бежиз айтишмаган. Айнан ҳинд ота-оналар фарзандларига гўдаклигиданоқ атроф-муҳитни билишда қалби ва ҳиссиётлари амрига бўйсунган ҳолда фаолият юритишни ўргатишади: бирорта инсон, ҳайвон ва қушни хафа қилмаслик, табиатни асраш, барчага нисбатан меҳрибон бўлиш шулар жумласидандир.

Ҳиндлар – донишманд ота-оналардир. Уларнинг аксарияти 20 ёшга тўлмасданоқ фарзанд кўришса-да, болаларига ҳеч қачон бақиришмайди ва шу орқали уларни ҳам ўз ҳиссиётларини назорат қилишга ўргатишади.

Мактабда ўғил ва қизларни дарсни ёдлашга эмас, балки фикр билдириш, мушоҳада қилиш ва ўйлашга ўргатишади. Бошланғич синфларданоқ ўқувчилар «Ўлимга муносабат», «Интизомли бўлиш зарурати» каби мавзуларда ўз фикрларини билдиришлари лозим. Стандарт дарслардан ташқари ҳинд мактабларида хотирани кучайтириш ва жилмайиш дарслари ҳам мавжуд. Йилда икки марта мактаб маъмурияти ўтган ойга нисбатан ўз натижаларини яхшилаган ўқувчиларни рағбатлантиради.

Африка мамлакатларида болалар гўдаклигиданоқ ўз ҳолига ташлаб қўйилганлиги учун аксарият ҳолатларда у ўзига емак топиш, ҳимояланиш, ювинишни мустақил ўрганади. Африкалик оналар бола тарбиясида бирор-бир қоидага риоя қилишмайди. Бола ёки ўз ҳолига ташлаб қўйилади, ёки туну кун онаси билан бирга бўлади. Оналар фарзандларини латтага ўралган ҳолда кечгача орқаларида кўтариб юришади. Агарда бола тунда ҳам овқат сўраса, у соғлом ҳисобланади. Кенияда ҳаттоки тунда болани бир неча маротаба уйғотишади. Узоқ ухлаш яхшилик келтирмайди, деб ҳисобланади. Конго, Уганда сингари мамлакатларда икки ёшли боланинг идиш юваётгани, уч ёшида эса мустақил равишда егулик харид қилаётганини кўриш мумкин.

Бола тарбияси борасидаги қизиқарли фактлар

 

*Австрияда бола учун бошқа мамлакатларга нисбатан энг кўп ўйинчоқ сотиб олинади.

*Англияда агарда бола шамолласа, унинг тана ҳарорати ошиб йўталса, у касал ҳисобланмайди ва мактабдаги дарсларни қолдиришга рухсат берилмайди.

*Бельгияда кичкинтойлар уч ёшдан бошлаб мактабга боришади.

*Европада энг тарбиясиз болалар италияликлар ҳисобланади. Улар жамоат жойларида ўзларини тутишни билишмайди.

*Гонконгда бола учун энага ёлланилмайди. Болалар чақалоқлигиданоқ боғчага берилади.

*Бразилияда бола учун энг олий жазо – уни футбол ўйнашдан маҳрум қилишдир.

*Кубада ҳаттоки 7-8 ёшдаги болалар ҳам дарсдан сўнг ишлашга мажбурдир.

*Германияда 90 фоиз оилаларда 8 ёшгача болага телевизор кўриш таъқиқланади, 8 ёшга кирганида эса унга фақатгина болалар учун мўлжалланган кўрсатувларни томоша қилишга рухсат берилади.

Ҳар бир давлатда бола тарбиясига ёндашув турли хил бўлса-да, уларнинг барчасини бир нарса – фарзандга бўлган меҳр-муҳаббат бирлаштириб туради.

Наргис Қосимова

Мавзуга оид мақолалар
Эътиқоддаги хатолар Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм Узоқ йиллардан буён юртимиз аёлларида диний билимларнинг заифлиги, унинг таълимотларидан бехабарлиги, шу боис давоми...

23:30 / 28.02.2017 6178
Зиёратга келган кишидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўрадилар Туянгни нима қилдинг Аллоҳга таваккул қилиб, ўз ҳолига қўйдим, жавоб берди у. У Зот давоми...

11:32 / 01.01.2017 3827
... Устига шаффоф топик билан на миниюбка, на «максипояс» деб бўлмайдиган нарсани илиб олган Қизгина, қаёққа шошиласан, нимани қидиряпсан Тўхта, ҳали кеч эмас, давоми...

04:33 / 22.11.2016 3661
Бола туғилди, у учун топишмоқ бўлган ёруғ дунё энди унинг кўз ўнгида турибди. Чақалоқ дунёга келган лаҳзалариданоқ завқли ва қизиқишларга бой ривожланиш жараёни давоми...

19:33 / 12.12.2016 3316