«Бинту Содиқ»да табаррук меҳмон Фотима Умму Муҳаммад хоним билан суҳбат

0 703

Шу кунларда Британия муфтийси, етук муҳаддис, фақиҳ, шайх Шаббир ибн Аҳмад ибн Исмоилнинг завжалари Фотима Умму Муҳаммад сайтимиз меҳмони бўлдилар. Фотима хоним айни пайтда Британияда аёлларга Қуръон ва ҳадисдан дарс берадилар. Уларнинг икки ўғил, беш қизининг барчаси ёшлигида, кўпчилиги етти ёшида ҳофизи Қуръон бўлишган.

  • Ёшлигингиз, таълимингиз ҳақида сўзлаб беринг.

Аслида ота-онамиз ҳиндистонлик. Биз Британияда катта бўлганмиз. 10-11 ёшимда отам мен ва синглимни Ҳиндистондаги биринчи қизлар мадрасаси – Малено “Мадрасатус солиҳат”га ўқишга юборди. У ерда 16 ёшимгача – 5 йил таълим олдим. Британияга қайтгач, 9 кундан сўнг турмушга чиқдим. Алҳамдулиллаҳ, Аллоҳ менга солиҳ турмуш ўртоқ насиб қилди.

  • Ўзбекистон сизга ёқдими?

Ўзбекистонликлар менга жуда ёқди, ҳаммалари ажойиб. Инсонлар ихлосли, Қуръонга муҳаббатли эканини кўрдим. Айниқса, аёллар илмга ташна экан. Самарқандда кўпчилик инглиз тилида гаплаша оларкан. Меҳмонхонада турганимда бир аёл билан суҳбатлашдим. У аёлга Фотиҳа сурасининг тафсирини тушунтириб бердим. Унинг жуда ҳам илмга ташна эканини кўрдим. Иншааллоҳ, бу каби ихлос ва ирода соҳиблари бўлган халққа уламолар қайтади.

  • Сафарингиз давомида нима сизга энг кўп ёқди?

Бухорода бўлганимда у ерда ажойиб, бошқа жойларда бўлмаган кайфиятни кўрдим. Балки биз Имом Бухорийдан дарс қилганимиз учун шундай туюлгандир, билмайман. Лекин у ердаги сакинат, кайфият, шуур инсонни хотиржам қилади. Бу жуда ажойиб. Бошқа жойлар ҳам жуда ёқди. Ўзбекистонда ҳамма жойнинг тоза, покиза экани эътиборимни тортди. Британиядан ҳам озода.

  • Фарзанд тарбияси борасида тавсияларингиз…

Болани жазолашга берилмаслик лозим. Балки унга ўрнак бўлиш керак. «Сизларга Расулуллоҳда яхши ўрнак бор эди» оятини эсланг. Фарзанд онанинг ойнадаги акси кабидир. Она – мадраса. Болалар илк ва асосий таълимни уйда, оналаридан олишади. Аёллар жуда кучли бўлишади. Ўрни келганда эркаклардан ҳам кучли. “Ҳар бир муваффақиятли кишининг ортида аёл туради”, деган нақл бежизга эмас.

  • Фарзандларингиз барчаси олим, қори инсонлар экан…

Аллоҳга шукр, беш қизим, икки ўғлим бор. Умримнинг асосий қисмини фарзандларимнинг тарбиясига, уларни фозил инсон қилиб катта қилишга бағишладим. Алҳамдулиллаҳ, барчалари қори, ихлосли инсонлар бўлишди.

Қуръонни ёшликдан бошлаб, секин-асталик билан ўргатиш керак. Тили чиққан пайтдан бир оят-икки оятдан бошлаб, вақт ўтгани сари кўпайтириб борилади. Кунига ярим соатдан биргаликда дарс қилиб бориш болада Қуръонга муҳаббатни ўстириш учун кифоя қилади.

  • Ўзбек аёлларига нимани насиҳат қилган бўлардингиз?

Сизларга (яъни, ўзбек аёлларига) фарзандларингизга, албатта, ушбу икки нарсани ўргатишни қаттиқ тавсия қиламан. Биринчиси, ўғил-қизларингизга Қуръонни ўргатинг! “Ёшликда олинган илм тошга ўйилган нақш кабидир”. Кичик ёшдан ўргатиб боришнинг аҳамияти катта. Бу улар учун мустаҳкам, кучли асосдир, юртга ҳам жуда кўп баракаларга сабаб бўлади, иншааллоҳ.

Иккинчиси, тарихингизни ўргатинг. Бу ҳам жуда муҳим. Биз тарихингиз сабабли шу ердамиз. Тарихингиз бўлмаса, биз бу ерда ўтирмаган бўлардик. Китобларда “Мовароуннаҳр уламолари” дея кўп ўқиймиз. Талабаларимиз ҳам келиб кўришни орзу қилишади. Шундай экан, болаларга уламоларни танитинг. Иншааллоҳ, келажакда инсонлар яна илм олиш учун юртингизга келадиган бўлади.

  • Ажойиб суҳбатингиз учун ташаккур!

Аллоҳим барчамизни Қуръон аҳлидан қилсин! Аллоҳим бу юртга уламоларни қайтарсин!

Баҳам кўринг

Leave A Reply