Болалар ўртасида адоватни қандай бартараф қилиш мумкин?

0 541

Кўпчилик оилаларда болалар вақтларини биргаликда ўтказишганда тортишиш ва уруш-жанжаллар ҳам кўпаяди. Уйда тинчлик ҳукм суриши учун ота-оналар нима қилсалар бўлади? Қуйида ўнта оддий тавсиялар билан танишамиз.

Болалар ўзлари келишиб олишмайди.

Ўз ҳудудини белгилаб олиш кўпчилик болаларга хос. Бироқ ким кучли эканини мутлақ аниқлаб олиб, урушишни тўхтатишнинг имкони йўқ. Ҳамма ўз қуроли билан курашади: кимдир чақимчилик қилади, кимдир тирнаб олади, кимдир “билмасдан” акаси қурган минорага тегиб кетиб, бузиб юборади. Баъзан ота-оналар бу ҳолатни кўрганларида “Аралашмаймиз, ўзлари келишиб олишади”, дейишади. Лекин болалар муносабатларини тўғри ҳал қилиб олишлари учун аввал жамиятда қабул қилинган ижтимоий қонун-қоидаларни ўзлаштириб олишлари лозим. Бунда ким уларга ёрдам беради? Албатта, ота-оналар!

Урушиб, бузғунчилик қилиш нормал ҳолат эмас.

Баъзилар (айниқса, оталар): “Бола бўлгандан кейин урушади-да! Мана, мен ҳам доим укам билан урушардим – ҳозир жуда яқинмиз”, дейишади. Ҳа, баъзиларнинг бу борада омади чопади. Бироқ аксинча мисоллар ҳам етарли. Агар ака-ука ёки опа-синглимиз билан тўғри муносабатлар ўрнатмоқчи бўлсак, ушбу муносабатни тўғри қуришни, тўғри бошқаришни билишимиз лозим. Бу борада қанчалик фаол бўлиш эса муайян ҳолатларга боғлиқ.

Муносабатлар услуби ҳаммасидан муҳим.

Агар ота ўз муносабатини “бир тушириш” билан ифодаласа, урушишни таъқиқлаш фойда бермайди. Агар она катта қизига “Жонга тегдинг!” деб бақирса, катта қизи буни кичик қизига айтиши табиий. Агар ҳамма ҳар куни бир-бирига “Хайрли тонг!” ёки “Ёқимли иштаҳа!” каби сўзларни айтса, эшиккача кузатиб, кутиб олса, ётиш олдидан қучоқлаб қўйса, болаларда, умуман, уй аҳлида агрессия анча озаяди. Оиладаги бир-бирини ҳурмат қилиш маданияти ҳақиқатдан ҳам ёрдам беради.

Ака ёки сингил бўлиш – мазза!

Буни ҳар куни амалда кўрсатиш муҳим аҳамиятга эга. Шунчаки ҳеч бир сабабсиз “Укангга мазза – сендек акаси бор!” ёхуд “Синглинг жудаям ширин-а?! Сен ҳам, синглинг ҳам бирам ширинсизлар!” каби гапларни айтиб туриш керак. Буни ўзаро ихтилофлар бошланмай туриб қилиш лозим.

Камроқ мулоқот – камроқ низо.

Агар болалар доимий равишда жанжаллашаверса, уларни озроқ бирга қолдириш керак. Бу ўтиб кетадиган вақтинча давр. Шунинг учун, масалан, овқат қилмоқчи бўлсангиз, болалар ҳам ўзингиз билан ошхонага чиқишсин. Имкони бўлса, биргаликда ўйнайдиган ўйинлар ташкил қилиб беринг. Агар тинч ўйнай олишмаса, алоҳида ўйнашсин. Каттароқ бўлганда ҳам бирга ўйнайверишади. Ҳозирча эса қанча оз мулоқот қилишса, шунча оз низо чиқади. Болаларда низо учун сабабни қанча камайтирсак, ўзаро муносабатларни тўғри қуриб олишлари шунча осон бўлади. Кейинроқ эса секин-секин яна биргаликдаги машғулотларни ташкил қилиб туриш мумкин бўлади.

