“Шунчаки бироз кеч қолдим”

0 238

Интизомсиз кишилар барча миллатларда бор. Баъзилар ҳамиша ҳамма жойга кеч қолишади. Кўп ҳолатларда улар ишни чала қилган, вақтида бажармаган ёки эсидан чиқарган бўлиб чиқадилар. Вақтга нисбатан бу каби масъулиятсиз ёндашувни даволаш усулларидан бири умримизнинг яна қанча дақиқаси қолганини мушоҳада қилиб кўришдир. Ана шунда инсонлар ҳар бир сонияга нисбатан жиддийроқ қараган бўларди. Ахир сиз кеч қолиб, вақт ортидан қуваётган пайтингизда кимдир сизни кутиб, вақтини йўқотмоқда. Айтганча, учрашувга анча эрта келиб оладиганлар ҳам вақтларини исроф қилувчилардир. Чунки бу ҳам кутиб, вақтни йўқотишга олиб келади. Фақат бу ҳолатда вақтингизни ўғирлаётган – сизнинг ўзингиз.

“Ҳаётингнинг энг муҳим дамларини кеч бўлганда англайсан” (Агата Кристи).

Қандай қилиб ўз вақтида келишни ўрганиш мумкин?

  • Кеч қолган ёки эртароқ борган ҳолатларингизни ёзиб боринг. Улар ўнтадан ортганда текшириб кўринг: номувофиқлик кўпроқ қанча вақтни ташкил қиляпти: 5-10 дақиқа? 30-40 дақиқа? Тадқиқотларингиз натижаларига кўра уйдан одатдагидан шунча дақиқа эртароқ чиқинг, ҳатто сизга ҳали анча эрта бўлиб кўринса ҳам. “5 дақиқадан сўнг чиқаман”, “Яна 10 дақиқа…” деманг.
  • Соатингизни бироз олдинга ўтказиб қўйиш вақтинча ёрдам бериши мумин. Бироқ бу сизни интизомли қилиб қўймайди.
  • Чиқишингизга 1 соат, ярим соат, 5 дақиқа қолганда чаладиган қилиб будильник қўйинг. Бу сизга вақтида чиқиб кетишингизга, йиғиштириш, сумкангизни йиғиш, кийиниш каби кўчага чиқишдан аввалги ишларни тўғри режалаштиришингизга ёрдам беради.
  • Эртанги кунни режалаштиришни оқшомдан бошланг. Акс ҳолда эрталаб керагидан кечроқ уйғонишингиз мумкин. Эртанги кунингизни имкон қадар кичиқ қисмларигача режалаштиринг. Режангизнинг ҳар бир нуқтасини ўзингиз режа қилган вақт доирасида бажаришга ҳаракат қилинг.
  • Кундалик ишларингиз – ювиниш, кийиниш, нонушта, тиш ювиш кабиларга ўртача қанча вақт сарфлашингизни ўлчаб қўйинг. Шунда режалаштиришингиз анча осон, режангиз эса анча пухта бўлади. Баъзида биз 2 дақиқа олади, деб ҳисоблайдиган нарсамизга анча кўп вақт кетади.
  • Оқшом пайти эртагалик учун керакли нарсаларни (кийимингиз, сумкангиз ва ундаги нарсалар, нонуштани ярим тайёр ҳолатда) тайёрлаб қўйинг. Калит, ҳамён, қулоқчин, қувватлантиргич (зарядник) каби кўпинча чиқиш олдидан изланадиган зарурий нарсаларингизни кўринарли жойга, яхшиси, сумкангизга солиб қўйинг.
  • Барча ишларингизни ётиш олдидан қилиб қўйинг, эрталабга иш қолдирманг.
  • Телефон – барча режаларни бузадиган асосий сабаблардан бири. Уйдан чиқмагунингизча уни қўлингизга ҳам олманг.
  • Ўзингизни оқлашни бас қилинг. Ҳар сафар ҳаётининг бир парчаси бўлган вақтини ўғирлаганингиз инсондан кечирим сўранг, Аллоҳга тавба қилинг.
  • Унутманг: тирбандлик, фавқулодда ҳолатлар, касалликлар, навбатда кутиб қолишлар фақатгина бир йилда 2-3 марта кеч қолган тақдирингиздагина узрли сабаб бўла олади. Бошқа ҳолатларда – бу шунчаки уйдан кеч чиқишингиз.
  • Аллоҳ ишингизни осон қилиши учун дуода бардавом бўлишни унутманг.
  • Асосийси – бомдоддан бошлаб барча намозларингизни вақтида ўқинг. Тонгги намозга ухлаб қолган киши кўпинча куни билан шошиб, кеч қолиб юради.

Бу қоидалар фақатгина кеч қолаётган кишига эмас, балки улгурмаётган, ишини вақтида бажара олмаётган кишилар учун ҳам фойдали. Қиёмат куни ҳар бир дақиқамиздан сўраламиз. Биз учун берилган вақт ўз ниҳоясига етганда бизга улгурган нарсаларимизга қараб баҳо беришади.

Лейла Наталья Бахадори,

рус тилидан эркин таржима

Баҳам кўринг

Leave A Reply