Аёлнинг оналик қуввати

0 997

Мақолада тасвирланган ҳолат бизнинг жамиятда у қадар жиддий тус олмаган бўлса-да, шунга ўхшаш кўплаб унсурлар учраб тургани учун таржима қилинди.

Аёл қувват манбаига ўхшайди. Яъни унинг асосий вазифаси қувват ишлаб чиқаришдир.  У тўхтовсиз энергия тўплайди, уни ўзгартиради, сарфлайди. Унинг қуввати турли хил бўлиб, алоҳида бўлимларда сақланади.

Бугунги кун аёлларида ушбу бўлимларнинг бирида танқислик юзага келган:  талаб энг кўп бўлган энергия танқислиги. Бу оналик энергиясидир. Нима учун айнан мана шу энергия тури ноёб ва танқис бўлиб қолди?

Кўча-кўйда жуда кўп аёлларга кўзимиз тушади: ўзини кўз-кўз қилиш учун пардоз-андозни қиёмига етказган, ҳашаматли кийинган, оддийроқ кийинган, ўзига яраштириб, чиройли кийиниб олган, чарчаган, қийналган, ишчан кайфиятдаги ва ҳоказо… Уларнинг орасида  баъзан боласини аравачага солиб, айлантириб юрган ёки велосипеддаги боласи билан айланиб юрган аёллар ҳам учраб туради. Лекин камдан-кам ҳолда ОНАларни учратамиз.

Тикув машинасини сотиб олишимиз бизнинг тикувчи эканлигимизни англатмайди, қўлимизда скальпель бўлиши бизни хирург қилиб қўймайди. Сўнгги моделдаги фотоаппаратга эга эканимиз – бу биз фотографмиз, дегани эмас. Худди шунингдек, фарзанд дунёга келтирганимиз ҳали бизнинг ОНА эканлигимизга далолат қилмайди.

Бу ҳақда ўйлаб кўрганмизми? Ҳисобот қоғозларини тўғри тўлдиришни ўрганиш учун 5 йиллаб ўқишга тайёрмиз, аммо оналик қилиш учун эса, фарзанд туғилишини кутишимиз ажойиб. Автобусни биринчи марта кўриб турган одамнинг уни ҳайдашини кўз олдингизга келтириб кўринг.

Биз фарзандлик бўлишни хоҳлаймиз, лекин оналик қилишни истамаймиз. Бола туғмаган ёш қизлардай кўрингимиз келади. Фарзанди йўқдай яшагимиз келади. «Наҳотки, сизнинг фарзандингиз бўлса?! Худди ёш қизларга ўхшайсиз» деган ҳайратланарли гапларни эшитишни хоҳлаймиз. Бу бизнинг қулоғимизга мойдай ёқади. Лекин, наҳотки бу бизнинг ютуғимиз ёки мақталадиган ҳолатимиз бўлса?!

Афсуски, болалар ҳаётимизнинг, қалбимизнинг бир бўлаги эмас, «мақсадларимиз рўйхати»нинг бир қатори бўлиб қолишди… Биз ўзимиздаги, кўнглимиздаги, қувватимиздаги ўзгаришларни аниқ ҳис қилмаган ҳолда яшаяпмиз. Шунинг учун ҳам кексайиш, тўлишиш, кўримсиз уй бекаси бўлиб қолиш бизда қаттиқ хавотир уйғотмоқда.

Бугун бутун дунёда гўзал қоматли, иш фаолияти ҳамда бизнесида омадли ва ҳоказо турли аёллар тинимсиз эътироф этилади, лекин, негадир оналар эмас… Оналар энг кам нафақа оладилар, бекорчи, қўпол қилиб айтганда, бировнинг қарамоғидаги текинхўр саналадилар.  Уларни деярли ҳурмат қилмайдилар, улар каби бўлишни ҳеч ким хоҳламайди… Ҳеч ким ОНА бўлишни истамайди. Фарзандли бўлса бўлди. Болали бўлса ва яна аввалгидай гўзал қоматли, фидокор ва фаол ишчи мақомида давом этса… Телеэкранлар, рекламалар, журнал муқовалари ана шундай аёлларни бизга тинимсиз ибрат қилиб кўрсатмоқдалар.

