Расулуллоҳдан паноҳ излаш – Аллоҳ таолога одобдир
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳдан паноҳ излаш – Аллоҳ таолога одобдир

Аллоҳнинг Расули Муҳаммад Мустафони (соллаллоҳу алайҳи васаллам) яхши кўриш инсоннинг Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога бўлган муҳаббати самарасидир. Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) буйруқларига бўйсуниб, суннатларига мувофиқ яшаш ва у зотнинг насиҳатларига амал қилиш эса мусулмоннинг у зотга бўлган муҳаббати самарасидир.

Мусулмон кишининг шу йўлда мустаҳкам туриш учун асосий сармояси Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи васаллам)бўлган муҳаббати бўлиши лозим.

Расулуллоҳни (соллаллоҳу алайҳи васаллам)  оламларнинг Робби томонидан юборилган элчи деган биргина ақлий ишонч билан ўзини у зотга яқин деб билган мусулмон кишининг қалби у зотнинг муҳаббати билан тўла бўлмаса, Пайғамбаримизнинг суннатларига бўйсунишга сабри, буйруқ ва насиҳатларини бажаришда собитқадам бўлишга кучи етмайди.

Шунинг учун ҳам ҳар бир мўмин инсон Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг пайғамбарлигига иймон келтириш билан бирга, у зотни чин дилдан яхши кўриши керак.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) такрор ва такрор айтган бир нечта саҳиҳ ҳадисларнинг маъноси ана шундан иборат.

У зот айтадилар: «Сизлардан бирингиз токи мен унга боласидан, отасидан ва барча инсонлардан севикли бўлмагунимча ҳақиқий мўмин бўла олмайди».

Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ушбу ҳадисни айтишларига туртки бўлган нарса худбинлик   (ўзини-ўзи севиш) эмас. Бундай дейишдан Аллоҳнинг Ўзи сақласин. Бунинг сабаби  шуки, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) умматга етказиш амр қилинган ҳар бир нарсани етказишга буюрилган зотдирлар.

Мусулмон кишининг Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) муҳаббати иймоннинг ажралмас бир бўлагидир ёки унинг самараларидан биридир. Бу нарсани одамларга тушунтириб бериш Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) учун вожиб эди. У зот одамларга ўз ҳаракатларини Аллоҳ азза ва жалланинг муҳаббатига йўналтиргандан кейин энди Расулуллоҳнинг муҳаббатига йўналтиришлари лозимлигини етказишлари ҳам шарт эди. Агар бу сўзни айтмай, рисолатни бизга етказмаганларида  омонатга хиёнат қилган бўлардилар (хиёнат қилишдан ва рисолатни етказмасликдан Аллоҳнинг Ўзи асрасин!).

Демак, Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) пайғамбарлигига ақлий иймон орқалигина ишониб, шунинг ўзи билан кифояланган ҳамда қалби у зотга нисбатан муҳаббатни ҳис қилмаган инсон шу ҳолатда қоладиган бўлса, унинг бу иймони унга фойда бермайди.

Расулуллоҳнинг ўзлари: «Сизлардан бирингиз токи мен унга боласидан, отасидан ва барча инсонлардан севикли бўлмагунимча мўмин бўла олмайди», деб турган бўлсалар, унинг бу иймони қандай ёрдам берсин?!

Баъзилар биздан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг муҳаббатига бошлайдиган ва мусулмон киши   юриши лозим бўлган йўл ҳақида сўрайдилар.

Аслида Муҳаммад (алайҳиссалом)ни Аллоҳнинг Расули эканига иймон келтирган ҳамда Қуръони Каримни Аллоҳ таолонинг сўзи эканига ишонган мусулмоннинг «Расулуллоҳни яхши кўриш учун нима қилишим                                               керак?» дейишининг  ўзи  нотўғри, бу унинг  Расулуллоҳга  муҳаббати йўқлигини билдиради. Қалбига Аллоҳ ва Унинг Расулига бўлган иймонни жойлаб, энди қалбида  Мустафо (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳам муҳаббатига жой излаётган инсон бўлиши мумкин эмас. Бу савол аслида нотўғри бўлишига қарамай, биз сизга шуни айтишимиз мумкин:

Сиз аввал Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг умматларига бўлган муҳаббати ҳақида ўйлаб кўринг, шунда Расулуллоҳни яхши кўришга бошлайдиган энг қисқа йўлни топасиз.

Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) умматларини қандай яхши кўрганларига эътибор қилинг! Мустафо (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг у зотни кўрган, бир даврда яшаган саҳобаларга ва у зот (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни кўришни қаттиқ хоҳлаган дўстлари, яъни кўрмаган умматларига бўлган муҳаббатларини қаранг! Бу муҳаббатнинг белгиларини кўрсангиз – унинг белгилари жуда кўп – сизни яхши    кўрган                 бу зотни севмаслигингиз, у зотга нисбатан қалбингизда муҳаббат тўлиб-тошмаслиги мумкинми?!

Имом Муслим Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осдан ривоят қилган ушбу ҳадисга эътибор беринг:

«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Аллоҳ таолонинг Иброҳим алайҳиссалом тилидан айтилган сўзини тиловат қилдилар:

«Роббим! Улар (санамлар) одамлардан кўпини адаштирдилар. Ким менга эргашса, у мендандир. Аммо ким менга осий бўлса, у ҳолда Ўзинг мағфират қилгувчисан, раҳмлисан» (Иброҳим сураси, 36-оят)

Кейин Аллоҳ таолонинг Исо алайҳиссалом тилидан айтилган қуйидаги сўзини тиловат қилдилар:

«Агар уларни азоблайдиган бўлсанг, албатта, улар Ўзингнинг бандаларинг. Агар уларни мағфират қиладиган бўлсанг, албатта, Сен Ўзинг Азизсан, Ҳакимсан», деганини эсла». (Моида сураси, 118-оят).

Шундан кейин саййидимиз Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қўлларини юқорига кўтариб, «Аллоҳим! Умматим, умматим…» деб, йиғлаб юбордилар. Шунда Аллоҳ таоло Жаброил алайҳиссаломга шундай деди: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг олдиларига боргин-да, у зотга: «Эй Муҳаммад! Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло сенга: «Биз сени умматинг масаласида рози қиламиз, Биз сени унутмаймиз» деди, деб айтгин» .

Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) иймон келтирган ва бизга юқоридаги саволни берган одам Расулуллоҳнинг ўз умматларига нисбатан меҳрибонликлари акс этган ушбу ҳадисни эшитганмикан? Ёки Алллоҳ таолога умматлари учун: «Алллоҳим! Умматим, умматим» дея дуо ва илтижолар билан йиғлаб ёлворган Расуллуллоҳнинг умматларига бўлган кучли муҳаббатларини тасаввур қилиб кўрганмикан?

У зотнинг зорланиб қилган илтижоларидан кейин Аллоҳ таоло у зотга хушхабар берди. Бу аслида у зот учун эмас, бизлар учун хушхабар эди: «Эй Муҳаммад! Биз сени умматинг масаласида рози қиламиз, Биз сени унутмаймиз».

Шундан кейин ҳам, сизни яхши кўргани учун, сиз учун Аллоҳга илтижо билан дуо қилган кишига нисбатан қалбингизда муҳаббат ҳис қилмасангиз, билингки, сиз Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг Пайғамбар эканликларига ҳам ишонмас экансиз. Агар шундай бўлса, сиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни Пайғамбар қилиб юборган Аллоҳнинг рубубиятига (ҳукмронлигига) ҳам ишонмасангиз керак?

Кошки, мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) нима учун Аллоҳга ёлбориб илтижо қилганларини билмасам эди. У зот фақатгина итоатгўй ва бўйсунувчи умматлари учун дуо қилганмилар? Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Аллоҳнинг тўғри йўлида юриб, Унга бўйсунган ҳар бир инсон Аллоҳ ваъда қилган мағфират ва саодатга етишишини яхши билардилар. Расулуллоҳни бундай умматлар учун Аллоҳга йиғлаб дуо қилишга ундовчи сабаб йўқ. Демак, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Аллоҳга илтижо қилиб, гуноҳкор умматларининг хатоларини кечиришни, уларни мағфират этишни сўраб дуо қилганлар. Нима учун?

У зотни бундай дуо қилишга чорлаган нарса Иброҳим ва Исо алайҳиссаломларнинг улар Пайғамбар қилиб юборилган қавмнинг гуноҳкорлари ҳаққига қилган дуоси эди. Саййидларимиз Иброҳим ва Исо алайҳиссаломлар қилган ана шу дуо Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни ўз мақомларида туриб Аллоҳга илтижо билан йиғлаб дуо қилишга чорлаган эди, яъни у зотнинг умматлари ичидаги гуноҳкорларига раҳм этишини сўраб дуо қилишга етаклаган нарса ана шу дуо бўлган.

