Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юксак хулқ эгаси (8 мақола)

0 135

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юксак хулқ эгаси

Бисмиллаҳ, деб бошлай Аллоҳ номи билан,

Расулуллоҳ суннатларин ёзмоқ учун олдим қалам.

Бизни йўқдан бор қилган ул Қодир Худо,

У Зотнинг улуғлиги қадар ҳамду сано.

Улуғ, пок ва беайбдирсан, Роббим Аллоҳ.

Ўзингдирсан бу дунёда ёлғиз Илоҳ.

Мақтов бўлсин жами мулкинг баробарча,

Ҳамд йўллаймиз биздан рози бўлгунингча.

Етти осмон, етти ернинг Робби Сенсан,

Ўзингдирсан Таврот, Инжил, Фурқон берган.

Ўзингдирсан бандаларга неъмат берган,

Ожиз банданг мен ҳам Сенга сано дерман!

Ул набийлар афзали Муҳаммад мустафо,

Мукаммалу, тугал салавотлар бўлсин!

Яхшиликлар пешвоси ул Расулуллоҳ,

Мусулмонлар йўлбошчиси Набийуллоҳ.

Лавҳул-маҳфуз ҳали яралмасдан бурун,

Сарвари Олам этиб танланган Мурсалин.

Оламларга раҳмат этиб юборилган,

Даражаю, мақомлари кўтарилган.

Ул Расулдир раҳмат бўлиб нур таратган,

Нури ила зулматларни ҳам ёритган.

Наслу насаби пок бўлган Расулуллоҳ,

Исмоилга авлоддир ул Расулуллоҳ.

Исмоилдан Қурайшгача неча авлод,

Келди-кетди, ўтиб кетди неча аждод:

Фиҳр-Қурайш, Ғолиб, Луай, Каъб, Мурра,

Килоб, Қусай, Абдуманноф, Ҳошим, Шайба.

Шайба кейин ўзга номда машҳур бўлиб,

Атамишдир унинг номин Абдулмуттолиб.

Абдуллоҳдир Расулуллоҳнинг отаси,

Ваҳб қизи Оминадир волидаси.

Туғилмасдан отасидан етим қолган,

Олти ёшда онасидан ҳам айрилган.

Болаликда қўйлар боқиб, чўпон бўлган,

Балоғатда сафар қилиб, савдо қилган.

Шул замонда Қурайш Каъба таъмир қилган,

Низо чиқиб, Расулуллоҳ ҳакам бўлган.

Муҳаммаднинг ҳикматини кўринг бунда,

Ўттиз бешга кирган эди Расул шунда.

Шараф учун Қурайш аҳли тортишарди,

«Қоратошни биз қўямиз!» деб айтишарди.

Фикр қилиб, Қурайш аҳли шуни билди,

«Битта ҳакам тайинлаш шарт» – қарор қилди.

«Бани Шайба эшигидан ким кирса гар,

Ҳакам бўлиб устимизда ҳукм қилар».

Ўшал дамда шул эшикдан Расул кирди,

«Розийна», деб аҳли Қурайш тикка турди.

Ростгўйлигу аминликда тенгсиз Расул,

Чопонини ечиб ерга қўймиш Расул.

Қоратошни олиб аста қўймиш унга,

Айтдиларки: «Оқсақоллар, келинг мунда».

Оқсақоллар ушлаб чопон чеккасидан,

Кўтардилар биргалашиб, ёппасига.

Бул шарафга эришдилар барчалари,

Бутун Қурайш оқсоқоли ҳаммалари.

Ушбу ишда кўринг Расул маҳоратин,

Ул Расулга Аллоҳ берган иноятин.

Ул раҳматан лил оламийн бўлиб келган,

Ҳар бир ишда ҳаммамизга ўрнак бўлган.

Ушламоқ шарт Расулуллоҳ суннатларин,

Шунда бизни Расул айтур «умматларим».

Бул хусусда айтай яна бир ҳикоят,

Ҳикоятдан олармиз кўп фойда, албат.

Расулуллоҳ аҳлоқида безанмаган,

Бадхулқларни билки, Расул ёқтирмаган.

Бир кун чўлда кетаркан бир ғофил одам,

Қаршисидан бадбашара чиқар шу дам.

Одам ундан ҳайиқибон савол сўрди,

Ул саволга бадбашара жавоб қилди.

Саволим шу: «Эй биродар, айтгил кимсан?»

Жавоб шуки: «Сенинг ёмон амалингман».

Ул жавобдан ўшал одам нола қилди,

Ўшал жавоб юрак бағрин пора қилди.

Ўз аҳволин тушунди ул ғофил шу дам,

«Қутиларман айтгил сендан нима қилсам?»

Бадбашара айтди: «Уйғон ғофил одам,

Айтганимга амал қилсанг, бўлмассан кам.

Қутилмоқлик йўли бордир мендан билгин,

Баён айлай айтганимга амал қилгин.

Бу дунёга раҳмат бўлган ул Муҳаммад,

Ҳақ Расулга эргашиб сен бўлгин уммат.

Ул Ҳазратни аҳлоқига эга бўлгин,

Расулуллоҳ суннатига амал қилгин.

Фазилатли амал билсанг, гўзал аҳлоқ,

Энг оғир тош Ҳақдан қўрқмоқ, гўзал аҳлоқ.

Қиёмат кун амалларинг тортилганда,

Ул аҳлоққа эга бўлсанг, кўпдир фойда.

Яна айтай қулоқ солгин ғофил банда,

Ул Ҳазратга салом йўлла, қилма канда.

Ўтирсанг ҳам турсанг ҳам сен салом айтгин,

Юрсанг, ҳатто ётсанг ҳам сен салом айтгин.

Ул Расулга салом йўллаш хосияти,

Улуғ Раҳмон сизга қилган инояти.

Сув оловни ўчирса гар билки қандай,

Ул салавот гуноҳингни ювар шундай.

Гар умматдан кимки эрта-саҳар,

Пешиндами ёки аср, кечки маҳал,

Ҳақ Расулга беш юз салом йўлласа гар,

Ул бандага ҳеч фақирлик қилмас назар.

Жума куни саксон марта салом айтсанг,

Саксон йиллик гуноҳ ювар Расул айтган.

Гар ҳожатинг раво бўлмай иш боғланса,

Салавот айт, ғам-андуҳда қалб доғланса.

Бу дунёни яратган ул Қодир Раҳмон,

Ўлдирар У, жон берар У, ёлғиз Субҳон.

Баён қилмиш улул азм анбиёга,

Калимуллоҳ, сўзлашгувчи ул Мусога:

«Агар Менга яқин бўлишни истасанг,

Ул Ҳабибим Муҳаммадга салавот айт».

Салавотсиз ўтмасин бил ҳеч бир кунинг,

Дуруд айтмай ўтказмагил ҳеч бир тунинг.

Салавотда билсанг агар фойда кўпдир,

Салавотсиз  билсанг, инсон хасу чўпдир.

Дуоларнинг ижобатидир салавот,

Расулуллоҳ шафоатидир салавот.

Бадбашара насиҳати шундай бўлди:

«Гўзал аҳлоқ билан бирга салавот айт».

Ғаззолийда келган бу гўзал ҳикоят,

Расулуллоҳга бўлсин дуруд, салавот.

Мен ушбуни ёздим сизга ибрат учун,

Агарки ким фойда олса, дуо қилсин.

Мен Хуршидий, бир гуноҳкор ожиз банда,

Ҳақ таоло иймонда қил, кетар дамда…

Хуршид ЭРКАБОЕВ

Баҳам кўринг

Leave A Reply