Аёлларнинг соч бўяши ҳақида
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аёлларнинг соч бўяши ҳақида

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Шу кунларда бизнинг диёримизда энг кўп сўраладиган саволлардан бири соч бўёғи ҳақида бўлиб қолди: «Соч бўёғи жоизми?», «Лондакалор, Гарнер каби соч бўёқларини ишлатса бўладими?», «Сочни краскага бўяса, таҳорат, ғусл ўтадими? Намоз қабул бўладими?», «Сочни қора рангга бўяш ҳукми қандай? Сариққа-чи?» каби саволлар қайта-қайта сўралади. Бундай саволлар бошқа юртларда биздагичалик кўп сўралмайди. Шунингдек, Шайхимиз Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари бу саволларга такор ва такрор жавоб бериб бўлганларига анча бўлган. Шундай бўлса-да, бу борадаги саволлар ҳалигача сўраляпти. Шу сабаб ушбу мавзуни озгина муҳокама қилишни лозим топдик:

* Соч бўёғи жоизми?

* Ҳозирда турли номлар билан чиқарилаётган соч бўёқлари жоизми?

Бу саволларга жавоб Шайх Ҳазратларининг «Зикр аҳлидан сўранг» китобларининг иккинчи жузида келтирилган:

Аёлларнинг соч бўяши ҳақида

Савол: Аёллар сочларини ҳар хил соч бўёқларида, масалан «ACMA-COLOR» деганида бўясалар, бўладими? Fусл, таҳорат қилса, ўтадими?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Сочни бўяш жоиз, ғусл ва таҳоратга зарари йўқ. Бу ҳақда муҳтарам устоз доктор Ваҳба Зуҳайлий ўзининг «Замонавий фатволар» номли китобида қуйидагиларни ёзади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам оқарган соч ва соқолни бўяшни мубоҳ қилганлар. У Зотдан собит бўлган ҳадисда бу маъно бор.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, яҳудий ва насоролар бўямайдилар. Бас, уларга хилоф қилингиз», дедилар» (Бешовлари ривоят қилишган).

Энди «savollar.islom.uz» саҳифасидаги ҳазратимизнинг бу борадаги саволларга берган жавобларига назар солайлик:

Савол: Ассалому алайкум, Шайх Ҳазратлари. Соч бўялгандан кейин ғусл ўтмаслиги тўғрими?

Жавоб: Тўғри эмас.

Савол: Ассалому алайкум, ҳурматли Шайх Ҳазратлари!

Аёлим қошини тердиришга рухсат сўраяпти, бунга шариатимиз рухсат берадими, шунингдек, сочини ҳам бўяш мумкинми?

Жавоб: Қош териш мумкин эмас. Соч бўяш мумкин.

Савол: Ассалому алайкум, Шайх Ҳазратлари! Бир танишим ўзи ёш бўлишига қарамай, сочларида оқи бор. Бўяса бўладими? Шариатнинг ҳукми қандай? Бўяш учун қайси воситалардан фойдаланган маъқул?

Жавоб: «Ҳадис ва Ҳаёт»ни ўқиганингизда эди, бу масалани аллақачон билиб олар эдингиз.

Аслида, кўпинча соч-соқолнинг оқини хино билан ўзгартирилади. Шунинг учун соч бўяш ўрнига соч хинолаш ҳам дейилади. Лекин хинодан бошқа нарса билан бўлса ҳам, жоиз.

Савол: Менинг бир биродарим бор, у билан ёшликдан бирга ўсганмиз. Унинг сочига 12 ёшидан оқ оралаган бўлиб, 18 ёшида батамом оқариб кетган. У ўйлаб, охири сочини бўяшга жазм этди. Ёшимиз улғайганда шундай бир гап эшитиб қолди, соч бўяш таҳоратни бузар экан. Ҳазрат, сиздан илтимос, шу ҳақида тўлиқ маълумот берсангиз, дўстимга ёрдам берган бўлардингиз.

Жавоб: Соч бўяш таҳоратни бузмайди.

Бу савол‑жавоблардан хулоса шуки, бугунги турли соч бўёқларини қўллаш мумкин. Улар таҳорат ва ғуслни ман қилмайди.

