МУСИБАТХОНА ОДОБИ

0 120

Яқинларининг ўлими сабабли йиғлаш Ислом шариатига кўра овозсиз, кўз ёши билан бўлиши керак. Баланд овоз билан бақириб йиғлаш, ёқа йиртиш кабилар Исломда йўқ. Ҳазрати Расул алайҳиссалом фарзандлари Иброҳим вафот этганида кўзларида ёш билан: «Албатта, кўз ёш тўкади, қалб маҳзун бўлади, аммо Роббимизни рози қиладиган нарсадан бошқани айтмаймиз. Албатта, биз сенинг фироғингдан жуда маҳзунмиз, эй Иброҳим», деган эдилар.

Бу сўзлар биз умматлар учун Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг таълимотларидир. Ҳозирга келиб, халқимиз орасида бошга мусибат тушганда аёлларнинг тобут атрофида туриб олиб дод солишлари, куфр сўзларни айтиб, бақир-чақир қилишлари, маййитни қабристонга кузатаётиб, ҳушларидан кетишлари, қизларнинг «Отамни ёки онамни бермайман», «Кўмишга йўл қўймайман!» деб туриб олишлари, тобут кўтарилганда ҳамма хотин-қизларнинг дод солганча тобут орқасидан югуришлари – буларнинг ҳаммаси жоҳилият замонидан қолган одатлардир. Бундай «саҳна»ларни кўрганда беихтиёр ўзингизни ўша даврга бориб қолгандек ҳис қиласиз.

Шундай бидъат-хурофотлар борки, улар мусулмонман деб юрган бизнинг халқимиздан собит бўлиб тургани ниҳоятда ачинарлидир. Шундай кишилар борки, вафот этган кишининг пиёласида чой берсангиз, ичмайди, косасида овқат берсангиз, емайди, ҳатто мурда ётган уйда ўзи ётишга қўрқади, ҳазар қилади. Мурда четда қолиб кетиб, унинг яқинлари орасида маъракани ким ўтказиши, кетадиган харажатларга ким пул сарфлаши хусусида тортишувлар бошланади. Таъзия маросими, яъни аза бўладиган жойни ўлик чиққан ҳовлидан бошқа ҳовлига кўчирадилар. Одам бир жойда вафот этади, аммо азаси бир нечта жойга кўчиб юради. Агар бундан мақсад дуои фотиҳа бўлса, бир уйга йиғилсалар, маҳалладан уч-тўртта мўйсафидлар, баъзи қариндошлар тўпланиб тиловат қилсалар, жуда яхши, қайтага савобли иш бўлади. Лекин шундай бўлмаяпти-да!

Таъзия маросимини ўтказиш мумкин, лекин қачон ва қаерда? Агар вафот этганларнинг яқинлари у шаҳардан бу шаҳарга кела олмаса, ноилож маййитнинг бошқа шаҳарда яшовчи ўғли ёки ака-укаси ўша шаҳарда туриб, дуойи фотиҳа қилади, қўни-қўшни, маҳалла аҳли келиб, таъзия билдиришади. Аммо ҳозирда қилинаётган таъзия маросимлари на шариатга, на одамийликка тўғри келади. Дарёнинг бу тарафидан у тарафига, у шаҳардан бу шаҳарга таъзия билдириш учун йўл юриш, беҳуда пул сарфлаш ортиқча харажатдир. Аллоҳнинг Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Хурофот ақлни тўсиб турувчи пардадир». Ислом дини сусайдими, хурофот авж олади, хурофот жўш урдими, ақл кўзини парда босади, ақлки пардага ўралдими, Ислом ҳақиқати ёпиқлигича қолади.

Фарзандлар, дўстлар ва яқинларга ҳар бир банданинг бошига тушиши шубҳасиз бўлган ўлим ва ундан сўнг қилинадиган ишлар хусусида тез-тез панд-насиҳат қилиб туриш лозим. Айниқса фарзандларимизга ота-онасининг ўлимидан сўнг уларнинг руҳига Қуръон тиловат қилиб туришлари, дуолар қилиб, Аллоҳдан ота-онасини мағфират қилишини сўраб туришлари лозимлигини ўргатиб, сингдириб бориш ҳам ота-онанинг бурчларидандир. Яна тирикликда ўзидан кейин қолган мол-дунё – ҳовли-жой, пул ва буюмларни фарзандлар ўртасида тақсим қилиш ўлимдан кейин фарзандлар ўртасидаги муносабатларнинг яхши бўлишида муҳим омилдир. Токи, мол-дунё фарзандларнинг ажралиб кетишига сабабчи бўлмасин.

Иймон ва Ислом аҳлидан бирортасининг Ҳаққа жон таслим қилиши унинг яқинлари учун катта мусибат бўлади. Хонадон аҳллари, қариндош-уруғлар, маҳалла аҳллари уч кун аза тутадилар. Жанозани, дафн маросимини тезлаштириш шариатимиз буюрган амрлардандир. Маййитнинг яқинлари уч кун мобайнида имкон борича тирикчилик ишларини тарк этиб, хурсандчилик қилмайдилар, ҳаммалари ўтганнинг ҳаққига истиғфор айтиб, намоз ўқиб, Қуръон тиловат қилиб турадилар. Бу уч кун ичида мусибатхонада таом пиширилмайди. Бинобарин, «Жаъфарнинг ўлими хабари келганда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаъфарнинг аҳлига таом қилиб беринглар. Чунки уларни машғул қиладиган нарса келиб қолди», дедилар» (Термизий ва Абу Довуд ривоят қилишган). Бундан маълум бўладики, мотам кунларида мусибатхонада дастурхон тузаш ва келганларга таом улашиш макруҳ бидъатдир.

Мирзо Абдуллоҳ Мирзо Калонзода

“Омина” журнали, 1433/Ражаб

Баҳам кўринг

Leave A Reply