Тарбияли она

0 1 510

Фарзанд тарбияси ҳақида аёллар жуда кўп савол берадилар. Шу сабаб саҳифамда Ризоуддин бин Фахруддин қаламларига мансуб » Тарбияли она» рисоласини ёзиб бораман. Бу рисола фарзанд тарбиялашдек энг машаққатли ва энг эзгу вазифани ўз зиммаларига олган тарбияли оналар ҳақида. Бундан кимдир фойда олса каминани хаққига ҳам дуо қилиб қўйсалар...

                                                                                                                    Марям Эшмуҳаммедова

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.
Барча инсонларни дунёга келтирувчи оналардир. Буни ўзингиз ҳам яхши биласиз. Бу инсонларнинг қай бири ёмон, қай бири яхши, қай бири одобли, қай бири одобсиз, қай бири билимли ва қай бири билимсиздирлар. Уларнинг яхши ва ёмон бўлишларида оналарнинг ҳиссалари улуғдир.
Тарбияли оналарнинг болалари кўпинча яхши ва тарбияли бўлади. Одобсиз ва тарбиясиз оналарнинг болалари кўп ҳолларда ёмон ва тарбиясиз бўлади. Тарбияли оналар битмас-туганмас хазина, бу дунёдаги бахт ва саодатдир.
Кўпчилик камбағал, лекин тарбияли онаси бўлган хонадонлар энг бой хонадонлардан ҳисобланади. Ниҳоятда бой бўлгани ҳолда оналари тарбияли бўлмаган хонадонларнинг барчаси камбағалдир.
Тарбияли оналар фақат ўз болаларига эмас, балки барча мусулмонлар учун ҳурматли оналардир. Оналарнинг хизматлари жуда оғир ва машаққатлидир. Улар зиммасидаги хизматларни ёзиб битириб, сўз билан баён қилиб тугатиб бўлмайди. Инсонлар олма, апельсин ё лимон кўчатларини парваришлаб ўстирган боғбонларни мақтагандек, яхши бола тарбиялаб вояга етказган оналарни ҳам ҳамма мадҳ этади.
Тарбияли оналар дунёнинг энг бебаҳо ва ҳурматли инсонларидир. Охиратда ҳам жаннатнинг йўлбошчилари улар бўлади. Тарбияли оналар ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: » Жаннат оналарнинг оёғи остидадир», деганлар. Хўш тарбияли оналар кимлар эканини биламизми? Шунинг учун қандай хотинлар тарбияли оналардан саналишини қисқача баён этамиз.

 

Тарбияли оналар фарзандларига шариат буюргандек яхши тарбия берадилар. Фарзандларини Аллоҳ Таоло томонидан ўзларига топширилган бебаҳо омонат деб билиб, уларни асраш учун жону танлари билан тиришадилар. Бола тарбиялашнинг энг гўзал, энг шарафли вазифа санаб, ажрини Аллоҳдан кутадилар. Фарзанд тарбиялашни улуғ ибодат ва эзгу амаллар билан баробар эканини ёдда тутиб, Аллоҳга шукр қиладилар. Болаларни яхши тарбияламоқ учун доимо Аллоҳдан ёрдам сўраб, илтижо ва дуо қиладилар.
Болалар дунёга келган онларидан бошлаб тарбияга муҳтож бўлади. Тарбияли оналар болаларини салқин ва иссиқ ҳаводан сақлаш учун мунтазам ҳаракат қиладилар. Шунингдек, уларнинг таналари, кийим-бошларини доимо эҳтиётлаб, озода тутадилар.
Тарбияли оналар болаларининг ҳар бир ҳаракатини тартибга солади. Вақтида эмизадилар, ўз вақтида ухлатадилар ва уйғотадилар ҳамда болаларини ўзлари тарбиялайдилар. Мумкин қадар бошқа бировнинг қўлига топширмасликка ҳаракат қиладилар. Чунки ҳеч ким болани ўз онасидек меҳр-муҳаббат билан тарбия қилолмайди. Ўз онасидек тарбиялашда энг меҳрибон бўлган сут онаси ёки энагалар ҳам ожиз қоладилар. Шунингдек, бола беш ёшга тўлмагунча меҳрибон оталар ҳам оналаридек бўла олмайдилар. Болаликда олган тарбияни болалар кўпинча сочлари оқаргунча ҳам унутмайдилар. Шунинг учун тарбияли оналар болаларини яхши тарбиялашга муттасил тиришадилар.