Азиз дўстлар! Барчамиз гуноҳкор бўла туриб, Аллоҳ таоло Расулуллоҳга берган бундай мақомни кўрганимиздан кейин ҳам  ўзимизни Аллоҳга олиб борадиган йўл Унинг Расулига мурожаат қилиш эканини сезмаймизми? Бундай аниқ, равшан, очиқ йўлни қайси биримиз сезмаслигимиз мумкин? Айниқса, мана шундай ҳадисларни эшитганимиздан кейин ҳам бу йўлни англамайдиганлар топилармикан? Юқоридаги ҳадис мана шу маънода айтилган ҳадислардан биттаси, холос.

Шунингдек, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) гуноҳкор умматларининг кечирилиши учун шафоатчи бўлишни сўраб Аллоҳга мурожаат қилганлар.

Биз Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг умматларимиз. Шундай экан, Аллоҳ таолонинг Ўзи бизларга шафоатчи қилиб берган Расулига мурожаат қилиш бизнинг вазифамиздир. Ана шунда у зотнинг бизни кечиришни сўраб Роббига қилган илтижолари, дуолари ижобат бўлади. Қиёмат куни Аллоҳ одамларга Ўзининг Расулини шафоатчи қилиб берадиган кунда у зот (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бизнинг шафоатчимиз бўладилар.

Токи тирик эканмиз, Расулуллоҳнинг буйруқларини бажаришга кучимиз, насиҳатларига амал қилишга шароитимиз бор экан, у зот (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога етаклаб борувчи йўлбошчи қилиб олишимиз лозим!

Мен бошқа бирор нарсага Аллоҳ таоло Ўзининг Расули Муҳаммад алайҳиссаломга берган бу эҳтиромдан, яъни бизга берилган имкониятдан юз ўгирган кишидан ажабланганимдек ажабланмайман. Янада ажабланарлиси шуки, бундай одамлар: «Бизга воситачи керак эмас, биз билан Аллоҳнинг ўртасида тўсиқ бўлиши мумкин эмас. Ахир Аллоҳ таоло «Роббингиз: «Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман», деган-ку!», дейишади.

Сизларга «Расулуллоҳга мурожаат қилиш Аллоҳ азза ва жаллага ширк келтиришдир», деб ким айтди? Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га қилган мурожаатимиз, у зотдан ёрдам сўрашимиз Аллоҳга бўлган одобимиз, ҳурматимиздандир.

Расулуллоҳнинг қалбига бизга нисбатан бундай ғамхўрликни Аллоҳ жойлаган эмасми? Бизга бўлган бу меҳрни у зотнинг шуурига сингдирган ҳам Аллоҳ-ку, шундай эмасми? Умматларининг гуноҳлари учун ачиниб, йиғлаган ҳолда: «Аллоҳим! Умматим, умматим» деб дуо қилдирган ким ахир? Аллоҳ эмасми?

Аслида Бориъ азза ва жалла Расулини восита қилмасдан, раҳмат ва мағфиратини бизга тўғридан-тўғри йўналтиришга қодир эди. Лекин кўриб турганингиздек, бизга нисбатан бу ажойиб муҳаббатни Мустафо (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг қалбига Аллоҳ таолонинг Ўзи солиб қўйди. Кейин у киши йиғлаб дуо қилганларида элчи юбориб, «Эй Муҳаммад! Биз сени умматинг масаласида рози қиламиз, Биз сени унутмаймиз», дейишни буюрди.

Бундан шундай хулосага келишимиз керак:

Дўстларим! Аллоҳ таоло бизга Ўзининг раҳматини Расули орқали ёғдирган экан, Аллоҳ таоло тавбаларимизни қабул қилиши учун биз ҳам Расулуллоҳни ўзимизга шафоатчи қилиб олишимиз лозим эмасми?!

Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога, ундан кейин Мустафо (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га иймон келтирган одам ушбу инсонни яхши кўрмаслиги, бу ҳақиқатни билмаслиги мумкин эмас, дўстларим.

Мен бугунги кунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га ҳурматсизлик қилиб, янгидан-янги уйдирмаларни тўқиб чиқараётган баъзи кимсаларга ҳайрон қоламан. Улар тўқиб чиқараётган уйдирмаларида «Расулуллоҳни восита қилиш − ширк», дейдилар. Бу уйдирмага бошқалари қўшимча қилиб: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг суннатига эргашиш ширк, тавҳид биргина ваҳийнинг ўзига, яъни Қуръонга иймон келтиришдан иборат. Агар Қуръон ваҳийсига суннат ваҳийсини шерик қилсанг, бу хатарли ширкнинг турларидан бири бўлиб қолади», дейишади.

Биз бу гапларни шуларни ёзган одамларнинг ўзлари ўқисин, деб айтяпмиз. Ишонаманки, ушбу уйдирмаларни тўқиб чиқарганлар бундай гапларни кўрнамаклик ва иймонсизлик денгизидан олганлар. Уларни бунга ундаган нарса – улардаги иймонсизликдир.

