Лайл сурасидан 8 сабоқ

0 343

Кимдир бойликни – автомобиллар, телефонлар ва уйларни ҳаётдаги энг муҳим нарсалар деб билади. Баъзилар эса ўзларининг бошқалар билан муносабатларидаги руҳий мамнуниятни бойлик деб санайди.

Қуръонда шундай бир сура борки, у сизнинг бу дунёдаги ва охиратдаги ишларингизу бойлигингизнинг ўртасидаги алоқани изоҳлаб беради. Бу Лайл сурасидир.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Туннинг қоплаб келаётган пайти билан қасам. Наҳорнинг тажалли пайти билан қасам. Эркак ва урғочининг яратилиши билан қасам. Албатта, сизларнинг ишларингиз турличадир» (Лайл сураси, 1 –4-оятлар).

1. Сизнинг эътиборингизга энг муносиб ким?

Ёруғлик ва зулмат, кун ва тун, эркак ва аёлнинг яралишига назар солинг. Буларнинг барчаси иккита ўзаро қарама-қарши тараф қилиб яратилган. Фақатгина инсонлар эмас, ҳайвонлар ва ўсимликлар ҳам шундай. Ёдда тутинг, тун қанчалар қоронғу бўлмасин, ортидан, албатта, кун келади.

Муаммоларингиз ҳам қанчалар катта бўлмасин, албатта, Аллоҳ таолодан енгиллик келади. Буларнинг барчасини тафаккур қилиш инсонни асосий нуқтага олиб келиши лозим: дунёнинг Яратувчиси бор ва У ибодат қилиш учун энг муносиб Зотдир.

2. Ниятингизни янгиланг.

Суранинг муҳим бир оятига диққатимизни қаратамиз. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Албатта, сизларнинг ишларингиз турличадир» (4-оят).

Инсоннинг ишлари ва саъй-ҳаракатлари унинг учун нима муҳимроқ эканидан очиқ-ойдин дарак беради. Бизнинг ҳаракатларимиз Аллоҳнинг розилигига йўналтирилганми ёки бу дунёдан келадиган нарсаларгами? Буни бизнинг амалларимиз ва уларга сарфлайдиган қувватимиз кўрсатиб беради.

Аллоҳ таоло йўлида қилган ҳар бир ишингиз абадий самара беради. Афсуски, кундалик ташвишлар орасида мусулмон киши ўзининг асл нияти – Аллоҳнинг розилигини унутиб қўйиши жуда осон. Аслида ишларимиз қанчалар турлича бўлмасин, уларнинг барчасини Аллоҳнинг розилиги йўлидаги ҳаракатга айлантириш мумкин. Бунинг учун ниятни тўғри қилиш кифоя. Шундай қилиб, ҳалол йўл билан пул топиб, оиламизни таъминласак, бу ибодат бўлади. Аллоҳ розилигини қасд қилиб, оила аъзоларимиз учун таом тайёрласак, бу ҳам ибодат саналади. Ҳаттоки ибодат учун қувват йиғишни ният қилиб уйқуга ётсак, бу яна ибодатдир. Мақсадимизни унутиб қўймаслик учун «Ла илаҳа иллаллоҳ» ёки бошқа кундалик зикрларни такрорлаб туриш фойдали.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Албатта, сизларнинг ишларингиз турличадир. Ва гўзал (сўз)ни тасдиқ қилса. Бас, Биз уни осонга муяссар қиламиз» (Лайл сураси, 5–7-оятлар).

3. Харажатларингизни назорат остида ушланг.

Харажатларингизни таҳлил қилиб кўринг. Аллоҳнинг розилиги йўлида қанча сарф қиласиз? Бизга берилган бойлик неъмат бўлиш билан бир қаторда синов ҳамдир. Қандай қилиб мулкингизни охират учун қийматли нарсага айлатирсангиз бўлади? Закот бериш орқали, пулингизни оила эҳтиёжлари учун сарфлаш орқали, садақа бериш орқали… Буларнинг бари пулга алоқадор бўлмаслиги ҳам мумкин. Ўзингизнинг кучингиз ва вақтингизни ҳам Аллоҳ йўлида сарфласангиз бўлади. Буларни охират учун заҳира қилиш ҳаётингиздаги асосий мақсадингиз бўлсин.

