Мазҳабсизликнинг салбий оқибатлари ва уни олдини олишнинг бугунги кундаги аҳамияти
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 Мазҳабсизликнинг салбий оқибатлари ва уни олдини олишнинг бугунги кундаги аҳамияти

         Ҳозирги даврда, энг аввало, ахборот чегараларининг барҳам топишида ўзлигини намоён қилаётган глобаллашув шароитида ва бир пайтлар халқаро муносабатлар мазмунини белгилаган икки қарама-қарши куч — социализм ва капитализм ўртасидаги ўзаро курашнинг барҳам топиши натижасида экстремизм ва терроризм мамлакатлар, минтақалар ва умуман дунё хавфсизлигига асосий тахдид сифатида биринчи ўринга чиқди. Қўпорувчилик фаолиятининг турли кўринишларини ўз ичига олган инфраструктурани шакллантирган ва ривожлантирган мазкур икки дунёқараш ўртасидаги кураш ҳозирда турли хил кучларни бирлаштирган кўп қутбли дунёнинг мазкур инфраструктурага қарши курашидек шакл-шамойил касб этмоқда.

         Бугунги кунда Ислом динига нисбатан бутун дунёда қизиқиш ва интилиш кучайиб, унинг шуҳрати  янада  кенг  ёйилаётганлиги ҳаммага маълум. Аммо буни кўра олмайдиганлар томонидан бунга қарши турли найранглар ўйлаб топилаётганлиги ҳеч кимга сир бўлмай қолди. Мусулмонлар орасида фитна қўзғаб, ўзаро келишмовчиликларни келтириб чиқариш ва жамият ҳаётида барқарорликни издан чиқаришда Исломни нотўғри талқин қилиб, унинг номидан турли нотўғри ғоя ва оқимларни пайдо қилиш энг  сермаҳсул қуролга айланиб қолди. Айни шу асосда мазҳабсизлик муаммоси ҳам пайдо бўлганлиги эҳтимолдан холи эмас.

         Мазҳабсизлик ғояси асрлар давомида ўтган минглаб олимларнинг қилган меҳнатларини бекорга чиқаради. Асрлар давомида барча мусулмонлар амал қилиб келган анъана нотўғри, шунча мусулмон адашган экан, деган хулоса келиб чиқади. Бундай бўлиши мумкин эмас, буни тилга олишнинг ўзи қийин. Бу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатига ҳам тўғри келмайди, зеро у киши шундай марҳамат қилади: «Аллоҳ умматимни бирор залолатга жамламас». Бошқа бир ҳадисда «Мусулмонлар яхши деб билган нарса Аллоҳнинг ҳузуруда ҳам яхшидир», – дейилган. Бу даъват мазҳаблар моҳияти ва қийматини умуман билмасликдир.

         Ўзбек халқи суннийликнинг мўътадил мазҳаби ханафийликнинг бағрикенглиги билан сиёсий-иқтисодий, илмий-маданий ҳамда маънавий юксалишга қўлай шароитлар яратиб келган. Ханафийлик ўз тарихий тараққиётининг барча босқичларида мусулмонларнинг ҳамжиҳатлиги, ўзаро иноқлиги ва бирлигини таъминлаш учун курашиб келган.  У мусулмонлар орасидаги ҳар қандай фирқачиликка қарши бўлиб, қавмнинг диний эътиқод белгилари бўйича гуруҳларга бўлиниш ғоясини ҳеч қачон тан олмаган.

         Ушбу ғоянинг салбий оқибатлари юртимизнинг ўтган яқин тарихида ҳам яққол намоён бўлади. Халқимиз ўз мустақилигини қайтадан қўлга киритганидан сўнг динимизга кенг йўллар очиб берилди. Диний маърифий соҳаларда турли мусулмон давлатлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Аммо шу билан бирга четдан мазҳабсизлик ғояси ҳам кириб келди. Улар ўзларининг нотўғри, аммо зоҳирда гўзал даъватларига бир қанча юртдошларимизни ишонтиришга улгурди. Улар халқимизнинг азалдан амал қилиб келаётган ҳанафийлик мазҳабини нотўғрига чиқарди. Бу эса ҳанафий мазҳабига амал қилувчиларнинг эътирозига сабаб бўлди.

Натижада мусулмонлар ўртасида низо, тортишув юз бериб, ихтилофлар авжига чиқди. Ҳали динни тўлиқ билмайдиган, Қуръоннинг таржима ва тафсири у ёқда турсин, уни тўғри ўқий олмайдиган юртдошларимизнинг диний ҳукмлар ҳақида тортишиб, бир-бирини адашганга чиқаришларига сабаб бўлди.

