Истидрождан қўрқинг!

0 370

У Зотнинг сенга эҳсони бор бўла туриб, Унга ёмонлигинг давом этиши сени аста-секин олиш бўлишидан қўрққин!

«Биз уларни ўзлари билмайдиган томондан аста-секин олурмиз».

Аввалги ҳикматда неъматнинг барқарор бўлиши ёки унинг узилиб қолиши сабабларини кўриб чиққан эдик. Унда банда неъматни эътироф қилиб турса, шукрини муносиб равишда адо этиб турган бўлса, хайр-баракот  бўлишини, аммо агар шукрини адо этмаса, неъматни эътироф қилмаса, Аллоҳ таоло мажбуран бўлса ҳам унинг бўйнини эгиб қўйиши, мусибатлар билан кўзини очиб қўйиши ҳақида айтилган эди.

Навбатдаги ҳикматимиз истидрож ҳақида бўлади. Ўтган мавзулардан шукрни вожиб қиладиган ҳолат ҳам, сабрни вожиб қиладиган ҳолат ҳам мўмин учун хайр бўлишини билиб олган эдик. Энди ушбу мавзунинг давомида истидрож ҳақида гап кетади, чунки истидрож ҳам неъматлар илан боғлиқ бўлган бошқа бир ҳолатдир. Истидрож – Аллоҳ таолонинг неъматга ношукрлик қилаётган бандани гуноҳу маъсият қилаётган ҳолига ташлаб қўйиб, уни аста-секин, билдирмай ғазабига олишидир. Бунда Аллоҳ таоло гуноҳ қилаётган бандани дарҳол жазоламай, яхшиликларни сероб қилиб бериб қўяди. Бу эса гўё «қилганингча қилиб ол, ёмонликларинг қанча кўп бўлса, гуноҳларинг шунчалик оғир бўлади, гуноҳларинг қанчалик оғир бўлса, азобинг шунча зиёда бўлади» деган маънони беради.

Истидрож кўпроқ кофирларга, мунофиқларга хос бўлиб, ояти карималарда уларга нисбатан қўрқитишлар, огоҳлантиришлар ворид бўлган:

«Оятларимизни ёлғонга чиқарганларни эса улар билмайдиган томондан аста-секин оламиз. Уларга муҳлат бериб қўяман. Албатта, Менинг «ҳийлам» метиндир» (Аъроф сураси, 182-183-оятлар).

Истидрож банда ўзининг ҳолати қандайлигини фарқлаб олиши учун, қайси ҳолатда ўзини қандай тасарруф қилиши кераклигини билиб олиши учун баён қилинган экан. Ўтган сафарги мавзуимизда банда неъмат келганда гўзал шукр қилса, ўша неъмат бардавом бўлиши қисман айтиб ўтилган эди. Бу энг яхши ҳолат. Бунинг учун инсоннинг тақвоси ва иймони мустаҳкам бўлиши ва айни пайтда илми ҳам бўлиши керак. Лекин банда бу ишда тойиладиган бўлса, шукрни тўғри адо қила олмаса, кўп мусибатларга учраб, турли синовларга учрайди. Аммо бу ҳам банда учун раҳмат бўлиб, гуноҳларга каффорат, бу хато йўлдан қайтиш учун бир имкониятдир. Кўпинча инсон учун синовларга сабр қилишдан кўра неъматга сабр қилиш қийинроқ кечади. Аммо энг оғир ҳолат шу эканки, бунда Аллоҳ таоло бандасига неъматни кетма-кет бераверади, узмайди. Лекин бу кимса ёмонликда бардавом бўлаверади. Неъматни муносиб эътироф қилмайди, туғёнларда давом этаверади, гуноҳларни кўпайтиришдан тўхтамайди. Табиийки, бундай ҳолатда савол туғилади: «Нима учун бу инсонларга бало етмайди? Ҳеч ибодат қилганини кўрмаймиз, лекин ёмонлик қилишдан тўхтамайди. Бу инсон катта балоларга сабаб бўлди, лекин унга келаётган неъматлар узилмаяпти….»

Мазкур саволга истидрожнинг ҳикмати жавоб бўлади.

