Тақдиримга таъсир этган профиль

0 1 304

   Мен сизга мақоланинг учинчи қисмини етказаётган бир пайтимда аллақачон ижтимоий тармоқдаги профилимни, яъни саҳифамни ёпиб бўлганман. Кимгадир айтган ўз сўзларим ўзимга ҳам таъсир қилганидан ниҳоятда хурсандман. Мақоланинг 2-қисмида берган ваъдамга мувофиқ сизга суҳбатимизнинг сўнгги қисмини етказмоқдаман.

   Аввалги қисмларни ўқимаганлар учун қисқа эслатма: бу суҳбат онлайн тарзда, ижтимоий тармоқларнинг бирида бўлиб ўтган. Айнан шу суҳбат сабабли бир эмас, бир неча юртдошларимиз (жумладан ўзим ҳам) ижтимоий тармоқдаги профилларимизни ёпдик, энди вақтимизни самаралироқ ва реал олам учун сарфламоқчимиз. Аллоҳдан вақтимизга барака сўраб қоламиз.

— Сизга ишонаман, қатъиятлисиз, ўзингизни қўлга олинг, кучли бўлинг! Ҳаммасига кўз юминг… Ҳақиқий ҳаётга қайтинг! Тақвога қайтинг! Агарда кимдир сиздан «қандай қилиб илм олсам бўлади?» деб сўраса, илм олишнинг биринчи шарти —  Телефонни  ўчиришдир! — денг. Виртуал оламдан узилиб, Оламлар Роббисига боғлан! — денг… Китоб ўқи! — денг, чунки КИТОБ билан вақтлар зое кетмайди… Чунки китобда энг камида онлайн чат йўқ! 

— Хўп бўлади…

 — Ҳақиқий тақво қалбда бўлади, Интернетда эмас ..!!!

  — Тўғри айтдингиз…  

«Ва аммо ким Роббисининг мақомидан қўрққан ва ўз нафсини ҳаволаниб кетишидан қайтарган бўлса, бас албатта, жаннат ўрин бўладир».
(Назиат сураси, 40-41-оятлар).

Сиз бошқалардан кўра кучлироқ бўлинг… Ҳақиқий КУЧ бу – ўз-ўзини бошқаришда… Қувват бу — шайтонга бўйсунмасликда … Қувват бу – ўз нафсини енгишда… Кучли бўлинг! Қувватли бўлинг! Ҳозирги кунда Шайтон ҳатто баъзи аҳли илмларни ҳам интернет домига тортиб кетди. Чунки шайтонга ўта пас баҳо бериб, унинг ҳийласига алданиб қолишди, буни ўз кўзим билан кўрдим. Бу дунё ёлғондир… Ёлғон ичидаги энг ёлғони эса интернет! Чунки у аслида йўқ ҳаёт…

Нақадар буюк ҳақиқатни айтдингиз.

Энг биринчи йўқ бўлгувчи ҳаёти дунё бўлса, унинг ичида энг йўқ бўлгувчиси бу Интернет … Чунки ўзи аслида йўқ бўлган ҳаёт… Унинг йўқ бўлишлигини кутиш аҳмоқлик, чунки интернетда ҳаёт йўқ! Аммо одамлар ўша ерда тунларини ўтказишмоқда… Аллоҳ таоло наздида, ҳаёти дунёни пашшанинг қанотичалик ҳам қадри йўқлиги ҳақида ҳадисларда келтирилган. Энди тасаввур қилинг, одамлар охират деб, пашшанинг қанотичалик қадри йўқ бўлган ёлғон дунёнинг ёлғон интернетига шўнғиб охиратни, жаннатни ўша ердан излашса, мантиққа тўғри келадими? Қанчадан-қанча оятларда бу дунёни шунчаки зийнат-матоҳ экани такрор-такрор келади…
Интернет ҳам зийнатни бир оддий кўриниши, матоҳи ҳолос-ку!