  Табиблар аввал касални аҳволини аниқ билиб, кейин даволашга киришганларидек, тарбияли оналар ҳам энг аввало болаларини аҳволини ва табиатини яхши билиб, сўнгра уларни тартибга ўргатиш учун ақл ва кучларини тўла ишга соладилар. Болаларни гўё хамир каби бир ҳолдан иккинчи ҳолга келтирадилар. Агарда бола ўжар бўлиб, хоҳлаган нарсасини қиладиган, унга қаршилик кўрсатилса, йиғлаб, инжиқланадиган бўлса, бундай вақтда тарбияли оналар бола хоҳлаб сўрайдиган нарсаларни унга кўрсатмасликка ҳаракат этадилар. Худди шунингдек, хотирасида қолганларини ҳам унуттиришга уринадилар. Шу йўл билан боланинг ўнғайсизланиш ҳолатининг олди олинади.

  Агарда бола тортинчоқ ва нисбатан ялқов бўлса, бундай пайтда унинг кўнгли ва кўзи тушадиган нарсаларни кўрсатиб, қизиқтирадилар. Тарбияли оналар энг аввал ўзларини болаларига ғайратли ва меҳрибон қилиб танитадилар. Улар болаларини алвасти, жин, олабўжи, ит, бўри кабилар билан қўрқитмайдилар.

  Тарбияли оналарнинг болалари оналарининг ўзидан ҳайиқадилар. Ҳар қандай ҳолатда ҳам оналарига мурожаат қиладилар. Ўзларини ҳақиқий асраб-авайлаб, зарарли ва кераксиз нарсалардан сақловчи деб оналарини биладилар.

  Тарбияли оналар катталар ҳузурида қилиш мумкин бўлмаган ишларни болаларнинг олдида ҳам қилмайдилар. Катталар ҳузурида сўзлаш мумкин бўлмаган сўзларни болалар олдида сўзлашдан ҳам сақланадилар. Шунингдек, болаларини ёлғон гапиришларига  ўрганиб қолишларига сабаб бўладиган ишни қилмайдилар.

———————————————————————————————————————-

Тарбияли оналар ўзларининг юриш-туришлари ва хатти-ҳаракатлари билан болаларига доимо намуна ва андоза бўладилар.