         Турли хил ихтилоф ва келишмовчилик таъсирида ўз яқинларидан, халқидан ва юртидан норози кайфиятда бўлган диний экстримизмга мойил «кадрлар» пайдо бўлди. Улар энди нафақат мазҳабга амал қилувчилар билан, балки ўзаро бир-бирлари билан ҳам келишмас эди. Уларнинг ўзлари ҳам турли номсиз фирқаларга ажралиб кетди. Бундан эса турли экстремистик руҳдаги ғаразли кучлар унумли фойдаланди. Ўлкамизга четда шаклланган ва маълум тарихга эга бўлган радикал оқимлар кириб келди ва тарқоқ номсиз фирқаларни ўзларига қўшиб олди. Натижада «Ҳизбут таҳрир», «Акромийлар»,  «Туркистон Ислом ҳаракати», «Жиҳодчилар» каби экстремистик руҳдаги гуруҳлар пайдо бўлди.   

         Шунинг учун ҳам Рамазон ал-Бутий «Мазҳабсизлик – Ислом шариатига таҳдид солиб турган энг катта бидъат» деб айтгани бежиз эмас эди. Ҳозирги кунимизда ҳали ҳам юртдошларимиз ичида билиб-билмай ушбу ғоянинг таъсирида юрган кишиларнинг мавжудлиги сабабли бу ғояни диний-маърифий асосда чуқур ўрганиб, унинг асл моҳиятини очиб бериш, уни одамларга, халқимизга тўғри тушунтириб бериш ва шу йўл билан мазҳабсизлик салбий оқибатларини олдини олиш бугунги кундаги муҳим ва долзарб вазифалардан бўлиб қолмоқда. Шу билан бирга, мазҳабларнинг асл моҳияти, уларнинг бебаҳо қиймати, хусусан, халқимиз азалдан амал қилиб келаётган ҳанафий мазҳабини халқимизга, ёшларимизга тушунтириш зарур.

Ҳозирда у Туркиядан тортиб Индонезиягача ҳудуддаги  давлатларда асосий  мазҳаб ҳисобланади. Ўзбекистонда у ΙХ-Х асрларда қарор топди. Ўзбекистондаги ҳанафий мазҳаб ўзига хосдир. Зеро Муҳаммад Шайбоний (749-805) Абул – Муъин Насафий, Имом Мотурудий каби  ватандошларимиз бу таълимотни янги тараққиёт босқичига кўтарганлар, энг муҳими, минтақа шароитига мослаштирганлар.

         Моликий мазҳабининг ватани  Мадина бўлгани учун унинг Ҳижозда тарқалиши табиий эди. Ҳар йили ҳаж мавсумида Шимолий Африка ва Андалусия олимлари Мадина уламолари билан алоқа қилгани туфайли бу мазҳаб у ерларга ҳам ёйилиб, Андалусияда зоҳирий мазҳабини сиқиб чиқарди. Моликий мазҳаби ҳозирги кунларда ҳам Марокаш, Жазоир, Тунис, Ливияда этакчи мазҳаб сифатида сақланиб келмоқда. Шунингдек, у юқори Миср ва Судан ҳамда Баҳрайн, Бирлашган Араб Амирликлари ва Кувайтга ўз нуфузини ёйди. Бошқа қатор мамлакатларда ҳам муайян миқдорда моликий мазҳабининг издошлари мавжуд. Миср ва Суданда йирик моликий жамоалари мавжуд. Кам миқдорда моликийлар деярли барча мусулмон давлатларида яшайдилар.

Шофеийлик тарқалган ҳудудлар:  Миср мазкур янги мазҳабнинг ватани бўлгани учун у ерда бу таълимот чуқур илдиз отгани табиийдир.

         1517 йили Усмоний турклар томонидан Мисрга ҳанафий мазҳаби киритилади. Ҳозирги кунда суд маҳкамаларида шахсий мақом борасида ҳанафий мазҳаби татбиқ этилса-да, кўп мисрликлар, айниқса, қишлоқ жойларда ўз диний урф-одатларида шофеий мазҳаби анъаналарига содиқ қолганлар. Фаластин ва Иорданиянинг аксарият мусулмонлари, Сурия, Ироқ, Ҳижоз, Покистон, Ҳиндистон, Индонезия ҳамда Эрон ва Ямандаги сунний мусулмонлар ҳам шундай қиладилар.