Бу тоифа кишиларга ваъз-насиҳат қилсангиз, тушунтирсангиз, эслатсангиз, «Мен сен айтган нарсаларни қилаётганим йўқ. Лекин мендан раҳмати кесилмади, неъматларни бериб қўйибди. Тўкин-сочинликдаман-ку!» дейиши мумкин. Худди шу ҳолатдаги одамга «Истидрождан қўрқ!» деб айтилган. «Мен ўзим яхшидирманки, Аллоҳ неъматимни сероб қилиб қўйибди», демасдан, «Нима учун мен шу нарсага лойиқ иш қилмасам ҳам, фазли карамга, неъматга, нурга сабаб бўладиган иш қилмаётган бўлсам ҳам, Аллоҳнинг неъмати менга бардавом бўлиб турибди? Бунинг орқасида истидрож бўлмасин яна!» деб, ҳушёр тортиши керак, қўрқиши керак.

Сенга нима сабабдан бундай кенгчилик бўлаяпти? Аллоҳ таоло «Неъматларни устма-уст бераман, қани, қандай тасарруф этар экан» деб, ҳолингга назар солиб туради. Туғён устига туғённи кўпайтираверсак, аммо неъмат кўпайган сари гуноҳларимиз ҳам кўпайиб бораверса, демак, бу истидрож бўлади. Аллоҳ таоло вақти келиб, бу неъматларни олиб қўяди, олганда ҳам қаттиқ олади! Банда ана шундай ҳолатга тушишдан қўрқиши лозим. Бу ерда яна бир чиройли, латиф ишора бўлаяптики, инсон тафаккур қилиб, Аллоҳнинг неъматларини ўйлаган пайтда оз бўлса ҳам қўрқсин. «Бу нарсалар аслида шукрнинг сабабидан келяптимикин, раҳмат бўлиб, яхшилик билан, фазл-карам бўлиб келяптимикин? Ахир менда қусур бор-ку, нега Роббим мени иқобга олмаяпти? Таъзир ёки огоҳлантириш юбормаяпти?» деган хавфимиз ҳам бўлиши керак. Бундан келиб чиқадики, демак, синовлар биз учун раҳмат экан. Бошимизга синовлар келса, билишимиз лозимки, Аллоҳ таоло бизга огоҳлантириш юборди. Тезда ўзимизни йиғиштириб олиш учун, ўзимизга келиб олиш учун бир ишора бўлди. Бутун борлиғи неъмат ичида бўлган банда нотўғри йўлда давом этиб турган бўлса, Аллоҳ сақласин, ҳолига вой бўлиб қолмасидан аввалроқ қўрқиши, Аллоҳ таоло берган муҳлат тугамасидан ҳушёр тортмоғи лозим. Хўш, Аллоҳ таоло бизни истидрожда ташлаб қўйдими ёки ҳақиқатда Ўзи рози бўлиб, неъматларни сероб қилиб бердими, буни қандай билиш мумкин?

Бир бандага бало-мусибатлар келса, «Аллоҳдан бир танбеҳ бўлди. Ишимга яраша жазо бўлди. Илоҳим, бу қийинчиликлар гуноҳимнинг шу дунёдаги каффорати бўлсин» дейиши керак экан. Бандага неъмат давомий равишда, сероб қилиб бериб қўйилганда: «Менинг тўкинчилигим Аллоҳ таолонинг розилиги билан келмоқдами? Орада бирор бир огоҳлантиришлар ёки синовлар бўлмаяпти. Мен нотўғри йўлдан кетиб, ўзимга бино қўйиб юбормадиммикин» дейиши керак. Аммо «Менинг яхшилигим, саъй-ҳаракатимдан шунчалар сероблик келяпти» ёки «Фалон мартабаларга ўзимнинг фазлим орқасидан эришдим!» дейишни бундан фарқлаб олиш керак. Инсон ўзининг ҳолати истижрожми, йўқми – ўзини ўзи муҳокама қилиб билиб олиши лозим. Неъматни Аллоҳнинг розилиги билан Унинг ҳузуридан деб қабул қилишнинг биринчи шарти уни махлуқотларга боғламасликдир. Масалан, фалончининг ёрдами, яхшилиги, фазлу карами билан демаслик, «Фалончи ҳиммат кўрсатмаганда шу нарсалар йўқ эди. Бахтимизга шу одам бор бўлсин» каби фикрдан йироқ бўлиш керак. «Бу неъматлар менга Роббимнинг фазли карамидан келаяпти» деб, айни келаётган жиҳатини этироф қилиб, шуни ҳис қилинаётган, шу неъматни Аллоҳ рози бўладиган жойларга сарфланётган бўлса, иншааллоҳ, неъматлар Аллоҳ таолонинг розилиги билан келаётган ҳолат бўлади. Иншааллоҳ, шу ҳолатда банда тўғри йўлда бўлади. Бунинг акси ўлароқ, неъматни махлуқотларга боғлаб, қўлидаги бор неъматларни гуноҳ орттирадиган тарафларга сарфланса, ҳақни ўз ўрнига қўймаган ҳолатда бўлса, зулм қилинаётган бўлса, демак, бу банда истидрожга ташлаб қўйилибди.

