“Фарзандни тарбиялашдан олдин ота-онанинг ўзини тарбиялаш керак”

0 1 389

Ишхонада психолог билан бир хонада ишлайман. Психологга мурожаатлар жуда кўп. Афсуски, бундай мурожаатларнинг аксари фарзанд тарбиясидан нолиган, йиғлаган оналар, оталар, бувилардан… Ўйлаб, ўйимнинг охирига етолмайман. Туппа-тузук оила катталарининг бундай ҳолатга тушишларига сабаб нима? Бугун уларга ўсмир ёшидаги фарзанди азоб бермоқда: “Айтганимни қилмайди”, “юзингга сапчийди”, “ўзбошимчалик билан иш қилади”, “беҳурмат қилади”, “ўз билганидан қолмайди”, “уйга келмайди”, “пул ўғирлайди”, “Кўчадан бери келмайди”, “Уйдан кетиб қолган”, “Жонимга қасд қиламан, деб қўрқитади”…

Ўз фарзандларимиз устидан мана шундай нолишлар тобора кўпаймоқда. Уларни яна давом эттирсам бўлади, аммо…  Ҳар куни шундай гапларни эшитишдан дилим оғрийди. Авваллари бундай мурожаатлар қай йўсинда ҳал бўлганини билмайман, лекин ҳозирги замонда психологлар ёрдамга келмоқда. Мен бундай муаммоларнинг  бошини тополмай турганимда мутахассис  охирги нуқтани қўяди – “Фарзандни тарбиялашдан олдин ота-онанинг  ўзини тарбиялаш керак”. 

“Фарзанд хоҳ катта бўлсин, хоҳ кичик бўлсин, унинг хулқ-атвори шаклланишида ота-онасининг тарбияси ва оила муҳити то умрининг охиригача ўз таъсирини кўрсатаверади”, дейди мутахассис. Мурожаатларга боқаман:

“Эр-хотин Россияда ишладик. Қизимизни холасига ташлаб кетган эдик.  Унинг учун ишладик, тузук емадик, киймадик, аммо уни йўқотдик. Қандай дейсизми? Бизга ҳурматсизлик қилади. “Менга нима қилиб қўйдингиз, ота-она бўлиб?” дейди…”

“Ўғлим ҳам, қизим ҳам дадасини яхши кўрмайди. Дадам хонамизга кирмасин деб, хонасининг эшигини ёпиб олишади.  «Нега ундай қиласизлар?» десам, «Дадам сизни, бизни кўп  уради, сўкади, шунинг учун ёмон кўрамиз», дейишади…”

“Қизим уйдан қочиб кетди. Оиласидан ажрашган йигит билан яшайди. Маҳалла-кўй орасида номусга қолдим. Дадаси:  “Ундай қизнинг боридан йўғи яхши”, деб ундан воз кечган. Нима қилишимни билмайман…”

“Ўғлим ёшлигидан тоғасиникида туриб, (биздан узоқда) лицейда, сўнг институтда ўқиди. Сўнг чет элда ўқиди. Яхши мутахассис бўлди. Аммо на менга, на дадасига меҳрибон бўлди. Ўз ўғлимни таний олмайман… Мен унинг муҳаббатига, меҳрига зорман…”

 Ҳар ким ўзидан ўтганини ўзи билади. Айниқса оиласи ва фарзанди тарбиясидаги ишларида. Аммо нима бўлишидан қатъи назар, сизу биз аввало Отамиз, Онамиз! Шуни унутмайлик.  Ёнимиздаги мурғак  фарзандларимиз  сизнинг, бизнинг келажакдаги меваларимиздир. Кун келиб, оиламиз ва уларга берган тарбиямиз Абдулла Авлоний айтганидек, “биз учун ё ҳаёт, ё мамот; ё нажот, ё ҳалокат; ё саодат, ё фалокат масаласи” бўлади. Ҳаёт ташвишлари, еб-ичиш, кийим-кечак бизни алдаб қўймасин, “тарбияси бир гап бўлар…” деган ўй  чалғитиб қўймасин.

Энди мутахассиснинг фикрига қайтсам. Аввало ўзимиз тарбияга муҳтожмиз. Қандай, дейсизми? Чунки биз уларга болалик пайтиданоқ қандай муомала қилишни билмаганмиз. Улар гўдак бўлса-да, катта қалб эгаси эканини унутиб қўйганмиз. Айнан шу борада сизу бизга керак бўлган айрим тавсияларни тўплаб, сизга ҳам  илиндик. Бу борада сизга озгина кўмак берсак, дилимиз қувониб, кўнглимиз равшан тортади.

