Фейсбук ҳукмлари ва одоблари.

0 132


Муқаддима
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Ижтимоий тармоқлар кундан кунга бутун жаҳонда оммалашиб бормоқда. Фейсбук, Твиттер, Инстаграм, Телеграм каби воситалар юртимизда ҳам аллақачон кўпчиликнинг ҳаётида алоҳида ўрин эгаллаб улгурган. Ушбу тармоқларнинг яхшиликка чорлаш, илм олиш ва тарқатиш, яқинлар билан мулоқотда бўлиш, иш вазифасини енгиллаштириш каби манфаатли жиҳатларидан баҳраманд бўлаётган азизларимиз кўп. Бироқ уларда баъзан ўзаро низолар, нифоқлар, фитналар, ҳақоратлаш, ғийбат қилиш каби салбий ҳолатларни ҳам кузатяпмиз. Бундай ҳолатлар, айниқса, Фейсбук тармоғида кўпроқ авж олгандек.
Инсон жонли суҳбатда кўз-кўзга тушиб, суҳбатдошидан ҳаё қилиб ҳам ўзини сипо тутади, ахлоқ нормаларига табиий равишда риоя қилади. Ижтимоий тармоқларда эса ҳолат бироз бошқача. Унда гўё ҳеч ким сизни назорат қилмайдигандек, ёзаётганларингизни ҳеч ким кўрмайдигандек туюлади. Клавиатурада ёзаётган нарсангиз оғзингиздан чиқмагани учун ҳам унда ҳиссиётларни жиловлай олмаслик, одатий суҳбатда гапирмайдиган ёмон сўзларни ёзиб юбориш ҳеч гап эмас. Бироқ мусулмон киши бу каби иллатлардан холи бўлмоғи лозим. Зеро, «У Зот кўзларнинг хиёнатини ҳам кўкслар яширган нарсаларни ҳам билур» (Ғофир сураси, 19-оят).
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари «Ижтимоий одоблар» китобида интернетдаги алоқа одоблари борасидаги муаммолар тўғрисида ёзар эканлар, шундай деганлар: «Афсуски, мазкур алоқаларнинг барчасида шариатга хилоф бўлган, қонунбузарлик ҳисобланган ишлар тўлиб-тошиб ётибди. Турли ахлоқий, моддий, маънавий жиноятлар содир этилмоқда. Буларнинг ҳаммасини тартибга солиш, кишиларни тўғри йўлга солиб, нотўғрисидан қайтариш лозим бўлмоқда. Бу борада ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар ва бошқалар етарли иш олиб боришмоқда. Шу билан бирга, мусулмонларга бу борадаги шаръий одобларни баён қилиб бориш заруратга айланди».
Айни шу мақсадлар билан биз ҳам сиз азизларга ҳар душанба Али Муҳаммад Шавқийнинг «Фейсбук: одоблар ва аҳкомлар» деб номланган рисоласини тақдим қилиб боришни ният қилдик. Унда муаллиф Фейсбук ижтимоий тармоғига доир масалаларни атрофлича ўрганиб, ҳар бир масалани батафсил таҳлил қилган. Ушбу рисола нафақат Фейсбук, балки бошқа ижтимоий тармоқларнинг фойдаланувчилари учун ҳам риоя қилишлари зарур бўлган қоидаларни ўз ичига олган.
Аллоҳ таоло ушбу рисолани барчамизга манфаатли қилсин!

Муаллиф муқаддимаси

Одатда илмий фикрлар вақт ўтиши билан сайқалланиб, порлаб бораверади.

Қўлингиздаги ушбу китоб аслида бир ожиз банданинг фикри, холос. Ундан кўзлаган мақсадим – Ислом шариатидаги одоблар ва ҳукмларнинг мўл-кўллиги, лафзларининг кенглиги, маъноларининг кучлилиги, мақсадларининг теранлиги, барча замон ва маконни қамраб олиши, шунингдек, унинг низом ва қонунлари қотиб қолишдан узоқлигини кучим ва тоқатим етганча кўрсатиб бериш эди.

Шу билан бирга Фейсбук (ФБ) саҳифаларидаги жанжалларни бартараф қилиш, фойдаланувчилар орасидаги тортишув ва низоларни камайтириш мақсадида ФБга оид кўплаб масалаларга назар ташлашни зарур деб билдим. Зеро, бу муаммолар барча мусулмон диёрларга тарқалиб бўлди. Қўлингиздаги «ФБ: одоблар ва ҳукмлар» деб номланган рисола шу тариқа дунёга келди.

