Каъбага тенгдир кўнгил (5 мақола)

0 171

КАЪБАГА ТЕНГДИР КЎНГИЛ

(Фарзандимга насиҳат)

Аллоҳга бўлсин сано,

Пайғамбарга салавот!

Яратган амри билан

Нур ёғдирсин самоват.

“Кимки бир унутилган

Суннатимга жон бергай,

Юз шаҳид мақомида

Савобга эга бўлгай!”

Деб айтганлар умматга

Шафоат тилаган зот.

Жаннатни орзу қилсанг,

Суннатларга бўлма ёт:

Ҳар ишни бошлаганда

“Басмала”ни унутма.

Бисмиллоҳсиз иш қилсанг,

Хайру барака кутма!

Саломдир сўзнинг боши,

Салом – энг гўзал дуо!

Буни бизга ўргатган

Зот – Муҳаммад мустафо.

Катта-кичик ажратмай,

Аввал салом бергин сен.

Расулуллоҳ суннатин

Ер юзида ёйгин кенг!

Чеҳрангда нур таратсин,

Табассум умринг бўйи.

Савобдан маҳрум қолма,

Қошу қовоғинг уюб…

Таҳоратда юрмоқлик

Билсанг, энг гўзал суннат.

Яқинлашолмас шайтон

Ҳамда минг бир хил иллат.

Зикр бўлсин ҳамроҳинг

Юрган, турган, ётганда.

Ҳамд айтишни унутма

Ҳар битта тонг отганда!

Оғзинг хушбўй таратсин,

Мисвокла тишларингни.

Бир калити бу эрур,

Ухровий ишларингнинг.

“Силаи раҳим” отлиғ

Арқонни ушла маҳкам.

Севинтир дийдор билан

Қалб уйин айлаб чаман!

Етимларнинг бошини

Сила, холисан-лиллаҳ.

Жаннатда қўшнинг бўлур

Суюкли Расулуллоҳ.

Ёлғон сўздан бўл йироқ,

Олов-чўғдан қочгандек.

Пурмаъно бўлсин сўзинг,

Дуру инжу сочгандек!

Еганда луқма-таом,

Албат, ҳалолин танла.

Ҳаромдан қайтарганлар

Пайғамбаримиз, англа.

Есанг-ичсанг, ўнг қўлда

Бажар, шул эрур суннат.

Чап билан шайтон егай,

Бу ишдан сақлан, албат!

Таомдан олдин-кейин

Қўл ювишни унутма.

Бунда барака бордир,

Сен ўзга йўлни тутма!

Ерга тушса, нон-увоқ

Тупроқ узра қолдирма.

“Басмала” айтиб уни

Ол, шайтонга олдирма!

Ҳар суннатда шифо бор:

Ўтириб ол, сув ичсанг.

Сўнгра уч бўлиб ичгил,

Идишга нафас бермай.

Кийинсанг, ўнгдан бошла,

Ечсанг, чап аввал бўлсин.

Янги либос-чун ҳамд айт,

Савоб дафтаринг тўлсин!

Янги кийим кийганда,

Кибр-ла кўкрак керма.

Шайтон фурсат пойлайди –

Сен асло имкон берма!

Исмни гўзал қўймоқ –

Ота-онага бурчдир.

Гўзал от қиёматда

Соҳибига севинчдир!

Ҳадялашиш ҳам суннат,

Зиқналик-ла тарк этма.

Каъбага тенгдир кўнгил,

Сен ундан йироқ кетма!

Аллоҳ фарзанд неъматин

Берганида, чекинма.

Бир суннатдан узилиб

Сўнг минг бора ўкинма!

“Ал исраф – минал ҳаром!”

Деганлар Ҳабибуллоҳ.

Меъёрни ушла доим,

Буюрган Набийуллоҳ!

Қўлинг узун бўлса гар,

Йўқсиллар ҳолин англа.

Синалсанг фақирлик-ла,

Фақат Аллоҳдан тила!

Муборак зотдан келган

Сўзлардан тердим маржон.

Қалбингга муҳрласин,

Энг меҳрибон Зот – Раҳмон!

Расулуллоҳ суннатин

Тирилтир, яшат, болам.

Шунда эшигин очар

Саодатли бир Олам!..

(Аллоҳумма солли ъала саййидина ва набиййина Муҳаммад!)

Гулбаҳор АБДУЛЛОҲ

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Баҳам кўринг

Leave A Reply