Эрнинг аёли олдидаги бурчлари

0 4 606

Эрнинг аёли олдидаги бурчлари

Уламоларимиз эрнинг хотини олдидаги бурчлари тўғрисида келган барча ҳужжат ва далилларни ўрганиб чиқиб, қуйидаги хулосага келганлар.

Эрнинг хотини олдидаги бурчлари икки қисмга бўлинади:

  1. Молиявий бурчлар.
  2. Муомалавий бурчлар.

Молиявий бурчлар маҳр, нафақа ва тўйдан иборат.

  1. Маҳр бурчи.

«Маҳр» ақди никоҳ ёки эр‑хотин бўлиш баробарида эр зиммасига юкланадиган ва хотинга бериш лозим бўлган молдир.

Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида шундай деб марҳамат қилади:

  وَآتُواْ النَّسَاء صَدُقَاتِهِنَّ نِحْلَةً فَإِن طِبْنَ لَكُمْ عَن شَيْءٍ مِّنْهُ نَفْسًا فَكُلُوهُ هَنِيئًا مَّرِيئًا۝

«Аёлларга маҳрларини кўнгилдан чиқариб беринг. Агар улар ундан бирор нарсани чин кўнгилдан тутсалар, бас, уни енглар. Ош бўлсин, офият бўлсин» (4‑оят).

Ушбу ояти карима маҳр бериш эрга вожиб эканини англатувчи тўртта оятдан биридир. Ақди никоҳ бўлиши билан, гарчи қовушмай туриб ажрашадиган бўлсалар ҳам, эрга маҳр бериш вожиб бўлади. Лекин маҳр бериш никоҳнинг шарт ёки рукнларидан эмас. Усиз ҳам никоҳ боғланаверади, олди-берди кейинроқ бўлса ҳам, зарари йўқ.

Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида бундай дейди:

فَمَا اسْتَمْتَعْتُم بِهِ مِنْهُنَّ فَآتُوهُنَّ أُجُورَهُنَّ فَرِيضَةً

«Улардан баҳраланишингиз ҳисобига фарз қилинган маҳрларини уларга беринг» (24‑оят).

Маҳр келиннинг турмуш қуришга рози бўлгани, хотин бўлиб, бир ёстиққа бош қўяётганини тақдирлаш сифатида берилади. Маҳр бериш фарздир. Бусиз никоҳ никоҳ бўлмайди. Олдинми, кейинми, озми, кўпми, барибир, маҳр бериш керак.

Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида шундай деб марҳамат қилади:

 فَانكِحُوهُنَّ بِإِذْنِ أَهْلِهِنَّ وَآتُوهُنَّ أُجُورَهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ

«Уларни аҳлларининг изни ила маҳрларини маъруф ила бериб, никоҳингизга олинг» (25‑оят).

Жўнгина «маҳрларини беринг», деб қўймасдан, «маъруф ила»нинг қўшиб айтилиши ҳам муҳим ҳикмат аҳамият касб этади.

Маҳр тўғрисидаги маълумотларни аввал зикр қилганмиз.

  1. Нафақа бурчи.

Никоҳдан сўнг хотиннинг нафақаси эрга вожиб бўлади. «Нафақа» сўзи луғатда «яхшиликка маблағ чиқариш» маъносини англатади. Шариатда эса, ўз қарамоғидаги шахсни етарли кийим, таом ва маскан билан таъминлашдир.

Нафақанинг эрга вожиб бўлиши Қуръон, суннат, ижмоъ ва ақл ила собит бўлган.

Қуръондан далиллар:

Аллоҳ таоло «Талоқ» сурасида шундай деб марҳамат қилади:

 لِيُنفِقْ ذُو سَعَةٍ مِّن سَعَتِهِ وَمَن قُدِرَ عَلَيْهِ رِزْقُهُ فَلْيُنفِقْ مِمَّا آتَاهُ اللَّهُ لَا يُكَلِّفُ اللَّهُ نَفْسًا إِلَّا مَا آتَاهَا سَيَجْعَلُ اللَّهُ بَعْدَ عُسْرٍ يُسْرًا۝

«Ризқи кенг кенглигидан нафақа қилсин. Кимнинг ризқи тор қилинган бўлса, унга Аллоҳ берганидан нафақа қилсин. Аллоҳ ҳеч бир жонга Ўзи берганидан ортиқчани юкламас. Аллоҳ қийинчиликдан сўнг тезда осонликни берур» (7‑оят).

Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида бундай дейди:

 وَعلَى الْمَوْلُودِ لَهُ رِزْقُهُنَّ وَكِسْوَتُهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ

«У(она)ларни маъруф ила едириб, кийинтириш отанинг зиммасидадир» (233‑оят).

Аллоҳ таоло «Талоқ» сурасида бундай деб марҳамат қилади:

 أَسْكِنُوهُنَّ مِنْ حَيْثُ سَكَنتُم مِّن وُجْدِكُمْ

«У (аёл)ларга ўзингиз яшаб турган жойдан имконингиз борича жой беринг» (6‑оят).

Суннатда келган далиллар:

عَنْ جَابِرٍ  قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ  فِي حَجَّةِ الْوَدَاعِ: …فَاتَّقُوا اللهَ فِي النِّسَاءِ. فَإِنَّكُمْ أَخَذْتُمُوهُنَّ بِأَمَانِ اللهِ، وَاسْتَحْلَلْتُمْ فُرُوجَهُنَّ بِكَلِمَةِ اللهِ. وَلَكُمْ عَلَيْهِنَّ أَنْ لَا يُوطِئْنَ فُرُشَكُمْ أَحَداً تَكْرَهُونَهُ، فَإِنْ فَعَلْنَ ذَلِكَ فَاضْرِبُوهُنَّ ضَرْباً غَيْرَ مُبَرِّحٍ. وَلَهُنَّ عَلَيْكُمْ رِزْقُهُنَّ وَكِسْوَتُهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ… رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ وَمَالِكٌ

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам видолашув ҳажида дедилар:

«…Бас, аёллар ҳаққида Аллоҳдан қўрқинглар! Чунки сиз уларни Аллоҳнинг омонати ила олгансизлар. Уларнинг фаржларини Аллоҳнинг калимаси ила ҳалол қилиб олгансизлар. Сизлар учун уларнинг зиммасида сиз ёмон кўрган бирор кишига тўшакларингизни бостирмаслик мажбурияти бор. Агар ўшани қилсалар, уларни ачитмайдиган қилиб уринглар. Улар учун сизнинг зиммангизда маъруф йўл билан ризқлари ва кийимларининг мажбурияти бор…».

Муслим, Абу Довуд ва Молик ривоят қилганлар.

عَنْ حَكِيمِ بْنِ مُعَاوِيَةَ الْقُشَيْرِيِّ t قَالَ: قُلْتُ يَا رَسُولَ اللهِ، مَا حَقُّ زَوْجَةِ أَحَدِنَا عَلَيْهِ؟ قَالَ: أَنْ تُطْعِمَهَا إِذَا طَعِمْتَ وَتَكْسُوَهَا إِذَا اكْتَسَيْتَ أَوِ اكْتَسَبْتَ، وَلَا تَضْرِبِ الْوَجْهَ وَلَا تُقَبِّحْ وَلَا تَهْجُرْ إِلَّا فِي الْبَيْتِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ.

Ҳаким ибн Муовия Қушайрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Эй Аллоҳнинг Расули, биримизнинг хотинининг унда нима ҳаққи бор?» – дедим.

«Қачон таомлансанг, уни ҳам таомлантирасан. Қачон кийим кийсанг, (ёки мол касб қилсанг) уни ҳам кийинтирасан. Юзга урмайсан. Ҳақоратламайсан ва уйдан бошқа жойда ҳижрон қилмайсан», – дедилар у Зот».