Улар бизга тақлид қилишимиз учун намуна сифатида тақдим қилинмоқда. Шу тарзда аёллар энергияси турли томонга йўналтирилиб, ноўрин сарфланмоқда, аниқроғи, истеъмол қилинмоқда. Яъни аёл она бўлиб эмас, мол-дунё ва шаҳват учун фойда манбаи бўлиб ҳизмат қиляпти. Чунки аёл она мақомида шундоғам бахтли ва хотиржам яшай олади, ортиқча харажату ҳаракатларга эҳтиёжи бўлмайди.

Икки ой аввал фарзандли бўлган аёлнинг бугун ишда тақдимот қилаётганини кўриб, унинг фаолиятини юқори баҳолаймиз, олқишлар айтамиз. Боласи 6 ойлик бўлган аёлнинг ишга қайтганини бизга ибрат қилиб кўрсатадилар ва биз ҳам у каби бўлишга бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз.

  • Лекин, айтинг-чи, сизнинг фарзандингиз борлигига ишонмасликларида қандай яхшилик бор? Одамлар кўзига Онадек кўринмаяпсизми, демак, ростдан ҳам шундай…
  • Болани дунёга келтириб, унинг парвариши ва тарбиясига жиддий киришмаган аёлни она дейиш мумкинми?
  • Фарзандларини деярли кўрмайдиган, уларниниг ҳаётида, қалбида нималар содир бўлаётганини билмайдиган аёлни ҳам «она» дейиш мумкинми?
  • Фикру хаёли касби, бизнеси ёки ташқи кўриниши билан банд бўлган, лекин фарзандининг на бугуни, на эртаси  билан қизиқмайдиган аёлни она деб ҳисобласа бўладими?
  • Қоматим бузилмасин деб, гўдак фарзандини кўкрак сутидан мосуво қиладиган, тўлғоқ дардига чидай олмайман деб, фарзандини табиий йўл билан эмас, кесарча усули билан дунёга келтирадиган аёл оналик мақомига муносибми?
  •  Қанча бўлса ҳам пул сарфлаб, 20 ёшлик қизлардек кўринмоқчи бўлган аёлнинг қизи 20 га кирганида ҳам ўзи ёш қизлардек кўриниши мақталадиган ҳолатми?
  • Она бор уйда доимий асаббузарлик, норозилик кайфияти ҳукм суриши мумкинми?
  • Қаршисида турган бегона боланинг муаммосига бефарқ қараб тура оладиган аёл «она» деган номга муносибми?
  • Атрофидаги бошқа оналарнинг қийинчиликларини ҳис қилмайдиган аёл ҳам онами?
  • Фарзандини эндигина дунёга келтириб, ўзи тўю томоша, турли тадбирлардан қолмайдиган аёлларнинг «оналиги» ҳақида нима дейиш мумкин?

Дунёга келган гўдак ҳаётининг биринчи ойларидаги парвариш ниҳоятда муҳим-ку. Бундай алоҳида аҳамиятга эга бўлган фурсатларни иш ва кўнгилхушлик билан ўтказиш тўғри бўлмайди. Бу вақтда қалбимиз бутунлай бошқа ўзгаришларга тайёрланган бўлади. Яъни энди оддий аёлнинг қалби эмас, балки ОНА қалбига айланади. Бутун қалби билан севишни ўрганади. Энди аёл Оналик муҳаббати билан яшайди. Фитратимиздаги оналик гармони бизга шундай имконият беради. Бироқ биз бундан фойдаланмаяпмиз.