***

Фарзанд тарбиясидаги энг катта хатолардан бири, фарзанд билан муомалада унинг ақли йўқ, ҳар қанча тушунтирса ҳам, ҳеч нарсани тушунмайди, қабилида муомала қилиб, бирор нарса ҳақида маълумот  берилганда, фаҳмлаб олишида сабрсизлик қилишдир. Бу айни мусибатдир. Чунки ҳали ҳаётни тўла-тўкис тушунмайдиган, оқ-қорани ажрата олмайдиган болани билимсизликда, жаҳолатда айблайвериш унинг руҳиятини синдириб, қалбини яралайди. Демак, уларнинг қалби чўкиб, тушкун кайфиятда  яшашига атрофида яшаётган кишилар сабабчи бўладилар.

***

Фарзанд билан яхши муносабатларни ўрнатиб олиш учун у билан ҳар куни 20 дақиқа ўртоқларча суҳбатлашиш керак.

Бу суҳбатнинг мавзуси насиҳат, мактабдаги ўқув дастурлари ва кўрсатмаларидан бошқа мавзулар бўлиши лозим.

Кўпинча фарзандимиз бирор айб иш қилиб қўйса, қандай жазоласам бўларкин, деб ўйлаб қоламиз. Аслида биз ўзимиз жазога ҳақли бўлсак-чи?!

Фарзандлари билан ҳазиллашмайдиган, ўйин ўйнамайдиган, уларни қучоқлаб, ўпмайдиган ҳамда фарзандларига етарли вақт ажратмайдиган кишилардан бўлсангиз, аслида фарзандингиз эмас, балки сиз ўзингиз жазо қўлланишига лойиқ одам экансиз!

***

Отаонанинг фарзанд тарбиясидаги ўрни:

Фарзандингизнинг ноқулай аҳволга тушиши ёки хижолат бўлишидан хавфсираб, ҳамма ишни унинг ўрнига бажараверманг. Чунки  бу ҳолда у ўта уятчан, қатъиятсиз ва ланж бўлиб улғаяди. Баъзи ишларни фарзандингизнинг ўзига ҳам қўйиб беринг. Тажриба қилиб кўрсин, адашсин, хато қилсин. Уйда алоҳида қолганида, қалбига озор бермаган ва мажбурламаган ҳолда унга тўғрисини ўргатиб қўясиз.

***

Фарзандлар билан бўладиган муомалада «Сен хатокорсан», деб айтиш ўрнига «Бу ишинг хато», деб айтинг. Хатони болага нисбат бериш эмас, эътиборни хатонинг ўзига қаратиш керак. «Сен бағритошсан», деб айтиш ўрнига «Сен укаларингга қўполлик қилдинг», деб айтиш керак. «Сен кир ва ифлоссан», дейиш ўрнига «Кийимингни кир қилибсан», дейиш тўғри бўлади.

***

Фарзандингиз рағбат қилган нарсани ишлатишига тўсиқ бўлишнинг имкони йўқ. Бугунги кундаги курашда фарзандингиз қўлидан жиҳозни тортиб олиш билан ютуққа эришмайсиз. Балки фарзандингиз қалбига «Аллоҳ барча нарсани кузатиб турибди» деган жумлани жойлаш ва мана шу нарсага қаноатлантириш билан ютуққа эришасиз.

***

“Афсус”, “рухсат берсангиз”, “ташаккур”…

Мана шундай сўзларни фарзандларингизга ўргатинг, токи бундай сўзлар уларнинг хулқ-атворларининг бир қисмига айлансин. Шунда фарзандларингиз атрофдагилардан одоб-ахлоқи билан ажралиб турувчи болалар бўлишади.

***

Фарзандингизни бошқа болалар билан таққослаб, ундаги ҳасад ва нафрат ҳиссини қўзғаб юборманг. Ҳар бир боланинг ўзига хос тоқати, интилиши ва иқтидори бўлади. Фарзандингизни бошқаларга таққослаш ўрнига ундаги ўзига хос хусусиятларни кашф қилишга интилинг.

***

Фарзандларингизга қанча вақт ажратишингизни айтинг, шунда мен ҳам фарзандингизнинг сизга нисбатан меҳр-муҳаббати, қай даражада эканини айтиб бераман.

Эй оталар, огоҳ бўлинг! Фарзандларингиз ҳаётидаги тарбиявий бўшлиқни ҳар қанча ҳаракат қилса ҳам, она тўлдира олмайди. Бир томонлама муҳаббат гуллаб-яшнагани ҳақида ҳеч эшитганмисиз?! Чунки бир ёқлама бўлган тарбияда камчилик ва нуқсон бўлади.