Одамларда соч бўёқлари жоизми, улар таҳорат ва ғуслни ман қилмайдими, каби саволларнинг туғилишига сабаб, бўёқлар сочга сув ўтказмайди, деб тушунишдир. Улар соч бўёғини тирноқ лаки ёки бўёқчилар бўёғига қиёслаб, шундай фикрга боришлари мумкин. Аслида эса ундай эмас. Соч бўёқлари ҳам хино кабидир, фақатгина кимёвий услубда тайёрланган. Турли рангларни сочда мустаҳкам ўрнашиши учун кимёвий моддалар қўшилган, холос. Соч бўёғи ҳам хино каби соч толасини қопламай, ичидан таъсир ўтказиб, рангини ўзгартиради. Бу ҳақда тушунчага эга бўлиш учун бирор-бир таҳлил марказига мурожаат қилиш ёки шу мавзуга оид маълумотларни ўқиш мумкин.

Масалан, сочга бўёқ суртилгандаги жараёнда қуйидагилар ҳосил бўлиши айтилган:

«Кўпчилик соч бўяш жараёнини осон, соч толасинининг устидан керакли рангни қоплаш билан амалга ошади, деб ўйлайди. Лекин бу жараённи илмий баён қилиб бериш қийин ишдир. Чунки рангли моддалар оксидланган моддага аралаштирилгач, соч қобиғининг ичига кирадиган бўёқ ҳосил бўлади. Бу модда соч толаси ичида шаклланади. Шунинг учун соч бўёқлари буёқ  асосий таркибини ташкил этувчи моддаларга ўхшаш кўпгина мураккаб нарсаларни ўз ичига  олган бўлади. Уларнинг таркиби ва вазифаси оксидланганида ўзгаради. Шунингдек, бўёқни иккиламчи пайдо қилувчиларни, тўғридан-тўғри ранг берувчи, антиоксид, ниҳоят, рангни мустаҳкамловчи моддаларни ҳам, бунга қўшимча яна  аммиак, ёғ, шам, хушбўй, протоен моддаларини ҳам ўзи ичига олади».

Хулоса шуки, бу бўёқлар соч толасини ташқаридан қопламайди, балки ўзига таъсир ўтказиб, рангини ўзгартиради. Агар бўёқ толани қоплаганида сочга сув текканида ҳўл бўлмаслиги керак эди. Аксинча, соч бўёғидан кейин ҳам сочлар худди бўёқдан аввалгидек ҳўл бўлади.

Мана шу сабаб, уламоларимиз, жумладан, Шайх Ҳазратлари ҳам, соч бўёғини жоиз ва ғусл-таҳоратга халал бермайди, деганлар.

Сочни қорага бўяш:

Энди сочни қора рангга бўяш масаласига келсак, яна бир бор «Зикр аҳлидан сўранг» китобига мурожаат этамиз:

«Шофеийлар қорага бўяшни «ҳаром» дейишган. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг отаси Абу Қуҳофани бундан қайтарганлар. Унинг соч-соқоли ҳақида: «...Иккисини ўзгартиринглар, қорани четлатинглар», деганлар.

Лекин фуқаҳолар жумҳури буни Абу Қуҳофага ўхшаган ўта қари одамларга хос, деганлар. Саҳоба ва тобеинлардан бир жамоа, Усмон, Ҳасан, Ҳусайн, Уқба ибн Омир, улардан кейин Ибн Сирийн, Абу Бурда ва бошқалар соч-соқолларини қорага бўяшган».

Уламоларимиз бу масалада, хусусан, сочни қорага бўяш ҳақида турли ҳолатларни эътиборга олиб, бир қанча фикрларни баён этганлар.

Жумладан, оила қурмоқчи бўлган одамнинг бўлажак турмуш ўртоғини алдаш учун сочини қорага бўяши ҳаром, деганлар. Аммо аёл кишига эри рухсат берса, жоиз, деб айтганлар ва ҳоказо.

Сочни турли услубларда куйдириш йўли билан бўяш жоиз эмас. Чунки бунда инсон танасига нисбатан ҳурматсизлик, зулм қилиш ва хилқатни ўзгартириш бор.Валлоҳу аълам».

Демак, сочни қора рангга бўяш Шофеийларда ҳаром. Аммо Ҳанафий, Ҳанбалий ва Моликийларда макруҳдир.

Ҳанафий олимларидан Ибн Обидин: «Урушдан бошқа пайтда қорага бўяш макруҳ», деган. «Заҳира»да: «Урушда душманнинг кўзига ҳайбатли кўриниш учун соч-соқолни қорага бўяш иттифоқо мақталгандир. Ўзини аёлларга зийнатлаш учун бўлса, макруҳдир. Мана шунга машойихлар оммаси ижмоъ қилишган. Баъзилари кароҳиятсиз жоиз, деган. Абу Юсуфдан қорага бўяш ҳақида: «Мен учун аёлим зийнатлангани менга ёққанидек, унга ҳам у учун зийнатланганим ёқади Аёлимнинг мен учун зийнатланиши менга ёққанидек, унга ҳам унинг учун зийнатланишим ёқади», деган.