Бу икки ҳолат ана шу тариқа фарқлаб олинади. Мўмин банда ёки илмли банда буни фарқлаб олади. Лекин туғёнга кетган одамнинг кўзи кўр бўлиб, билганини ҳам эътироф қилмайди, мен ҳаммадан юқоридаман деб, ўзини ҳам танимай, ҳаттоки истидрож бўляптими ёки бошқа нарса бўляптими, фарқлай олмайдиган даражада бўлиб қолади. Бу ҳолат ёлғиз бандага тушганидек, қавмларга, жамиятларга ҳам тушар экан. Бунга 2010 йилдан бери мусулмон юртларнинг бошига келиб турган нотинчликларни мисол қилишимиз мумкин.

Истидрожнинг бир шахсга келиши билан бутун жамиятнинг бошига келганининг фарқи шундаки, шахсни бошига иш тушганда ҳолат тез ўзгаради, бунга йил, ойлар етарли. Лекин бутун жамиятга тушганда уларнинг ичида заифҳоллар ҳам бор бўлгани учун, одамларнинг ҳолати ҳар хил бўлгани учун истидрож кўп йиллар, ҳатто асрлар давомида юз беравериши мумкин экан. Имом Бутий роҳматуллоҳи алайҳ бу ҳақда шундай деган эдилар: «Баъзи араб юртлари Ислом юртимиз дегани билан тўқликдан кўзи юмилиб қолган. Ўзидаги бойлигу мол-дунёга алданиб қолиб, тўғри йўлдаман деб ўйлаб, Аллоҳдан келган неъматни билмай, қайси бир мусулмон бўлмаган давлатларни ўзига бош қилиб олиб, келаётган неъматларни нотўғри томонга сарфлашлари, катта исроф қилишлари, нафсининг орқасидан шариат ҳаром қилган ишларни қилиши оқибатида ана шундай ҳолатлар келаяпти».

Хулоса қилишимиз керакки, бугунги мавзуимизнинг бизни хурсанд қиладиган жиҳати: кўп мусулмон давлатлар, уламолари кўп бўлган, илм маркази бўлган юртлар ҳозир уруш туфайли вайронага айланиб кетди. Одамлар ўлди, аёллар тул қолди, болалар етим қолди. Қадриятлар, гўзал жойлар – ҳаммаси вайрон бўлди. Шуларни ўйлаган ҳолда айтиш мумкинки, вайрон бўлиб, бошига мусибат келган шу юртлар, иншааллоҳ, истидрождан омонда қолибди.

Нимадандир маҳрум бўлдикми, нимадандир синовга учраяпмизми, демак, бу банда учун яхшилик. Бу борада ҳадиси шарифга мурожаат қиламиз. Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам шундай деганлар: «Мўминнинг ишига ажабланаман –ҳаммаси яхшилик. Неъмат етса, шукр қилади ва ўзи учун хайр бўлади. Мусибат келганда эса сабр қилади ва ажр олади».

Демак, мусибат етганда жуда тушкунликка тушиб олиш ҳам тўғри эмас. Мусибат ҳам ўз ўрнида бир неъмат бўлиб, истидрож ундан ҳам ёмон экан. Кўзларимизни, қалбларимизни беркитиб қўйиб, истидрож даражасига тушириб қўймаганига шукр қилишимиз, ҳар ким ўз ҳолатини муҳокама қилиши лозим. Истидрож келгандан кейин инсон ҳеч бўлмаса бало-мусибатларга шукр қиладиган бўлиб қолар экан.

Истидрож – жуда катта хавфдир. Аслида инсон доимо хавфда бўлиши керак. «Тинчлик, хотиржамлик менга неъмат қилиб бериляптими ёки истидрожми? Роббим мендан розимикин, Роббимга осийлик қилиб юрмаяпманмикин?» деб, доим ўзини тергаб туриши, ислоҳ қилиши керак. Бугунги ҳикматимиз ана шу ҳолатлар тўғрисида эди.

Аллоҳ таоло барчамизни бундай ҳолатлардан сақласин, бизларни бир лаҳзага ҳам ўз ҳолимизга ташлаб қўймасин!

Муаллиф: Одинахон Муҳаммад Содиқ

Баҳам кўринг

Leave A Reply