ЭРГА ИТОАТ
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муҳтарама опа-сингиллар, камина бугун сизларга муслима аёлни жаннатга элтувчи бир амал ҳақида дилдан мактуб битмоқчиман. Бу амал «эрга итоат» деб аталади. Муборак ҳадиси шарифларда аёл киши фарзларни адо этиб, эрига итоатда бўлса, жаннатнинг истаган эшигидан кириши айтилган.

Эрга итоат қилиш аёл кишининг қадрини пастлатмайди, аксинча, бу унинг қадрини улуғлайди. Ахир хотинига итоат этган эрга жаннат ваъда қилинмади-ку. Сизнинг жаннатга киришингизга яна бир имкониятнинг берилиши сизнинг қадрингиз юксаклигидандир. Қолаверса, аёллар нозик табиат соҳибаларидир. Улар учун раҳбарлик оғир юк бўлар эди. Раҳбарлик мажбурият ва масъулиятдир. Раҳбар хато қилса, билмай туриб, унга эргашганлар жавобгар бўлмайди, муқтадийлар учун ҳам у жавобгар бўлади. Аёл учун бу оғир, албатта. Бундан кўра бир раҳбарга итоат этиши осонроқдир.

Албатта, аёлнинг ўзи ҳам илм ўрганади. Нимага итоат қилаётганини билиб эргашади. Демак, эрга итоат қилиш дегани эр нимаики деса, итоат қилиш керак, дегани эмас экан. Бу борада умумий қоида бор: «Холиққа маъсият бўладиган нарсада махлуққа итоат қилинмайди». Яъни яратган Парвардигоримизга гуноҳ бўладиган ишларда бандаларга итоат қилинмайди. Баъзи аёллар эрим рухсат бермаяпти, деб фарзларни тарк этади, баъзилари эса, эрим буюрди, деб ҳаром ишларга қўл уради. Буларнинг барчаси илмсизликдандир. Аёл ҳам илм ўрганиб, қилаётган амалининг шариатга мувофиқ бўлишини билиб қилиши лозим. Хайрли ишларда эрга итоат қилганига ажр-савоб олади, албатта. Юқорида айтилгани каби, бу амал жаннатга элтувчи воситалардан биридир.

Баъзи эркаклар аёли хайрли ишларда ҳам итоат қилмаётганидан шикоят қилиб қолади. Шунинг учун муслима опа-сингилларимизга таъкид учун айтиб ўтишим мумкинки, қуйидаги каби амалларда эр кишига итоатда бўлиш лозим:

  • Эр фарз амалларни адо этишга буюрганда. Масалан, эр «Намоз ўқи», «Авратингни беркит» каби гапларни айтганда сўзсиз итоат қилиш лозим. Зотан, аёл бу амалларни эр буюрмаса ҳам қилиши керак. Ўзининг дангасалиги, бепарволиги сабабли фарзларни тарк қилиб қўйган бўлса, эрнинг амрини бош устида қабул қилиб, миннатдорчилик билдириш керак.
  • Эр ҳаром амаллардан қайтарганда. Масалан, эр: «Ғийбат қилма», – деганда ранжимай қабул қилиш лозим. Ҳатто бундан хурсанд бўлиш керак. Гоҳида киши ғафлатда қолиб, баъзи гуноҳларга қўл уради, хатолар қилади. Шундай вақтда бизга тўғри йўлни эслатиб турадиган киши бўлгани қандай яхши!
  • Эр чорлаганда узрсиз рад қилинмайди. Узрлар маълумдир: ҳайз, нифос, чорловни қабул қилганда соғлиққа жиддий таъсир этадиган беморлик ва ҳоказо. Юқоридаги каби ҳолатларда эр чорлаганда узр айтилади. Узр бўлмаса, рад қилинмайди. Ҳадиси шарифларда хотин киши эри чорлаганда тандир бошида бўлса ҳам, келиши кераклиги айтилган. Шунингдек, нафл рўза тутмоқчи бўлган аёл эридан изн сўраб, кейин тутади. Бундан мақсад, эр кундуз куни чорлаб қолса, рўзани очишга тўғри келиб қолади. Акс ҳолда эр рўзанинг бузилишини истамасдан, чорлай олмаслиги мумкин. Шу каби ноқулайликларнинг олдини олиш учун аввал эрдан рухсат сўраш буюрилган. Демак, эрнинг чорлови аёл учун нафл рўзадан ҳам устунроқ экан. Дарҳақиқат, ҳадиси шарифларда нафсни ҳалолдан қондирмоқ ибодат экани, унга ҳам ажр-савоб бўлиши айтилган.

Ҳақлар поймол этилганда итоат этиладими?

Маълумки, оилада эрнинг ўз ҳақлари, аёлнинг ўз ҳақлари бор. Мабодо эркак аёлининг ҳаққини поймол қилса, унга ўша ҳақ устида итоат этиладими? Масалан, ҳанафий мазҳабига кўра, аёл киши бир ҳафтада бир марта ота-онасининг уйига боришга ҳақли ҳисобланади. Бунга эр рухсат берса ҳам, бермаса ҳам, аёл силаи раҳм юзасидан уларнинг ҳолидан хабар олишга ҳақлидир. Агар эр рухсат бермаса, аёл ота-онасининг уйига бормайдими? Эрига итоат қиладими? Аслида бундай ҳолда аёл узр айтиб, бориши мумкин. Аммо ҳолатни ҳам эътиборга олиш керак. Эр рухсат бермаганининг сабаблари бўлиши мумкин. Ёки унга итоат этмаса, оилада тотувлик йўқолиши мумкин. Шунинг учун бу унинг ҳаққи эканини тушунтириб, лозим бўлса, бошқа яқинлардан илтимос қилиб, эрнинг рухсатини олган ҳолда борса, яхши бўлади.

Ғиёсиддин Юсуф

Муаллиф
Мавзуга оид мақолалар
Ахлоқбузар сериаллар Яқин йиллар ичида ойнаи жаҳонни, деярли, бутунлай эгаллаб келаётган турли хил сериаллардан роса хуноб бўлгач, ушбу мақолани ёзишга жазм давоми...

04:06 / 01.12.2016 4734
 Ҳикоя қилишларича, бир камбағал киши ҳайит кечаси кўчаларни кезиб юриб, кўп одамларни гўшткабоблар еб ўтиришганини кўриб, оғзининг суви келиб ичи қизиганича давоми...

09:43 / 02.01.2017 3221
Қамар сураси, 49оят Ушбу оятдаги «ўлчов» сўзининг икки хил шарҳи бўлиб, бири «қазои қадар» маъносини, иккинчиси «миқдор», «ўлчов» маъносини англатади. Икки маъно давоми...

10:00 / 04.01.2020 2244
Ота дарсни Аллоҳга ҳамд ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавоту саломлар айтиш ила бошлади, сўнгра «Суюклиларим, Ислом бўйсуниш маъносида келади. давоми...

20:47 / 25.12.2016 2811