Қалам ва битик аҳлларини улуғлаб…

0 87

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Нуун. Қалам билан ва сатрларга ёзадиган нарсалар билан қасам» (Қалам сураси, 1-оят).

Қуръони Каримнинг дастлабки нозил бўлган сураларидан бирида ўқиш-ёзиш ва илм-маърифат рамзи ‒ қалам билан қасам ичилган. Бу ҳол Қуръон илм китоби эканининг, Ислом илм дини эканининг, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам илм пайғамбари эканликларининг ёрқин далилидир. Қасам фақат қалам билан чекланмайди, балки Аллоҳ таоло сатрларга ёзиладиган нарсалар билан ҳам қасам ичган. Мана, бизнинг замонамизга келиб, қаламдан бошқа ёзув қўлланмалари ҳам чиқди. Албатта, илм-фаннинг тарқалишида, китоб, рўзнома ва ҳафтаномалар чоп этилишида юқоридаги қайд этилган қўлланмаларнинг ўрни катта. Лекин бунинг башорати ўн тўрт аср илгари, саводсиз жамиятда эълон қилиниши илоҳий мўъжиза эди…

Ана шундай қалам ва битик аҳллари бўлмиш нозиқ ҳилқат вакилларини тақдирлаш ниятида муслимаат.уз сайти ва Бинту Содиқ ахборот-маърифий канали раҳбарияти томонидан “Қалам ва битик аҳли” мукофоти жорий этилди.

Бугун, 1 декабрь куни Hilol-nashr матбаа-нашриётининг мажлислар залида муслимаат.уз сайти ва Бинту Содиқ ахборот-маърифий канали томонидан ташкил этилган бир неча китоблар  тақдимоти ва “Қалам ва битик аҳли” мукофоти соҳибларини тақдирлаш маросими  бўлиб ўтди.

Тадбирда халқимизнинг диний-миллий қадриятларини тиклашда, динимизни ўрганиш ва ўргатишда, буюк аждодларимизнинг бой илмий меросини халққа етказишда, бу соҳада қалам тебратиб, илм-маърифат тарқатаётган, қалбларимизга зиё улашаётган кўплаб зиёли аёлларимиз, китобсевар китобхонларимиз, шунингдек, muslimaat.uz мухлисалари ва бошқа меҳмонлар иштирок этишди.

Одатдагидек, тадбир Қуръони Карим тиловати ҳамда устозларимизнинг хайрли дуолари билан очилди. Дастлаб устоз Фотима Сулаймон қори қизининг “Аёл бахти” ва “Дуо ибодатнинг мағзидир” китобларининг, сўнгра “Отинойилар учун қўлланма” туркум китоблар тақдимоти бўлиб ўтди. Тақдимотда сўзга чиққан аёлларимиз бу китоблар жамиятимизнинг нозик қатлами бўлмиш ‒ муҳтарама опа-сингилларимиз учун фойдали ва манфаатли манба сифатида хизмат қилишини эътироф этдилар.

Сўнг устозамиз Одинахон Муҳаммад Содиқ бошчилигида қарийб йигирмага яқин ижодкор, таржимон, илмий изланишлар олиб бораётган қалам соҳиблари бўлмиш аёлларимиз билан ижодий суҳбатлар олиб борилди. Мухлислар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Шунингдек, йил давомида ислом.уз портали, муслимаат.уз сайти ҳамда Бинту Содиқ ахборот-маърифий канали томонидан ўтказилган тадбирлардан қисқача  видеолавҳалар намойиш этилди.

Тадбир сўнгида илм-маърифат тарқатаётган, қалбларимизга зиё улашаётган “Қалам ва битик аҳли” мукофоти совриндорлари раҳбарият томонидан фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалар билан тақдирландилар.

Ҳозирги глобал ўзгаришлар, маънавий қадриятлар эврилиши даврида динимиз, жамиятимиз ривожи ва тараққиётини зиёли, оқила, доно аёлларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Бинобарин, жамиятимизда ўзининг онги ва тафаккури, ақл-заковати ҳамда жаҳолатга қарши маърифат билан қалам тебратаётган аёлларимиз жуда кўп. Шундай аёлларимиз бор экан, оила асосини сақловчи, Ватанимиз келажаги, миллатимиз эртаси ва тараққиётини белгилаб берувчи куч бўлмиш фарзандларимиз тарбияси, иншааллоҳ, гўзал бўлғусидир. Ўзбек халқи зурриётлари орасидан яна Бухорийлар, Термизийлар, Марғинонийлар, Мутуридийлар, Ибн Синолар, Берунийлар, Улуғбеклар етишиб чиқажак.

Баҳам кўринг

Leave A Reply