Жаннат оналар оёғи остидадир
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Жаннат оналар оёғи остидадир

Бу воқеани машҳур кардиохирург, фан номзоди Холид Жубайр айтиб берган эди…

Бир куни икки ярим яшар бир гўдакни операция қилишимга тўғри келиб қолди. Операция сешанба куни қилинган бўлса, чоршанба куни бола анча ўзига келиб қолганди. Лекин пайшанба куни соат ўн бирдан ўн беш дақиқа ўтганда – мен энди бу вақтни ҳеч қачон унутмасам керак – ҳамшира ҳаллослаб келиб, боланинг юраги ҳам, нафас олиши ҳам тўхтаб қолганини айтди. Боланинг олдига қандай етиб борганимни билмайман. Билганим шуки, мен нақ қирқ беш дақиқа тинмай унинг юрагини массаж қилиб, ўзига келтиришга уриндим. Лекин юрак бир марта ҳам уриб қўймади. Бироқ Аллоҳга осон экан, бирдан боланинг юраги уриб кетди! Биз Аллоҳга ҳамд-у санолар айтганча қолавердик…  

Мен ўша боланинг ота-онасига унинг аҳволини айтиб қўймоқчи бўлдим. Ўзингиздан қолар гап йўқ, касал одамнинг аҳволи оғирлашганини унинг яқинларига айтишдан ҳам қийин нарса бўлмаса керак бу оламда. Бу – шифокор одам дуч келадиган энг қийин вазиятлардан бири. Лекин илож қанча, бурчимиз экан...

Боланинг отасини ҳар ҳолда онасидан кўра босиқроқ бўлади, деган фикрда роса изладим, лекин топа олмадим. Онаси шу ерда экан, онасига айтишга тўғри келди. Бир амаллаб: «Боланинг оғзидан қон келган, шундан кейин юраги тўхтаб қолди. Нега қон келганини била олмадик. Энг ёмони – энди унинг мияси ишламай қолиши мумкин», дедим.

Нима деб ўйлайсиз, онаси менга нима деди? Йиғлашга тушди, дейсизми? Ёки мени қарғади, деб ўйлайсизми? Йўқ-йўқ! У: «Алҳамдулиллаҳ», деди-ю, чиқиб кетди.

 Орадан ўн кун ўтгач, бола секин-аста ҳаракатлана бошлади. Биз миянинг фаолияти тўхтаб қолмаганига ҳайратланиб, Аллоҳга ҳамду сано айтдик. Лекин йигирма кундан кейин яна оғиздан қон келиб, юрак яна тўхтаб қолди. Яна массаж қилишга тушдик. Салкам бир соат массаж қилсак ҳам, юрак қимир этмади. Бу сафар ҳам минг истиҳола билан, боланинг онасига умид йўқлигини айтдим. У эса: «Алҳамдулиллаҳ. Аллоҳим, унинг тузалиши хайрли бўлса, унга шифо бер!», деб дуо қилди.

Аллоҳнинг қудратини қарангки, боланинг юраги яна ишлаб кетди! Бундан кейин ҳам унинг юраги яна олти марта тўхтаб, яна ишлади.

Ниҳоят, нафас йўллари бўйича мутахассис қонни бир амаллаб тўхтатгач, юрак бир маромда ура бошлади.

Орадан уч ярим ой ўтди. Бола аста-секин ўзига кела бошлади, лекин ҳамон қимир этмасди.

Бир неча кундан кейин бола яна ҳаракатлана бошлади. Лекин бирдан бошида катта йирингли яра пайдо бўлди. Бунақа ғалати ярани биринчи марта кўришим эди. Ноилож, бечора онага буни ҳам айтишга тўғри келди. Матонатли она яна Аллоҳга ҳамд айтди-ю, кабинетимдан чиқиб кетди. Болани тезда жарроҳлик бўлимига – мия ва асаб толалари операциялари хонасига олдик. Болани зудлик билан операция қилиш керак эди.

Уч ҳафта ўтди. Бола йирингли ярадан халос бўлди, лекин ҳамон бирорта аъзоси қимир этмай ётарди. Яна икки ҳафтадан ўтди ҳамки, негадир боланинг қонидаги заҳарланиш кетмас эди. Бола иситма оташида ёнар, ҳарорати 41,2 даражагача чиқиб кетар эди. Яна бояги ҳолат такрорланди: мен боланинг қай аҳволдалигини онасига айтдим, у эса «Алҳамдулиллаҳ», дейишни қўймас, «Аллоҳим, унинг тузалиши хайрли бўлса, шифосини бергин», деб тинмай дуо қиларди.

Бу бола реанимациянинг 5-палатасида ётарди. Бир куни қўшни 6-палатада боласини олиб ётган аёл: «Доктор! Доктор! Бирон нарса қилинг! Боламнинг иситмаси 37,6 бўлиб кетди! Болам ҳозир ўлиб қолади!», деб уввос солиб йиғлаб қолди. Мен унга: «Сиз манави 5-палатадаги аёлни кириб кўринг. Ярим йилдан бери боласининг иситмаси қирқдан тушмайди, лекин сабр қилиб, Худога шукр қилиб ўтирибди», дедим. У бўлса «Э, у хотиннинг ҳуши жойидамасга ўхшайди. Унда юрак деган нарса йўқ экан», деди.

Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ғарибларга хушхабар…» деган буюк ҳадислари эсимга тушди. Атиги икки сўз… Бироқ бу сўзлар бутун ер куррасини ларзага солишга қодир! Мен йигирма уч йил шифохонада ишлаб, бу қадар сабрли, матонатли инсонларни учратмаган эдим…

Муолажада давом этдик. Ниҳоят, олти ярим ой деганда болани реанимациядан оддий палатага олишга рухсат бўлди. Аммо у ҳамон на гапирар, на кўрар, на эшитар ва на кулар эди. Унинг фақат нафас олаётгани билиниб турар, кеча-ю кундуз қимирламай ётарди. Унинг кўкрак қафаси очиқ турар, яқинроқ борилса, юрагининг мажолсизгина уриб турганини кўриш мумкин эди. Онаизор сабот билан уни парваришлар, тагини тозалар, боладан садо чиқмаса ҳам, асло ноумид бўлмасди.

 Шундан кейин нима бўлганини биласизми? Буни айтишимдан олдин бир ўйлаб кўринг: шунчалик оғир дард чеккан, бир неча марталаб оғир операциялар қилинган боланинг аҳволи қандай бўлиши мумкин? Боласи ўлим ёқасида ётган, Аллоҳга ёлвориб, дуо қилишдан бошқа чораси йўқ бўлган бу онаизорнинг дуолари ижобат бўлармикан?

Бола реанимациядан чиққанига икки ярим ой бўлганида Аллоҳнинг инояти билан солиҳа онанинг дуоси мустажоб бўлиб, бола оёққа туриб кетди! У тузалиб, ўрнидан турди, ўз оёғи билан юра бошлади. Ҳеч қандай касалликни кўрмагандай тузалиб кетди, онасининг ортидан чопқиллаб югурадиган бўлиб қолди. Ҳатто бироз тўлишиб, аввал қандай бўлса, шундай ҳолатга келди…

Шу билан ҳикоя тугади, деб ўйлаётгандирсиз? Йўқ, аслида менга ниҳоятда қаттиқ таъсир қилган, кўзимдан шашқатор ёшлар оқизган воқеа кейин содир бўлди.

Она-болага жавоб тегиб, клиникидан чиқиб кетишганига икки йилдан ошганида жарроҳлик бўлимида ишлайдиган йигит кабинетимга кириб, бир киши хотини ва иккита боласи билан келганини, мени сўрашаётганини айтиб қолди. «Ким экан?», десам, «Танимайман», деди.

Чиқиб қарасам, ўша мен бир пайтлар операция қилган бола билан унинг ота-онаси экан. Бола беш ёшга тўлибди. У мутлақо соппа-соғ эди, кўрган одам уни бир пайтлар даҳшатли касалликка чалинган, деб ўйламасди. Бахтиёр она эса тўрт ойлик чақалоғини бағрига босиб турарди. Мен салом бериб, боланинг отасига ҳазиллашиб: «Бу чақалоқ ўн учинчисими, ўн тўртинчисими?», дедим. У бўлса ҳайрон бўлиб: «Йўғ-э, бу иккинчи фарзандимиз», деди. Сўнг давом этди: «Сиз операция қилган мана бу ўғилчам ўн етти йил тирноққа зор бўлиб, Аллоҳдан тилаб олган тўнғич фарзандимиз эди. Шунинг учун у касал бўлганда онаси адойи тамом бўлиб қолганди».

 Мен бу сўзларни эшитиб, ўзимни йиғидан тута олмай қолдим. Кўз ёшларимни яшириш учун бу бахтиёр инсоннинг қўлидан тортиб, кабинетимга олиб кирдим-у, уни саволга кўмиб ташладим: «Менга қаранг, биродар! Бу аёл инсонми ё фариштами? Ўн етти йил кутиб, зўрға етишган биринчи боласининг касалини қандай қилиб бунчалик хотиржам қарши олди? Бўлиши мумкин эмас! Аёлингиз бунча иймон, бунча таваккулни қаердан олган?»

У нима деди, дейсизми?

У шундай деди: «Оила қурганимиздан бери аёлим бирор кун узрсиз таҳажжуд намозини қолдирмаган. Мен унинг бирор инсонни ғийбат қилганини ёки кимгадир ёмон гапирганини кўрмаганман. У ҳеч қачон ёлғон гапирмайди. Уйдан чиқиб кетсам ҳам, уйга кириб келсам ҳам, мени табассум билан, дуо қилиб кутиб олади ёки кузатиб қўяди. У – шунақа меҳридарё, меҳрибон, болажон аёл. Биласизми, доктор, у шу қадар иффатли, шу қадар ҳаёли, одобли аёлки, ҳатто мен ҳам унинг кўзига тик қарашга ботина олмайман».

Мен унга: «Аёлингиз бундан ҳам ортиқ иззат-икромга муносиб экан, биродар», дедим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаннат оналар оёғи остидадир», деб марҳамат қилганларида қаҳрамонимиз каби аёлларни назарда тутган бўлсалар, не ажаб!

 

муаллиф; (Квазулу-Натал, ЮАР)

Мавзуга оид мақолалар
 Дунё мусулмонлари қаторида россиялик татарлар ҳам бу байрамни нишонлай бошладилар. Маълумки, 2014 йил 2 давоми...

16:24 / 20.01.2017 3529
Берар бўлсанг жуфтимни агар, Парвардигор, солиҳа ёр бер. Бўлса ҳамки, мискина, безар, Парвардигор, солиҳа давоми...

11:11 / 28.12.2016 3579
 Москвада бўлиб ўтган «Муслиманинг жамиятдаги ижтимоий ўрни» мавзусига бағишланган муслима аёллар давоми...

11:53 / 28.07.2018 2867
 Гарчи воқеликдаги ушбу мисолда иш бир оз енгилроқ бўлиб кўринса ҳам, аслида иш ўта оғирдир. Рамазон давоми...

10:01 / 07.03.2017 16963