Абу Довуд ва Насаий ривоят қилганлар.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا: أَنَّ هِنْدًا بِنْتَ عُتْبَةَ قَالَتْ: يَا رَسُولَ اللهِ، إِنَّ أَبَا سُفْيَانَ رَجُلٌ شَحِيحٌ وَلَيْسَ يُعْطِينِي مَا يَكْفِينِي وَوَلَدِي إِلَّا مَا أَخَذْتُ مِنْهُ وَهُوَ لَا يَعْلَمُ، فَقَالَ: خُذِي مَا يَكْفِيكِ وَوَلَدَكِ بِالْمَعْرُوفِ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ.

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Ҳинд бинту Утба:

«Эй Аллоҳнинг Расули, Абу Суфён ўта бахил одам, унга билдирмай олганимдан бошқа менга ва боламга кифоя қиладиган ҳеч нарса бермайди», деди.

«Ўзингга ва болангга етарлисини тўғриликча ол», дедилар у зот.

Икки шайх ривоят қилганлар.

Барча уламолар аёлларнинг нафақаси эрларига вожиб бўлишига иттифоқ қилганлар. Аёл киши эрнинг хизматларини қилганидан кейин, унинг измида бўлганидан кейин, албатта, унинг нафақаси эрга вожиб бўлади.

Нафақа ҳақида қуйидаги масалаларни билиб олиш ва уларга ихлос билан амал қилиш оила ва унинг аъзолари учун ўта муҳимдир:

  1. Нафақанинг миқдори иккисининг ҳолига қараб бўлади. Ҳар иккиси бой бўлса, бойликка яраша, камбағал бўлса, камбағалликка яраша бўлади. Эр бой, хотин камбағал ёки аксинча бўлса, икки ҳолнинг ўртасида бўлади. Агар хотин отасининг уйида бўлса ҳам ёки эрнинг уйида бемор бўлса ҳам.

Ҳар бир оила ўзининг иқтисодий ҳолидан келиб чиқиб, хотиннинг нафақасини белгилаши керак. Эрлар мумсиклик қилмасликлари, хотинлар талабни ҳаддан ташқари кучайтирмасликлари лозим.

Ҳозирги кунимизда эркакларнинг кўпчилиги аёлларини нафақа билан таъминлаш борасидаги бурчларини шараф билан адо этаётганлари қувончли ҳолат. Лекин баъзи ҳолатларда хотинларга нафақа масаласида зулм бўлаётганлиги ҳақида шикоятлар ҳам кўп. Яна айрим эркаклар, хотинини нафақа билан таъминламаётгани етмагандек, «Бошқаларнинг хотини ишлаб пул топаётибди, сен ҳам мени боқасан», деб телевизор кўриб ётишибди. Бу эса чидаб бўлмайдиган ҳолдир.

Фақиҳ уламолардан нақл қилинган «Агар хотин отасининг уйида бўлса ҳам ёки эрнинг уйида бемор бўлса ҳам» деган жумла ҳам бугунги кунимизда алоҳида эътиборга лойиқ бўлиб қолди. Кўпчилик хонадонларда келин бемор бўлиб қолса, отасиникига олиб бориб қўйишни фарз ёки вожиб деб англаётганлар ҳам йўқ эмас. Ота‑она, қариндошлар ёки таниш-билишлар хотини бемор бўлган эркакка: «Аёлинг бемор бўлибди, отасиникига олиб бор», дейишади. Яна келин тузалган куннинг ўзидаёқ уни қайтариб олиб келишга амр қилишдан хижолат ҳам бўлишмайди. Чунки бу нарса одатга айланиб қолди. Аслида, бетоб бўлган келинни отасиникига олиб бориб ташлаш ўзини билган ҳар бир шахс учун ор, номус бўлиши керак. Балки мабодо, келин отасиникида бемор бўлиб қолса ҳам, эр уни ўз уйига олиб келиб, даволаши лозим.

Эр зиммасидаги хотин учун вожиб нафақалар беш қисмдир:

А. Таом.

Бунга озиқ-овқат, ичимлик ва таомга қўшиб ейиладиган (сирка, ёғ ва шунга ўхшаш) нарсалар ҳамда таом пишириш учун кетадиган барча маҳсулотлар киради. Таомнинг миқдори етарли бўлиши керак, мазкур миқдор эрнинг бой-камбағаллигига қараб белгиланади.