Уруш чиқдими, болалар тарқалсин!

Болалар жанжалишни ёки урушишни бошлаган заҳоти уларни ажратиб, бир-биридан узоқроқ қиламиз. Жанжал, хафагарчилик ва кўз ёшлардан кейин болалар бир-биридан узоқлашиши, маълум муддат бирга ўйнамаслиги табиий ҳолат. Бу ҳолатда уларни урушиш, ҳиссиётга берилиш ўринсиз. Секин-аста узоқроқ вақт бирга тинч ўйнайдиган бўлишади. Болалар учун мулоқот қадрли ва улар унинг қоидаларини ўрганишга тайёр бўладилар.

Мумкин эмас ҳолатларнинг “чегара чизиғи” тайин бўлсин!

Оилада нима мумкин, нима мумкин эмаслиги чегараси аниқ бўлиши керак. Болаларнинг ёши ва турли оилалардаги муаммоларнинг хусусиятларига кўра бу ҳар хил бўлади. Масалан, иккита 4-6 ёшлардаги ака-ука “кураш-кураш” ўйнамай тура олмайди. Чегара – бир-бирига азият бермаслик, оғритадиган иш қилмаслик. Шунда улар ўз кучларини мослаштиришни ўрганади. Ёки 10-12 ёшли ўсмир ака-сингиллар учун асосий қоида “бир-бирининг нарсасига берухсат тегмаслик” бўлиши мумкин. Муаммоларнинг илдизига қараб, қоидаларни белгилаб олса бўлади.

“Ҳақ” ва “айбдор”га ажратмаслик.

Ҳатто кўпинча гўё бир киши ҳаммасини бошласа ҳам, одатда айбдорни тайин қилмаган яхши. Урушқоқ бола ҳам худди заиф бола каби кўмагингизга муҳтож. “Укангни уришни тезда бас қил”, дейиш ўрнига “Урушманглар!” ёки “Жанжаллашмаймиз! Тинчлик билан ҳал қиламиз!” каби жумлаларни ишлатинг. Акс ҳолда урушқоқ бола ўзини “хўрланган” ҳис қилиб, гўёки аввалги ролида давом этишдан бошқа чораси қолмайди.

Айтиб бериш доим ҳам ёмон эмас.

Агар болалар хонада ўзлари ёлғиз қолган бўлса, уларнинг ҳар бирига нима бўлганини айтиб беришга имкон бериш керак. Бу “чақимчилик” эмас, балки ота-онасига воқеаларнинг у қандай бўлганини етказишдир. Биз нима бўлганини билишимиз, низонинг барча иштирокчиларини эшитиб кўришимиз лозим. Бу ҳам кучли, ҳам заиф болани ҳимоя қилишдир. Агар бола ота-онаси барибир хабар топишини билса, кейинги сафар бир-бирини уриш, гиж-гижлаш ва ғашига тегишдан аввал ўйлаб кўришади.

Жанжал сабабларини камайтириш.

Инсон асосан бошқа билан манфаатлари тўқнашганда низога боради. Болаларда бу ота-онанинг вақти ва эътибори, ўйинчоқ, хонадаги жой, қандайдир ҳуқуқларни талашиш кўринишида намоён бўлади. Табиийки, ҳар доим ҳам ҳамма болага алоҳида хона, алоҳида жой ажратиб бериш ёки ҳар бирига алоҳида планшет олиб бериш қийин. Бироқ имкон даражасида уларни бир-биридан беҳожат қилишга уринамиз. Болаларга қайси нарсалар уларнинг шахсий мулки бўлса, бошқалар сўраб олишини, қайси нарсалар умумий бўлса, аҳилликда ишлатишни ўргатиш керак.

Бу таклифлар қайсидир даражада баҳсли бўлиши мумкин. Бироқ, тажрибага кўра, улар оилада тинчликни сақлашда асқотади.

http://musulmanka.su
Баҳам кўринг

Leave A Reply