Агар Расулуллоҳни васила қилиш ширк бўладиган бўлса, у зотнинг суннатларига эргашишимиз ҳам ширк бўлиб қолади. Ваҳоланки, Расулимизнинг суннатларига эргашиш Аллоҳнинг буйруғидир:

«Ким Расулга итоат қилса, Аллоҳга итоат қилган бўлади» (Нисо сураси, 80-оят).

Умуман олганда, васила ҳам худди шундай. Расулуллоҳни васила қилишимиз ҳам Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг буйруғидир.

Расулуллоҳни васила қилиш ширк бўлганида Аллоҳнинг Ўзи Расулини бизга воситачи, қиёмат кунида улуғ шафоат эгаси қилмаган бўларди. «Саҳиҳайн»да келганидек, Қиёмат куни барча одамлар ёрдам сўраб, ўз пайғамбарининг олдига борганида пайғамбарлар уларни навбатма-навбат қайтаришади. Ниҳоят, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан бошқа шафоатчи топа олмай қоладилар. Агар Расулуллоҳни васила қилиш ширк бўлганида, Аллоҳ шундай кунда у зотни шафоатчи қилмаган бўлар эди.

Дўстларим! Агар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га иймон келтирган бўлсангиз, билингларки, ана шу иймонни кучайтирадиган воситангиз – Расулуллоҳга муҳаббатингиздир. Расулуллоҳнинг муҳаббатига олиб борадиган йўл ҳақида сўрасангиз, унинг йўллари жуда кўпдир. Лекин энг асосий йўл – у зотнинг сизларга нисбатан муҳаббатининг даражасини ўрганишингиз, Қиёмат куни сизларга шафоатчи бўлиш учун Аллоҳга қанчалар илтижо қилганларини билишингиздир.

У кишининг қайта-қайта қилган илтижоларига Аллоҳ таолонинг қандай жавоб берганига эьтибор беринг:

«Ва тезда Роббинг сенга ато қилур ва сен рози бўлурсан» (Зуҳо сураси, 5-оят).

Расулуллоҳ Аллоҳдан нимани сўраган эдилар? Бойлик ёки хазина сўрадиларми? Ёки Аллоҳ берган даражани кўпайтиришни сўрадиларми?

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Аллоҳдан сўраган нарса – умматларининг гуноҳини мағфират қилишдир. Бунга бутун уммат жам бўлиб иттифоқ қилган.

Шуни билган инсон қалбига Расулуллоҳга муҳаббат уруғларини экишни бошлайверсин. Зеро, муҳаббатга бошловчи энг катта йўл мана шуни билишдир.

Сиз ҳам Аллоҳнинг тўғри йўлидан адашган анави кимсалардан бўлсангиз, яъни Аллоҳ таоло Расулини бизларга раҳмат воситаси қилганини тан олишдан бош тортсангиз, бунинг маъноси шуки, сиз қалбингиздаги Расулуллоҳга муҳаббат илдизларини қуритиб бўлибсиз.

Ушбу сўзларим учун Аллоҳдан мағфират сўрайман.

Муҳаммад Саъид Рамазон ал-Бутийнинг жума хутбасидан

1996 йил 8 август 

«Эшонгузар» жомеъ масжиди имом-хатиби Абдуллажон Ғуломов таржимаси.

2016 йил 29 декабрь

Мавзуга оид мақолалар
ФАЗОВИЙ КАНАЛЛАРНИ АЛЛОҲ  ЙЎНАЛТИРГАН НАРСА УЧУН ИШЛАТИШ Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло дунё ҳаётида яратган барча неъматини инсоннинг фаровон турмуши учун пайдо давоми...

05:51 / 03.04.2019 4606
Қандай жараён тарбия жараёни деб аталади Тарбия кенг маънода ёшларнинг, инсонларнинг объектив ва субъектив таъсирлар асосида ахлоқий, ақлий, амалий, жисмоний давоми...

00:43 / 19.10.2016 4440
Савол Расулуллоҳ соллаллаҳу алайҳи васалламнинг бўйлари қандоқ эди         Жавоб Пайғамбарлар султони Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам халқ давоми...

23:01 / 04.12.2017 3381
  Экстремист лотинча сўз  бўлиб, ўта яъни ижтимоийсиёсий характердаги муаммоларни ҳал этишда, ўта кескин чоратадбирлар фикрқарашларни ёқловчи назариядир. Диний давоми...

03:31 / 07.02.2018 1490