Сабрми ёки «бечоралик» синдроми?

0 582

Мусулмон инсоннинг ҳаёти нималардан иборат? Охири йўқ ғам-ташвиш, синовлар, азоб ва қўрқувданми? Ёки барча баланд-пастликларни қабул қила билиш, Аллоҳга мамнуният билан ибодат қилиш, Аллоҳнинг розилигига эришишга ҳаракат қилиш ва Ислом қоидаларига мувофиқ ҳаёт кечиришми? Ўзининг ва ўзгаларнинг ҳаётини мураккаблаштирмаслик, атрофдагиларга динимиз гўзаллиги ва оддийлигини кўрсата олиш учун мусулмон кишининг фикрлаш тарзи қандай бўлиши лозим? Бугун сиз билан шу ҳақда суҳбатлашамиз.

Мусулмон инсоннинг ҳаётга нисбатан қарашини кўпчилик нотўғри талқин қилади. Агар банда Аллоҳ унга тақдир қилган ҳаётга У Зотнинг комил ҳикматига тўла ишонган, Аллоҳнинг иродасида нуқсон бўлмаслигига иймон келтирган ҳолда қараса, у Аллоҳнинг унга ажратган қисматига мамнуният ва розиликни туяди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларини эсланг: «Мўминнинг ҳоли ажойиб: Аллоҳ унинг тақдирига нима битса, унга яхшилик бўлаверади. Агар унга хурсандчилик етса, шукр қилади ва бу унга яхши бўлади, агар бошига мусибат тушса, сабр қилади, бу ҳам унга яхши бўлади» (Муслим ривояти).

Солиҳ уламолар шундай деганлар: «Кўнгилсизлик ва фалокатларни неъмат ўрнида қабул қилиш лозим. Чунки улар гуноҳдан поклайди ва инсонни сабр қилишга ўргатади, бунинг эвазига эса инсон ажр олади. Инсон шундай ҳолга дучор бўлса, у ибодатда фаолроқ бўлиб қолади, Аллоҳга кўпроқ юзланади, ўзининг ожизлигини, Роббига муҳтожлигини ҳис қилади. Аллоҳ таоло бандасининг охиратдаги ҳолатини бу дунёдаги маҳрумлик билан ҳам енгиллатиши мумкин. Шундай экан, синовга учраган ҳар бир бандага сабр лозимдир. Ким сабрда мустақим бўлган ҳолда зиммасидаги вазифаларни бажара олса, Аллоҳ таолонинг мукофотини тўлиқ олади».

Бироқ бу зинҳор инсон улкан ажрларга эга бўлиш учун Аллоҳдан синов юборишини сўраш кераклигини билдирмайди. Ҳадиси шарифларга кўра, Аллоҳ таоло еб, Аллоҳга шукр келтирган бандасига рўза тутиб, сабр қилган инсоннинг ажрини бериши мумкин. Асосийси ҳаддан ошиб, охиратдаги жазодан қочиш учун Аллоҳ таолодан бу дунёда жазолашини сўрамаслик лозим. Ахир инсон ўзига юборилган синовни кўтара олмаслиги, бу эса бутунлай аксинча натижага олиб келиши ҳам мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматни бундай ишдан қайтарганлар. Аллоҳ таолонинг «Роббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшиликни, охиратда ҳам яхшиликни бергин ва бизни дўзах олови азобидан сақлагин», деган қавлининг ўзи мусулмонларга кифоя қилиши керак.

Сабр нима дегани? Сабр – Аллоҳнинг йўлидан тўсадиган ва инсонни ҳайвонга айлантирадиган нафснинг истак-хоҳишларидан ўзини тийишдир. Инсон ўзини шариат таъқиқлаган истакларни амалга оширишдан тийса, Аллоҳнинг розилиги йўлида баъзи лаззатлардан ўзини маҳрум қилса, сабр қилса, бундай инсоннинг Аллоҳ ҳузуридаги мақоми, албатта, олий бўлади. Бироқ бу масаланинг фақат бир тарафи. Айрим инсонлар бутун ҳаётларини бир азоб ва ёмонликдан иборат деб биладилар, яхшиликка умид қилиб қадам ташлашдан қўрқадилар. Ҳадиси қудсийда шундай дейилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Аллоҳ таоло айтади: «Бандам Мен ҳақимда қандай гумон қилса, шундайман! Мени эсласа, у билан биргаман. Мени бир ўзи эсласа, Мен ҳам уни Ўзим эслайман. Агар у Мени бир жамоа ичида эсласа, Мен уни улардан яхшироқ жамоа ичида эслайман. Агар у Менга бир қарич яқинлашса, Мен унга бир аршин яқинлашаман. Агар у Менга бир аршин яқинлашса, Мен унга бир қулоч яқинлашаман. Агар у Менга юриб келса, Мен унга чопиб бораман»(Имом Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилишган).

