Шайхул ислом Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг аёллари («Бинту Содиқ»да табаррук меҳмон)

0 421

Таассуротларим

Ўзбекистон менга жуда ёқди. Ажойиб ва гўзал диёр! Инсонлари ҳам софдил, ихлосли, динга муҳаббатли, меҳмондўст. Табиатлари покиза бўлганидек, атроф-муҳит тозалигига бўлган эътиборлари ҳам баланд. Кўчалар ҳамда хиёбонлар ораста ва обод экан. Бу жуда қувонарли ва қалбга ҳузур берадиган ҳолат.

Энг муҳим ва фахрланишга лойиқ жиҳат шуки, бу муқаддас заминда нафақат Имом Бухорий, Имом Термизий, балки жуда кўп улуғ алломалар мангу қўним топганлар. Қандай ҳам бахтлисизларки, улар билан ватандошсизлар. Уларнинг дуолари, баракалари бор ушбу юртда. Шу сабаблими, бу ердаги хотиржамлик ва сукунат ўзгача. Об-ҳавоси ҳам менга жуда ёқди. Алҳамдулиллаҳ! Бунинг қадрига етинглар. Шукр ва дуода бардавом бўлинглар. Аллоҳ таоло мазкур юртнинг тинчлик ва хотиржамлигини бардавом қилсин. Неъматларини зиёда этсин.

Зикр ва шукрнинг баракаси

Биз инсонларга ҳар вақт шукр қилиш лозимдир. Юрганда, турганда, ўтирганда, ётганда – ҳар ҳол ва ҳар ҳаракатда дуода ҳамда зикрда бўлишимиз даркор. Хоҳ катта, хоҳ кичик ҳар бир ҳожатимизни Ўзидангина сўрашимиз керак.               

Сизлардаги яна бир менга ёққан одат – бу дуога кўп эътиборлилигингиздир. Кишилар кўп дуо қилар экан. Ҳар амалда суннатга эргашиш қандай гўзал! Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам кўп дуо қилганлар. Шукр билан неъматлар зиёдалашади. Ношукрлик билан эса завол топади.

Инсон қачон ва қайси ҳолатда вафот топишини билмайди. Ким қайси амалда кўпроқ бардавом бўлса, вафоти ҳам ўша ҳолатда бўлади. Кимнинг тилида ҳар вақтда зикр бўлса, вафоти ҳам зикр билан бўлади. Муҳаммад Тақий ҳазратларининг бувилари бўларди. 100 ёшда юролмай, тўшакда ётиб қолган эдилар. Ўша ҳолатда ҳам тинмай зикр қилардилар. Вафот топганларида, зикр қилувчиларнинг одатидек, тиллари тепа танглайга ёпишган эди, қалблари эса зикр қилаётгани кўриниб турарди.

Яқинда Шайх ҳазратларига бўлган суиқасддан хабарингиз бор. У киши билан бирга машинада мен ва набирам ҳам бор эдик. Мазкур ҳамладан омон қолишимизнинг ўзи бир мўъжиза бўлди. Бу, албатта, Аллоҳнинг фазли, шу билан бирга зикрнинг фазилатидан деб биламан. Машинанинг ойналари бутунлай синиб кетди. Ўқлар автомобилнинг эшикларини илма-тешик қилиб юборди. Алҳамдулиллаҳ, буларнинг бирортаси бизга тегмади. Ҳайдовчи ҳам машинага ўтиришдан Қуръондан тиловат қилиб, дуо қилган эди. У елкасидан жароҳатланди. Шунда Шайх ҳайдовчига «Кел, машинани ўзим ҳайдай», деганларида унамасдан ўзи ҳайдаб, машинани шифохонага олиб борди. Шифокорлар ҳайдовчининг баданига кирган ўқларни чиқариб оларкан, ҳайратланишди. Ўқ суякка эмас, мушакка теккан экан. Агар суякка текканида муаммо бўлиши турган гап эди. Бу ҳам, аввало, Аллоҳнинг фазли ва зикрининг баракаси эди.

Аёлларга насиҳатларим

Доимо дуода, шукрда ва зикрда бўлишни ўзларига одат қилсинлар. Инсон қалбида бўладиган ва, айниқса, аёллар орасида кўп учрайдиган гина, ҳасад, ғийбат каби қалб касалликларидан сақланишни ҳамиша фикр этсинлар. Қачондир кимдан ёмонлик етса, ўша ёмонлик қилган одам ҳаққига яхши дуо қилиш керак. Шунда ўша ёмонлик сиздан йироқ бўлади. Бу жуда қийин вазият: сизга ёмонлик қилганнинг ҳаққига дуо қилиш. Лекин худди шу амал Аллоҳга маҳбубдир. Шу амал туфайли банданинг гуноҳлари кечирилади, иншааллоҳ.

Муҳтарама аёлларимиз фарзанд тарбиясида эътиборли бўлсинлар. Уларга дин таълимини қунт билан ўргатсинлар.

Роббим бу гўзал диёр ва унинг аҳлини хотиржамликда бардавом қилиб, неъматларини зиёда этсин.Ш

Баҳам кўринг

Leave A Reply