Б. Кийим.

Етарли даражада, бир сидирға кийим-бош доимо бўлиши керак. Ҳанафий ва Шофеий мазҳабларида: «Ҳар олти ойда бир сидирға янги кийим олиб берилади», дейилган.

В. Маскан.

Эр ўз хотинини маскан – турар жой билан таъминлаши вожиб. Маскан эрнинг молиявий имконияти даражасида бўлади. Шу билан бирга, маскан тўлиқ жиҳозланган, унда яшаш учун керакли ҳар бир нарса бўлиши лозим.

Г. Агар хотин хизматкор ишлатиб юрадиган тоифадан бўлса, хизматкор солиб бериш ҳам унинг нафақасига киради.

Д. Тозалик асбоб-анжомлари ва уйнинг керакли матоҳлари.

  1. Агар эр моли бўла туриб, аёлига нафақа қилмаса, қози уни қамашга ҳукм чиқаради. Аёл талаб қилса, эрнинг бошқа мулклари сотилиб, унинг нафақаси берилади. Эр ноиложликдан нафақа бера олмаса, қамалмайди.
  2. Ўзбошимчалик билан уйидан чиқиб кетган, қарз учун ҳибсга олинган, куёвнинг уйига касаллиги туфайли келтирилмаган, мажбурланган (олиб қочилган) ва эрисиз ҳаж қилган аёлга нафақа йўқ.

Аёл агар эри билан бирга ҳаж қилса, шунда ҳам сафар ва киранинг нафақасига эмас, муқимлик ҳолатида оладиган нафақасига ҳақлидир.

  1. Бой эрга хотин учун бир ходимнинг нафақаси ҳам вожиб бўлади. Саҳиҳ қавлга биноан, камбағал эрга бу нарса вожиб бўлмайди.
  2. Эрнинг нафақадан ожизлиги учун оралари ажратилмайди. Аёлга эрнинг ҳисобидан қарз олиш амр қилинади.

Эр нафақа беришга ожиз бўлса ҳам, хотинидан ажратилмаслигининг ҳужжати қуйидагича.

Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида марҳамат қилади:

 وَإِن كَانَ ذُو عُسْرَةٍ فَنَظِرَةٌ إِلَى مَيْسَرَةٍ

«Агар ночор бўлса, бойигунча кутишдир» (280‑оят).

Демак, ночор одамнинг бойишини кутиш керак. Ночорлиги учун бошқа чора кўриш дуруст эмас.

Аллоҳ таоло «Нур» сурасида шундай деб марҳамат қилади:

 وَأَنكِحُوا الْأَيَامَى مِنكُمْ وَالصَّالِحِينَ مِنْ عِبَادِكُمْ وَإِمَائِكُمْ إِن يَكُونُوا فُقَرَاء يُغْنِهِمُ اللَّهُ مِن فَضْلِهِ وَاللَّهُ وَاسِعٌ عَلِيمٌ۝

«Ораларингиздаги никоҳсизларни ва қулу чўриларингиздан солиҳларини никоҳлаб қўйинг. Агар фақир бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазлидан бой қилур. Аллоҳ Восиъ ва Алиймдир» (32‑оят).

Оятда фақирлик никоҳга тўсиқ бўла олмаслиги таъкидланмоқда.

  1. Кимга камбағаллигига қараб нафақа юкланган бўлса-ю, кейин бойиса, агар хотин талаб қилса, бойлигига мос нафақа ила тўлатилади.

Аксинча, бойлигида нафақа белгиланса-ю, кейин камбағал бўлиб қолса, камбағаллик даражасига қараб нафақа қисқартирилади.

  1. Ўтган муддатнинг нафақаси соқит бўлади.

Эр маълум муддат нафақа бермай юрган бўлса, кейин уни тўлаши лозим бўлмайди.