«Ва сизга берилган нарсалар бу дунёнинг матоҳи ва зийнати, холос. Аллоҳнинг ҳузуридаги нарса яхшироқ ва боқийдир. Ақл ишлатмайсизларми?» (Қасос сураси, 60-оят)

— Қиёмат ҳақ! Охират абадий… Шу ҳақиқий абадий диёрга ҳосил етиштириш учун бу дунё ҳаёти экинзордир…   Интернет эмас! Синглим.

— Ҳа, лаббай!

— Бир нарсага келишиб олайлик. Жаннатда даража юксалиши учун кўпроқ трафик ёки тун-у кун интернетда ўтириш эмас, кўпроқ Қуръон ўқиш керак … Ҳадисларда келади: Инсон то ўқиган оятигача жаннатдаги даража юксалиб боради… Гуруҳдаги одамлар сонига қараб ёки сарфлаган мегабайтларига қараб эмас…

— Тўғри айтасиз, Қуръон ва унга амал билан юксалади

— Синглим! Энди улғайяпсиз, гуруҳ ёш болаларнинг овунчоғи эканини англаш пайти келди… Интернетдан чиқиб амал қилиш пайти келди… Қуръон ўқиш пайти келди.. 

Балки сиз буларни бир кун келиб ўзингиз англаб етарсиз…  Лекин англаб етганингизда анча кеч бўлади… Йўқотилган йиллар учун афсус-надоматлар фойда бермайдиган кун келади… Тун-у кун интернетда ўтирганингиз каби, йўқотилган йилларни ортга қайтариш учун, тун-у кун йиғласангиз ҳам, қасамки ўша йўқотилган йилларнинг 1 сонияси ҳам қайтиб келмайди…

— Тўғриси сўзларингиздан лол қолдим, бунга ақлим етмаган экан. Интернетга шайтон алдаб, «яхшилик қиляпсан» деб михлаб қўйишини аввал ўйлаб кўрмаган эканман. Тўғриси, мен одамларга бир кунда бир марта бўлса ҳам Аллоҳни эслатяпман, савоб оляпман, динимизни ёйяпман деб ўйларканман….

Буни англаш учун аввал шайтонни ким эканини билиб олиш керак…
Билингки, шайтон ҳаммадан олим… Аммо унинг олимлиги жоҳиллик йўлига бўлган, шуни унутмаслик керак …

— Ҳа, у олим бўлган экан.

— Лекин шайтоннинг олим бўлгани ҳақида биронта ҳам нақлий ҳужжат-далил йўқ, буни инкор қилиб бўлмайди. Ҳақиқатда на Қуръони Каримда, на ҳадиси шарифларда шайтоннинг олим деган жойи йўқ… Аммо биз бу борада у ҳақида яхшироқ тушунча бўлсин деб, шайтоннинг нечоғлик жоҳил, ҳийлакорлигини тасаввур қилиш учунгина етарлича ақлий далиллардан фойдаланамиз холос… Мисол учун ҳар қандай аҳли илм ҳам, Қуръонда келган 25 Пайғамбарни ибратли қиссаларини ҳамда Пайғамбаримиз алайҳиссаломни сийратларини ўқиган… Ундан ортиғига ўтолмайди…
Лекин шайтон Одам алайҳиссаломдан тортиб то Муҳаммад алайҳиссаломгача бўлган неча минг юз йиллик тарихни ҳам, сийратни ҳам, ундаги бўлган воқеликни ҳам, ҳамма-ҳаммасидан реал хабардор бўлган… Келинг, шу шайтоннинг илмини аниқлашда барча нарсага (реал) «гувоҳи бўлгани»га мисол келтирамиз. Тасаввур қилинг, сизнинг ҳаётингизда муҳим бир бурилиш, иккиланиб қолдингиз… Бу вазиятда сизда маслаҳат олишингиз учун 3 кишингиз бор. Бирининг ёши сиз билан тенг, бирининг ёши 30 да, яна бирининг ёши эса 70 да… Айтингчи, сиз қай биридан маслаҳат олган бўлардингиз?
— Ёши 70 да бўлганидан
— Нима учун?
— Чунки у кўпни кўрганда

— Барокаллоҳ, демак кўпни кўрган бошқаларга нисбатан тажрибали бўлади…  Энди шайтоннинг илмини тасаввур қилолдингизми?
— Астағфируллоҳ! Шайтон яралгандан бери тирик, ҳаммасига гувоҳ….

