Чанг ўзи нима?

0 416

Чанг қаердан келади? Ўлчами 0,01 микрондан 10 микронгача бўлган қаттиқ зарраларга «чанг» дейилади. “Микрон” ёки расмий номини айтадиган бўлсак, “микрометр” нима? Метрни биласиз-а? У қанчалигини тасаввур қила оласиз. Метр 100 сантиметрдан иборат. Микрометр эса… метрнинг миллиондан биридир. Кичкина-а? Жудаям кичкина. Бир микрон ўлчамдаги чангни тасаввур қилмоқчимисиз? У ҳолда кўз олдингизга бир чети думалоқ нина тўғноғични келтиринг. Мана шу нинанинг думалоқ томонидаги киииичкинагина нуқта микрометр ўлчамдаги чангдир. 5-10 микрондан кичик бўлган чанг зарралари чўкмайди, фақат ҳавода сузиб юради. 10-50 микрон катталикдаги чанг зарралари эса секин-аста чўкиб, юзаларни қоплаб олади. Қопласа, қоплабди, бунинг нима ёмон томони бор, дерсиз?! Чангнинг ёмон томони, яъни зарари жуда кўп. Чангнинг зиёнини бизнинг бобокалонимиз, тиббиёт илмининг даҳоси Абу Али ибн Сино бундан неча асрлар илгари ҳам яхши англаб, шундай деганлар: “Агар чанг бўлмаганида инсон минг йил умр кўриши мумкин эди!” Демак, чанг биринчи навбатда соғлигимизга зарар. Унинг зиёнини тушуниш учун митти зарралар – чанг нимадан ташкил топганини ўрганишимиз керак. Чанг ҳам турфа бўлади. Чанг кул моддалари кўп бўлган ёнилғи ёқилганида, минерал моддаларга ишлов берилганида, вулқонлар отилганида, қоялар нураганида, яна инсоннинг қишлоқ хўжалигидаги фаолияти натижасида ҳавога тарқайди. Майда туз кристаллчаларидан океанлар устида учувчи чанг ҳосил бўлади. Лекин океан устида қуруқликдагига қараганда анча кам чанг ҳосил бўлади. Океан устидаги ҳавонинг чанг билан ифлосланиши материклар устидаги ҳавога қараганда 10 маротаба кам.
Хўш, чанг нега уйимизга ҳам кириб олади? Чунки чанг энг ингичка ёриқлардан ҳам ўта олади, энг кичкина тешиклардан ҳам кира олади. Чанг ҳар ерда ҳозиру нозир. Одам қадами етмаган ғор ичида ҳам чанг бор, биз яшайдиган уйларда ҳам, булутлар устида учаётган самолёт ичида ҳам ва ҳатто баланд-баланд осмонда – стратосферада ҳам чанг бор. Чанг саёҳат қилишни ёқтиради ва буни қойиллатади. Шамол чанг зарраларини узоқ-узоқларга учириб олиб кетади. Натижада уйингиз ичидаги стол устига чўккан чанг заррачалари ичида Саҳрои кабирдаги қум зарраларини, Мисрдаги пирамидалар чанги, Австралиядаги кенгуру юнги зарралари, Голланд лолалари заррачалари ва ҳаттоки фазовий чанг заррачаларини ҳам топиш мумкин. Уйдаги чанг таркибида мато-кийимлар, қоғоз зарралари, девор ва мебел ясалган хом-ашё заррачалари, одам сочи ва териси зарралари, ҳайвонлар юнги, қушлар пати зарралари, кўчадан илаштириб келинган чанг-чунг зарралари, ошхонадан чиққан қурум, маиший тозаловчи воситаларнинг кимёвий бирикмалари, моғор замбуруғлари, нейлон, қум, чанг каналари ҳам бор. Ва бу чангга қарши курашиш керак. Нимага? Биринчидан, уй чангининг асосий қисмини, аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, 80 фоизини микроскопик чанг каналари ташкил этади. Уйда яшайдиган, кўзга кўринмайдиган чанг канаси чақмайди, тишламайди. Унинг ҳаётий фаолияти натижаси, яъни чиқарадиган ахлати кучли аллергендир. Яъни, аллергия чақиради. Чанг таъсирида кўз ёшланиши, касалланиши, терига нарсалар тошиши, ўпка шикастланиб, астма пайдо бўлиши, томоқ ачишиши мумкин. Чанг каналари энг севган жой сиз ухлайдиган ўрнингиз бўлади. Зеро, ўринда кўчиб тушадиган теримиздан иборат биологик чанг зарралари кўп. Икки кишилик кроват устида 2 миллионга яқин майда чанг каналари яшайди. Иккинчидан, чанг зарралари турли моддаларни сингдириб олади. Яъни, уй чанги таркибида Менделеев жадвалидаги кимёвий моддаларнинг ярмини ва касалликларга сабаб бўладиган 100 дан зиёд органик бирикмаларни учратиш мумкин. Учинчидан, чанг-чунг таркибида зарарли бирикмалардан ташқари кўплаб бактериялар мавжуд. Ахир бактериялар ҳавода ўзича учиб юрмайди, балки самолётга чиққандек, чанг ичига кириб олади-да, бемалол учиб юради. Битта ангишвона ичига тўпланган уй чангини тасаввур қилинг, унинг ичида 5 миллион бактериялар йиғилган бўлади. Бу бактериялар таъсирида эса одам кўплаб касалликларга чалиниши мумкин. Демак, уйни чангдан тез-тез тозалаб туриш керак. Ўрин-кўрпани ҳовлига олиб чиқиб қоқиб, офтобга ёйиб туриш лозим. Ҳар куни уйқуга ётишдан аввал ўрин устини 3 марта қўл билан қоқиб, кейин тўғрилаб ётиш лозим. Уйнинг ҳавосини тез-тез алиштириб, шамоллатиб туриш даркор. Нам мато билан уй, ҳовлидаги юзаларни яхшилаб артиб туриш керак. Бу ишда сиз ҳам онажонингизга ёрдам бера оласиз, тўғрими? Баракалла!

Баҳам кўринг

Leave A Reply