«Биз Қуръонни мўминлар учун шифо ва раҳмат ўлароқ нозил қилурмиз…»

0 198


Мен охирги вақтларда «Биз Қуръонни мўминлар учун шифо ва раҳмат ўлароқ нозил қилурмиз…» (Исро сураси, 82-оят) оятининг моҳиятини янада кўпроқ англай бошлаяпман.

Психологиянинг турли соҳаларида таълим берар эканман, олинган маълумотларни Қуръон ва суннат билан солиштириб кўраман. Психологиядаги исталган муолажа усули ёки тамойиллари агар ҳақиқатан ҳам тўғри бўлса, уни Исломдан топаман. Чунки Ислом ҳаётнинг ҳар жабҳасини қамраб олган диндир.

Мисол учун, танага йўналтирилган психотерапияни ўргата туриб, Қуръоннинг яна бир фойдасини тушуна бошладим. Лекин, ишонаманки, менинг бу кашфиётим Қуръоннинг юқорида эслатилган оятига жойланган ҳикмат ва фойданинг жуда кичик бир бўлаги холос.

Биз Қуръон ўқиганимизда, айниқса тажвид қоидаларига риоя қилган ҳолда, тўғри оҳанг билан қироат қилганимизда бир маромда, жисмимиз зўриқмаган ҳолда xуқур нафас оламиз ва қироат пайтида узоқ нафас чиқарамиз. Айни шу вақтда бизнинг нафасимиз ростланади. Нафасимиздаги нотекислик ва юзакилик йўқолади. «Асл ҳолатга қайтиш» юз беради, биз ўз жисмимизга қайтиб, танамизни ҳис қила бошлаймиз, «яшаш учун курашиш» (юзаки яшаш) режими ўчади ва қалбимиз сокинликка эришади.

«Аё, Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топмасми?..» (Раъд сураси, 28-оят)

Тўғри нафас олиш ва «ўзига қайтиш» танага йўналтирилган психотерапиянинг асосий тамойилидир!

Қуръон қироат қилишда оғиз бўшлиғи ҳаракати орқали ўқиш мажбурий ҳисобланади. «Ғунна» ҳамда م  ва ن  ҳарфлари талаффузида бурун бўшлиғи ҳам иштирок этади.

Йиллар давомида ғам-қайғуларини унутолмай, қалбида сақлайдиган, хотиржам яшашга кўника олмайдиган – баъзи пессимист инсонлар бурун бўшлиғи орқали гапирадилар. Уларга тўғридан-тўғри оғиз орқали гапиришни ўрганиш, жағ соҳалари ва ютиш мускулларини қисмаган ҳолда аниқ талаффуз қилиш муҳим ҳисобланади. Яъни Қуръон оятларини тўғри ўқиганимизда айнан шу муаммолар ўз ечимини топади!

Қироат қилганимизда турли мускуллар фаоллашади. Бу жараёнда нутқ аппаратига алоқадор мускулларнинг фаоллашиши керак бўлган қисмлари ҳаракатга келади. Шу билан бирга, мускулларнинг «дам олиши» керак бўлган нуқталари бўшашади.
Қироат қилувчи инсон ҳарфларнинг махражлари устида ишлаганида, «юмшатиш» лозим бўлган таранг мускулларини бўшаштиришни ўрганади.
Мускуллар таранглигини бўшаштириш эса психологик «тин олиш», ҳаётдаги қийин ҳолатларни хотиржам қабул қилиш кўникмасига замин яратади. Шунинг учун Қуръони Каримни тўғри талаффуз билан, зўриқмасдан қироат қилсак, биз ўзимизни «бўш қўйиш»ни ўрганамиз ва руҳан дам оламиз.

Агар оятларнинг маъноларини ҳам тушуниб ўқисак, у ҳолда энг юқори самарага эришамиз.
Баъзан ҳаётда ниманидир англаш ва ўзгартириш учун маълум бир даражага етишиш лозим бўлади. Сизда ҳам бирор маърузани эшитгандан кейин эсингизда ҳеч нима қолмаган, вақт ўтиб, қайта эшитиб кўрганингизда эса яхши англай олган ҳолатлар бўлганми?

Қуръонда ҳам шундай буюк ҳикматлар жойлашганки, уни бирдан тушуниб етиб, англаб бўлмайди. Фақат тафаккур қилган ҳолда, қайта-қайта ўқиш билан ҳикматларини тушунишга эришишимиз мумкин. Шунинг учун қироат қилганимизда, айниқса намоздаги қироатимизда ўқиётган оятларимизнинг маъноларини фикрлаб ва тажвидини маромига етказиб қироат қилишимиз талаб этилади.
Хава Шайдуллинанинг ВКдаги саҳифасидан эркин таржима

Баҳам кўринг

Leave A Reply