— Манбаларда Расулларнинг адади 27 000 мингдан ортиқ дейилган валлоҳу аълам… Лекин Набийлар билан қўшиб ҳисобласа… Эндиям шайтоннинг илмини тасаввур қилаяпсизми?
— Астағфируллоҳ

— Сон саноқсиз зурриётларига бошлиқ бўлган шайтоннинг илмини тасаввур қила оласизми? Одам алайҳиссаломдан кейин Нуҳ алайҳиссаломгача 1000 йил ўтган, мана шу минг йил ичида одамлар ширк келтирмасдан тавҳидда бўлишган. Одам ўлдиришлик ёки бошқа майда гуноҳлар бўлган, аммо ҳеч қачон кечирилмайдиган ширк гуноҳи бўлмаган. Шайтон алайҳи лаъна мана шу энг катта гуноҳ бўлмиш ширкни олиб келиш учун, нима қилганига бир қулоқ солсангиз, шояд шунда шайтон ҳақида фикрингиз ўзгариб, аслида уни кимлигини англаб олардингиз… Чунки шайтонни танимасдан туриб, уни енгиш жуда мушкул! Нуҳ алайҳиссаломгача ўз замонасининг энг алломаларидан бўлган беш солиҳ киши яшаган… Улар одамларни ҳидоятга бошлаб, ҳар бирини ўз насиҳат қиладиган жойлари бўлган. Улар вафотидан кейин, ана шу 5 солиҳ киши замондошларига иблис инсон суратида келадида: «Бу одамларни эсдан чиқармайлик, улар бизга Аллоҳни эслатган, уларни номи эсдан чиқиб кетмаслик учун, улар насиҳат қилган жойларни ўшалар номи билан атаб қўяйлик», деган. Яъни «фалончининг тоши, фалончининг дарахти» деган маънода. 5 та аллома номи билан ўша 5 жойни номлаб қўйишган…  Лекин бу авлод мана шу бешала солиҳ кишини таниган билгани ва улар ҳақида илми борлиги учун, бу жойларга ибодат қилмади. Аммо улардан кейинги келган авлод илмдан бехабар бўлгани учун, ана шу раҳбарларини эслашиб, ўша ерларни сайлгоҳга айлантиришди… Кейинги авлод келганда иблис айтдики: «Биласизларми ота – боболарингиз бу ерга нимага тўпланарди? Улар мана шу жойларга сиғинарди» деб, мана шу бешта кишининг исми кейинги авлод учун олиҳаларнинг номига айланиб қолди…
Иблис одамларни бузишликдаги услубига аҳамият беринг! Секин – секинлик билан бузяпти…  Одатда бир нарсани қуришдан кўра, бузиш осонроқ бўлади. Лекин иблис бузишда ҳам секин – секинликни қўллаган. Биринчи авлод билан яхши муомала қилиб, мақтаб-мақтаб номини атаб қўяйлик деб, кейинги авлодга қадар 300 йил сабр қилди…
Айтингчи, кимда шунақа илм, кимда шунақа сабр бор? Кейинги авлод келганида эса уларни сиғинувчи қилиб қўйди… Натижада  инсониятга биринчи ширкни шу тариқа олиб келди…   Аллоҳ таоло кечирилмас ширк гуноҳи ҳақида қуйидаги ояти каримада айтади:
«Албатта, Аллоҳ ўзига ширк келтирилишини кечирмас. Ундан бошқани, кимни хоҳласа кечиради. Ким Аллоҳга шикр келтирса, қаттиқ адашган бўлади». (Нисо сураси, 116-оят).
Кўрингки шайтоннинг азалий услубини, бир нарсани ўта пухта режалаштириб, ўта айёрона зийнатлаб кўрсатади…  Айни биз олға сураётган оммавий офат билан нақадар боғлиқлик бор…

