Очкўзликнинг оқибати
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ОЧКЎЗЛИКНИНГ ОҚИБАТИ 

Кунларнинг бирида бир очкўз Исо (алайҳиссалом) ҳузурларига келиб: – Эй Исо! Сен билан биродар бўлиб, суҳбатингга шерик бўлишни истайман, – дебди. Бағрикенг, очиқкўнгил Пайғамбар унинг истагини қабул қилибди:

– Майли, юр, сен билан бир саёҳатга чиқайлик, – дебдилар. Йўл юришибдир, йўл юрса ҳам, мўл юришибди. Узоқ юриб, бир жойга етганларида қоринлари очибди. Бир дарё бўйида дам олишга қарор қилишибди. Ёнларида уч дона юпқа нон бор экан, холос. Ўтириб, иккисини битта-биттадан тановул қилишибди. Ҳазрати Исо бир оз ўтиргач, дарё бўйига бориб, таҳорат олиб келибдилар. Қарасалар, қолган битта нон йўқ. – Қолган нон қани? – дея мулойимгина қилиб сўрабдилар.

Очкўз эса: – Худо урсин! Кўрганим йўқ, – деб жавоб берибди. Нима бўлганда ҳам Пайғамбар эмасмилар, очкўзга ҳеч нарса демабдилар. Яна йўлга тушишибди. Анча-мунча йўл юришибди. Улар йўлда икки болали бир кийикни кўрибдилар. Исо (алайҳиссалом) кийик болаларидан бирига: «Кел, буёққа, бўталоғим» деб чақирибдилар. Кийик боласи ҳам оҳиста-оҳиста қадам ташлаб яқинлашибди. Кейин эса уни сўйиб, пишириб ейишибди. Еб бўлишгач, Исо (алайҳиссалом) кийикка қараб: – Аллоҳнинг изни ила тирил! – дебдилар. Кийик боласи ҳам тирилибди ва онаси томон чопиб кетибди. Ҳазрати Исо ёнидаги очкўзга юзланиб: – Сенга мана шу мўъжизани кўрсатган Роббинг ҳаққи сўрайман: бояги нонни ким олганди? – дебдилар. Номард, ёлғончи яна уялмай-нетмай: – Худо урсин! Мен билмайман, – дебди. Ҳазрати Исо ноилож «Ла ҳавла...»ни ўқиб, йўлда давом этибдилар. Икковлон бир оз йўл юришгач, бир дарё бўйига етиб келишибди. Оқкўнгил Пайғамбар ёнидаги очкўз шеригининг қўлидан тутибди, сув устидан юриб, дарёдан чўкмай ўтиб олишибди. Қирғоққа чиқишгач: – Сенга шу мўъжизани кўрсатган Роббинг ҳаққи сўрайман, ўша нонни ким олган эди? – дебдилар.   Жавоб яна «билмайман» бўлибди. Яна юришда давом этишибди. Қумли бир жойга бориб, ерга ўтиришибди. Ҳазрати Исо қумларни қўллари билан йиғиб, катта бир кўринишга келтирибдилар ва: «Аллоҳнинг изни ила олтинга айлан!» деб буюрибдилар. Қум уюми шу оннинг ўзидаёқ ялтираб, кўзни қамаштирадиган олтинга айланибди. Олтинни уч бўлакка бўлибдилар ва очкўзга қараб: – Бир бўлаги менга, бир бўлаги сенга, яна бир бўлаги эса ўша нонни олганга, – дебдилар. Очкўз кўзлари косасидан чиққудек бўлиб: – Мен олдим, мен олдим. Ўша нонни мен еган эдим! – дебди. Исо (алайҳиссалом): – Олтинларнинг барчаси сеники бўлсин, деб дунёпараст, пасткаш, ёлғончи ҳамроҳни ўша ернинг ўзида тарк қилибдилар. Ғофил эса молу дунё мастлигидан ўзига сиғмай: – Ҳайҳот, олтинларнинг барчаси меники энди, бой бўлдим, бадавлат бўлдим! – деб хурсандлигидан осмонга учай деб турганида, ўзига ўхшаган очкўз, ваҳший икки киши кўринибди. Олтинларидан айрилиб қолмаслик, ўз жонини асраб қолиш учун: – Ёлвораман, мени ўлдирманглар. Олтинлар ҳаммамизники, бўлишамиз. Мол-дунёнинг нима қадр-қиймати бор? Муҳими – инсонийликдир. Лекин ошқозонимиз қўнғироқ чаляпти. Олдин орамиздан биримиз шаҳарга тушиб, бозордан нон билан ҳолва олиб келсин. Аввал қоринни тўқлаб, кейин олтинларни бўлишайлик, – дебди. Шаҳарга кетган ҳам ўзича режа тузиб: – Нима, мен аҳмоқманми, ноннинг орасига фақат ҳолва солиб келиб?  Ундан кўра заҳар соламан-да, иккисини ҳам ўлдириб, олтинларни бир ўзим оламан... – дея ўйлабди. Уни кутиб ўтирганлар ҳам:

– Учга бўлиб нима қилдик? Ҳолва келтиргач, ҳолвасини еб, унинг ўзини ўлдирамиз-да, олтинларни иккига бўламиз, – дейишибди. Шаҳарга кетган егулик билан қайтгач, икковлон уни тинчитишибди-да, ўз ишларидан мамнун ҳолда ҳолвани заҳарли нон билан ея бошлашибди. Сал ўтмай иккаласи ҳам олтин уюми ёнида итдек титраб-қақшаб жон беришибди. Орадан бир муддат ўтгач, Ҳазрати Исо (алайҳиссалом) ҳамроҳлари билан улар олдидан ўтаётиб: – Мана шу кўриб турганингиз – дунёдир! Ундан эҳтиёт бўлинглар. Унга алданиб, ор-номус, қадр-қийматингизни йўқотманглар, – деб насиҳат қилибдилар.

                                                                           Абдуллоҳ Раҳимбоев таржимаси.

 
Мавзуга оид мақолалар
Кунлар ўтиб борарди. Ясриб Мадинага айланганидан буён ҳамма нарса ўзгарган, гуллаётган эди. Тиканлар давоми...

03:25 / 26.01.2017 3632
Халқ табобати Шарқда минг йиллардан буён одамларни табиблар даволаб келишади. давоми...

06:57 / 25.11.2016 11162
Фарзанд тилаб, қабристонга бориб, шайхига «ниёз» қилиш, яъни ундан дуо сўраб, «Фарзанд кўрсак, шу ерда эҳсон давоми...

14:53 / 20.11.2016 2708
Сен Роббингга суяниб талаб қилган нарса тўхтаб қолмас. Сен ўзингга суяниб талаб қилган нарса осон давоми...

10:06 / 27.12.2017 4161