Гўдак тилидан (йигирма учунчи кун…)

0 194

Йигирма учунчи кун…

Ассалому алайкум! Бугун Рамазоннинг йигирма учинчи куни.

Тезда ўтиб кетаётган бу ойнинг учинчи қисми ҳам ўтиб бормоқда. Ҳали Рамазонни соғиниб яна бир йил кутамиз. Озгина қолган ушбу кунларнинг қадрига етишимиз керак.

Сизларга айтсам уйимизда китоблар жуда кўп бўлиб, уларнинг аксарияти бир кишиники. Ойимнинг айтишларича у киши юртимизнинг охирги энг етук алломаси бўлган эканлар. У кишини ҳамма одамлар Ҳазтат деб чақиришар экан. Дадам мени ҳам у кишининг олдиларига олиб бормоқчи бўлган эканлар. Лекин афсуски насиб қилмаган экан. Уларнинг ҳаёт йўллари ҳақида кўп воқеаларни айтиб беришган. Тоғам айтганларидек Ҳазрат билан чин дилдан гаплашган ҳар қандай одам у кишини яхши кўриб қолар ва яна учрашишни орзу қилар экан. Эътибор берингга ҳудди Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдек Ҳазратни ҳам яхши кўришган экан. Менга Ҳазратнинг расмларини кўрсатишди. Жудаям нурюзли, чиройли инсон эканлар. Тоғам Ҳазратга атаб шеър ёзган эканлар. Айни Рамазон ойида. Истасангиз сизларга ҳам ўқиб бераман. Номи «Рамазоний соғинч» экан.

Рамазоний соғинч…

Кунлар келар кетма-кет,
Унинг ортидан ойлар.
Рамазон келса устоз,
Бу меҳроб сизни пойлар.

Муҳаббатдан ёнган дил,
Сизга изҳорин айлар,
Ҳеч йўқса бир дийдорга,
Бу кўзлар сизни пойлар.

Кутар энди қиш-баҳор,
Ҳатто ёздаги ойлар,
Сизни кўрольмай гирён,
Бу меҳроб сизни пойлар.

Кутиб тўрт бўлди бу кўз,
Кўргим келмас саройлар,
Кўкка етсада фиғон,
Бу кўзлар сизни пойлар.

Насиҳатга муштоқ дил,
Кўз ёшим бўлиб сойлар,
Сизни тополмай сарсон,
Бу меҳроб сизни пойлар.

Қиёматда дийдор бор,
Бизга отсалар ёйлар,
Дуо қилайлик устоз,
Бу кўзлар сизни пойлар.

Кунлар келар кетма-кет,
Унинг ортидан ойлар.
Рамазон келса устоз,
Бу меҳроб сизни пойлар.

Баҳам кўринг

Leave A Reply