Яхшилик қаерга йўқолди?(давоми)

0 95

Бир турмуш қурган аёлнинг сўзлари:

“Турмуш ўртоғим менга зарар етказишини тўхтатиши учун унга ўша лаҳзаларда нималарни ҳис қилишимни тушунтиришга ҳаракат қилдим. У мени эшитиб ҳам кўрмади ва ҳеч бир муболағасиз деди: “Сен нимани ҳис қилаётганингнинг нима қизиғи бор? Асосийси, буларнинг барчаси мени қониқтиряпти!”

Қандай қилиб унча ёмон бўлмаган ёш инсонда, ушбу аёлнинг тасвирлашича, шунча ёвузлик ва худбинлик бўлиши мумкин? Қандай қилиб сизга меҳр-муҳаббат тўғрисида сўзлаган инсонга жавобан зарар етказиш мумкин?

“Асосийси, буларнинг барчаси мени қониқтиряпти!” – бу сўзларни нафс айтмоқда. Ва у бўйсундирилиши лозим.

Қандай қилиб дунёдаги яхшиликлар сонини кўпайтириш мумкин? Фикримизча, жавобни Сухолимскийнинг қуйидаги фикрларидан топишимиз мумкин:

“Келажакда қандай инсон бўлмоқчисан?” деган саволга юзлаб болаларнинг жавобларини йиғдим. “Кучли, қўрқмас, довюрак, ақлли, топқир, мард”… Лекин ҳеч бир бола “Яхши инсон!” деган жавобни бермади. Нима учун яхшилик мардлик ва ботирлик каби хислатлар билан бир қаторга қўйилмайди? Ахир яхшиликсиз инсон қалб гўзаллигига эриша олмайди.

Яхши ҳислар – инсоният ўчоғидир. Ёмонлик шундоқ ҳам етарли бўлиб турган бугунги кунимизда биз бир-биримиз ва атрофимиздагиларга нисбатан янада сабрлироқ, эътиборлироқ ва меҳрибонроқ бўлишимиз керак. Яхшилик – инсон учун энг маъқул ва ягона йўлдир. У синалган, ҳақиқий, фойда келтирувчи йўл – нафақат бир киши, балки бутун жамият учун.

Бошқаларни ҳис қилишни, ҳамдард бўлишни ўргатиш – тарбиядаги энг машаққатли иш. Агар яхшилик хислатлари фарзандга ёшлигидан бошлаб сингдирилмаса, уларни кейинчалик ҳеч қачон тиклаб бўлмайди. Чунки улар ҳаёт учун муҳим бўлган илк тушунчалар билан ҳамоҳанг равишда ўзлаштирилади. Инсон ёшлигида ҳис-туйғу мактаби, яъни яхши ҳисларни тарбиялаш мактабидан ўтиши лозим. Инсонийлик, олижаноблик, бошқаларга ҳам яхшилик исташ каби хислатлар – ғамхўрлик, қайғуриш, шодлик ва қайғу билан бирга туғилади”.

Дунёда яхшилик кўпайишини хоҳлаймизми? Унда яхшилик ва меҳрибонлик каби ҳисларни аввало ўзимиз ва болаларимизда шакллантиришимиз лозим. Ахир меҳрибонлик – олижаноблик йўлидаги муҳим хислат. Агар бирор кишининг қалбига озор етказсангиз ёки зулм қилсангиз, бу оқибатда эзгулик йўлидан адашишингизга олиб келиши мумкин.

Ислом тарихи – эзгулик тарихидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг феъл-атворлари – инсонпарварлик ва барчага яхши муносабатнинг ёрқин мисолидир.

Нафақат ўзингиздан, балки фарзандларингиздан ҳам қайси хислатлар инсон учун ажралмас, зарур ҳисобланиши ҳақида сўраб кўринг. Ўзини келажакда қандай кўришни хоҳлаши ҳақида сўранг. Уларни қандай ҳолатда кўришни хоҳлаган бўлар эдингиз? Фарзандларингиз билан кўпинча нималар ҳақида суҳбат қурасиз? Кейинчалик меҳнат қилиш учун ўқиш зарурлиги тўғрисидами? Ёки бу ҳаётда бирор мақсадга эришиш кераклиги ҳақидами? Ота-онани эъзозлаш кераклиги тўғрисидами? Яна нималар ҳақида? Яхшилик, олижаноблик тўғрисида-чи? Улар билан эзгулик тўғрисида қанча гаплашсангиз, дунёда ҳам худди ўшанча эзгулик мавжуд. Ишонаверинг, яхши одамлар кўп бўлган дунёда яшаш ҳам завқлироқдир.

Лейла Наталья Бахадори

Баҳам кўринг

Leave A Reply