«…Бас, шайтон уларга амалларини зийнатлаб кўрсатди. У бугун уларнинг дўстидир. Уларга аламли азоб бўлур». (Наҳл сураси, 63-оят)

Аввалгиларда шайтон ҳақида илм бор эди…. Ҳозир шайтон деганда ҳамма оддий васвасани тушуниб қоладиган бўлди…
Аллоҳ таоло Қуръонда:  «Эй иймон келтирганлар! Исломга тўлиғича киринг. Ва шайтоннинг изидан эргашманг. Албатта, у сизга очиқ душмандир», деган (Бақара сураси, 208-оят).
«Унга битилганки, албатта, унга ким дўст бўлса, шубҳасиз, уни адаштиради ва дўзах азобига «ҳидоят» қилади».  (Ҳаж сураси, 4-оят)

Шундай бўлсада Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамд бўлсинким, яхшиямки Аллоҳнинг фазл-марҳамати туфайли, биз бечора бандалар интернетга шу қадар шўнғиб кетсак ҳам, бошқа диёрлар каби омматан бало келмаяпти… Бу учун ҳамд айтайлик, интернетдан чиқайлик, тақво қилайлик…
«Агар дунёю охиратда сизларга Аллоҳнинг фазли, марҳамати бўлмаганида, ўзингиз ичига шўнғиган нарса учун сизни, албатта, буюк азоб тутар эди». (Нур сураси, 14-оят).

Бу интернетдаги ўтказган вақтингизнинг энг унумлиси бўлди деб ўйлайман…  Чунки энди ин шаа Аллоҳ ҳаётингизни қайта режалаштирасиз…

«Бу эслатмадир. Албатта, тақводорлар учун гўзал оқибат». (Сод сураси, 49-оят)

Сизга ишонаман … Аллоҳ мадодкорингиз бўлсин!

Шу билан суҳбатимиз ўз ниҳоясига етди. Албатта бу мақола орқали биз интернетни ёмонламоқчи эмасмиз. Чунки у аллақачон Оммавий Ахборот Воситаси сифатида ҳаётимизга кириб келиб бўлган. Унинг ижобий жиҳатлари ҳақида эса илмий ишлар ҳам қилинган. Аммо қисқа қилиб айтмоқчимизки, турли ижтимоий тармоқларда вақтимни самарали ўтказяпман, савобли иш қиляпман деб кунларингизни беҳуда ўтказманг. Агар интернет орқали ишончли илм олмоқчи бўлсангиз, «uz домени» билан берилган барча сайтлардан ишончли маълумотларни олишингиз мумкин. Ислом ҳақида, дин ҳақида, мўмин кишининг ҳақиқий ҳаёти борасида фақат шу ишончли сайтлардан фойдаланган ҳолда илм олинг. Вақтингизни асраб авайланг! Аллоҳ бу неъматнинг ҳам нимага ва қай тарзда сарфланганлиги ҳақида Қиёматда сўрашини унутманг! Аллоҳ барчаларимизга илми комил ва вақтларимизга барака берсин!

Айтганча, мақолани нега «Тақдиримга таъсир қилган профиль» деб номлаганимга изоҳ бериб қўймоқчи эдим: айнан шу профиль сабабли мен шу суҳбатдошим билан танишгандим. У билан бўлган суҳбат ўзимга ҳам таъсир қилиб, кун тартибимни қайта кўриб чиқдим, виртуал ва реал ҳаётни яхшилаб ажратиб олдим. Умид қиламанки, бу иш менинг Ҳақиқий ҳаётдаги тақдиримга, китобим бериладиган Улуғ кунда албатта ижобий таъсир қилади. Аллоҳдан шуни умид қилиб қоламан!

Раҳимжон Азимжон ўғли
Умму Муҳаммад Билол

Баҳам кўринг

Leave A Reply