Бир ёшгина серфарзанд танишим бор. Унинг кўриниши ҳақиқатан ҳам жуда яхши – бошқача чиройли. У 18-20 ёш қиздай кўринмайди. Гап унинг кийиниши ёки кўринишида ҳам эмас. Унинг қаршисида турганингизда бу хаёлингизга ҳам келмайди. У ёнингизга шошиб келар экан, сизни ёқимли, илиқ меҳр қуршаб олгандай бўлади. Айнан сизни! Бу ерда ўзингизни энг муҳим шахсдек ҳис қила бошлайсиз. Жуда қулай, илиқ ва ёқимли… Жисмингиз роҳатланади, тинчланади. У ҳали бирор гап учун оғиз ҳам жуфтлагани йўқ, шунчаки кириб келди, холос.

 Аёл ўзидан оналик энергиясини тарқатар экан, эркак унга зарурий бир жисм каби эмас, ҳақиқий аёл сифатида қарай бошлайди. Уни онасини ардоқлагандек қадрлай бошлайди. Эътибор беради, ёрдам беради, меҳр кўрсатади. Буларнинг барчасига аёл оналик қувватини ишга солсагина мушарраф бўлади.

Авваллари аёллар «онажон» деб аталарди – ўз аёлидан бошқа аёлларга онага қарагандек муносабатда бўлинарди.

Ҳозирда аёлларга нафс ва шаҳватларини қондириш воситаси сифатидагина қарайдилар. Қўпол қилиб айтганда, аёлларнинг зийнатланган ва очиқ баданлари орқали ўз шаҳватли назарларини қондирадилар.

 Бугун дунёга гўзал ва жозибадор аёллар эмас, бизнес-ледилар, тадбиркор аёллар эмас, ҳаттоки ўқитувчи, шифокор аёллар ҳам эмас, балки ОНАлар етишмаяпти. Дунё ҳақиқий оналар муҳаббатига муҳтождир. Бу муҳтожлик кун сайин ортиб бормоқда. Бу дунё, бир устозим айтганидек, очликдан, ташналикдан холсизланиб қолган – озиқ-овқат етарли, аммо қалб ҳарорати етишмайди. Ана шу нарсага эҳтиёж катта. Қанийди кимдир қалбимизни илитса, кимнингдир ҳузурида ўзимизни бемалол, хотиржам ҳис қила олсак… севимли ва бахтиёр бўла олсак… худди илиққина ёпинчиқ билан ўраб олингандек… бунга фақат ҳақиқий аёл, аниқроғи, ҳақиқий она қодир бўлиши мумкин…

Бизни аёллик фитратимиздан узоқлаштиришди, фақат гўзал жинс вакили сифатидагина эътибор қилишди, биздаги жозибадорликни рағбатлантиришди, оналик туйғуларимизни эса қадрсизлантиришди. Бир томондан бизни аввалгидек эркаклар билан бир қаторга қўймасдан, аёл сифатида қараётганлари ҳам қувонарли, албатта. Лекин энди яна олдинга интилишимиз, чинакам оналик бахти учун курашишимиз керак эмасми? Ахир бу янада мукаммал, янада тинимсиз курашишга арзигулик даража-ку!

Она… Бу сўз боланинг паспортидаги ёзувгина эмас. Оналик – бу мутахассислик дипломи ҳам, меҳнат дафтарчасидаги ёзув ҳам эмас. Оналик – бу фикрлаш, ҳис қилиш, қувват ва қадриятдир. Уни ёзув билан ёки сўз билан изоҳлаш мушкул. Бу қувват ҳар биримизда мавжуд, лекин кўпчилигимизда анча сусайган. Кўпчилигимиз буни рад этганмиз, чунки ундан келадиган фойда тезда кўзга кўринмайди.

Кўпчилик унинг ҳақиқий моҳиятини англамаяпти, юзаки қараяпти. Кўпчилик оналик деган ном ўрнига ғалати ёрлиқларни илишмоқда. Ҳаттоки фарзандлари бўла туриб ҳам, «она» деган номни ўзига тегишли деб билмаётганлар талайгина.

