Шафқат дарёси

0 940

Онам эрта қарибди. Ҳа… жудаям эрта. Яқиндагина сочлари қоп-қора эди-ку! Наҳот сезмаган бўлсам… Одамнинг сочи ҳам шунчалик тез оқарадими?! Ўшанда мен узоқ сафардан қайтган эдим. Мени қучоқлашга турганларида рўмоллари бошларидан сирғалиб, ерга тушди. Сочларига тикилганча, қараб қолибман. “Она-а…” Ортиқ сўзга тилим айланмай қолди. 
Онам мени маҳкам бағирларига босдилар. Кўнглим беҳузур бўлиб, қучоқларида жимгина турдим… 
“Нима бўлди сенга?” 
“Сочларингиз оқарибдими?” 
“Қўявер, қарияпман…” 
“Ҳали элликка ҳам кирмадингиз-ку”. 
“Нима бўпти? Баъзиларники бундан ҳам эрта оқаради”. 
Онам сочларини турмакладилар. Бошларига рўмолларини солиб, оқарган сочларини яширгандай бўлдилар. 
“Оқ сочларим дилингни хуфтон қилдими?” 
Шундай дея елкамни қоқиб қўйдилар-да, нари кетдилар. Бир муддат ўтгач, дастурхон кўтариб келдилар. 
“Кел, болам, чой ичамиз. Термисга иссиққина чой дамлаб қўйибман. Овқат сузаман”. 
Онам менга овқат ташвишида у ёқ-бу ёққа елиб-югуриб, дастурхон тайёрладилар. Қорним ўлгудай оч эди. Аммо бир бурда нондан бўлак ҳеч нима ея олмадим. Онам овқатга қистай бошладилар. 
“Сен кўчадан келгансан-ку! Нега қорнинг тўқ бўлади? Ёки бу овқат ёқмадими? Тухум қовуриб берайми? Сен шуни яхши кўрардинг-а?!” Ортиқча уринманг, дея рад қилдим. Шунда онам индамайгина ўтириб қолдилар. 
“Қўявер, болам… Сен ҳам қарисанг, меникига ўхшаб сочларинг оқаради. Худо ёшингни соч билан ҳам ўлчаркан-да… Бу нарса қўлингда бўлмаса…” 
Онам мени авайлайдилар. Ўзларича бир нималар деб овутадилар. Яна овутишлар… Болаликнинг ширин-ширин овунчларини унутиб бўладими? Шовқин-суронга, ўйин-кулгуга тўла у йиллар… 
Биз болалар тонг саҳарлаб иссиқ сутни ичар-ичмай, кўчага ошиқардик. Кечгача деярли уйга кирмай, кўчада ўйнардик. Онам бўлсалар, тайёрлаган овқатларини едирай деб бизни кечгача қидирардилар. Эрталаб кийган тоза кийимларимиз кечга бормай расво бўларди. Кўчада ўйнаганимиз етмай, ҳовлини ҳам бошимизга кўтариб шовқин қилардик. Ётар вақти эса, алламаҳалгача ухламай, эртак айтиб беришларини қистардик. Гоҳида онам эртакларини тугатмасдан ухлаб қолсалар, уйғотиб олардик-да, давомини айтинг, деб туриб олардик. Ухлайвермасак, алла айтар эдилар. Онам жуда чиройли алла айтар, бу аллалар бизга тезда таъсир этар, ухлатиб ҳам қўяр эди… 
Ҳеч бир она фарзандлари билан ўтган лаҳзаларни унутолмаса керак. Қариса ҳам болаликдаги қилиқларингиз, хархашаларингизни сўзма-сўз айтиб беради. Чунки биз уларнинг бебаҳо ёшлик йилларига нуқта қўямиз. Куну тунларига ором эмас, озор берамиз. Ҳатто улғайиб ҳам билиб-билмай озорлар етказамиз. 
Онамнинг уялинқираб яширган оқ сочларининг ҳар толасида биз болаларининг кулгуси, шодлиги, қайсарлиги, қайғу-ҳасрати яшаётганини биламан. Шу боис томоқдан овқат ўтмай, кўзларда ёш қалқади… 
Биз фарзандлар бир-биримизга қилган арзимас яхшиликларимизни таънаю миннат қиламиз. Аммо оналар, жилла қурса, бу сочлар сенларнинг дастингдан оқарди, дейишни хаёлига ҳам келтиришмас экан. Аксинча, уялиб, айбдордай рўмол қабатига яширишар экан. Бунча шафқатни бир кўнгилга қандай сиғдиришаркин?! Дўстнинг дўстга, қўшнининг қўшнига, аканинг укага, опанинг сингилга шафқати чекли, аммо она кўнглидаги шафқат ҳаммасидан устун экан. Ҳатто унга зулм қилиб, кўнглини чил-чил синдирсангиз-да, у сиздан шафқатини аямас экан. 
Онамнинг кўнгилларига кўп озорлар бердим. Ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотганимда, бошим метин деворларга урилганида, одамлар кўнглимни чил-чил синдирганида, кўзимга дунё тор кўринганида онам қошимга келадилар. Бир зумда ҳамма хатоларимни кечириб, қўлларимдан тутадилар. Бағриларига олиб, кўзёш тўкадилар. Ҳаққимга гўзал дуолар қиладилар. 
У кишининг меҳрлари, дуолари дардларимга малҳам. Аммо бу дардларим онамни ҳам дардчил қилишини, юзларига ажин солишини, қаддини дол қилишини, ҳатто сочларига оқ оралатишини энди тушуна бошладим. Алам зўрлик қилиб, кўзларимда ёш айланади. Аммо энди кеч… 
Онамнинг рўмол қабатидан кўриниб қолган сочларига тикиламан. Меҳр ила менга узатаётган луқмани ҳам кўзим илғамайди. Фақат бир ўй гир айланади миямда: “Бу сочларда не-не дард, қайғу, изтироб, шодликлар асари бор…” 
Эрта тонг онам билан хайрлашиб яна йўлга тушдим. Изтиробим шуки, онамнинг хавотирлари, ўйловлари яна ортади. Демак, сочларидаги оқ толалар бугун яна биттага кўпаяди. 

РАЙҲОНА

Баҳам кўринг

Leave A Reply