«Фотиҳа» сурасининг улуғ фазли

0 1 240

Абу Саъид ал-Муъалла розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Намоз ўқиётган эдим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чақириб қолдилар. Мен жавоб бермадим. Кейин бориб:

«Эй Аллоҳнинг Расули, намоз ўқиётган эдим», дедим.

«Аллоҳ: «Аллоҳга ва Унинг Расулига сизларни даъват қилганда ижобат қилинглар», демаганми?» дедилар. Сўнг:

«Масжиддан чиқишингдан олдин Қуръондаги энг улуғ сурани ўргатиб қўяйми?» дедилар.

У Зот қўлимдан ушлаб олиб кетавердилар. Масжиддан чиқай деб қолганимизда:

«Эй Аллоҳнинг Расули, Қуръондаги энг улуғ сурани ўргатиб қўяман деган эдингиз?» дедим.

«Алҳамду лиллаҳи Роббил аъламин». У етти такрорланадигандир. У менга берилган Қуръони азимдир», дедилар».

Бухорий, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.Термизий:

«Менинг жоним тасарруфида бўлган Зот билан қасамки, Тавротда ҳам, Инжилда ҳам, Забурда ҳам, Фурқонда (Қуръонда) ҳам бунга ўхшаш туширилмаган. У етти такрорланадигандир. У менга берилган Қуръони азимдир», дедилар», дейилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдаги «У етти такрорланадигандир» деган жумланинг маъноси аввал ҳам ўтган эди.

Бу жумладан мурод «Фотиҳа» сурасидир. Чунки бу сураи карима етти оятдан иборат бўлиб, жуда кўп такрорланади. Намознинг ҳар ракъатида қайта-қайта ўқилади.

Фотиҳа сурасининг фазли шунчалар улуғ экан.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чақирганларида жавоб бериш кераклиги.

2. Раҳбар чақирган вақтда жавоб бера олмаган одам кейин узрини айтиши кераклиги.

3. Қуръонда энг улуғ сура борлиги.

4. Раҳбар бирор гап айтган бўлса, кейин ёдига солиш мумкинлиги.

5. «Алҳамду лиллаҳи Роббил аъламин» деб бошланадиган «Фотиҳа» сураси етти такрорланадиган суралиги.

6. Фотиҳа сураси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга берилган Қуръони Азим эканлиги.

7. Тавротда ҳам, Инжилда ҳам, Забурда ҳам ва Қуръонда ҳам «Фотиҳа»га ўхшаш сура туширилмагани.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Алҳамду лиллаҳи Роббил аъламин» Қуръоннинг онасидир, Китобнинг онасидир ва етти такрорланувчидир», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Шарҳ: «Фотиҳа» сураси оятлари оз бўлишига қарамай, улкан маъноларни ўз ичига олган, шунинг учун ҳам «Уммул Қуръон»,«Қуръоннинг онаси» деб номланади.

Унда Аллоҳ таолога мақтов, унинг сифатлари, қиёмат куни эгасилиги, ибодат, ихлос, дуо, ёлвориш, яхши умматларнинг зикри ва ёмон йўлдан юрганларнинг оқибати нима бўлганлиги зикр қилинади.

Шунинг учун ҳам намознинг ҳар бир ракъатида «Фотиҳа» сурасини ўқишга буюрилган, уни такрор-такрор ўқиб турилади. Ўқиганда маъносини тадаббур-мулоҳаза қилиб ўқилса, мақсадга мувофиқ бўлади.

«Китобнинг онаси» дегани ҳам Қуръоннинг онаси дейилганидир. Бу маънони таъкидлаш учун икки хил ибора ила такрорланган.

«Фотиҳа» сураси етти оятдан иборат бўлиб, жуда кўп такрорланади. Шунинг учун «етти такрорланувчи» номини олган.

Баҳам кўринг

Leave A Reply