Тарбияли оналар болаларига ёлғон гапиришдан сақланадилар. Бола ҳар қандай нарсани сўраган тақдирда ҳам ростини айтадилар. Агар айтиб бўлмайдиган нарсани сўраса, бирор йўлини топиб, унутдирадилар.
Тарбияли оналар болаларига бақириб-чақириб қичқирмайдилар, асло урмайдилар. Чунки тарбияли оналарнинг болалари бундай ишларни қилмайдилар. Оналари бунинг олдини оладилар. Қайси йўл билан бўлса ҳам чорасини топиб, танбеҳ эшитишга лойиқ бўладиган ишларни қилдирмайдилар.
Тарбияли оналар доимо болаларининг хулқини кўркам, гўзал бўлишига ҳаракат қиладилар. Шунинг учун гарчанд бундай оналарнинг болалари ташқи кўриниши гўзал бўлмаса ҳам, “унчалик чиройли эмас. Лекин жуда меҳрли ва суюмли” деб мақталадилар.
Тарбияли оналар болаларига оталарини энг ҳурматга лойиқ киши деб танитадилар. Оталари қанчалик юмшоқ табиатли бўлса ҳам, энг зўр, энг улуғ ва энг ғайратли киши сифатида танитадилар. Шу боис лозим бўлса, болаларни оталаридан ҳайиқишга ўргатадилар. Лекин болаларнинг айбларини ўзларининг олдиларида ҳеч ҳам оталарига айтмайдилар.
Тарбияли оналар болаларига тарбияли болалар ва тарбиясиз болалар қандай сифатларга эга бўлишини тушунтириб берадилар. Тарбияли болаларни ҳамма яхши кўришини ва тарбиясиз болаларни ҳеч ким яхши кўрмаслигини англатиб, шу йўл билан аста-секин болаларига тарбияли болаларни севимли ва тарбиясиз болаларни севимсиз қилиб кўрсатиб борадилар. Шунинг учун тарбияли оналарнинг болалари “ундай бўлма, бундай бўлма” каби буйруқ ва танбеҳларга ҳожат қолдирмай, ўзлари ниҳоятда тарбияли бўлишга тиришадилар.
Тарбияли оналар ҳеч қачон болаларига жин, алвасти, дев ва шунга ўхшаш фойдасиз нарсалар ҳақида сўзлаб бермайдилар. Болага энагалик қилувчиларга ҳам буни тайинлайдилар. Тарбияли оналарнинг болаларига сўзлаб берадиганлари уларнинг феъл-атворларини гўзаллаштирадиган, зеҳнларини чархлашга ёрдам берадиган нарсалар бўлади.
Тарбияли оналар болаларини мадраса, мактаб ёки боғчага олиб бориш, шунингдек, ўқитувчи ва домлалар билан қўрқитмайдилар. Ўқиш, илм ўрганишни қўрқинчли нарса қилиб кўрсатмайдилар. Балки айтиб ўтилган нарсаларни яхши ва севимли машғулот сифатида кўрсатадилар ва билдирадилар. Оталар болаларини ўқитиш учун мактабларга юбориш ҳаракатига тушганда тарбияли оналар оталарга ёрдамчи бўладилар.
Болаларининг мактабга боришини, қунт билан ўқишларини бундай оналар улуғ камолот деб санайдилар. Шунинг учун мактаб ёшига етган фарзандларини кечиктирмай, узоқ ерларга бориб бўлса ҳам ўқишларига қувонадилар. Мактабдан қайтган фарзандларини дарслари, қандай жавоб берганликлари билан қизиқиб, яхши жавоб берган бўлсалар суядилар. Уларнинг қалбида илмга муҳаббат уйғотадилар. Аллоҳга шукр қилиб, уларни дуо қиладилар.
Тарбияли оналар  вақт топиб болаларига уй-рўзғор юмушлари, уй-жой тутишни оз-оздан ўргатиб борадилар. Қизларига кучи етадиган даражадаги уй ишларини қилдирадилар. Тикиш-бичиш, идиш-товоқ тутиш, дастурхон безатиш, овқат тайёрлаш каби ишларни ўргатадилар.
Бепарволик, ўлда-жўлдалик ва озодаликка риоя қилмаслик барча учун камчилик саналса ҳам, қизлар учун сира кечириб бўлмайдиган камчиликдир.  Шунинг учун тарбияли оналар қизларини озодаликка, саранжом-саришталикка одатлантирадилар.
Тарбияли оналар болаларига вақти-вақти билан ўйнагани, сайр этгани рухсат  берадилар. Лекин бу ўйинларнинг одоб доирасидан четга чиқмаслигини ҳам назардан қочирмайдилар. Шунинг учун болаларга чироқ, олов, пичоқ…каби нарсаларни ўйнатмайдилар.
***
Тарбияли оналар болаларига Қуръон ва  китобларни ўқишни ўргатиб борадилар. Кўп гапиришда зарар, кам гапиришда фойда кўплигини уқтирадилар.
Болаларига Аллоҳнинг исмини энг ҳурматли ва эҳтиромга лойиқ эканини англатадилар. Шунинг учун уларни қасам ичишдан тийилишга ўргатадилар.  Шу билан бирга ёмон ўртоқлар билан йўлдош бўлишнинг зарари ва эзгу инсон бўлиш лозимлигини болалар онгига сингдириб борадилар. Қайси ҳулқлар гўзал, қайсиниси ёмон эканини оз-оздан ўргатиб, гўзал ҳулққа одатлантириб борадилар.
давоми бор….

 

Баҳам кўринг

Leave A Reply