Оналик энергияси – бу аёл умрининг тўқсон фоизини қамраб олувчи қувватдир. У ўзининг жозибадорлигини турмуш ўртоғи билан ёлғиз қолгандагина намойиш этса кифоя. Бошқа ўринларда ОНА бўлиш фойдалироқ ва хавфсизроқдир. Лекин, афсуски, у қадар нуфузли эмас. Чунки бунинг учун мукофотлашмайди, диплом беришмайди, олқишлашмайди, ҳақ ҳам тўлашмайди… Ҳа! Бутун дунё муҳтож бўлиб турган бу қувватнинг бу дунёда нуфузи йўқ (моддий маънода).

Ўзи аслида оналик қувватини қандай тушунишимиз керак? У қандай бўлади ва уни қандай ҳис қиламиз?

 ❖ Сиз оналик қуввати билан қувватланган экансиз, сиз учун боланинг бегонаси бўлмайди. Ҳамма гўдакларга бирдай меҳрибон бўла оласиз. Уларга бирдай мурувватли бўла оласиз.

❖ Оналик қуввати билан қувватланган экансиз, ким бўлишидан қатъи назар, ҳаммага она сифатида муомала қиласиз. Бошқалар ҳақида шафқатсизлик билан эмас, муҳаббат билан фикр юритасиз. Тушуна оласиз, кечира оласиз, қандай бўлса, шундай қабул қила оласиз. Шунда ҳеч ким сизни хафа қила олмаётганини ҳам сеза бошлайсиз. Чунки ҳозирги кунда ҳамма ҳақиқий онага муҳтож, инсонлар шуни ҳис қилмоқдалар.

❖ Ҳақиқий Она ҳеч ҳам шошилмайди, ҳовлиқмайди. Ундаги қувват шундай қувватки, унда меъёр ва куч тўғри тақсимланган. Унинг оқими тоғдан отилиб тушаётган шаршара оқими каби эмас, балки катта куч ва қувватга, салобатга  эга бўлган кенг ва тўлқинли дарё оқиминики каби қувватдир. Бундай дарё юзасида сиз ортиқча ҳаракатларни кўрмайсиз, у ўзига тегишли бўлган, ўзи ҳақдор бўлган, ўзига муносиб бўлган вазифалари билан банд…

❖ Она атрофидаги ҳар қандай муҳитга хотиржамлик бағишлай олади – бу унинг ўзига хослиги, унинг улкан вазифаси.

❖ Оналик энергияси Яратувчи томонидан аёлнинг фитратига жойланган. Шунинг учун аёлни бошқалар ҳақида қайғуришдан мосуво қилиб бўлмайди. Биз, аёллар эса Аллоҳ таоло бизларга ато этган қувватни бошқа бандаларига улашишда воситамиз аслида. Айнан шунинг учун ушбу қувватдан узилганимизда мувозанатлар бузилиб кетади…

❖ Она ҳар бир ишини муҳаббат билан, чин кўнгилдан бажаради. Ҳаттоки фарзандини жазолаётган она ҳам боланинг дардини ҳис қилиб туриб, хафа бўлишини олдиндан билиб, шу нарса зарурлиги учунгина жазолайди. Буларнинг ҳаммаси меҳри-муҳаббати туфайлидир…

❖ Оналик қуввати аёлнинг қалби ва жисми ўртасидаги мувозанатни сақлай олади. Ушбу қувват жисм ва қалбга тенг – уйғун ҳолатда боғланган.

Оналикнинг бундай ажойиб томонларини узоқ таърифлаш мумкин. Шундай оналар ҳақида ёзиш ўзим учун ҳам ёқимли, чунки бу каби аёлларни – оналарни эслаб, танам ва қалбим ором олади. Аслида ўзим ҳам ҳали ана шундай «оналик»ка қайта олмаган, шу йўлда ҳаракат қилаётган аёлларданман.