  1. Илло, қози тайинлаган ёки икковлари бир нарсага келишган бўлсалар, ўтган муддатникини ҳам бериш вожиб бўлади. Бунда икковлари ҳам тирик бўлиши шарт. Агар бири вафот этган ёки аёлни нафақани олишидан аввал талоқ қилган бўлса, тайинланган нарса соқит бўлади. Бироқ аёл қозининг амри ила қарз олган бўлса, соқит бўлмайди.
  2. Муддатидан олдин берилган нафақа, икковларидан бири муддатдан олдин вафот этса, қайтариб олинмайди.

Мисол учун, бир киши хотинининг бир йиллик нафақасини олдиндан бериб қўйди. Аммо бир йил ўтмасдан, икковларидан бири вафот этди. Шунда нафақа қайтариб олинмайди.

  1. Хотиннинг маскани эрнинг аҳлидан бирор киши бўлмаган уйда бўлиши шарти ила эрга вожиб бўлади. Ҳаттоки, эрнинг бошқа хотинидан бўлган боласи ҳам бўлмаслиги керак. Илло, аёл рози бўлса, майли.

Агар эр хотинни ҳеч ким йўқ уйга жойлаган бўлса-ю, хотин эр ураётгани ва озор бераётгани ҳақида қозига шикоят қилса ва ўзининг солиҳ қавмлар орасида жойлаштирилишида ёрдам сўраса, қози хотиннинг гапи тўғрилигига амин бўлса, эрни зажр қилади ва хотинга тажовуз қилишдан қайтаради. Аммо эрнинг хотинга озор бермаётганига гувоҳлар бўлса, тек қўяди. Агар атрофда ишончли кишилар бўлмаса ёки улар эрга тарафдор бўлсалар, қози хотинни солиҳ қавмлар орасига кўчиришни эрга мажбурий амр қилади.

  1. Эрнинг ҳовлисидаги алоҳида, қулфланадиган уй аёлга кифоя қилади.

Яъни бир ҳовлида бошқа уйлар ва кишилар бўлса ҳам, алоҳида яшаш учун лозим қулайликлари бор уй бўлса, етади.

  1. Эр хотиннинг олдига у(хотин)нинг ота‑онасини ва бошқа эрдан бўлган боласини киритмасликка ҳақли.

Чунки уй уники ва у ўз уйини ўзи хоҳлаганича тасарруф қилиш ҳаққига эга.

  1. Хотинга истаган пайтларида назар солишларидан ва гапиришларидан (қариндошларни) ман қилишга (эрнинг) ҳаққи йўқ.

Чунки силаи раҳмни кесишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

  1. «Эр аёлни ҳафтада бир марта ўз ота‑онасининг олдига чиқишидан ва уларни аёлнинг олдига киришларидан ман қила олмайди» деган гап бор. Ота‑онадан бошқа маҳрамлар йилига бир марта. Ва шуниси тўғри.

Маҳрамларнинг зиёратига оид сўз айтган машойихлар ичида «мазкур муддат бир ойдан ошмаслиги лозим», деган уламолар ҳам, «бир ҳафтадан ошмаслиги лозим», деган уламолар ҳам бор.

  1. Fойибнинг хотинининг, боласининг ва ота‑онасининг нафақаси унинг молидан фақат уларнинг ҳаққи бўлган жинсдан тайин қилинади.

Fойиб – йўқолиб қолган одам. Унинг молидан фақат хотини, боласи ва ота‑онасининг нафақасини қози белгилаб беради. Бошқа қариндошларнинг нафақаси соқит бўлади. «Уларнинг ҳаққи бўлган жинсдан» дегани «уларга зарур бўлган нарсалардан» деганидир. «Мана буни сотиб, ишлатарсизлар», деб бошқа нарсаларни бериб бўлмайди.

  1. Бунда мол омонатга қўйилган, музорабада қатнашган бўлмаслиги ёки қарзга олган кишининг ҳузурида бўлиши ва у(эр) буни эътироф қилиши шарт. Шунингдек, никоҳнинг эътирофи ҳам бўлиши ёки қози буларни билиши лозим.

Яъни, қози мол, никоҳ ва насабни билса, нафақа ҳақидаги ҳукмни чиқараверади. Чунки қозининг билими ҳам ҳужжат ҳисобланади ва у ўз ўрнида бу билан ҳукм чиқариш ҳаққига эга.