***

Фарзандингизни серсаволлигидан малолланманг. Унда юзага келган саволларга сиз жавоб берувчи бўлинг. Токи у саволларига бошқа масдар, манба қидириб,  жавоб изламасин. Чунки ўша бошқа томон хато ва нотўғри бўлиши мумкин.

***

Фарзандингизнинг сизнинг кўз ўнгингизда хато қилиши ва сиз томонингиздан ўринли танбеҳ ва кўрсатма олиши, қаттиққўллигингиз ва ғазабингиздан қўрқиб қилган айбли ишини яширишидан кўра яхшироқдир.

***

Вақтимизни кўпроқ фарзандларимиз билан ўтказишимиз уларга кўплаб пул сарф қилишдан кўра муҳимроқдир.

***

Ёш гўдак кунига тўрт маротаба қучоққа олиб, бағирга босиш ва меҳр кўрсатилишига муҳтож бўлар экан. Шунингдек, қалбининг муолажаси учун кунига саккиз марта бағирга босиб, меҳр кўрсатиш лозим экан. Ўсиб-улғайиши ва ривожланиши учун кунига ўн икки марта бағирга босиб, меҳр кўрсатиш лозим. Иқтидор эгаси бўлиши учун эса болани кунда йигирма марта бағирга босиш, эътибор кўрсатиш керак бўлади.

***

Сизнинг ёш болаларингиз бўлса-ю, хонадонингиз ҳар доим безатилган, озода ва ҳамма нарса жой-жойида турган бўлса, демак, сиз ёмон ота ёки онасиз. Чунки ёш болалар бор  уйда нарсалар ҳамиша тартибли туриши, у уйда болаларга  қаттиққўллик, қўполлик ва маҳрум қилиш борлигининг аломатларидир. У уйдаги бундай ҳолат у ерда боланинг болалиги ўғирлангани, хаёлот ва орзулар олами чеклангани, беғубор болалик руҳияти сўндирилганига далолат қилади.  

***

Фарзандларингиз бақир-чақир қилиб, овозини кўтарганида сиз ҳам бақириб жавоб қайтарманг. Лекин фарзандингизга хотиржамлик билан: «Овозингни кўтарма, овозингни кўтарганингда сени эшитмаяпман”, деб жавоб беринг.

***

Кўпинча фарзандларимизга нисбатан ишлатаётган сўзларимизга эътибор бермаймиз.

Масалан, «эй мияси йўқ», «аҳмоқ», деб айтиш билан боланинг иқтидор ва ички оламидаги ихтиро руҳиятини барбод қиламиз.

Фарзандларимизга нисбатан қўллайдиган ижобий маънодаги сўзларимиз уларнинг келажакда шахсият сифатида шаклланишлари ва ўзларига нисбатан ишонч ҳиссининг юзага келишини  таъминлаб беради. “Сен энг зўрсан”, “сен ботирсан”, “сен ростгўйсан”, “сен иқтидорлисан”, “сен ҳаммадан ажралиб турасан”, “сен зуккосан, сен ажойибсан” каби сўзларни фарзандингизга кўп-кўп айтаверинг, қулоғига қуяверинг!..

***

Фарзандингизнинг аразлаб, йиғлаган ҳолда ёки жаҳл қилиб, хафа ҳолида ухлашига йўл қўйманг. Чунки мия кун давомидаги охирги ҳодисалардан таъсирланиб қолади, уйқу асносида эса у ривожланади.

***

Оқшом пайти ухлашдан олдин, фарзандингиз билан эртанги кун қилиниши керак бўлган ишлар хусусида гаплашинг. Мана шу одат болани ишларини режа асосида қилишга, вақтини тартиблашга ва ундан унумли фойдаланишга ўргатади.

***

Ёш бола атрофидаги овозлардан таъсирланади. Айниқса катталарнинг ўзаро бақир-чақирини эшитса, ундан қаттиқ таъсирланади, қўрқоқ, одамови бўлиб қолади. 

  Энди катталар у болага нисбатан бақир-чақир қилиб, уни койиб, урушса ёки хўрлашса,  қандай ҳолатга тушишини бир ўйлаб кўринг.

***

Хоҳ катта бўлсин, хоҳ кичик бўлсин, фарзандларингизга бепарво бўлманг. Чунки улар сиздан барча нарсада энг афзал нарса, энг ажойиб ҳис-туйғу, энг афзал дардкаш, энг яхши муомала ва энг гўзал гумонни кутишади.

