Гуноҳлардан халос бўлайлик десак

0 620

       ГУНОҲЛАРДАН ХАЛОС БЎЛАЙЛИК ДЕСАК 

ТАҲОРАТ

«Поклик» асли араб тилида «таҳорат» маъносини билдиради, бизда эса намозга қилинадиган ва арабча «вузуъ» деб аталадиган нарсани таҳорат дейиш одат бўлиб қолган.

Поклик – «Таҳорат» сўзи луғатда «тозалик» ва «озодалик» маъноларини англатади. Шариатда эса таҳорат, ғусл, таяммум каби намоз ўқиш учун керакли бўлган покланишларга поклик деб аталади.

Исломда поклик иймондан ҳисобланади. Ислом поклик ва покланиш ишларига ўта жиддий қарайди. Дунёда Исломдан бошқа ҳеч бир дин, тузум ёки фалсафа покликни ва озодаликни иймонга тегишли даражага кўтармаган.

Шунингдек, Исломда таҳорат туфайли гуноҳлар кечирилиши ҳам айтилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Вақтики, мусулмон ёки мўмин банда таҳорат қилса, бас, у юзини ювганида ўша сув ёки ўша сувнинг охирги қатраси ила унинг икки кўзининг назари орқали қилган хатолари юзидан тўкилади. Вақтики, икки қўлини ювса, ўша сув ёки ўша сувнинг охирги қатраси ила унинг икки қўли билан қилган хатолари тўкилади. Вақтики, икки оёғини ювса, ўша сув ёки ўша сувнинг охирги қатраси ила икки оёғи билан юриб қилган хатолари тўкилади. Шундай қилиб, у гуноҳлардан пок бўлиб чиқади», дедилар».

Муслим ва Термизий ривоят қилганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бу ҳадиснинг бошидан охиригача таҳорат туфайли банданинг гуноҳлари қандай тўкилиши батафсил баён қилинмоқда.

Мусулмон киши таҳорат қилиш учун қайси бир аъзосини ювса, ўша аъзо туфайли содир бўлган гуноҳ тўкилиши таъкидланмоқда. Мусулмон одам таҳорат пайтида зоҳирий аъзоларидан кир, чанг-тўзонларни ювса ҳам, аслида унинг гуноҳлари ювиб ташланиши маълум бўлмоқда. Бу эса таҳоратнинг фазли қанчалик баланд эканлигини кўрсатади.

Шу ўринда умумий қоида сифатида ҳаммамиз учун ўта муҳим бўлган бир масалани эслаб ўтишимиз лозим. Бу ҳадиси шариф ва шунга ўхшаш бошқа ҳадисларда гап кичик гуноҳларнинг тўкилиши, ювилиши ёки ўчирилиши ҳақида бормоқда. Бу маънолардаги ҳадисларни эшитиб ёки ўқиб, хоҳлаган гуноҳни қилиб келиб, бир марта таҳорат қилса ва намоз ўқиса ёхуд жумъа намозида иштирок этса, ҳамма гуноҳлар тўкилиб кетар экан, деган хаёлга бормаслигимиз керак. Бунга ўхшаш маънодаги ҳадисларда зикр қилинган гуноҳнинг тўкилиши Аллоҳ билан банда орасидаги муносабатда банда томонидан содир этилган кичик гуноҳларга тегишлидир.

Шунингдек, бошқа бандаларнинг ҳақ-ҳуқуқларини поймол этиб қилинган гуноҳлар ҳам қасос олинмагунча, ювилмайди.

Лекин таҳорат билан кичик гуноҳларнинг ювилиб кетиши ҳам катта гап. Бу Аллоҳ таолонинг мусулмон бандаларига кўрсатган улкан марҳаматидир. Мусулмон банда таҳорат қилаётганда яхши ният билан, Аллоҳ таолодан астойдил тилаб, ушбу ҳадиси шарифни эслаган ҳолда ҳар бир аъзосини юваётиб: «Илоҳо, ушбу аъзоларимдан содир бўлган гуноҳларим тўкилган бўлсин», деб сўраса, иншааллоҳ, мақсади ҳосил бўлади. Чунки таҳорат қилиш ҳам ўзига хос ибодатдир.

Шу туфайли таҳоратни бошқалар билан гаплашиб, шоша-пиша, чала-чулпа қилишга йўл қўймаслик керак. Таҳорат банда учун кичик гуноҳларини ювиб олиш учун Аллоҳ томонидан берилган имконият ва қулай фурсатдир.

Давоми бор….

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

Ҳазратларининг китоблари асосида

Ғиёсиддин тайёрлади.

 

 

Баҳам кўринг

Leave A Reply