  1. Қози аёлга эр унинг нафақасини бермаганлиги ҳақида қасам ичтиради ва ундан кафолат талаб қилади.

Аёлнинг қасам ичирилиши эр ғойиб бўлишидан олдин унга нафақасини берган бўлиши ва аёл қозини алдаётган бўлиши эҳтимоли борлиги учундир. Кафил эса мабодо эр келиб, аёлга нафақасини кераклигича қолдириб кетганини исбот қилиб қолса, тўлаб бериши учун талаб қилинади.

  1. Fойибга нафақани юклаш учун ҳужжат келтиришни талаб қилмайди ва аёлга эр номидан қарз олишни амр қилади. Никоҳ ҳақида ҳукм чиқармайди. Имом Зуфар: «Нафақа ҳақида ҳукм чиқаради, никоҳ ҳақида чиқармайди», – деган. Бугунги кунда қозилар эҳтиёж юзасидан шунга амал қиладилар.

Чунки бунда одамларга енгиллик бор.

  1. Ражъий ва боин талоқ қилинган, озод бўлгандаги ва балоғатга етгандаги каби маъсиятсиз хиёр туфайли ёки куфув бўлмагани учун ажрашган аёлга нафақа ва маскан берилади.

Бу ҳукмга қуйидаги далиллар мавжуд:

Аллоҳ таоло «Талоқ» сурасида шундай деб марҳамат қилади:

 أَسْكِنُوهُنَّ مِنْ حَيْثُ سَكَنتُم مِّن وُجْدِكُمْ

«У (аёл)ларга ўзингиз яшаб турган жойдан имконингиз борича жой беринг» (6‑оят).

Қуйидаги ҳадис ҳам шу маънода келган:

عَنْ أَبِي إِسْحَاقَ t قَالَ: كُنْتُ جَالِسًا مَعَ الْأَسْوَدِ بْنِ يَزِيدَ فِي الْمَسْجِدِ الْأَعْظَمِ وَمَعَنَا الشَّعْبِيُّ، فَحَدَّثَ الشَّعْبِيُّ بِحَدِيثِ فَاطِمَةَ بِنْتِ قَيْسٍ أَنَّ رَسُولَ اللهِ r لَمْ يَجْعَلْ لَهَا سُكْنَى وَلَا نَفَقَةً، فَأَخَذَ الْأَسْوَدُ كَفًّا مِنْ حَصًى فَحَصَبَهُ بِهِ، وَقَالَ: وَيْلَكَ تُحَدِّثُ بِمِثْلِ هَذَا؟! قَالَ عُمَرُ بْنُ الْخَطَّابِ t: لَا نَتْرُكُ كِتَابَ اللهِ وَسُنَّةَ نَبِيِّنَا لِقَوْلِ امْرَأَةٍ لَا نَدْرِي لَعَلَّهَا حَفِظَتْ أَوْ نَسِيَتْ، لَهَا السُّكْنَى وَالنَّفَقَةُ. قَالَ عَزَّ وَجَلَّ: — -. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ.

Абу Исҳоқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Асвад ибн Язийд билан катта масжидда ўтирган эдим. Биз билан Шаъбий ҳам бирга эди. Шаъбий Фотима бинту Қайснинг ҳадисини айтиб, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга маскан ҳам, нафақа ҳам буюрмаганлар», деди.

Шунда Асвад бир кафт майда тошни олиб, уларни унга отди-да:

«Шўринг қурисин! Шундай гапни ҳам айтасанми?! Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: «Ёд олгани ёки унутганини билмаганимиз бир аёлнинг гапи деб, Аллоҳнинг Китобини ва Набийимизнинг суннатини тарк қилмаймиз. Ундай аёлга маскан ҳам, нафақа ҳам берилади. Аллоҳ азза ва жалла «Уларни уйларидан чиқарманг ва ўзлари ҳам чиқмасинлар. Магар очиқ-ойдин фоҳиша иш келтирсалар», деган», деди», деб айтди».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

  1. Вафотдан, ридда (муртадлик) ҳамда эрнинг ўғлини ўпиш каби маъсият туфайли ажрашишдан кейин идда сақловчига нафақа берилмайди.

