Тилдан келадиган мусибат

0 799

ТИЛДАН КЕЛАДИГАН МУСИБАТ

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ رَضِىَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِنَّ الْعَبْدَ لَيَتَكَلَّمُ بِالْكَلِمَةِ مَا يَتَبَيَّنُ مَا فِيهَا يَهْوِى بِهَا فِى النَّارِ أَبْعَدَ مَا بَيْنَ المَْشْرِقِ وَالْمَغْرِبِ.

 رَوَاهُ مُسْلِمٌ.

         Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Банда маъносини яхши англамаган ҳолда бир сўз гапиради-да, шу сўз туфайли дўзахга қулаб, (туби) машриқ билан мағриб орасидан ҳам узоқроқ бўлган чоҳга қулайди».

Имом Муслим ривоят қилган.

         Бу ҳадис мусулмон инсонга тилни беҳуда сўзлардан, фойдасиз гаплардан сақлаш лозимлигини уқтиради. Маълумки, ғийбат, туҳмат, чақимчилик, иғво тарқатиш, бировни ҳақорат қилиш ва дилозорлик тилга оид иллатлардандир. Булар сўзсиз ҳаром ишлар саналади. Ҳатто айрим мубоҳ сўзларни ўйламай-нетмай гапиравериш ҳам бориб-бориб, ҳаромга айланиши мумкин.

         Баъзи одамлар ғийбатнинг ҳаромлигини билади. «Фалончи ғийбат қилди», деб кимнидир ёмонлайди. Лекин шу билан ўзи ҳам ҳаром иш қилаётганини унутиб қўяди. Чунки у ҳам ўша фалончини ғийбат қилмоқда. Ибн Ҳиббон «Равзатул уқало» китобида шундай ҳикоя қилади: «Суфён ибн Ҳусайн деди: – Мен Иёс ибн Муовиянинг олдида бир одамни ёмонладим. Шунда у киши юзимга қараб: «Румда ғазот қилганмисан?» деб сўради. Мен: «Йўқ», дедим. Ҳалиги киши: «Балки Синдда, Ҳиндистонда, Туркистонда ғазот қилгандирсан?!» деди. Мен: «Йўқ», дедим. У: «Сендан Синд, Ҳиндистон-у Туркистон замини омон қолади-ю, бир мусулмон биродаринг омон қолмайдими?!» деди. Мен ғинг демадим».

         Одамлар орасида ёқимсиз гаплар оралашига, ғийбат ва иғволарнинг тарқалишига сабаб нима? Бундай нохуш ишлар кўпинча кишиларнинг бир-бирлари ҳақида ёмон гумонга бориши туфайли содир этилади. Бировни ғийбат қилаётган одам ўша биродари ҳақидаги ёмон фикрларни дилига тугиб гапиради. Ҳолбуки, мусулмонлар Қуръонда ҳам, суннатда ҳам бир-бирлари ҳақида фақат яхши гумон қилишга буюрилганлар.

         Амирул мўминин Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтади: «Мўмин биродарингнинг оғзидан чиққан гапни яхшиликка йўйишга имкон тополсанг, фақат яхши гумон қил!» (Ибн Касир, Ҳужурот сураси тафсири).

         Абу Қилоба айтади: «Агар бир биродарингдан сенга ёқмайдиган гап етиб келса, иложи борича, уни кечир. Агар кечиришга ҳеч қандай узрли сабаб тополмасанг, ўзингга ўзинг шундай де: «Эҳтимол, биродаримнинг шундай дейишга асоси бордир-у, мен уни билмасман» (Абу Нуайм, «Ҳулятул авлиё»).

         Ибн Ҳиббон шундай деган: «Жосуслик қилиш мунофиқлик аломатларидан биридир. Шунингдек, яхши гумон қилиш иймон аломатларидан биридир. Ақлли одам биродарлари ҳақида яхши гумон қилади, ўзининг ғам-ташвишлари ва қайғулари билан машғул бўлади. Нодон кимса эса биродарлари ҳақида ёмон гумонга боради ҳамда ўзининг гуноҳлари ва ҳожатларини ўйламайди. Оқил киши оғзидан кўра қулоғига кўпроқ эътибор қилиши лозим. Сабаби, унга иккита қулоқ ва битта оғиз берилган. Демак, камроқ гапириб, кўпроқ эшитиши керак. Чунки гапирса, афсус чекиб қолиши мумкин, аммо гапирмаса, надоматга қолмайди. Оғиздан чиқмаган гапни қайтариш гапириб бўлинган гапни қайтаришдан кўра осонроқ. Агар гапирса, сўз унга эгалик қила бошлайди, гапирмаса, у сўзга эгалик қилади».

         Мавзунинг аввалида келтирилган ҳадисдан  олинадиган хулосалар:

  1. Мусулмон киши тилини зарарли сўзлардан тийиши фарз. Тилига эрк берган одам бу дунёда кўп фитналарга, ёмонликларга дучор бўлади. Охиратда унинг ҳолига вой бўлади.
  2. Одамлар ҳақида яхши гумон қилиш – тилни ғийбатдан сақлашнинг бош омилидир.

Одилхон қори Юнусхон ўғли

«Шайх Зайниддин» жомеъ масжиди имом-хатиби

Баҳам кўринг

Leave A Reply