         Шофеий мазҳаби мураккаб мантиқий таҳлилни талаб қилувчи ҳанафий мазҳабидан ва Мадина фиқҳий мактабининг ҳуқуқий мажмуасини тўлиқ билишни талаб қилган моликий мазҳабидан фарқ қилади. Айнан мана шу нарса бу мазҳабнинг Сурия,  Ироқ  ва  Мисрда чуқур илдиз тарқалишига ва мусулмон давлатларига ёйилишига имкон берди.

         Ҳанбалийлик тарқалган ҳудудлар. ХХ асрда Сауд оиласининг ҳукумат тепасига қайтиши Саудия Арабистонида ҳанбалий мазҳабини расмий мазҳаб сифатида таъсис этилишига олиб келди. Шунингдек, ҳанбалийлик Қатарда расмий мазҳаб ва Фаластин, Сурия, Ироқ ва яна бошқа жойларда ўз издошларига эга. 

                  Хулоса қилиб айтганда, тўрт фиқҳий мазҳаблар юқорида таъкидлаганимиздек, баъзи жузъий масалалардагина фарқланадилар, холос. Шунингдек бир фиқҳий мазҳаб ичида ҳам турли фикрлаш кенг миқёсда йўлга қўйилган. Мисол учун Ҳанафий мазҳабида баъзи масалаларда Имом Абу Ҳанифанинг шогирдлари у кишининг фатволаридан бошқача фатво чиқарганлар ва шогирднинг фатвосига амал қилинган.

         Лекин фуқаҳоларнинг бу фикр эркинликлари зулм ва жавр ила баъзи кишилар томонидан ихтилоф, деб номланган. Аслида бу иш ихтилоф эмас, кўпфикрликдир. Масалани ҳал қилишда афзал ва осон йўлни танлашга уринишдир. Айни пайтда бу кўпфикрлилик юксак одоб доирасида бир-бирини ҳурмат қилган ҳолда йўлга қўйилган. Мунозара одоблари ишлаб чиқилган ва бу бобда китоблар ҳам битилган. Буларнинг ҳаммаси фикр ва сўз эркинлигининг самарасидир.

         Мазҳабсизлар Қуръони Карим ва суннатдан шаръий ҳукмларни чиқаришда ўзларининг қадимги маслакдошлари бўлмиш «Зоҳирийлик» мазҳабининг йўлини тутганлар.

         Ҳеч ким мазҳабларни фақат шу тўрт мазҳабга чеклаб қўймаган, балки тарихий шароит шуни тақозо қилган.

         Мазҳаблар орасидаги ихтилоф ақидавий ихтилофлар каби шариат ман этган ихтилоф эмас, аксинча улар мусулмонлар учун раҳмат. Бу ихтилофлар саҳобий ва тобеинлар орасидаги ихтилофларнинг узвий давомидир.

Мазҳаб имомларининг саҳиҳ ҳадис ҳақидаги гаплари Имом Бухорий ва Муслим каби саҳиҳ ҳадислар тўпламида мазҳабга тўғри келмайдиган масалаларда мазҳабни ташлаб, ҳадисга эргашиш керак дегани эмас, бу гаплар фақат жуда ҳам кам кишилар бажара оладиган шартларга жавоб бера оладиган мазҳаб ичидаги мужтаҳидларга ва мутлоқ мужтаҳидларга қаратилган.

         Мазҳабсизлик жамият ҳаётида ихтилоф ва жанжалларни келтириб чиқаради ва бунинг натижасида турли радикал оқимларга мойил «кадрлар» етишиб чиқади. Бирдамлик ва барқарорликка салбий таъсир этади. Бугунги кунда мазҳабсизликнинг олдини олишнинг маънавий, диний ва маърифий асосларига алоҳида аҳамият бериш лозим.

                                                                                   Хадичаи Кубро аёл-қизлар  ўрта махсус Ислом билим юрти      3-курс   талабаси

Тоҳирова Мухлисахон

 
Мавзуга оид мақолалар
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларни мўътадил равишда зийнатланиб, атирупалар билан лозим давоми...

09:25 / 15.11.2016 8124
  Толеъ йўқи жонимға балолиғ бўлди, Ҳар ишники, айладим хатолиғ бўлди. Ўз ерни қўйиб, Ҳинд сори юзландим, Ё давоми...

15:37 / 17.02.2017 4347
Вақт мусулмонлар ҳаётидаги энг аҳамиятли нарсалардан биридир. Вақт ҳаёт демакдир. Ўтаётган ҳар дақиқаю давоми...

13:40 / 01.12.2016 2455
   Ҳазратимнинг сўнгги Ҳаж зиёратлари ҳақида Оминахон Муҳаммад Юсуф тайёрлаган фоторепортаж ҳамда сафар давоми...

13:02 / 14.02.2017 5942