Ой ва кунларни ажратиш

0 611

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим!

Бизларни Ўзига иймон келтиришга мушарраф қилган ва Ислом динида бўлишликни насиб этган Аллоҳ таолога беадад, беҳисоб ҳамду санолар ва шукроналар бўлсин!
Бизларга Роббимиздан Ислом ва Иймон ҳақидаги таълимотларни етказган ва ўзлари намуна бўлган Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даражаларига лойиқ бўлган саловату саломлар бўлсин!

Ассалому алайкум? азиз ўқувчи!

Сафар ойи қамарий ойларнинг иккинчиси бўлиб, Аллоҳнинг бошқа ойларидек бунда ҳам намоз, дуо ва бошқа амаллар қабул қилинади. Халқимиз орасида турли бидъат ва хурофотлар сабабли бу ой ҳосиятсиз деган нотўғри фикрлар мавжуд. Бу ойда ҳам турли маросимлар, никоҳ тўйлари қилиш мумкин. Ўзимизча ҳар хил ҳукмлар чиқаришга ҳаққимиз йўқ. Ҳукм чиқаришга фақат Аллоҳ ҳақли. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳамма ойлар ҳам Аллоҳнинг ойи, ҳамма кунлар ҳам Аллоҳнинг куни», деганлар. Биз тақдирга ва тақдирдаги яхшилигу ёмонликлар Аллоҳдан эканлигига ишондим деб, иймон келтирганмиз. Бас, ҳаётимизда бўладиган ҳамма нарсани Аллоҳдан деб билишимиз ва рози бўлишимиз керак. Ҳар хил бидъат, хурофот, ирим-сиримларга ишониб қолмаслигимиз лозим.

Бидъат сўзи луғатда «бир нарсани янгитдан пайдо қилиш» маъносини англатади ва ҳар хил турларга бўлинади:

1. Вожиб бидъат
2. Ҳаром бидъат
3. Мандуб бидъат
4. Макруҳ бидъат
5. Мубоҳ бидъат

Бу турдаги бидъатларга далиллар ҳам келтирилган. Пайғамбаримиз солллалоҳу алайҳи васаллам: «Ким Исломда гўзал суннат пайдо қилса ва ундан кейин ўша суннатга амал қилинса, унга ўшанга амал қилганлар ажрига ўхшаш ажр, уларнинг ажридан бирор ноқис қилинмаган ҳолда ёзилиб туради. Ким Исломда бир ёмон суннат пайдо қилса ва ундан кейин ўша суннатга амал қилинса, унга ўша амал қилганлар гуноҳига ўхшаш гуноҳ, уларнинг гуноҳларидан бирор нарса ноқис қилинмаган ҳолда ёзилиб туради» , дедилар. (Муслим ривоят қилган)

Соддароқ ва аниқроқ қилиб айтганда, бидъат яхши ва ёмон бидъатга бўлинади. Яхши бидъатга мисол, таровеҳ намози, мадрасалар ташкил қилиш, саҳобаларнинг Қуръонни жамлаб, китоб шаклига келтиришлари бўлса, ёмон бидъат – ой кунларини ажратиш, ҳар хил ирим-сиримлар, туғилган кунлар, ҳар хил тўй маросимларни янгитдан пайдо қилиш, бошқа диндаги байрамларни нишонлаш ва бошқалар. Буларнинг ҳаммаси Қуръонда ҳам, суннатда ҳам келмаган, далил-исботсиз нарсалар. Яхши бидъатларга кўпинча эркаклар сабаб бўлиб, яхши амалларга, ажрларга эга бўлмоқдалар. Ёмон бидъатларга эса, кўпинча аёллар сабаб бўлади. Ўзларини ҳам, бошқаларни ҳам гуноҳ амаллар қилиб қўйишларига сабабчи бўлмоқдалар.

Азиз опам, синглим, муслима биродарларим, тўйларда янгитдан-янги маросимлар пайдо қилиб, исрофга йўл қўймайлик, ўз динимизда қанча байрамлар бор, ахир. Бошқа диндаги байрамларни нишонлашга шошилмайлик. Сафарларга ёлғиз чиқиб, фитналарга сабабчи бўлиб қолмайлик, илтимос.

Пайғамбаримиз солллалоҳу алайҳи васалламнинг, дўзах аҳлининг кўпчилиги аёллардан иборат экан, деганларини эслаб, ҳар бир амалимизда охиратни ўйлаб, гуноҳ амаллардан йироқда бўлайлик.
Аллоҳим, билиб-билмасдан қилиб қўяётган гуноҳларимизни Ўзинг кечир, бир нафас ҳам ўз ҳолимизга ташлаб қўймагин. Ҳидоятингдан адашиб шайтоннинг макрига кириб, нафсимизга қул бўлиб қолишликдан Ўзинг асрагин, Роббим!

Муқаддас

Баҳам кўринг

Leave A Reply