Бу ердаги гап эркакларнинг соч-соқолини бўяши ҳақида. Аммо аёл кишининг эри учун сочини қорага бўяши мутлақ жоиздир.

«Ал‑Адабу аш‑шаръийяту ва ал‑минаҳу ал‑маръийя» (3337)да Исҳоқ ибн Роҳвайҳ эри учун зийнатлашда қора рангга бўяшга рухсат берган.

«Умдату ал‑Қори шарҳу саҳиҳи ал‑Бухорий» (4616)да Ҳалимийдан: «Кароҳият эркакларга хос, аёлларга эмас. Аёлга эри учун зийнатланиш мақсадида қорага бўяш жоиз», дегани ривоят қилинган.

Энди «Зикр аҳлидан сўранг»нинг интернет саҳифасига назар соладиган бўлсак, Ҳазратимининг ушбу жавобларини топамиз:

«Ассалому алайкум, Шайх ҳазратлари!

Ҳазрат, сизнинг «Ҳадис ва Ҳаёт» асарингизнинг 17-жузини ўқишим жараёнида менда бир савол пайдо бўлди. Ушбу саволнинг мазмунини қуйида баён этишга ижозат бергайсиз:

Ҳанафий мазҳаби бўйича аёллар сочини, ёшларини беркитмаган ҳолда, лекин зийнатланиш мақсадида сунъий бўёқлар ёрдамида қора рангга бўяшлари мумкинми?

Жавобингиз учун олдиндан ташаккур.

– Мумкин».

Соч бўяш шартлари

Соч бўяш жоиз бўлгани билан унинг ман қилинган жиҳатлари ҳам бор:

  1. Хилқатни ўзгартириш. Бу ерда эътибор бериш керак бўлган нарса зийнатланиш билан хилқатни ўзгартириш орасидаги фарқни ажрата олиш. Асли яратилишда бўлмаган нарсани қилиш хилқатни ўзгартиришдир, масалан, тишларнинг орасини очиш каби . Гўзалликни орттириш мақсадида қилинган иш зийнатланиш бўлади. Масалан, қошнинг қорасини, лабнинг қизилини орттириш каби. Аммо сочни кўк рангга бўяш сочнинг рангидаги хилқатни ўзгартиришга киради. Чунки хилқатда бу ранг йўқ.
  2. Ўзини бошқа қавмларга ўхшатиш. Мусулмон бўлмаган қавмга тақлид қилмаслик, масалан, сочни ранг-баранг қилиб олиш каби.
  3. Совчиларни алдаш мақсадида соч бўяш. Масалан, асли соч рангги бошқа бўлса ёки сочида оқи кўп бўлса-ю, уни бошқа рангга бўяб, сочнинг асли шу, деб кўрсатиш ҳаром.
  4. Сочни куйдириш (перекислаш). Бунда юқорида айтилганидек, инсон танасига нисбатан ҳурматсизлик, зулм қилиш ва хилқатни ўзгартириш бор.

Мана, азизлар, сизларни қизиқтирган мавзуни имкон қадар баён қилишга ҳаракат қилдик. Мақоламизни ўқиганлардан баҳсимиз бошқаларга ҳам етиб боришида ўз ҳиссаларини қўшишларини илтимос қиламиз. Зора шу билан анча йилдан бери такрорланётган саволларга чек қўйиб, билимсизликка барҳам берсак. Ҳали динимизда ўрганишимиз, изланишимиз керак бўлган мавзулар жуда кўп. Шу боис, бу мавзуни шу билан ёпиб, вақтимизни, зеҳнимизни бундан кўра муҳимроқ бўлган масалаларга қаратайлик!

Одинахон Муҳаммад Содиқ

Мавзуга оид мақолалар
«Ҳаж» сўзининг луғавий маъноси «қасд қилиш» демакдир. Шаръий истилоҳда эса махсус амалларни маълум бир давоми...

13:53 / 02.12.2016 3176
Тажрид тасаввуфда ҳамма нарсадан холи бўлиб, Аллоҳ таолонинг зикри, ибодати учун ажраб чиқиш, деган маънони давоми...

07:42 / 14.03.2017 4242
  Бемор бўлиб қолган кишининг беморлиги ҳисобга олинади. Намоз ўта аҳамиятли ибодатдир, уни вақтинчалик давоми...

07:24 / 18.05.2017 3122
Бугун 1февраль Халқаро Ҳижоб куни бўлгани муносабати билан сиз, азизларни чин юракдан муборакбод давоми...

15:27 / 08.02.2017 4500