Севимли машғулотни даромад манбаига айлантириш мумкинми?

0 123

Аллоҳ таоло барчага ўзига хос қобилият, қизиқиш ато қилган. Кишининг севимли машғулоти доимо унга яхши кайфият бағишлайди, салбий фикрлардан халос бўлишга ёрдам беради. Агар бу машғулот озгина ҳалол даромад келтириб турса, нур устига нур бўлади. Сизга қайси машғулот ёқимли бўлса ҳам, у тикиш-бичиш бўладими, таом тайёрлаш, шеър ёзиш ёки бежирим кийимлар тўқишми, у орқали сиз атрофингиздаги инсонларга ҳам, ўзингизга ҳам фойда келтиришингиз мумкин. Асосийси – қандай қилиб бунинг уддасидан чиқишни билиш.

  1. Ўз ишингизнинг устаси бўлинг!

Бир иш қилганда уни мукаммал бажаришга ҳаракат қилиш керак. Танлаган соҳангизда ўзингизни имкон қадар ривожлантиришга ҳаракат қилинг, шу борада кўп китоблар ўқинг, тренинг ва семинарларга қатнашинг, янги техникалар ва услубларни изланг. Фақат ўз ишингизнинг устаси бўлсангизгина, муваффақиятга эришишингиз мумкин.

  • Диплом ёки сертификат олинг!

Ҳеч қандай дипломсиз ҳам ўз ишимни аъло бажараман, деган тақдирингизда ҳам, буни тасдиқлайдиган ҳужжатнинг бўлиши муҳим эканини унутманг. Бунинг учун, албатта, вақт топинг, сармоя киритинг. Албатта, ўша соҳада моҳир эканингизга гувоҳлик берувчи «бир парча қоғозингиз» бўлсин. Бунинг учун яна бир бор бакалавр даражасини олиш шарт эмас (бироқ бу ҳам ёмон фикр эмас, албатта). Ўқув марказларида хос курсларни топинг, уларга қатнашга узоғи билан бир неча ой вақтингиз кетади, шу билан сиз махсус диплом, сертификат ёки квалификацияга эришган бўласиз. Бу эса сизга профессионал тарзда ривожланишга ёрдам беради.

  • Ўз сайтингиз ёки блогингизни юритинг!

Ўз сайтингиз ёки блогингизга эга бўлиш – инсонларни ижодингиз намуналари билан таништириш учун ажойиб усул. Мухлисларингиз у орқали сизнинг ишларингизни кузатиб боришлари мумкин бўлади. Илк мижозларингиз ва кузатувчиларингиз биланоқ ўзаро илиқ муносабатлар ўрнатишга ҳаракат қилинг. Сайтингиз бошқа шу турдаги сайтлардан ажралиб туриши учун ўзига хос дизайн ва услублардан фойдаланинг, бу борада фантазиянгизни ишга солинг. Агар сайтингизни яхши юрита олсангиз, у ҳам реклама ва хизматлар орқали алоҳида қўшимча даромад манбаига айланиши мумкин.

  • Ижтимоий алоқаларингизни кенгайтиринг!

Инсонлар билан алоқаларингиз қанчалар дўстона ва илиқ бўлса, бу сизнинг ишингизга нисбатан ишонч юқори бўлишига шунча ижобий таъсир қилади. Танишларингиз, танишларингизнинг танишлари орқали бозорингизни кенгайтиришингиз қийинчилик туғдирмайди.

  • Визиткадан фойдаланинг!

Ташриф қоғози сизнинг ўз касбининг моҳири сифатида мавқеингизни кўрсатиб беради ва ишбилармон киши сифатида таассурот қолдиради. Ташриф қоғозига ҳам ижодкорона ёндашишингиз мумкин. Унда барча зарурий маълумотларни акс эттиринг. Бу борада сарфлаган пулингиз ўзини оқлаши турган гап.

  • Алоқалар боғланг!

Сизнинг соҳангиз билан боғлиқ соҳаларда керакли инсонлар билан танишинг. Улардан ўрганинг, маслаҳат сўранг, ўзингиз ҳақингизда сўзлаб беринг. Улар сизга ривожланишингизда, шунингдек, реклама ёки тавсия қилиш билан кўмак бериши мумкин. Ёрдам сўрашдан уялманг – кишилар уларнинг ёрдамига муҳтож эканини билса, бажонидил ёрдам берадилар.

  • Ўзингизга ишонинг!

Ўзингизга, ўз кучингизга ишонинг. Муваффақиятга эришишингизга шубҳа қилманг. Бу ўзингизни тутишингизга, қарор қабул қилишингизга, мижозлар билан ишлашингизга таъсир қилади.

  • Ибодатда ва дуода бардавом бўлинг!

Ва ниҳоят, энг муҳими, ниятингизни тўғри қилинг. Пул топиш хаёли сизни ибодатингиздан чалғитиб қўйишига йўл қўйманг. Ишингизни хайрли қилишини Аллоҳдан тинимсиз дуо қилиб сўранг.

Баҳам кўринг

Leave A Reply