Ўзингиз ҳам эслаб кўринг, ахир ота-онангиздан энг яхши муносабатни кутар эдингиз-ку?! Демак, фарзандларингиз ҳам сиздан энг яхши нарсаларни кутишади. Шундай экан, бепарво бўлиб, уларни қаровсиз қолдирманг.

***

Фарзандингизга уни яхши кўришингизни айтиб туринг ва  бағрингизга босиб қўйинг. Бу нарса болада ўзига ишонч ҳиссини пайдо қилади.

Ўзига ишонган ҳар қандай боланинг ортида унга ишонадиган оиласи туради. Бола ўзига ишонган, қатъий бўлиши учун аввало оилада ота-онаси у ҳар қандай ишни уддалай олади дея, фарзандга ишонч кўрсатиши ва  шу йўсин тарбиялаши лозим.

***

Фарзандинг олдида фақирга кўмак беришинг  ‒ садақа қилиш ҳақида гапирган мингта ўгитингдан яхшироқдир. Чиқиндини махсус жойга, қутига ташлашинг ‒ тозалик ҳақида айтган барча нутқларингдан кўра тушунарлироқдир.

Тарбия намуна, ибрат кўрсатиб амалга оширилади, бошқаларга солиштириб эмас.

***

Агар болангиз бирор нарсага жуда қизиқса ва уларни сотиб олиб беришингизни қаттиқ талаб қилса, ўзининг шахсий маблағидан сарфлаш учун пул йиғишга қизиқтиринг. Токи бирон нарсага эга бўлишдаги қийинчиликларни ҳис этсин, талаб қилишдан олдин сўрамоқчи бўлган нарсаси шунга арзийдими, йўқми – шу хусусда  ўйлаб кўрсин. Шунингдек, бирон нарса олишда етарли маблағ жамғарилишида  сабр-тоқат лозимлигини ҳам англаб етсин.

Бу тарзда тарбиялаш болани ашёлар ва мол-мулк хусусидаги масъулиятини шакллантириб, эга бўлиб турган нарсаларини ҳикмат билан тасарруф этишга ўргатадиган зарурий услубдир.

***

Болага кўпчилик олдида насиҳат қилиш уни шарманда қилишдир. Энди кўпчилик олдида унга бақириш, уриш, айбларини айтиш ва масхаралаш нақадар ёмонлигини биласизми?!

***

Фарзандларни калтаклаш, уриш натижасида келиб чиқадиган асоратлар:

– Болани ёлғон гапиришга одатлантиради;

– Боланинг ўзига бўлган ишончи камайиб, хотираси пасайиб кетади;

– Бола  хўрлик, ёлғизлик ва одамовиликни ҳис қилади;

– Болада душманлик ва қасос олишга бўлган рағбат ўсади.

***

Фарзандингизга қуйидагича  саволлар беришдан сақланинг!

– Нима учун сен бу даражада дангаса, танбалсан?

– Бу тарзда ярамас иш тутишни сенга ким ўргатди?

– Нимага айтилган гапни тушунмайсан?

– Шунақа ҳам гапирасанми?

***

Фарзандларга, хусусан, қиз фарзандлар руҳиятига ҳаё уруғини экишингиз лозим. Уларни бегоналардан олдин яқинлари олдида ҳам авратини тўсиб юришга ўргатиш зарур.

***

Фарзандларингиз билан биргаликда ўйнашингиз нафақат ораларингиздаги алоқани тикловчи, балки фарзандингизнинг ижтимоий ҳаётдаги заковатини яхшилашга ёрдам берувчи омиллардан бири ҳисобланади.

***

Агар оилада ота-она ўзаро келиша олмаса, у ҳолда фарзандлар йўлдан озган ва тарбиаси бузуқ кимсаларга ўлжа бўлади.

***

Иқтисодий ҳолатингиз яхши бўлса ҳам, фарзандингиз талаб қилган нарса оддий ва арзон бўлса-да, сиз улар талаб қилган барча нарсаларни сотиб олиб беришга шошилманг.

Уларга: «Биз кўп нарсаларни кўрамиз, аммо уларнинг айримларинигина сотиб оламиз. Нафсимиз тусаган ҳар бир нарсани сотиб олиш яхши эмас”, деб таълим бериб, шунга одатлантиринг.

Зеро, ҳаёт бир хилда давом этмайди. Кўзга кўринган ҳамма нарсани сотиб олиш имконсиз нарсадир.

Аrabic uz сайтида эълон қилинган ҳикматлар асосида

Райҳона тайёрлади.

Баҳам кўринг

Leave A Reply