Бугунги кунда даъватчи ва ислоҳотчилар мослашувчан зеҳнли, зукко ва фаросатли, ўзгаришларга нисбатан кучли фикрлайдиган бўлиши керак. Зеро, ислоҳ қилувчилар билан бузғунчи нарсалар ораси диққат ва ҳозиржавоблик билан фарқланади. Бу фаросатни Хизр алайҳиссалом мискинларнинг нуқсонли кема билан қолиши ёки бутунлай кемасиз қолишини таққослаб, донолик билан иш юритганида кўриш мумкин.

Жамиятни ислоҳ қилиш фикри эса Ислом амали йўлида турган тўсиқларни бартараф қиладиган янги фикр ва янги қарашларга муҳтождир.

Даъват борасида янги фикрларни топиш учун эса эски фикрларни таомул қилиш ёки бутунлай янги фикр ўйлаб топиш керак бўлади.

Эски фикрларни таомул қилишнинг кўринишларидан бири «истиора», яъни «кўчириш»дир. Истиора – аввал мавжуд бўлган, бирор бир соҳада татбиқ қилинган бир фикрни олиб, ундан бошқа янги бир соҳада фойдаланиш ва бунинг манфаатли бўлиши, бу соҳада аввал мавжуд бўлган муаммолар шу фикр орқали ўз ечимини топишидир. Бунга Фейсбук ва бошқа тармоқлардан Исломни таништириш ва (яхшиликка, маъруфга) чақириш йўлида фойдаланишни мисол қилиш мумкин.

Албатта, замонавий алоқа воситалари ғайридинларга ушбу исломий рисолатга хилоф бўлган эътиқод ва тасаввурларни ёйиш учун қулай имкониятдир. Аммо айни пайтда улар инсониятга Муҳаммадий рисолатни етказиш учун ҳам улкан имкониятдир.

Фикримча, замонавий алоқа воситалари Муҳаммад алайҳиссаломнинг нубуввати ростлигига далолат қилувчи белгидир ва шу билан бирга набавий рисолатни ёйиш учун ажойиб фурсат ҳамдир.

Уни белги дейишимизнинг сабаби шуки, бугунги кунда бутун дунёдаги мамлакатлар гўё Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан аввалги барча набийлар юборилган бир диёр бўлиб қолди. Бу шунга далолат қиладики, Муҳаммад алайҳиссаломни фақат ўз қавмига эмас, балки бутун инсониятга расул қилиб юборган Холиқ Зот бутун олам келажакда бир қишлоқдек жой бўлиб қолишини, энди бошқа пайғамбар юборишга ҳожат йўқлигини, даъвати бутун олам халқларини қамраб оладиган Расулдан сўнг бошқа расулга эҳтиёж йўқлигини билган эди.

Турли диёрлар орасидаги бу яқинлашиш (глобаллашув) сўнгги Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам юборилган пайтдаёқ бошланиб бўлган эди. Сўнгра алоқа воситалари ривожлан сари тобора зиёдалашиб, бугунги асримиздаги ҳолатга етиб келди. Эҳтимол, бундан кейинги асрлар комуникация соҳаси ривожланиб борганидан янада каттароқ глобаллашувга гувоҳ бўлар. Ўша даврда (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар қилиб юборилганда) келажакда шундай бўлишини Холиқ субҳанаҳу ва таолодан ўзга ким ҳам билган эди?

Алоқа воситалари соҳасидаги бу улкан тараққиёт натижаси ўлароқ келиб чиққан бутун дунё халқларининг ўзаро боғланиши мусулмон инсон учун нафақат дунёвий, балки унинг асл ақийдасига боғлиқ бўлган ухровий ишдир. Зеро, бунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ростлигига ишора қиладиган далилларни боғлайдиган далил бор.

Унинг Исломни ёйиш учун қулай фурсат эканини эса изоҳлашга ҳожат йўқ. Ҳозирда китоблар аввалги замонлардагидан кўра тезроқ ёзилмоқда ва аввалгидан кўра кенгроқ тарқалмоқда. Ҳозир калималар сиёҳ билан вараққа ёзилмаяпти, балки миллионлаб китобларни олиб юрса бўладиган, ичидаги китобларни топиш ва ўқиш ниҳоятда осон бўлган электрон хотираларга ёзилмоқда. Ҳозирда сўзланган нутқларнинг овози нутқ тугаши билан тугаб қолмайди, балки минглаб маротаба такрор-такрор эшитса бўладиган оптик дискларга ёзиб олинади. Эндиликда мактубларни туя, машина, поезд, кема ёки самолёт орқали почтадан юборишга ҳам ҳожат йўқ. Энди мактублар Messenger, Whatsapp ва e-mail каби дастурлар орқали бир неча лаҳзаларда дунёнинг исталган нуқтасига етиб борадиган бўлди.

Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, мусулмон олимлар ва толиби илмлар бу воситаларнинг барчасидан фойдалана бошлашган. Бироқ баъзилар ушбу тараққиёт тақдим этган воситаларни «турган-битгани ёмонлик» деб таърифлашдан нарига ўтмаяптилар.

Ҳаётий воқеа-ҳодисаларга нисбатан бундай фитнали муносабатда бўлиш оммавий ахборот билан боғлиқ бўлган, техника тараққиёти натижаси бўлган ҳар қандай замонавий илмий янгиликка кўр-кўрона қарши чиқишдир. Гўё  буларнинг барчаси Исломга қарши кураш, мусулмон ёшларни динидан буриб юбориш учунгина ишлаб чиқарилгандек. Зотан, интернет нашрларни, хусусан Фейсбукни ҳаромга, залолатга хизмат қилади деб, уларни чеклашни талаб қилаётганларни кўп эшитамиз. Улар ўринбосар ёки ечим излаш ҳақида тафаккур қилиб кўрмайдилар. Тарих ўзини такрорлайди. Бир неча ўн йиллар муқаддам баъзи мусулмонлар газета-журналларга, радио ва телевизорга ҳам қарши чиқишган эди. Бироқ бугун ўша янгиликлар кундалик воқеликка айланиб, уларга исломий ўринбосарлар топилгач, улар ҳам ўзгарди. Зеро, журналларнинг ҳаммаси ҳам бузғунчи эмас, манфаатли, исломий журналлар ҳам бор. Радиоканалларнинг ҳаммаси ҳам ёмон эмас, фойдали, динга хизмат қиладиган радиолар ҳам бор. Телевидение ҳам буткул ҳаром эмас, унда яхши исломий кўрсатувлар ҳам берилади. Шу билан бирга, улар бугунги кунда фаҳм-фаросат, идрок белгиси ҳисобланади.

Биз бу борада қарши чиқиш ёки тадқиқ қилиш билан давомли машғул бўлиб, вақтни зое қиламиз. Натижада аслида ўзгариб бўлган, тўхтатиб бўлмайдиган нарсага юзланишга, авлодларнинг ақлида идрокни эртароқ ўстиришга сарфлашимиз керак бўлган кучларимизни йўқотамиз.

Хулоса шуки, Фейсбук тармоғи ва унинг вазифаларидан мана шу дин учун хизмат қилишда фойдаланиш керак. Бу йўналишда Фатво бўлими каби баъзи расмий исломий ҳайъатлар яхши ҳаракатлар олиб бормоқда. Бу ҳаракатлар аксар ҳолатларда Ислом дини учун энг яхши бўлган фаҳм ва таомулга олиб келган.

Аллоҳ таолодан ушбу китоб барчамиз учун манфаатли бўлишини, бу камтарона меҳнатимиз Ўзининг розилиги йўлида бўлишини сўрайман. Набиййимиз Муҳаммад алайҳиссаломга, аҳли байтларига ва барча асҳобларига Аллоҳ таолонинг саломи ва салоти бўлсин.

Абу Молик Али Муҳаммад Шавқий

Мундарижа

Ушбу тадқиқот муқаддима, етти фасл ва хотимадан иборат. Фасллар қуйидаги мавзуларни ўз ичига олади:

Биринчи фасл. Фейсбукнинг умумий одоблари.

Иккинчи фасл. Шахсий саҳифа (профиль) билан боғлиқ одоблар.

Учинчи фасл. Дўстлик сўрови юбориш, дўстликни бекор қилиш, шунингдек, ман қилиш (блоклаш) билан боғлиқ одоблар.

Тўртинчи фасл. Саҳифаларга «ёқди» («like») тугмасини босиш ва гуруҳларга қўшилиш билан боғлиқ одоблар.

Бешинчи фасл. Фейсбукда улашиш («share») билан боғлиқ одоблар.

Олтинчи фасл. Улашилган нарсага «ёқди» («like») тугмасини босиш ва изоҳ («comment») қолдириш.

Еттинчи фасл. Фейсбукда кузатиб бориш («follow») билан боғлиқ масалалар.

Баҳам кўринг

Leave A Reply