Чунки вафотдан кейинги идда эрнинг ҳаққи учун эмас, балки шариатнинг ҳаққи учундир. Маъсият қилганда эса, айб хотинда бўлганлиги учун унга яхшилик қилинмайди.

  1. Уч талоқ қилинганнинг муртад бўлиши нафақани соқит қилади, эрнинг ўғлига имкон бериши эмас.

Чунки муртад бўлган аёл тавба қилиши учун қамалади. Қамалган аёлга нафақа берилмайди. Эрининг ўғлига ўзига яқинлашишга имкон беришда эса бу ҳолат йўқ.

III. Хотиннинг шарафига тўй қилиш.

Эрнинг ўз жуфти ҳалолининг шарафига тўй қилиб бериши хотин олдидаги учинчи молиявий бурчидир. Бу иш мустаҳабдир. Бу ҳақда аввал батафсил кўриб, таҳлил қилиб ўтганмиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари уйланганларида тўй қилганлари ва эркак саҳобаларни ҳам тўй қилишга буюрганларини далил қилиб келтирганмиз.

Мулоҳаза:

Ҳар бир мусулмон эр ўзининг аёли олдидаги молиявий бурчлари ҳақидаги ушбу таълимотларни жону дили билан, яхшилаб ўрганиши, қабул қилиши ва уларга ихлос билан амал қилиш ўзи учун саодат манбаи эканини англаб етиши лозим. Шунда бошқалар учун одат бўлган оила ҳаёти унинг учун ибодат даражасига кўтарилади. Мисол учун, эр «аёлимнинг нафақаси шариат бўйича менга вожиб эди, шуни бажаришим керак» деб, аёлига нафақа топиш учун ҳалол касб билан ишлаб юрар экан, вожиб ибодатни адо этаётган киши сифатида ажр ва савоб олади.

عَنْ عَامِرِ بْنِ سَعْدٍ، عَنْ أَبِيهِ أَنَّ النَّبِيَّ r قَالَ لَهُ: إِنَّكَ مَهْمَا أَنْفَقْتَ عَلَى أَهْلِكَ مِنْ نَفَقَةٍ فَإِنَّكَ تُؤْجَرُ فِيهَا، حَتَّى اللُّقْمَةَ تَرْفَعُهَا إِلَى فِي امْرَأَتِكَ. رَوَاهُ أَحْمَدُ.

Омир ибн Саъддан, у отасидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Албатта, сен аҳлингга ҳар қандай нафақа қилсанг, унга ажр оласан. Ҳаттоки, аёлингнинг оғзига тутган луқмада ҳам».

Имом Аҳмад ривоят қилган.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ t قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ r: دِينَارٌ أَنْفَقْتَهُ فِي سَبِيلِ اللهِ، وَدِينَارٌ أَنْفَقْتَهُ فِي رَقَبَةٍ، وَدِينَارٌ تَصَدَّقْت بِهِ عَلَى مِسْكِينٍ، وَدِينَارٌ أَنْفَقْتَهُ عَلَى أَهْلِكَ، أَعْظَمُهَا أَجْرًا الَّذِي أَنْفَقْتَهُ عَلَى أَهْلِكَ. رَوَاهُ أَحْمَدُ وَمُسْلِمٌ .

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Бир динорни Аллоҳнинг йўлида нафақа қилдинг. Бир динорни қул озод қилишга нафақа қилдинг. Бир динорни мискинга нафақа қилдинг. Бир динорни аҳлингга нафақа қилдинг. Энг ажри улуғи аҳлингга нафақа қилганингдир».

Аҳмад ва Муслим ривоят қилганлар.

Ушбу ҳадисдан аҳлу аёлни нафақа билан таъминлаш қанчалик шарафли ва савобли иш эканини англаб олиш қийин эмас.

muslimaat.uz

 

Баҳам кўринг

Leave A Reply