Аллоҳ таоло бизга тоқатимиздан ташқари нарсани юкламайди. Бироқ бу одамлар шу дунё ҳаётларида ўзлари ва атрофдагиларни қийнаб, фақатгина зўриққан ҳолатда яшайдилар, ўзлари билган ёки билмаган ҳолатда ҳаётдан доимий синов кутадилар. Улар учун қийналиш, ташвиш ва тушкунлик ҳаётларининг ажралмас қисми. Бу ерда гап синовда ёки қилган ишлари учун жазода эмас. Одатда бундай кишилар битта кўнгилсизлик ёки фалокатни қўйиб юбормай, бутун умр олиб юришлари мумкин. Руҳшунослар бундай беморлар билан ишлаганда кўпинча уларга шунчаки бу ҳолат (балки онгости тарзда) ёқади, деган хулосага келадилар. Дейлик, кунлардан бир кун инсоннинг ҳаёти чигаллашиб, муаммоларга учради. Аввал у қалбининг оғриғига қарши фаол тарзда курашиб, уни енгиб ўтишга ҳаракат қилади. Лекин қайсидир лаҳзада чарчаб, шу оқим бўйлаб сузишни бошлайди. Секин-аста мияси бу тушкунлик ҳолатининг ижобий тарафларини топа бошлайди. Аслида, тушкунлик нафс учун ёқимли ҳолат. Шу тариқа ҳаракатсизлик ҳолати «бечора» қаҳрамонимиз учун қулайлик касб эта бошлайди: энди унда ҳаракат қилмасликка, масъулиятсиз бўлишга, дангасалик қилишга баҳона бор. Бу гўё ҳамма сенинг олдингда ўзини айбдор ҳис қилиши лозимлиги билан ҳам ўзига тортади. Худди ҳамманинг ҳаёти сеникидан яхшилиги учун улар сендан қарздордек. Тушкун ҳолатга одатланиш, шунингдек, хавфсизроққа ҳам ўхшайди: ўзингдаги ҳолатга кўникиб бўлгансан, лекин яна келажакда бўлиши мумкин бўлган ишлардан ҳам қўрқасан. Атрофдагилар тинмай сенга ачинади, сен ҳақингда қайғуриб, ташвишланади – бундан воз кечиш осонми? Агар бу борада ҳар бир детални кўриб чиқиладиган бўлса, бундай одамлар ҳаммадан ҳам худбин экани кўринади. Бундай ҳолатда юрган инсон ўз соғлиги, ўз ҳаёти ва ўз руҳиятини барбод қилиши мумкин. Одатда «бечоралик» синдромига диний саводи бўлмаган ёки кимдандир зулм кўрган инсонлар чалинишади. Улар ҳамма нарсанинг фақат ёмон тарафини кўрадилар, атрофдагиларга ҳам салбий энергия таратадилар. Бу нафақат унинг ўзи учун, балки бутун уммат учун зарардир.

Лекин азму қарор қилган инсон учун бу ҳолатдан чиқиш қийин эмас – бунинг йўли аллақачон Қуръон ва суннатда ўз ифодасини топган. Чиройли сабр қилиш, ўзида олижаноб хулқларни тарбиялашга уриниш лозим. Ҳар бир инсондан яхшиликни излаш, ўз гумонига асосланиб, хулосага шошилмаслик, доим яхши кайфиятда бўлишга уриниш, ҳадеб нолимаслик, атрофдагиларни эшитишни ўрганиш керак. Ва, албатта, кўпроқ жилмайинг – бу ажойиб суннат!

Ильмира Гафиятуллина


Баҳам кўринг

Leave A Reply