АЪМОНИНГ РОББИ

0 274

Адҳам фақирона ҳаёт кечирарди. Уни таниганлар «Адҳам ямоқчи» дейишади. Тирикчилиги ён-атрофдаги қишлоқларга чиқиб, қозон, челак каби уй-рўзғор буюмларини ямаш ва эски сандиқларни таъмирлаб бериш билан ўтади. Кунлар иссиғида ишлари яхши бўлиб, рангига ранг кириб қолади. Тўй мавсуми бўлгани учун эски сандиқ таъмирлатувчилар кўп бўлади. Шунда қишга ҳам озроқ заҳира ғамлаб олади. Аммо бу йиққани доим ҳам қишдан олиб чиқмайди. Қаҳратон қишда ишлари тўхтайди. Онда-сонда бўлган иш “қут лаа ямут” бўлади.

Шундай қиш кунларининг бири эди. Қозон бир неча кундан буён гўшт кўрмаганига Адҳам хижолат чекиб, асбоб-ускуналарини кўтарганча йўлга чиқди. Аёли ортидан хўрсиниб қараб қолди…

Куннинг совуғи жонидан ўтса ҳам Адҳам қишлоқ оралаб кетди. Қай эшикнинг ёнидан ўтса, «Қозон, челакларни ямайман! Эски сандиқларни таъмирлайман!» деб бақириб қўяди. Бу ҳавода уйдан чиқмай ўтирган кишилар гоҳ-гоҳида деразадан мўралаб қўяди, холос. Адҳам уларнинг тинчини бузаётгандек хижолат бўлиб, овози пастлаб кетади.

Ҳар тугул бир-икки жойдан ул-бул ямади. Қишлоқ аҳлидан ҳам пул тортилган. Амаллаб йўл пулини чиқарди ва уч-тўрт ҳовуч ёнғоқ, майиз эвазига ямоқ қилганини фойда билиб, мамнун ҳолда уйга қайтди. Қуёш ботишига яқин қолганда қишлоғига кириб борди. Аср намозини йўл юзидаги масжидда ўқиб, Аллоҳга узоқ илтижо қилди:

– Аллоҳим, етказган ризқингга беадад шукрлар бўлсин! Аҳлимнинг ҳузурига қуруқ қўл билан қайтариб, юзимни шувут қилмаганингга шукр. Бизни Ўзингдан ўзгага муҳтож қилмагин. Билиб-билмай қилган гуноҳларимизни кечир. Ризқимизни баракотли қилиб, ҳалолдан қилиб бергин!..

У юзига фотиҳа тортар экан, муздек қўлларига теккан кўз ёшларини соқолига суриб қўйди.

Масжиддан чиққан Адҳам уйи томон шошилди. Қўлида асбоб-ускуналар ва ёнғоқ-майиз солинган кичик тугунча билан секин борар экан, олдинда кўзи ожиз киши ҳассасини ерга урганча йўл топиб кетаётганини кўрди. У ажаблангандек бу кишига тикилиб бораверди. Аъмо (кўзи ожиз киши) ўзига қадалган нигоҳни сезгандек безовталанди. Ўнг қўлидаги ҳассани чап қўлига олиш учун чап қўлини чўнтагидан чиқарди. Шу дам унинг чўнтагидаги кармони тушиб кетди. Аъмо кармон ерга тушганда чиққан паст овозни эшитди, лекин қаерга тушганини билмай қолди. Буни кўрган Адҳам орқадан югуриб келиб, кармонни олди.

– Ҳой киши! – деди аъмо шошиб. – Аъмо кўрмаса ҳам, аъмонинг Робби кўради!

Бу гап Адҳамнинг этини куннинг совуғидан-да кучлироқ жимирлатиб юборди.

  • Мен уни сизга олиб бермоқчи эдим, – деди у нафаси ичига тушиб.
  • Аллоҳ сиздан рози бўлсин, – деди аъмо Адҳамнинг қўлидан кармонини оларкан. Кейин қўллари ила сийпалаб, унинг елкасини топиб, бир-икки уриб қўйди.

Адҳам йўлда давом этар экан, шу дам нафсига қулоқ солса, хатога йўл қўйиб қўйиши мумкинлигини ўйлади. «Кўз очиб-юмгунча ҳам нафсимизга эргашсак, ҳалок бўлишимиз муқаррар», дея ўйлади у.

Уйга кириб бориб, сандалнинг иссиғида исинди. Кечки тамаддига майиз-ёнғоқ ва қишлоқдан келган бошқа нозу неъматлар ила дастурхон ёзилар экан, эшик тақиллади.

  • Адҳам уста! – ташқаридан овоз эшитилди.
  • Хайрли бўлсин, кеч бўлганда ким экан? – деганча Адҳам маҳсилик оёғига калиш кийишга ошиқди.

Келганлар икки киши бўлиб, ўзлари билан бир сандиқ ҳам олиб келишган экан.

  • Ассалому алайкум, – деди юзига табассум югуриб Адҳам.
  • Ва алайкум ассалом. Уста, омонмисиз?
  • Шукр, раҳмат. Келинглар, марҳамат, – дея Адҳам уларни ҳовлига таклиф қилди.
  • Сўраб-сўраб Маккани топган эканлар, биз сўраб-сўраб уйингизни топиб келдик-да, – дея кулди улар.
  • Аллоҳ Маккага ҳам етказсин! Хуш келибсизлар.
  • Уста, бизга шу сандиқни таъмирлаб берсангиз деб олиб келдик. Айтишларича, ўзингиз уйларга бориб, сандиқ таъмирлаб берар экансиз. Бизники сал шошилинч эди, ўзимиз олиб келиб қўявердик.

Шу билан икки орада савдо бўлди, ҳазил-ҳузул, ҳангома бўлиб, Адҳам сандиқни таъмирлашга олиб қолди. Ҳатто хизмат ҳақига аввалдан пул ҳам бериб кетишди. Адҳам пулни чўнтагига соларкан, қувончдан кўзлари ёшланди. У тинмай Аллоҳга шукрона қиларди:

  • Аъмога ризқ берган Улуғ Роббим бизни ташлаб қўймаганига шукр!..

Ғиёсиддин Юсуф

Баҳам кўринг

Leave A Reply