4. Қўрқиш ва умид ўртасида мувозанат

Иш унумдорлигини ўстиришнинг энг яхши усули – Аллоҳ таолодан қўрқишдир. Бунда энг муҳими У Зотнинг жазосидан қўрқиш билан У Зотнинг раҳматидан умидворлик ўртасида мувозанатни сақлашдир. Бу мувозанат ишларингизда акс этиши лозим. Агар сиз бор кучингизни сарфлаб, Аллоҳ розилиги томон интилсангиз, У Зот сизга яхшилик йўлини енгиллаштириб қўяди.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Аммо кимки бахиллик ва истиғно қилса. Ва гўзал (сўз)ни ёлғонга чиқарса. Бас, Биз уни қийинга муяссар қиламиз. У қулаган вақтда унга мол-мулки фойда бермас» (Лайл сураси, 8–11-оятлар).

5. Ҳеч қачон ўзингизни беҳожатман, деб билманг.

Инсонлар бойлик ва ҳокимиятга эга бўлиб боргани сайин Аллоҳ таолога бўлган эҳтиёжлари камайгандек хаёл қиладилар. Инсон қачондир бутунлай беҳожат бўлиши мумкин, деган фикр хатодир. Шуни унутмаслик керакки, бизнинг барча неъматларимиз бизга Аллоҳ таоло томонидан берилган ва ҳақли равишда У Зотнинг Ўзигагина тегишли. Бойлигингиз, мартабангиз ёки ташқи гўзаллигингиз қандай бўлишидан қатъи назар Ўзингизнинг Яратган олдидаги ўрнингизни билинг.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Албатта, ҳидоятга бошлаш Бизнинг зиммамиздадир. Албатта, ҳам охират ва ҳам бу дунё Бизникидир» (Лайл сураси, 12–13-оятлар).

6. Ҳидоятга ёлғиз Аллоҳ бошлашини ёдда тутинг.

Баъзи мусулмонлар ўз солиҳ амаллари билан ғурурга кетадилар. Унутмаслик керакки, Аллоҳ ҳидоятни фақатгина солиҳ амалингизга қараб бермайди. Шунинг учун ҳам мусулмонлар ҳар намозларида Аллоҳ таолога: «Бизни ҳидоятга бошла», деб илтижо қиладилар.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Бас, Мен сизларни (алангаси авж олиб турган) ўтдан огоҳлантирдим. У (ўт)га бадбахтдан бошқа ҳеч ким кирмас» (Лайл сураси, 14–15-оятлар).

7. Суннатни маҳкам тутинг.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Умматимнинг барчаси жаннатга кирар, бош тортганларгина кирмас», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, ким бош тортади?» дейишди. «Ким менга итоат қилса, жаннатга киради, ким менга осий бўлса, бош тортган бўлади», дедилар (Имом Бухорий ривоят қилган).

Суннатни ўрганинг, унга амал қилинг, ишларингиз суннатга мувофиқ бўлишига эътибор қилинг, шунда Аллоҳ таоло бунинг ажрига сизга жаннатни беради.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Ва, албатта, ундан тақводор банда четда қолади. У бойлигини сарфлайди ва ўзини поклайди. Унда бирор кишининг қайтарилиши лозим яхшилиги йўқ эди. Фақатгина олий мақом Роббисининг розилигини сўраб қилади. Ва у, албатта, тезда рози бўлади» (Лайл сураси, 17–21-оятлар).

8. Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч кимдан мукофот кутманг.

Инсонларнинг ношукрлигидан хафсалангиз пир бўлмаслиги учун Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч кимдан ажр кутмасликни ўрганинг. Албатта, ёлғиз Аллоҳ таоло Шакур Зот ва У Зотнинг мукофоти бизга барча одамларнинг мукофотларидан кўра каттароқ ҳамда улканроқдир.

Islam-today


Баҳам кўринг

Leave A Reply