Вақтнинг қадрига етайлик

0 653

ВАҚТНИНГ ҚАДРИГА ЕТАЙЛИК

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар:

“Қиёмат кунида то тўрт нарсадан сўралмагунича банданинг қадами жойидан жилмайди: умрини қандай ўтказгани, ёшлигида нима қилгани, молини қаердан топиб нимага сарф қилгани, илмига қай даражада амал қилгани” (Имом Термизий ривояти).

Барчамизга маълумки, инсон ихтиёридаги энг қимматли нарса унинг вақтидир. Чунки, йўқотилган ҳар қандай нарсани топиш мумкин, аммо зое кетган вақтни орқага қайтаришнинг сира иложи йўқ. Шундай экан ҳар бир оқил мусулмон ўз вақтини катта бир хазина деб билмоғи, унинг озгинасига ҳам бепарво бўлмай, вақтнинг қадрига етиши, ҳар бир ишни ўз вақтида бажаришга аҳамият бермоғи лозим.

         Аллоҳ таоло Қуръони каримда мўминларнинг икки дунёда нажот топишлари учун лағв (яъни беҳуда сўз ва ишлар)дан батамом юз ўгиришлари лозимлигини баён қилиш билан вақтни беҳуда ўтказмасликка тарғиб қилади (Муъминун сураси, 3-оят).

Бундай яхшилаб ўйлаб қаралса, мўмин кишининг зиммасида адо этиши лозим бўлган бурчу вазифалар унинг вақтидан кўра кўпроқ, Аллоҳнинг берган неъматлари шукрини адо этишга бир инсоннинг умри етмайди. Шундоқ экан, вақтни зое ўтказишга фурсат йўқ, азизлар. Беҳуда ўтказилган ҳар бир дақиқа охиратда инсоннинг зарарига ҳужжат бўлишини англамоғимиз даркор.

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ ҳикматларидан бирида бундай дейилади: “Ҳар куни тонг ёришганда Ҳақ томонидан бир жарчи: “Эй Одам боласи! Мен янги кунман, сенинг барча амалингга гувоҳман. Мендан солиҳ амаллар қилиб фойдаланиб қол, чунки то қиёматгача қайтмайман”, деб жар солади.

         Ислом динида вақтнинг қадри баланд бўлгани учун ҳам тонгда эрта уйғонишга тарғиб қилинган. Мусулмон кишининг кундалик ҳаёти фажр (эрта тонг) вақтидан бошланиши, бомдод намозидан сўнг то қуёш чиққунича бўлган вақтда барака борлиги алоҳида аҳамиятга молик. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй, Аллоҳим, умматимнинг тонггига барака бергин”, деб дуо қилганлар (Имом Абу Довуд ривояти).

Фотима онамиз розияллоҳу анҳо айтадилар: “Мен тонг отганда ўрнимда ётган эдим, шу вақт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўтиб қолдилар ва оёқлари билан мени туртиб: “Ҳой қизгинам, тур ўрнингдан, Раббингнинг ризқини қарши ол, ғофиллардан бўлма. Албатта, Аллоҳ таоло одамларнинг ризқини тонг отгандан қуёш чиққунича бўлган вақт оралиғида тақсим қилади”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).

Дарҳақиқат, вақтига нисбатан жиддий қарайдиганлар билан унга бепарволар айни мана шу вақтда ажралиб қолади.

         Ҳақиқий мусулмон киши вақтнинг қийматини яхши англайди. Чунки вақт унинг умри, вақтнинг ўтиши умрнинг ўтиши демакдир. Баъзи кишилар бекорчиликдан, вақтлари ўтмаётганлигидан шикоят қилишади, вақт ўтказиш учун турли хил ўйинлар ўйлаб топишади. Аслида эса ўша вақт унинг умрини қисқартираётганини англаб етмайди. Поездда кетаётган киши учун гўё фақат поезд юраётгандек, у эса бир жойда ўтиргандек туюлади. Аслида-чи, поезд ўзи билан уни ҳам олиб кетяпти-ку! Одамлар вақтларини ўйин-кулгу билан ўтказадилар, тақдиру ажал эса ўзгармайди, улар ўтмишларини унутиб юборадилар, аммо амалларининг заррачаси ҳам ҳисобсиз қолмайди.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

(Ўша) кунда Аллоҳ уларнинг барчаларини қайта тирилтириб, (дунёда) қилган амалларининг хабарини берур. У (амаллар)ни Аллоҳ ҳисоблаб қўйган. Улар эса унутиб юборганлар. Аллоҳ барча нарсага гувоҳдир”  (Мужодала сураси, 6-оят), деб марҳамат қилган.

         Демак, ҳар биримиз вақтнинг қадрига етиб, ундан унумли фойдаланмоғимиз ҳамда буни кучли иймон ва ҳақиқий тақвонинг белгиси, деб билмоғимиз лозим. Зеро, умр инсонга бир марта берилар экан, унинг ҳар бир дақиқаси ғанимат ва ҳисоблидир. Охиратда зое кетказилган умр учун афсус-надомат чекилиб, бу дунёга яна бир марта қайтиш сўралганида: “…Ахир, Биз сизларга эслатма оладиган киши эслатма олгудек узун умр бермаганмидик?! Сизларга огоҳлантирувчи (пайғамбар) ҳам келган эди-ку!…”, дея Қуръонда хабар берилган (Фотир сураси, 37-оят).

         Аллоҳ таоло барчаларимизни тавфиқу ҳидоятда бардавом айласин.

 

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ, Юнусобод тумани бош имомхатиби,

Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,«Мирза Юсуф» жоме масжиди имомхатиби

 

Баҳам кўринг

Leave A Reply