Биз ана шу қувватга эгамизми ёки йўқми? Бунинг ўртаси бўлиши мумкин эмас, яъни ёки онамиз, ёки она эмасмиз.

Аслида бундай қувватга эга бўлишимиз фарзандимиз бор-йўқлигига ҳам боғлиқ эмас. Ҳаттоки қизалоқлар ҳам кичик ёшлариданоқ (уларни чалғитмагунимизча) ушбу қувватларини намоён қиладилар (уларнинг қўғирчоқ ўйнашига бир эътибор беринг). Кейинчалик эса оналикни ўзи кифоя қилмайди деб, уларни бошқа турли оқимларга оғдириб юборамиз.

Албатта, ҳомиладорлигимизда ва чақалоқни дунёга келтирганимизда фитратимиздаги оналик ҳисси табиий равишда бизни оналик қуввати билан таъминлайди. Лекин бу оналик қувватини сарфлашнинг бир йўли, холос. Ҳаммага ҳам тўғри келавермайдиган йўли. Кўпгина фарзандсиз аёлларга фарзанди  дунёга келиб, она бўлгачгина бу имконият, яъни оналик қувватини сарфлаш имконияти берилади. Чунки ҳақиқий она фарзандсиз қолмайди. Агар сизда оналик қуввати ишлаб турса, албатта фарзандли бўласиз (иншааллоҳ). Худди очилган гулга асаларилар учиб келгани сингари, атрофингиз, бағрингиз болаларга тўлиб кетади. Яратган томонидан сизга берилган бу болалар сизнинг ўз фарзандингизми ёки йўқми, сизга аҳамияти бўлмайди.

Мен ҳали очилмаган бўлсам, ҳаттоки ғунча ҳам бўлмасам, лекин шунчаки асалариларим бўлишини истасам-чи? Турли йўллар билан асалариларни ўзимга жалб қилсам, уларга эриша оламанми? Ҳа, балки қанчадир вақт менинг атрофимда ўзимнинг асалариларим бўлар, лекин мен гул бўлиб қолмаслигим мумкин. У ҳолда ўз-ўзидан асаларилар мени тарк этишади.

Оналик – катта қувват, улкан куч. Ҳозирда дунё муҳтож бўлиб турган қувват… Ота-оналаридан хафа бўлаётган, қалби ўксик фарзандлар соғинган қувват…

Болаликдаги руҳий жароҳатларнинг сабаби болаларнинг ёнида ҳақиқий ОНАси бўлмаганидир. Оналарга она бўлиш ўргатилмаган эди, улар оналикдан узоқлаштирилган эдилар, узоқлашган эдилар. Фарзандлар эса ҳали-ҳануз оналарни излайдилар. Оналик қувватини ўз қалбимиздан топиб, ўша болаликдаги жароҳатларни даволаш, нафақат ўзимизни, балки атрофимиздагиларни ҳам даволаш ўрнига уни бошқа жойлардан излаймиз.

Она бўлиш оддий иш эмас. Оналик фарзандли бўла олиш ва фарзандли бўлишдан мураккаброқ ҳолат. Оналик – тинимсиз ўзгаришлар, турли оғриқли ва енгиб бўлмас тўсиқларни ошиб ўтиш жараёни. Шу билан бирга, оналик улкан қувват, буюк куч, улкан манбадир.
Ва сўзларимни шундай якунламоқчиман: она бўлиш, оналик қувватига эга бўлиб, уни тўғри сарфлаш нафақат муҳим, балки ҳозирги вақтда энг кўп эҳтиёж сезилаётган нарсадир. Бутун дунё учун! Фарзандларимиз учун! Ва ўзимиз учун!

 

Ольга Валяева

Оиша таржимаси

Баҳам кўринг

Leave A Reply